MUHAMMAD YUSUF SHE’RLARI

Иншооллоҳ
Муҳаммад Юсуф шеърияти

Ўзбекистон, бўйи-бастинг кўрсат энди,
Паҳлавоним, етди сенга навбат энди,
Олам узра ҳилпирасин абад энди
Соҳибқирон Темур туғи — яшил байроқ,
Иншооллоҳ!

Эрк дегани ўзи келиб эшик қоқмас,
Жон чекмасанг осмонлардан омад ёғмас,
Қаторингда ботирларинг бўлсин оғмас,
Гуркирасин Алпомишлар ўтган тупроқ,
Иншооллоҳ!

Қадим Олтин бешик авлоднинг масканисан,
Алишерлар, Улуғбеклар Ватанисан,
Яшнагани — ўз аслига қайтганисан,
Турон юртда ёнсин қайта сўнган чироқ,
Иншооллоҳ!

Алла айтсанг айвонингда ухлар қуёш,
Сенга мудом иймон йўлдош, ислом йўлдош,
Бор бўлсин шу қирқ ўрим соч, ўсмали қош,
Оқ яктагу беқасам тўн, шоҳи белбоғ,
Иншооллоҳ!

Тотув юртда янтоқ ўзин тоғ айлагай,
Бир-бирини қўллаган эл кам бўлмагай,
Болалари Туркистонни боғ айлагай,
Абад яшнар, хазон билмас энди бу боғ,
Иншоолоҳ!

Муҳаммад Юсуф

«Бола»
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Муҳиддинга
Кўнглим ийиб кетиб, билмадим нечун,
«Бола» деб қўйибман кучугим отин.
Бобом боплаб сўкди,
Ғудранди хотин,
Менга бошқача от ёқмасди лекин…

Кўзи мунчоқ эди кучукваччамнинг,
Ўзи эса сиртлонпанжа,
Кенг кўкрак.
Сал ширин гапирсам, ғажиб пойчамни,
Суйкалаверарди ҳудди боламдек.

Жуда чайир эди, Жуда шўх эди.
Суярдим ўзим ҳам шертирноғимни.
Хотин бор эди-ю,
Болам йўқ эди,
Тўлдириб юрарди у қучоғимни.

Кейин калхўз бўлди,
Вакиллар келди.
Ориқ отимни ҳам кетишди ёзиб.
Тут пишиб,
Бир ёшга тўлганда энди
«Болам»ни ўлдирди трактор босиб…

Ўғлимни кўмгандек кўмдим «Бола»ни,
Мунчоқ кўзларига тупроқлар тўкдим.
Бобом билан хотин қилди нолани,
Мен эса бўралаб калхўзни сўкдим…

Ҳар баҳор бораман у ётган жарга,
Ўзи тилсим эди,
Ўлими тилсим.
Кучу к кўнгли ийиб, ғилдиракларга
Суйкалгиси келганмиди, ким билсин.

Муҳаммад Юсуф

Оқ тулпор
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Оқ тулпорим бор эди,
Беклар унга зор эди.
Оғайнилар, от менга
Ҳам дўсту ҳам ёр эди.

Ёлин ўпсам тиз чўкиб,
Кафтимдан сув ичарди.
Чуҳ, десам ер чангитиб,
Осмонларга учарди.

Уйимизга бир оқшом,
Қариндошлар тўлишди.
Тўй баҳона отимдан
Айирмоқчи бўлишди.

Отам, йигитсан, ўғлим,
Уйланмасанг, ор, деди.
Қиз ярашар қучоққа,
Отга нима бор, деди…

От олдидан бошланди
Чимилдиққа йўлакча.
Кечир, ёрим, на қилай,
Отга меҳрим бўлакча…

Қолдим икки ўт аро,
Гўшангада — дилдорим.
Келин келган кечадан
Аразлади тулпорим.

Борми биздек ошиқлар,
Баҳоримда куз йиғлар.
Қизни ўпсам, от йиғлар,
Отни ўпсам, қиз йиғлар.

Бир бор ўпсам хотинни,
Уч бор ўпдим отимни…
Жонни қийнаб яшадим,
Кимга айтай додимни.

