BILISH NAZARIYASI

Билиш жараёни ва унинг моҳияти

Билишнинг моҳияти, шаклланиш ва ривожланиш қонуниятлари, хусусиятларини ўрганиш фалсафа тарихида муҳим ўрин эгаллайди. Инсон ўз билими туфайли борлиқ, табиат, жамиятни ва ниҳоят, ўз-ўзини ўзгартиради. Билишга қаратилган инсон фаолиятини ва уни амалга оширишнинг энг самарали усулларини тадқиқ этиш фалсафа тарихида муҳим аҳамиятга эга. Шу боис ҳам фалсафанинг билиш масалалари ва муаммолари билан шуғулланувчи махсус соҳаси — гносеология вужудга келди.
Инсон билиши ниҳоятда кўпқиррали, муракккаб ва зиддиятли жараёндир. Гносеология асосан, билишнинг фалсафий муаммоларини ҳал этиш билан шуғулланади.Ҳар бир тарихий давр жамиятнинг ривожланиш эҳтиёжларидан келиб чиқиб, гносеология олдига янги вазифалар қўяди .Хусусан, XVII аср ўрталарида европалик файласуфлар илмий билишнинг аҳамияти, ҳақиқий илмий билишлар ҳосил қилишнинг усулларини ўрганиш, илмий ҳақиқат мезонини аниқлаш билан шуғулландилар . Тажрибага асосланган билимгина ҳақиқий билимдир, деган ғояни олға сурдилар.
Инсоннинг ўзини қуршаган дунёга бўлган муносабатларидан бири — билишдир. Инсон ўз ҳаёти давомида фақат ташқи дунёни, яъни табиат ва жамиятнигина билиб қолмасдан, балки ўзини, ўзининг руҳий-маънавий дунёсини ҳам билиб боради.
Инсоннинг дунёни билишини фалсафа ҳам, бошқа ҳамма аниқ фанлар ҳам ўрганади. Бунда аниқ фанлар дунёнинг турли томонларини, уларнинг қонуниятларини ва хусусиятларини ўрганади ва очиб беради.Фалсафа эса инсон билишининг энг умумий томонларини, қонуниятларини ва хусусиятларини ўрганади ва очиб беради.Фалсафа пайдо бўлган пайтдан бошлаб, инсон билишининг табиати ва моҳиятини нима ташкил қилади? Унинг энг умумий қонуниятлари ва хусусиятлари нималардан иборат? деган саволларга жавоб қидириб ва жавоб бериб келди. Шу сабабли, фалсафада инсон билишининг фалсафий муаммолари билан шуғулланмаган бирорта ҳам фалсафий оқим, бирорта ҳам файласуф йўқ. Аксинча, ҳамма фалсафий оқимлар ва фалсафий йўналишлар бу соҳага оид ўз қарашларининг маълум тизимини ишлаб чиққанлар . Натижада, фалсафада инсон билишининг табиати ва моҳияти ҳақида турли хил таълимотлар, турли қарашлар келиб чиқди. Бир гуруҳ файласуфлар инсондан, унинг онгидан ташқари дунё мавжуд эмас, дунё фақат бизнинг онгимизда, бизнинг сезги ва идрокларимизнинг йиғиндиси (комплекс ёки комбинациялар)дан иборат холос, бинобарин биз ўз сезги ва идрокимизнигина била оламиз, деган фикрларни билдиришганлари маълум.
Бошқа бир гуруҳ файласуфлар эса инсоннинг дунёни ва ўзини билишга шубҳа билан қарайдилар, инсон дунёни тўлиқ билолмайди, дейишиб, инсон билишини чеклайдилар ёки дунёни билишни бутунлай инкор қиладилар. Скептицизм таълимоти вакиллари инсон билишининг нисбийлиги, унинг турли шароитлар ва вазиятлар билан боғлиқ эканоигини айтишиб, ҳамма эътироф қилувчи, исбот талаб қилинмайдиган инсон билимларининг бўлиши мумкинлигига шубҳаланадилар.
Билишнинг ялпи фалсафий назарияларига кўра, инсоннинг дунёни ва ўзини билиш имконияти ва даражаси, аввало, ижтимоий шароитта, ишлаб чиқарувчи кучлар ва уларнинг эҳтиёжларига, ишлаб чиқариш муносабатлари-нинг даражасига боғлиқдир. Турли ижтимоий-иқтисодий даврлардаги кишилар-нинг билиш даражаси фан тараққиёти, техника ривожининг даражаси ва кўлами, жамият ишлаб чиқариш усули қўйган вазифалари билан белгиланади. Инсон дунёни ва ўзини билиши билан чекланмайди, балки бу билиш натижасида ҳосил қилган билимлари орқали у табиат ва жамиятни, даставвал, ўзини, ўз онгини, ўз маънавий дунёсини ўзлаштиради ва ўзгартиради.
Инсоннинг билиш қобилияти, билиш имкониятлари, умуман олганда, чекланмаган. Унинг билиш имкониятлари фанларнинг ва амалиётнинг ривожланиши билан янада ортиб боради. Инсоннинг билиши фақат конкрет авлод ҳаёти учунгина чекланган, холос. Лекин бу билиш бутун инсоният ҳаёти учун чексиздир, инсон чексиз дунёни чексиз била боради. Дунёда инсон билиб олган ва ҳали билиб улгурмаган нарсалар ва ҳодисаларнинг томонлари, хусусиятлари бор, холос. Лекин бу — инсон уларни билиши мумкин эмас, деган маънони билдирмайди, балки маълум давр, маълум вақтда инсон — ҳозир билмаган бу томонлар ва хусусиятларни билиб олиши мумкин.Билиш назарияси инъикос назариясидан ҳам иборатдир. Сабаби: фалсафа инсон билишининг табиатини тушунтирар экан, уни борлиққа хос инъикос билан боғлаб тушунтиради.
