UMUMIY O’RTA TA;LIM NIZOMI

Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил
13 майдаги 203-сон қарорига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасида умумий ўрта таълим тўғрисида
НИЗОМ
1. Умумий қоидалар

1.1. Умумий ўрта таълим «Таълим тўғрисида», «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ ташкил этилади.
1.2. Ўқиш муддати 9 йил бўлган умумий ўрта таълим (мактабнинг I—IХ синфлари) мажбурий ҳисобланади. У бошланғич таълимни (I—IV синфлар) қамраб олади ҳамда узлуксиз таълим тизимининг мустақил тури ҳисобланади.
1.3. Умумий ўрта таълим муассасаларида Кадрлар тайёрлаш миллий дастурига мувофиқ таълимнинг ушбу тури мақсадлари ва вазифаларини амалга ошириш учун зарур ташкилий, психологик-педагогик, услубий, моддий-техникавий ва санитария-маиший шарт-шароитлар яратилади.
1.4. Умумий ўрта таълим муассасаси (мактаб) юридик шахс ҳисобланади ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этилади.
1.5. Умумий ўрта таълим муассасасининг устави Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 5 январдаги 5-сон қарорига, мазкур Низомга мувофиқ ишлаб чиқилади, умумий ўрта таълимни бошқариш ваколатига эга бўлган давлат органи томонидан тасдиқланади ва ижро этувчи ҳокимият маҳаллий органида рўйхатдан ўтказилади.
2. Умумий ўрта таълимнинг мақсади ва вазифалари
2.1. Давлат таълим стандартларига мувофиқ ўқувчиларни ўқитиш ва тарбиялаш ҳамда шахснинг таълим олиш ҳуқуқини рўёбга чиқариш умумий ўрта таълимнинг мақсади ҳисобланади.
Умумий ўрта таълим билимлар зарур ҳажмига асос солади, ўқувчиларда ташкилотчилик қобилиятлари ва амалий тажриба кўникмаларини ривожлантиради, дастлабки касб йўналишини ва таълимнинг кейинги босиқичини танлашга кўмаклашади.
2.2. Умумий ўрта таълимнинг вазифалари:
ўқувчилар томонидан мунтазам билимлар олинишини таъминлаш, уларда билим олиш эҳтиёжини ривожлантириш, базавий ўқув, илмий ва умуммаданий билимларни шакллантириш;
ўқувчиларда меҳнат кўникмаларини, ижодий мустақил фикрлашни, касб танлашга ва атроф-оламга онгли муносабатни ҳосил қилиш;
миллий ҳамда умумбашарий қадриятларни узвий бирлаштириш асосида ўқувчиларда юксак маънавий-ахлоқий фазилатларни тарбиялаш, ўз Ватанига ва халқига содиқ фуқарони шакллантириш;
таълимнинг узлуксизлигини ва изчиллигини, мактаб ўқув дастурларининг академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларидаги ўқув дастурлари билан узвий ўзаро боғланишини таъминлаш.
3. Умумий ўрта таълимни ташкил этиш
3.1. Умумий ўрта таълим қуйидаги босқичлардан иборат бўлади:
бошланғич таълим (I—IV синфлар), умумий ўрта таълим (I—IХ синфлар).
Бошланғич таълим ўқиш, ёзиш, санаш, ўқув фаолиятининг асосий малака ва кўникмалари, ижодий фикрлаш хислатлари, ўзини-ўзи назорат қилиш ўқуви, нутқ ва хулқ-атвор маданияти, шахсий гигиена ва соғлом турмуш тарзи асослари эгаллаб олинишини таъминлашга даъват этилган.
Бошланғич мактабда ўқув-тарбиявий фаолиятни болаларнинг қобилиятига боғлиқ равишда табақалаштиришга давлат таълим стандарти доирасида ўқитиш жараёни мазмуни ва усулларининг хилма-хиллиги; ўқув топшириқларини болаларнинг индивидуал имкониятларига мослаштириш; тенглаштириш синфлари ва гуруҳлари ташкил этиш ҳисобига эришилади.
Бошланғич мактаб ўқув фанлари мазмуни мактабларнинг турли хилларига ва ўқитиш шарт-шароитларига нисбатан мослашувчан бўлади.
Умумий ўрта таълим мунтазам билимлар олинишини, кенг дунёқараш ҳамда ижодий мустақил фикрлаш шакллантирилишини, ўқувчи шахси қарор топишини, унинг қизиқишлари ва ижтимоий ўзини-ўзи аниқлаб олиш қобилиятлари ривожлантирилишини таъминлайди.