Ёрдан кечдим отни деб,
Элга бўлдим эрмаклар.
Қайдан билсин от қадрин,
От минмаган эркаклар!?

Илёс
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Илёс исмли икки яшар жияним сариц касал туфайли вафот этди.
Шифохонада керакли дори керак пайтида топилмаган эмиш…

Малҳам кутиб менга жовдираб қолган
Илёс, кўзларингдан айланай сенинг.
Шифокор опанинг сўзлари ёлғон,
Илёс, кўзларингдан айланай сенинг!..

Улар ичинда ҳам бордир тулкилар,
Улар шамолни ҳам тутиб пул қилар,
Ҳатто ўз боласини ўйламас улар.
Илёс, кўзларингдан айланай сенинг.

Устингдан оғулар сепишди қанча,
Мурғак юрагингга нишларин санча.
Эндигина тили чиққан одамча —
Илёс, кўзларингдан айланай сенинг.

Нажоткор эмишлар! Кўрдим барисин,
Имони йўқ булар ёшу қарисин.
Бошимга урайми энди дорисин?
Илёс, кўзларингдан айланай сенинг.

Сувларнинг юзида турмасдир хаслар,
Сени ҳалок этди бир тўп нокаслар.
Тушимда қўлларинг бўйним пайпаслар,
Илёс, кўзларингдан айланай сенинг!

Яхшиям дунёда қуёш бор, гул бор,
Қайдадир мени ҳам тушунган дил бор,
Одамлар бор ҳали мўмин, беозор,
Илёс, кўзларингдан айланай сенинг!

Йиғлаб-йиғлаб юмилдими қароғинг,
Кафтимни куйдирар қолган мунчоғинг,
Кўксингда кетдими ёлғиз сўроғинг,
Илёс, кўзларингдан айланай сенинг!..
1988

Хирмондаги бола
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Бундай қарамагин, чақалоқ.
Мен ҳалол одамман ҳар ҳолда.
Чайқаларди ҳар йил кузда менинг ҳам
Беланчагим шу букри толда.

Ёрилган қўлларга термулиб юриб,
Шу ялпиз далада мен ҳам бўй етдим.
Кейин шеър йўклади тушимга кириб,
Кейин ўзим йўқлаб Тошкентга кетдим.

На Ойбек бор эди,
На Ғафур Ғулом.
Миртемир йўқ эди,
Усмон Носир ҳам…

Навоий сатрига термулиб юриб,
Туйдим жамолини 6у кўҳна элим,
Кейин сен изладинг тушимга кириб,
Кейин ўзим излаб ёнингга келдим…

Бундай қарамагин. Бундай қарамагин.
Сен худди ўзимсан, хирмондаги бола.
Менинг майли шодон, менинг майли ғамгин
Энг гўзал сўзимсан, хирмондаги бола!

Мен келдим шул шаффоф сўзимни топиб.
Мен билдим, юракдан Ватанни севмок —
Беланчак осилган толларни ўпиб,
Чақалоқ кўзига ҳалол термулмоқ…

* * *
«Оламда нима гап» бўляпти.
Хира ёғду сочар телевизор.
Айвонда шолчада бир бола
Ўлтирар чўнқайиб… кўйлаклари кир.

Ҳовлида ҳар кунги юмушлар.
Ҳовлида ёмғир ер муштлар.
Момоси дарғазаб, беарқон
Бузоқчани тутолмай бу он.

Бузоқни қарғайди ҳарсиллаб,
Қозиқни ўқталар: «Бўйнинг узилгур!»
Айвончада эса бир бола
Ўлтирар чўнқайиб, иштони ҳам кир.
Оламда нима ran бўляпти?..

Муҳаммад Юсуф

Савол
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Ҳамма гапинг тўғри, Афлотун,
Ерни чопиш керак, бўяш керак ромни.
Токни кўмиш керак кечикмай, лекин
Нима қилсак экан атомни?..

Китоб ёзиш керак. Тўй қилиш керак.
Суваш керак келин тушадиган томни.
Муолажа истаб санчиб қўяр юрак,
Нима қилсак экан атомни?