Билишнинг фалсафий назариясига кўра, билиш моддий ва маънавий борлиқнинг инсон миясидаги муайян мақсадга қаратилган фаол акс этишидир. Инсон билишининг манбаи эса айни шу моддий ва маънавий борлиқ уларни ташкил қилган предметлар, ҳодисалар ва жараёнлардир. Бу предметлар, ҳодисалар ва жараёнлар инсонга таъсир қилиб, унинг миясида акс этади. Улар моддий ва маънавий борлиқнинг инсон миясидаги субъектив образлари, рамз-лари ва белгиларидир. Бу жиҳатдан инсон билиши, аввало, моддий ва маънавий борлиқнинг хусусиятларига ва шу билан бирга, уларни фаол инъикос эттирувчи инсон мия механизмининг ривожланган даражасига боғлиқдир. Инсон ўз миясида фақат табиий ва ижтимоий борлиқни, уларнинг қонуниятларинигина акс эттириб қолмасдан, балки ўзининг маънавий-руҳий ва инсоний борлиғини ҳам инъикос эттиради. Инсон билиши ўз моҳиятига кўра ижтимоий бўлиб, у инсон ижтимоий фаолиятининг бир шакли сифатида табиат, жамият ва инсон тафак-кури тараққиётининг қонунларини инсон томонидан ўзлаштиришнинг реал жараёни тарзида, субъект ва объектнинг ўзаро муносабатида вужудга келади.
Умумий маънода айтганда, инсон билишнинг субъектини, инсонни қуршаб турган борлиқ эса билишнинг объектини ташкил этади . Лекин биз биламизки, абстракт инсон ҳам, абстракт борлиқ ҳам йўқ ва бўлмайди. Шу сабабли билишнинг субъектини борлиқдаги предмет ва ҳодисалар билан бевосита ёки билвосита муайян табиий ва ижтимоий муносабатларда бўлувчи, жамиятнинг аниқ босқичига хос, ижтимоий моҳиятга эга бўлган аниқ бир киши ёки кишилар гуруҳи ташкил қилади. Билишнинг объектини эса, субъектнинг билиш доирасига кирган, унинг билиши қаратилган борлиқдаги аниқ предметлар, ҳодиса ва жараёнлар ташкил этади. Билишнинг субъекти ва объекти билан бир қаторда, билишнинг предмети ҳам мавжуддир. Билишнинг предмети — бу билиш объектининг субъект билиши қаратилган, субъектнинг билиш фаолияти доирасига кирган томонлари, хусусиятлари ва муносабатларидир.
Билишнинг субъекти, объекти ва предмети ўзгармас, қотиб қолган нарсалар эмас, балки билиш жараёнида улар доимо ўзгариб боради. Шу билан бирга, айни бир вақтдаги ва айни бир макондаги субъект ва объект бошқа бир вақт ва бошқа бир маконда субъект ва объект муносабатида бўлмаслиги мумкин. Инсоннинг билиши жараёнида субъект билиши зарур бўлган объектини билиб олгач, бу объект субъектнинг билиш доирасидан чиқарилади ва у энди билишнинг объекти бўлмай колади. Инсоннинг билиши ана шу «субъект-объект-предмет» муносабатлари асосида юзага келувчи ижтимоий-тарихий жараёндир. Инсон билишининг табиатини айни шу «субъект-объект-предмет»лар ўртасидаги муносабатларни ўрганиш асосида тўғри тушуниш мумкин. Бунда доимо субъектнинг фаоллиги муҳим роль ўйнайди. Билишда субъектнинг бу фаоллиги унинг муайян мақсадга қаратилган амалий-ижтимоий билиш фаолиятида намоён бўлади. Чунки инсон борлиқни фақат билиб олиш учунгина ўрганмайди, балки у борлиқ ва унинг қонунларини билиб олиши билан табиатга ва жамиятга ҳамда ўзига фаол таъсир кўрсатиб, табиатни, жамиятни ва ўзини ўзгартириб боради. Бу инсон билишининг амалиёт билан чамбарчас боғлиқлигини кўрсатади. Аслида, инсон билиши унинг ҳаёти жараёнидаги амалий фаолияти асосида вужудга келади. Инсон ўз амалий ва назарий фаолияти жараёнида борлиқ ва унинг қонунларини ҳамда ўзини билиб боради.
Инсон билишини шартли равишда бир неча турларга бўлиб ўрганиш мумкин. Дастлаб инсон билишини унда борлиқ қандай ҳолда инъикос этганлигига қараб, оддий (кундалик) ва илмий билишларга ажратиш мумкин.
Оддий (кундалик) билиш кишиларнинг одатдаги ўз кундалик ҳаётларида борлиқдаги предмет ва ҳодисаларни бевосита ўз сезги аъзолари ва тафак-курлари орқали билишдир. У кишиларнинг кундалик ҳаётий тажрибалари, малакалари ва амалий ишлари орқали ҳосил бўлиб, одатда «соғлом фикрлар»да ўз ифодасини топган бўлади. Оддий билиш ҳамма кишиларга хос билишдир.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

ADABIYOT ATOMDAN KUCHLI !