3.2. Умумий ўрта таълим мазмуни мажбурий ва қўшимча компонентлардан иборат бўлади.
Мажбурий компонент давлат таълим стандарти билан белгиланади ва ўқувчиларни тайёрлашнинг ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими муассасаларида билимлар асосларини янада пухта ўрганиш ва касб эгаллаш учун етарли бўлган зарур даражасини белгилайди.
Қўшимча компонент ўқувчининг эҳтиёжлари ва қобилиятларидан, мактабнинг моддий-техника ва кадрлар билан таъминланганлигидан келиб чиқиб белгиланади. Қўшимча ўқув юкламалари ҳажми Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган нормативларига мувофиқ белгиланади.
3.3. Ўқув фанлари ва умумий таълим дастурлари рўйхати умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандарти билан белгиланади.
Мактабнинг ўқув-тарбиявий иши Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган базавий ўқув режаси ва умумий ўрта таълим дастурлари асосида амалга оширилади. Улар:
давлат таълим стандарти доирасида ўқитиладиган фанлар бўйича замонавий билимлар олиниши ва ўзлаштирилишини;
интеграция қилинган ўқув курслари ишлаб чиқилиши ва жорий этилишини;
давлат тили ва чет тилларни, гуманитар-ижтимоий ва эстетик туркумдаги фанларни ўрганишнинг роли ва аҳамиятини кучайтиришни;
ўқувчиларнинг иқтисодий, ҳуқуқий, экологик, санитария-гигиена маълумотини такомиллаштиришни;
янги ахборот ва педагогик технологиялар яратилишини ва улардан фойдаланишни;
ўқувчиларни касбга йўллашни ва уларни касб-ҳунар ўргангунгача тайёрлашни назарда тутади.
4. Ўқув-тарбия жараёнини ташкил этиш ва унинг мазмуни
4.1. Болаларни умумтаълим мактабига қабул қилиш тиббий-психология-педагогика комиссиясининг тавсияномалари бўйича 6-7 ёшдан амалга оширилади. Мактабларда ҳар йили мутахассислар жалб қилинган ҳолда ўқувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш таъминланади.
Жисмоний ва психологик ривожланишида нуқсонлари бўлган болалар ва ўсмирларни ўқитиш махсус (ёрдамчи) мактабларда, шунингдек санаторий-интернат туридаги мактабларда амалга оширилади.
4.2. Умумий ўрта таълим кундузги ўқиш шаклида амалга оширилади. Дарснинг, ўқув чораги ва ўқув йилининг давом этиш муддати, кунлар ва ҳафталар бўйича дарслар жадвали, ўқувчиларнинг синфларда ўқув юкламаси ва синфларнинг тўлдирилиши ҳамда ўқув-тарбия жараёнини мақбуллаштиришнинг бошқа масалалари умумий ўрта таълим давлат стандартига мувофиқ белгиланади.
4.3. Мактабларда иқтидорли болаларни излаш, танлаб олиш ва ўқитиш бўйича аниқ мақсадли ишлар амалга оширилади. Улар учун махсус (шу жумладан муаллифлик) ўқув дастурлари ишлаб чиқилади ҳамда уларга қўшимча илмий-услубий адабиётлар берилади. Иқтидорли ва истеъдодли болалар таълим дастурларини ўзлаштиришнинг якка тартибдаги жадвалига эга бўлишлари мумкин.
Болаларнинг қобилиятлари ва истеъдодларини ривожлантириш учун фанларни чуқур ўрганиш йўналишлари бўйича ихтисослаштирилган синфлар ҳамда мактаблар ташкил этилиши мумкин.
4.4. Ўқувчилар билими сифатини ва ўқитиш натижаларининг давлат таълим стандартига мувофиқлигини назорат қилишни таъминлаш учун қуйидаги назорат тартиботларини ўтказиш назарда тутилади:
жорий назорат — сўровлар, коллоквиумлар, семинарлар, контроль ишлар, тестлар тарзида ўқувчиларнинг билимлари, малака ва кўникмалари мунтазам назорат қилинади;
оралиқ назорат — чорак тамом бўлганда ва ўқув дастурининг тегишли бўлими тугаллангандан кейин ўқувчиларнинг билимлари, малака ва кўникмаларини баҳолаш учун амалга оширилади. У имтиҳонлар, тестлар, синовлар ва малакага доир ишлар шаклида ўтказилади;
босқичли назорат — ўқув йили тамом бўлгандан кейин имтиҳонлар, тест синовлари, синовлар шаклида амалга оширилади. Унинг асосида рейтинг аниқланади ва ўқувчини навбатдаги синфга ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинади;
якуний назорат — ўқиш тугаллангандан кейин давлат аттестацияси шаклида ўтказилади.