Деҳқон болалари — ўйнар хирмонда,
Симга боғлаб олиб бир тешик жомни.
Учувчи кулади кўриб осмонда,
Нима қилсак экан атомни?..

Кулол минг асрлик гумбазни тиклар,
Жарроҳ тирилтирар ўлган одамни.
Ўртоқ математиклар,
Ўртоқ физиклар,
Нима қилсак экан атомни?

Ҳатто, энг севимли аёл қучоғида,
Унутолмайман мен гуноҳ —хатомни.
Бир савол — хол бўлиб ёнар унинг дудоғида:
Нима қилсак экан атомни?..

Бешикларни қучиб айланади Ер,
Оқар юзларидан маржон-маржон тер.
Нима килсак экан атомни,
Нима килсак экан атомни?..

Муҳаммад Юсуф

Халқона
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Қиз деганнинг кўкси тўла ўй бўлади,
Йигит бир кун етилиб бўй бўлади.
Бир тандир нон ўртада, бир коса сув,
Ўнта ўзбек йиғилса — тўй бўлади…

Рўёбларга чиқади ширин тушлар,
Келинчакнинг енгидан куёв ушлар…
Бешикларни бўшатиб бир-бирига,
Туғилади Тўмарис, Алпомишлар.

Суюнгандан оналар кўзида ёш,
Оталар юзида порлар қуёш.
Набиралар тўлади ҳовлиларга,
Бари бир хил — қорасочу қорақош.

Бола гапин ёқтирмас қайтганини,
Бизда бола қилдирар айтганини.
Майли, содиқ ўсса бас, юртига у
Бошларига кўтариб Ватанини…

Дабдабасиз даврада нур бўлади,
Куёв — тўра, келинчак — ҳур бўлади.
Қайда ялла янграса келаверинг,
Ўзбегимнинг тўйлари зўр бўлади.

Муҳаммад Юсуф

Кристина
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Кристина!
Жонажон қўшним.
Баланд пошна,
Малласоч,
Кўркам.
Ён қўшниму, аммо мендан ҳам
Мушугига меҳрибон қўшним…

Кристина!
Қўшним бир девор.
Кўзи мовий,
Бурни сурнайча.
Битта бола,
Иккита лайча —
Ташлаб кетган эридан ёдгор.

Бу қисмат,
Бу такдири азал —
Бева борки, ҳаммаси гўзал.
Кристина!
Боғбонсиз боғча,
Чангда қолган момақаймоқча.

Эри билан эдим калин дуст,
Эри минар эди паровоз.
Қўллари мой ишдан қайтарди,
Ичса бизникида ётарди…

Кристина!
Малласоч дилдор.
Виқор билан боқишлар, ҳай-ҳай…
Менинг уйим тўла болакай,
Унинг уйи тў л а жонивор.

Бизнинг кулба — бешинчи қават,
Меҳмонга-ку, очиқ, марҳамат:
Одам сал хижолат бўлади —
Лифтдан кучу к ҳиди келади…

Муҳаммад Юсуф

Оқ рўмол қизлар
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Ўтиб туринг кўчамдан гоҳ-гоҳ,
Кўнгил яйрар кўрганим сари.
Эй гулбадан, эй кийикнигоҳ,
Ўзбекойим набиралари —
Ойдин қизлар, ойжамол қизлар,
Ойдан тушган оқ рўмол қизлар!..

Ерданми ё кўкдан сўрайми,
Пойингизда жоним берайми?
Сизни шундай кўриб қувончдан
Ёрилмаган юрак — юракми?..
Ойдин қизлар, ойжамол қизлар,
Ойдан тушган оқ рўмол қизлар.

Қонимда-ку абад-азалсиз,
Аммо ёддан чиққан ғазал —сиз.
Дарёларнинг ортида қолган
Афсонавий Тожимаҳалсиз.
Ойдин қизлар, ойжамол қизлар,
Ойдан тушган оқ рўмол қизлар.

Юрса йўлга ёғдулар изи,
Париларга орзулар изи.
Сиз — онамнинг ёришган юзи,
Сиз — отамнинг йўқотган қизи…
Ойдин қизлар, ойжамол қизлар,
Ойдан тушган оқ рўмол қизлар.

