BOLALARNI HIMOYA QILISH KUNI

1-июнь — Халқаро болаларни мухофаза қилиш куни

Бутун дунё бўйлаб, ҳар йилнинг 1 июнь куни “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” сифатида нишонланади (ингл. International Children’s Day). Ушбу байрам кўпчилик давлатларда “Халқаро болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни” сифатида ҳам эътироф этилади. Ҳар бир байрамнинг келиб чиқиш тарихи, ҳуқуқий асоси мавжуд. Шу жумладан, мазкур байрамнинг ҳам.

Қизиқ, “Халқаро болалар куни” нега айнан 1 июнь куни нишонланади? Бу борада бир қанча фаразлар мавжуд. Хусусан, илк марта мазкур кунни нишонлаш ғояси 1925 йили Женевада болалар фаровонлигига бағишланган Бутунжаҳон конференциясида илгари сурилган. Ушбу конференция ўтказилиш санаси айнан 1 июнь кунига тўғри келган.

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг, болалар саломатлиги ва уларнинг ҳуқуқлари дунё ҳамжамияти олдидаги энг долзарб муаммолардан бирига айланган. 1949 йили Париж шаҳрида Халқаро аёллар демократик федерациясининг конгрессида болалар ҳуқуқларини камситишга қарши курашиш дунёнинг ҳар бир аҳолиси олдида турган бирламчи вазифалардан бири эканлиги таъкидланади ва йилнинг бир кунини айнан шу мавзуга бағишлашга келишиб олинади. Илк марта “Халқаро болалар куни” 1950 йилнинг 1 июнь кунида нишонланган эди.

“Халқаро болалар куни” учун махсус байроқ ҳам ишлаб чиқилган. Мазкур байроқ ўзининг рамзий маъносига эга. Орқа фондаги яшил ранг юксалиш, беғуборлик, фаровонлик рамзи бўлса, марказдаги Ер шари ва унинг атрофидаги қизил, кўк, сариқ, оқ ва қора ранглар дунёнинг исталган бурчагидаги болалар ирқи, миллатидан қатъий назар тенг эканлигини ифодалайди.

Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақида гап кетганда энг аввало кўз олдимизга “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенция келади. Мазкур Конвенция Нью-Йорк шаҳридаБМТ Бош Ассамблеясининг 1989 йил 20 ноябрдаги 44/25-қарори билан қабул қилинганҳамда 1990 йил 2 сентябрда 49-моддага мувофиқ кучга кирган. Ўзбекистон Республикаси мазкур Конвенцияга ЎзР Юқори Кенгашининг 1992 йил 9 декабрдаги N 757-XII Қарорига мувофиқ қўшилди ва мазкур у 1994 йил 29 июлдан кучга кирган.

Ушбу Конвенция 54 моддадан иборат бўлиб, унинг бандлари болалар ҳуқуқларини таъминлаш, болаларни жисмоний ва руҳий қийноқлардан асраш, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича ягона ҳуқуқий кўрсатмаларни белгилаб беради. Конвенцияни БМТга аъзо давлатларнинг барчаси томонидан қабул қилинган. Фақатгина 3 та давлат: АҚШ, Жанубий Судан ва Сомали давлатлари Конвенцияни қабул қилмаган.

2000 йили Конвенция борасида иккита факультатив протоколлар қабул қилинди. Бири қуролли тўқнашувларда болаларнинг иштироки борасида бўлиб, ушбу протоколга 150 та давлат қўшилган. Иккинчиси болалар савдоси, болаларни фоҳишабозликка жалб қилиш ва болалар порнографияси бўйича бўлиб, уни 160 дан ортиқ давлатлар қабул қилган. Иккала протокол ҳам 2002 йилдан кучга кирган.

Хўш, бола деганда ўзи кимларни тушуниш мумкин? “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенциянинг 1-моддасида 18 ёшга тўлмаган ҳар бир инсон зоти, агар болага нисбатан қўлланиладиган қонун бўйича у эртароқ балоғатга етмаган бўлса (эмансипация), бола ҳисобланиши белгиланган.

Конвенцияда “Иштирокчи давлатлар ўз таъсир доирасида бўлган ҳар бир бола учун кўзда тутилган барча ҳуқуқларни, ҳеч қандай камситишларсиз, ирқи, тана ранги, жинси, тили, дини, сиёсий ёки бошқа эътиқодлари, миллий, этник ёки ижтимоий келиб чиқиши, мулкий аҳволи, боланинг соғлиғи ва туғилиши, унинг ота-онаси ёки қонуний васийси ёки бирор-бир бошқа ҳолатлардан қатъи назар, ҳурмат қиладилар ҳамда шу ҳуқуқларни таъминлаб берадилар” деган қоида белгилаб берилган.

Бола ҳуқуқлари декларациясида бола, агар у жисмоний ва ақлий жиҳатдан камолотга етмаган бўлса, махсус равишда муҳофаза ва ғамхўрликка, бинобарин, туғилгунча ва туғилгандан кейин ҳам муносиб даражадаги ҳуқуқий ҳимояга муҳтож эканлиги таъкидланган.

Ўзбекистон Республикасида бола ҳуқуқлари билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тизими халқаро талабларга мос равишда ишлаб чиқилган. Бу борада жорий йилнинг 22 апрель — 3 май кунлари Женева шаҳрида ўтказилган БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашининг 16-сессиясида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг Универсал даврий ҳисобот доирасида тақдим этиладиган Ўзбекистон Республикасининг иккинчи миллий маърузасида ҳамтаъкидлаб ўтилган.

Миллий маърузанинг 55-бандидан юртимизда айнан бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласида олиб борилаётган ишлар юзасидан ҳисобот ўрин олган. Унда Ўзбекистон Республикасида оила, оналик ва болаликни ҳимояси масалалари бўйича давлат даражасида Комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилганлиги, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича махсус комиссия ташкил этилганлиги (2000) ҳамда мазкур комиссияга Ўзбекистон Республикаси Бош Прокурори раислик қилиши алоҳида таъкидлаб ўтилган.

Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолисининг қарийиб ярмини болалар ташкил этади (40%). Агарда вояга етмаганлар жиноятчилиги ҳақидаги маълумотларга эътиборни қаратсак, бу кўрсаткич бошқа давлатларга нисбатан сезиларли равишда кам эканлигига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Хусусан, юртимизда озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо чораси қўлланилган вояга етмаганлар сони суд ҳукми билан жазога тортилган маҳкумларнинг умумий сонининг 0,5% ини ташкил қилади холос.

Маълумот учун айтиш жоизки, мустақиллик йилларида бола ҳуқуқларига доир 100дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси болалар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга оид 38 та халқаро хужжатларнинг иштирокчисидир.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

ADABIYOT ATOMDAN KUCHLI !