4.5. Умумий таълим дастурларини давлат таълим стандарти доирасида мустақил ўзлаштирган ўқувчиларга, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган Экстернат тўғрисида низом асосида, экстернат тартибида аттестациядан ўтиш ҳуқуқи берилади.
4.6. Ўқувчилар тиббиёт комиссиясининг ва мактаб педагогика кенгашининг хулосаси асосида якуний аттестациядан озод этилиши мумкин. Аттестациядан озод бўлиш ҳуқуқини берувчи касалликлар рўйхати Халқ таълими вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.
Якуний аттестациянинг белгиланган тартибидан истиснолар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланади.
Ўқувчиларни синфдан-синфга ва бир таълим муассасасидан бошқасига ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилади.
4.7. Мактабни битирувчиларга якуний тест аттестацияси натижалари, ўқувчининг рейтинги, таълим фанлари рўйхати, улар бўйича дарё соатлари сони ва баҳолар кўрсатилган ҳолда давлат намунасидаги аттестат, алоҳида муваффақиятларга эришганларга эса имтиёзли аттестат берилади.
Имтиёзли аттестат 5—9-синфларда ўқиш даврида ўзлаштириш (рейтинг) бўйича фақат аъло кўрсаткичларга эга бўлган битирувчиларга берилади.
4.8. Умумий таълим муассасалари фан, ўрта махсус, касб-ҳунар, олий таълим ва ишлаб чиқариш муассасалари билан мустаҳкам алоқада иш олиб боради.
Уларнинг ўзаро ҳамкорлиги олимлар, ишлаб чиқариш вакиллари, маданият арбобларини таълим жараёнини юритиш учун жалб этиш, касбга йўллаш ишлари, лекторийлар, танловлар, семинарлар, экскурсиялар ташкил қилиш йўли билан ҳамда бошқа шаклларда таъминланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
4.9. Ўқувчиларни маънавий-ахлоқий тарбиялаш, ўз Ватанига ва халқига содиқ фуқарони шакллантириш бўйича мактабларнинг ота-оналар, оилалар, маҳалла қўмиталари, Республика Маънавият тарғибот маркази бўлинмалари, жамоат ташкилотлари ва жамғармалар билан мустаҳкам ўзаро ҳамкорлиги амалга оширилади.
(4.9-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 7 ноябрдаги 230-сонли қарори таҳририда— ЎР ҚҲТ, 2006 й., 45-сон, 445-модда)
5. Педагог кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш
5.1. Тегишли маълумотга, касб-кор тайёргарлигига ҳамда юксак ахлоқий фазилатларга эга бўлган шахслар педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эгадирлар. Суд ҳукми билан педагогик фаолият билан шуғулланиш тақиқланган шахслар бу ишга қўйилмайди.
Ваколатли органлар томонидан педагог кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, касб-кор сифатини рақобатбардошли даражада сақлаб туриш таъминланади.
Педагоглар таркиби ўқитиш йўналишлари (табиий-математика, гуманитар, ижтимоий ва бошқа фанлар) бўйича услубий секцияларга бирлашадилар.
5.2. Умумий ўрта таълим муассасалари ўқитувчиларининг ўқув-педагогик юкламаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
5.3. Умумий ўрта таълим муассасалари ўқитувчиларининг (ўқув фанлари ва соатлари бўйича) вазифасини вақтинчалик бажариб туриш тартиби, ходимларининг синфдан ташқари фаолиятини тартибга солиш Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг тегишли меъёрий ҳужжатлари билан белгиланади.
5.4. Мактаб маъмурияти ўқитувчилар, мураббийларнинг обрў-эътиборини ва ижтимоий мақомини, уларнинг масъулияти ва касб маҳоратини ошириш бўйича аниқ йўналишли ишларни амалга оширади. Илғор педагогик ва ахборот технологияларини, янги (шу жумладан муаллифлик) ўқув дастурлари, дарсликлар, дидактик материалларни жорий этиш учун шарт-шароитларни таъминлайди.
Педагоглар ва ўқувчиларнинг муносабатлари ҳамкорлик, демократия, ўзаро ҳурмат, шахснинг ўз қадр-қимматини билишини эътироф этиш педагогикаси асосида қурилади.