Ўсма ўпган қошми бу зулук,
Бунча поксиз, бунчалар суюк?
Сиз борсизки, муҳаббат ҳам бор,
Сиз борсизки, Муҳаммад буюк.
Ойдин қизлар, ойжамол қизлар,
Ойдан тушган оқ рўмол қизлар.

Муҳаммад Юсуф

Олисдаги қадрдон
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Ўрмонлар лоласисан,
Қайинларнинг қирмизи.
Урушнинг боласисан —
Отамнинг ўрис қизи…

Биз эҳтимол бир умр
Кўришмасмиз, олис — нур.
Отам билан кетган сир —
Отамнинг ўрис қизи.

Отасизлик енгилми?
Сен ҳам ярим кўнгилми?
Опамидинг, сингилми…
Отамнинг ўрис қизи.

Жон чиқар чоғ музлаб у,
Кимларнидир излаб у,
«Қиз-и-м», деди йиғлаб у…
Отамнинг ўрис қизи.

Сўз отилган ўқ экан,
Бағир ёқар чўғ экан.
Суратинг ҳам йўқ экан…
Отамнинг ўрис қизи.

Онам сирин сотмайди,
Билади-ю, айтмайди.
Отам энди қайтмайди,
Отамнинг ўрис қизи.

Томирингда бизнинг қон,
Қайда юрсанг бўл омон.
Олисдаги қадрдон —
Отамнинг ўрис қизи!..

Муҳаммад Юсуф

Маслаҳат
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Бир йигитлар туғилсинки,
Бир йигитлар.
Елкалари Асқартоғдай,
Ақли расо,
Ориятли,
Ҳамиятли,
Насли расо —
Бир йигитлар туғилсинки,
Бир йигитлар…

Бир йигитлар туғилсинки,
Бир йигитлар,
Элим деган,
Юртим деган,
Эр йигитлар,
Йўлбарсюрак,
Сиртлонпанжа,
Шер йигитлар,
Бир йигитлар туғилсинки,
Бир йигитлар.

Бир йигитлар туғилсинки,
Бир йигитлар.
Токи армон бўлсин гўзал
Барча қизга,
Мўраласа тўлсин эшик —
Дарча қизга,
Бир йигитлар туғилсинки,
Бир йигитлар.

Бир йигитлар туғилсинки,
Бир йигитлар.
Кўзи тўла,
Юзи тўла,
Hyp йигитлар.
Эрки улуғ,
Пойи қутлуғ,
Бахти бутун,
О л мое йигит,
Олтин йигит,
Дур йигитлар!..

Бунинг учун бир нарсага
Чек қўйинг Сиз,
Хотинингиз уйда туғсин —
Тек кўйинг сиз.

Таниш терак. Ариқ ёқаси.
Бутана сув, ширин лойқа сув.
Тол кўчада отлар тақаси…
Қанча бўлди кўрмаганимга…

Ялпиз ҳиди тутган далалар,
Гапга чечан боқчахолалар,
Беланчакда ётган болалар…
Қанча бўлди кўрмаганимга.

Тоғ ортидан мўралаган кун,
Шийпонлардан ўрлаган тутун,
Тут шохига осилган тугун…
Қанча бўлди кўрмаганимга.

Ўқарикдан ёлғизоёқ йўл,
Менга илҳақ, менга муштоқ йўл,
О, қадрдон бир жуфт қадоққўл.
Қанча бўлди кўрмаганимга.

Ёғоч эшик очилар секин…
Тошмеҳрман мен жуда, лекин
Ҳозир йиғлаворишим мумкин —
Қанча бўлди кўрмаганимга…

Зўрлаб қиз узатмоқ-ку, аслида
Мансаб илинжида ё орзу-ҳавас.
Ялпизни юлқилаб ариқ бўйидан
Тошлоқ ерга ўтказмокдан бўлак нарсамас…

Аммо қайси ота тан олгай буни,
Тан олганида ҳам нима бу гуноҳ?..
Ўзбекларда айб саналар фақат
Келин йиғламаса тўй куни.

Қадаҳлар жаранглар, қаҳқаҳа янграр,
(Тилни тиёлмаслик бундай пайт ёмон).
Парво қилмай ичаверасан шароб,
Кўксинг инграб турса ҳамки ёлғон деб, ёлғон!..

