TAS-IX

TAS-IX ҳақида тўлиқ маълумот

Кўпчлигимиз TAS-IX тармоғи ҳақида эшитганмиз. Унинг ичида Интернет бепул эканлигидан қувонганмиз. Аммо TAS-IX ўзи нима, деган саволга ҳамма ҳам аниқ жавоб бера олмайди. Мана шу саволга ZiyoNet тармоғи ресурс маркази ходими Евгений Семёнович жавоб беради:
— Евгений Семёнович, Интернет оламида «сирли» атамалар кўп учрайди. Шулардан бири TAS-IX. Шу сабабли, суҳбатимизни TAS-IX атамасининг маъносидан бошласак.
— Албатта, техник ва илмий атамалар одамда дастлаб озгина чўчиш ва мавҳумлик ҳиссини уйғотади. Маъносини тушуниб олганингиздан кейин «ўзингизники» бўлиб кетади. TAS-IX ҳам шундай. «TAS-IX» атамасидаги «ТAS» қисқартмаси «Тошкент» ни англатади. Яъни Интернет трафиги алмашинув нуқтаси яратилиши ҳақида келишув қабул қилинган жой Тошкент шаҳри. «IX» эса, инглиз тилидаги «Internet Exchange Point» «Интернет алмашинув нуқтаси» иборасидан олинган. Умумий изоҳлаганда, Тошкентдаги Интернет орқали маълумотлар алмашинув нуқтаси деб тарифласак бўлади.
— Бундай нуқтани яратиш ғояси қачон туғилди? Унга нима туртки бўлган?
— Биласиз, дастлаб Интернетга уланиш Dial-Up модемлар орқали амалга оширилар эди. Бунда узоғи билан 56 Кб/с тезликни таъминлаш мумкин бўларди. Кейинчалик, Интернет технологиялари тараққий эта боргач, провайдерлар оммавий равишда Интернетга кенгполосали уланишни тақдим эта бошладилар. Жумладан, 2004 йилдан ADSL технологияси кенг кўламда қўлланила бошлади. Ушбу технология ҳам телефон сими орқали алоқага асосланган, лекин ADSL-модем ишлатилганда, малумотларни узатиш телефон сигнали «устидан» ўтади, шу боис бир вақтнинг ўзида телефонда суҳбатлашиш ҳам, Интернетдан фойдаланиш ҳам мумкин.
Шу туфайли фойдаланувчилар ишлатадиган трафик ҳажми кескин кенгайди. Унинг ўсиши Узнетни дунё билан боглаб турувчи ташқи каналнинг чекланганлигига бориб тақалди. Гап шундаки, Узнет ичидаги сайтларга уланиш ҳам ташқи канал орқали амалга ошириларди. Устига устак, канални икки баробар кўп ҳам кириш, ҳам чиқишда банд қиларди. Мисол тариқасида айтсак, сиз бирор сайтга мурожаат юборсангиз (кирмоқчи болсангиз), у сайт юртимиздаги серверларда жойлашган бўлса ҳам, барибир ташқи халқаро тармоққа чиқиб, сўнг яна ортга қайтиб, керакли сайтга етиб борарди. Ташқи Интернетга чиқиш канали ҳажми эса, чекланган. Шу туфайли, ўзимиздаги сайтларга кириш ҳам секин кечадиган бўлиб қолганди.
Мана шу вазият Ўзбекистон провайдерларининг Узнет ичида трафик алмашиш нуқтасини яратиш учун ўз кучларини бирлаштиришларига сабаб бўлди. Мақсад юртимиздаги бир провайдер (масалан, Sarkor) мижозлари бошқа маҳаллий провайдер (масалан, TPS) да хостингда турган сайтга ташқи канал орқали эмас, балки ўзимизнинг трафик алмашиш нуқтамиз орқали киришларини таъминлаш эди. Биргаликдаги сай-ҳаракатлар натижасида, 2004 йил 24 октябрда TAS-IX ташкил топди.
— TAS-IX нинг бугунги кундаги ҳолати қандай? У фойдаланувчи талабига қанчалик жавоб беради?
— TAS-IX нинг дастлабки иштирокчилари мамлакатимиздаги бешта провайдер бўлган. Ҳозирда эса, уларнинг сони 30 нафарга яқинлашиб қолди. Шуни ҳам айтиш керакки, ўтган саккиз йил ичида Узнет маълумотлар билан бойиди. Ҳар қандай қизиқиш, ҳар қандай мақсадлардаги фойдаланувчи учун манфааатли сайтлар яратилди. Натижада, 2004 йилда провайдерлар фаолиятида ташқи трафик 95 фоизни ташкил қилган бўлса, ҳозирда кўпгина фойдаланувчилар ҳафталаб ўзимизнинг сайтлар бўйлаб «саёҳат» қиладилар, ташқи Интернетга чиқмайдилар. Чунки ўзимизда ҳам кўплаб янги ресурслар, айниқса ёшлар учун кўнгилочар сайтлар пайдо бўлди. «Оғир» контентлар филмлар, мусиқа кўпайди, уларни катта тезликда юклаб олиш мумкин бўлди. Кўплаб қизиқарли тематик, шахсий, корпоратив сайтлар, блоглар, ижтимоий тармоқлар юзага келди.
Деярли барча провайдерлар TAS-IX даги сайтларга киришни тарифга қўшмайдилар, бу хизматни бепул тақдим этадилар. Узнетдан ташқарига чиқилмаса, малумотлардан бепул ва узоқ фойдаланиш мумкин.
Манба: megabayt журнали

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

ADABIYOT ATOMDAN KUCHLI !