5.5. Мактаб ўқувчилари ва ота-оналарга психологик-педагогик маслаҳатлар бериш, уларда бундан буёнги таълим ва касбга йўналишни англаган ҳолда танлашини шакллантириш мақсадида шаҳар ва туман халқ таълими бўлимлари ҳузурида ўқувчиларни касбга йўналтириш ва психологик-педагогик ташҳис марказлари ташкил этилади. Марказларнинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган тегишли Низом билан белгиланади.
Марказ мактаб педагогика кенгаши билан биргаликда аттестация якунларига кўра 9-синфларнинг битирувчиларига ўқишни академик лицейда ёки касб-ҳунар коллежида давом эттириш тўғрисида асосли тавсияномалар беради.
6. Умумий ўрта таълимни бошқариш
6.1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, халқ таълими вилоят бошқармалари, шаҳар ва туман бўлимлари умумий ўрта таълимни бошқаришнинг ваколатли органлари ҳисобланадилар.
Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, халқ таълими вилоят бошқармалари, шаҳар ва туман бўлимлари икки томонлама — Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига ва тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоят, шаҳар, туман ҳокимликларига бўйсунадилар.
6.2. Мактабга бевосита раҳбарлик таълимни бошқаришнинг юқори органи томонидан тайинланадиган директор, давлатга қарашли бўлмаган таълим муассасаларида эса — муассис томонидан амалга оширилади.
Умумий ўрта таълим қатнашчиларининг лавозим ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, уларнинг бошқарув ваколатлари ва функциялари Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари, тегишли меъёрий ҳужжатлари, таълим муассасаси Устави билан белгиланади.
6.3. Умумий ўрта таълим муассасаларида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига ва мактаб Уставига мувофиқ иш олиб борувчи васийлар, ижро этувчи ҳокимият маҳаллий органлари, ишбилармон доиралар, жамоат ташкилотлари, жамғармаларнинг вакиллари ва ҳомийларни ўз ичига олувчи жамоатчилик бошқаруви органлари (васийлик кенгашлари) тузилиши мумкин.
6.4. Мактабда педагогика кенгаши ташкил этилади, у педагог ходимлар, ота-оналар, васийлар, ҳомийларни бирлаштирувчи ҳамда ўқув-тарбия жараёни ташкил этилиши ва унинг такомиллашувига кўмаклашувчи коллегиал орган ҳисобланади. Педогогика кенгаши функцияси мактаб Устави билан белгиланади.
6.5. Мулкчилик шаклларидан ва бўйсунишидан қатъи назар, умумий ўрта таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш ва аккредитация қилиш Давлат тест маркази ҳузуридаги Кадрлар тайёрлаш сифатини назорат қилиш, педагог кадрлар ва таълим муассасалари аттестацияси бошқармаси томонидан ўтказилади.
6.6. Давлатга қарашли бўлмаган умумий ўрта таълим муассасаси у давлат аккредитациясидан ўтказилган вақтдан бошлаб таълим фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлади.
6.7. Умумий ўрта таълим муассасаси аттестация натижаларига кўра давлат аккредитациясидан маҳрум этилиши мумкин.
7. Маблағ билан таъминлаш ва моддий-техника таъминоти
7.1. Умумий ўрта таълим муассасаси фаолиятини маблағ билан таъминлаш белгиланган тартибда:
бюджетдан ажратиладиган маблағлар;
Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ва мактаб Устави билан тақиқланмаган шартномаларни бажаришдан ва бошқа хизматлар кўрсатишдан олинадиган маблағлар, шунингдек юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий эҳсонлари ва мақсадли бадаллари ҳисобига амалга оширилади.
7.2. Умумий ўрта таълим муассасаларининг моддий-техника таъминоти ва кадрлар билан таъминланиши белгиланган нормативларга мувофиқ эҳтиёжлар асосида амалга оширилади.
8. Халқаро ҳамкорлик
Умумий ўрта таълимнинг бошқариш органлари ва уларнинг таълим муассасалари халқаро ҳамкорликни педагогик ахборот ва тажриба алмашиш, педагог ходимларнинг тажриба ўрганиши ва малака ошириши, прогрессив халқаро жамғармалар ва ташкилотларнинг грантларини олиш соҳасидаги давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро битимлар ҳамда шартномалар асосида амалга оширадилар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

ADABIYOT ATOMDAN KUCHLI !