Кеча раисининг эса жағи тинмайди,
Ҳамду сано айтиб тўймайди.
Севги, вафо дейди… Садоқат дейди,
Чиранади. Микрофонни қўлдан қўймайди…

Зўрлаб қиз узатмоқ бу аслида
Мансаб илинжида иззатталаб.
Ариқ бўйидаги ялпизни юлиб,
Телеминорага ўтқазмоқдай ran…

Муҳаммад Юсуф

Шукр дейсан сен қачон?
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Таъмагирни тортқилаб,
Нафси қўймас дейдилар.
Нокас ўзи тўйса ҳам,
Кўзи тўймас дейдилар.

Боқ бир ёруғ оламга —
Кимлар зўрға кун кўрар.
Одамлар бор, боғдаги
Булбулдан ҳам пул сўрар.

Ёлғон дунё — бу дунё,
Арзон дунё — бу дунё.
Не-не ҳоким, беклардан
Қолган дунё — бу дунё.

Киприкдан ҳам қисқадир
Молу дунё йўллари.
Ибрат бўлсин, Искандар
Очиқ кетган қўллари!..

Узат дейсан, бер дейсан,
Ҳеч қўймадинг, одамзод.
Туя тўйди, фил тўйди,
Сен тўймадинг, одамзод.

Шукр қилар ҳаттоки
Қумурсқа-паррандалар.
Шукр дейсан сен қачон,
Хом сут эмган бандалар?..

Бу уч кунлик дунёда
Савлатингга керилма.
Қаср курма, боғ қолдир,
Давлатингга керилма.

Ўз элингни қақшатсанг,
Хор бўласан ўзинг ҳам.
Бир кун шу эл меҳрига
Зор бўласан ўзинг ҳам!..

Муҳаммад Юсуф

Санам
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Бир қараб қўйсанг надир
Бизга ҳам гоҳо санам.
Менга сенсиз беқадр
Дунё, санам, дунё, санам.

Сен ўзинг шамсу ҳилол,
Куйдирги ёр, соҳибжамол.
Сенсиз ул осмонда йўқ
Маъно, санам, маъно, санам.

Кўзлари жайрон ўзинг,
Ўз ҳуснига ҳайрон ўзинг.
Тенги йўқ, тимсоли йўқ
Зебо санам, зебо санам.

Боқ, ажаб ғавғодамиз,
Севги деган саҳродамиз.
Қайс ўзиму сен экан
Лайло санам, Лайло санам…

Бир қараб қўйсанг надир
Бизга ҳам гоҳо санам.
Менга сенсиз беқадр
Дунё, санам, дунё, санам.

Муҳаммад Юсуф

Асакалик қизга
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Бураматол боғда сизни кўрдим қайданам,
Бир бокдиму билмам недир узилди жондан,
Бургут эдим бир кечада тушдим осмондан,
Бураматол боғда сизни кўрдим қайданам.

Қиқирлашиб қизлар ўтар, сиздан дарак йўқ,
Қирқ қиз ичра биз соғинган қиздан дарак йўқ.
Қайлардасиз, бир кўрмоқдан ўзга тилак йўк,
Бураматол боғда сизни кўрдим қайданам.

Аҳволимни йўйинг ана, нега йўйсангиз,
Айб мендами, бир қайрилиб кўнглим олсангиз,
Асакангиз кетмас-ку, бир кулиб қўйсангиз…
Бураматол боғда сизни кўрдим қайданам.

Бу қандай боғ, толлари ҳам ўсар буралиб,
Бутоқ-бутоқ кокилларга қолдим ўралиб,
Бағрим ёниб яшар бўлдим, бағрим тўғралиб,
Бураматол боғда сизни кўрдим қайданам.

Куя-куя кетар бўлдим, сизни тополмай,
Кулбамда бир елкангизга рўмол ёполмай,
Кумушдайин холингиздан битта ўгюлмай,
Бураматол боғда сизни кўрдим қайданам.

Энди фақат эслаш бору индаш йўқ сизга,
Энди мен ҳам ўхшаб қолдим бир акангизга,
Эрка келин бўлинг энди Асакангизга,
Бураматол боғда сизни кўрдим қайданам.

Муҳаммад Юсуф

Сурат
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Менинг кимлигимни,
Билмайди ҳеч ким.
Мен бир ғалатиман,
Мен алоҳида.
Кўзимнинг ёшини
Келади ичгим,
Тилимни чайнагим,
Келар гоҳида.

Ой менинг елкамга
Ўтириб олган,
Офтоб ғавғо солар
Юрган йўлимга.
Хаёл тушовидан
Чиқолмай қолган
Умримни топшириб
Қўйдим кўнглимга.

Энди тошни тепсам,
Ўпар изимни,
Ерга ағанасам —
Ер ҳам девона.
Бармоғин ўпгандим
Суйган қизимни,
Қўли ёниб кетди
Гуриллаб, мана.

Ёнди, Ёнаверди
Кокиллари, сўнг,
Чарсиллаб юраги
Ёнди беармон.
Ярми ёниб бўлган
Кўйлаги бир енг
Ишқнинг байроғига
Айланди ал вон!..

Ва ўпдим байроқни
Мен ўша алвон,
Олов тан,
Олов жон,
Олов ҳис-ҳавас.
Қизил чўғ тўшалган
Чимилдиқ томон
Отдим мен ўзимни
Мисли ўтиараст.

Уйғонсам — кўрпам кул
Йиғлар севгилим.
Мен сени йиғла деб
Қучган эдимми?
Айиқ босган гулдай
Эзилди кўнглим,
Ёввойи ўрдакка
Бердим севгимни!..

Ўрдак учди-кетди,
Мунғайиб қолдим.
Ҳайратим обкетди
Қанотида у.
Ким мени алдаса —
Худога солдим,
Майли, алданмасин,
Ҳаётида у.

Қолдим кулкўрпамда
Тўшагим тупроқ.
Юмалаб ётаман
Илонлар билан.
Уларга ишондим
Бир ёрдан кўпроқ,

Илон чақар, Аммо
Гапирмас ёлғон!..
Менинг кимлигимни
Билмайди ҳеч ким.
Мен бир ғалатиман,
Мен — алоҳида.
Кийиклар қонини
Келади ичгим,
Чаённи чайнагим
келар гоҳида.

Муҳаммад Юсуф

Кўк дарвоза
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Кўк дарвоза, ортингда бир қиз кўрдим,
Ғазнангдаги гавҳарингни хуш кўрдим,
Остонангда олти мингта из кўрдим,
Ойбекангни авайлагин, ҳушёр бўл.

Кўк дарвоза, сўрамагин отимни,
Сен кўзимга боқиб билгин зотимни,
Бу дунёда меҳр софми — олтинми?..
Ойбекангни авайлагин, ҳушёр бўл.

Кўк дарвоза, кўк харсангдек қулфинг бор,
Маликангнинг кун кўрмаган зулфи бор,
Саройингда Муҳаммаднинг мулки бор,
Ойбекангни авайлагин, ҳушёр бўл.

Кўк дарвоза, яна не деб мақтайин?
Меҳр изҳор этмоқ учун нетайин,
Беканг учун айт, боримни сотайин,
Ойбекангни авайлагин, ҳушёр бўл.

Кўк дарвоза, пойингга тиз чўкарман,
Қиз ўпгандек бўсағангни ўпарман,
Остонангга топганимни тўкарман,
Ойбекангни авайлагин, ҳушёр бўл.

… Кўк дарвоза, ортингда қиз кўргандим,
Ғазнангдаги дурингни хуш кўргандим,
Сен совуқдан бир кун муҳлат сўргандим,
Бор, деворга қўшил, сен ҳам девор бўл!

Муҳаммад Юсуф

Жийда тагида
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Сой бўйи. Тун. Куз.
Бир йигит, бир қиз.
Шивир-шивирлар
Жийда тагида.

Таҳораткаш чол,
Уйга қайтди лол.
Дилда санчиқлар —
Жийда тагида…

— Қайдасан, кампир?
Адо бўлдинг, тур!..
Номусинг йиғлар
Жийда тагида.

Кўр, ўзинг ҳам юр,
Ўпишаётир,
Уйинг куйгурлар
Жийда тагида…

Кейин не бўлди?
Кейин ўй бўлди.
Кейин тўй бўлди,
Қолмади сирлар
Жийда тагида.

Муҳаммад Юсуф

Қари қиз
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Қариқиз,
Қариқиз, сенга бир савол,
Елкангни тўлдириб сочинг йиғларми?
Ўттиздан кейинги тонглари малол,
Кунлар кўкрагингга ботган ханжарми?..

Қариқиз,
Қариқиз, сенга бир савол,
Неларни ўйлайсан кечаларда сен?
Нималар ҳақида сурасан хаёл,
Келинчаклар ўтган кўчаларда сен?..

Сен саратонда ҳам яшнаган баҳор,
Сен зимистонда ҳам чақнаган наҳор.
Юзларинг ғазалу кўзларинг ғазал,
Сенинг куйган кўнглинг гулдан-да гўзал!

Шундай гўзалсанки, ёруғ дунёда
Сени бир кўриб севмаган қолмаган.
Аммо биронтаси ботиниб келиб,
Юрак изҳорини айта олмаган…

Гўзал қиз,
Асал қиз,
Сенга йўқ савол,
Сен — тенги топилмай ўтаётган ҳилол!

* * *

Қайлардасан ўзинг, қанисан элим,
Сен кимнинг бир парча жонисан элим?
Боболаринг кимдир, момоларинг ким,
Сен қачон ўзингни танийсан, элим?..

Осмон тўла юлдуз армонларингми,
Сенинг бор бисотинг достонларингми?
Алпомиш аталмиш ботиринг қани,
Улуғбегинг қани, Бобуринг қани?

Қани буюк Аҳмад Яссавийларинг,
Румийлардан қолган маснавийларинг?
Улар кечиргайми гуноҳларингни,
Унутмагил улуғ Синоларингни…

Кулиб кун чиқадур, йиғлаб кун ботар,
Навоий Ҳиротда беэга ётар.
Юзларин ёритар тунда ой балқиб,
Машраб Балх дорида турибди қалқиб.

Ким эдингу энди ким бўлдинг бу дам,
Сени таниёлмай аждодинг мулзам,
Сен на йиғлагайсан, сен на кулгайсан,
Фарзандларинг қабри қайда билмайсан.

Қайлардасан ўзинг, қанисан элим,
Сен қачон ўзингни танийсан, элим?..
Чўғ остида қолган кулдайгинасан,
Отинг бору ўзинг йўқдайгинасан!

Муҳаммад Юсуф

Тилак жўра
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
У хўп дейди, демас: «Менга хам керак»
Ишонмасанг, бориб ўзидан сўра.
Жонингни прокатга бер десанг,
Тилак Икки қўллаб тутар: Марҳамат, жўра.

Мен уни туғилмай туриб билардим,
Мурғак чоғ жаннатда юзин кўрганман.
Тегирмончиликни орзу қилардим,
Унга ҳавас қилиб шоир бўлганман.

Муҳаммад Юсуф

Шоир севгиси
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Танимайман дейсиз.
Билмайман дейсиз.
Ёрижон, нозми бу,
Шўхликларингиз?..
Мени танир ҳатто,
Киприкларингиз,
Сиз эса шоирни
Севмайман дейсиз.

Кўриб-кўрмасликка
Олмоқлар осон.
Сиз-ку кўрсангиз ҳам
Олмайсизу тан,
Мени таниб, ҳатто
Ҳар кун кўчамдан,
Сочингиз қўл силкиб
Ўтар, ёрижон.

Биламан тахминан
Шундай ўйлайсиз:
Шоирлар — девона,
Тузалмайдилар.
Щоирнинг севгиси
Ўткинчи дейсиз,
Шоирлар одамдек
Севолмайдилар.

Ёна-ёна бир кун
Кўйингизда мен,
Адо бўладирғон
Қулга ўхшайман.
Энг гўзал шеъримни
Тўйингизда мен,
Пойингизга гулхан
Қилиб тўшайман.

Қўрқманг. Янграр қўшиқ.
Тугамас ўйин.
Кўрганлар сиздан кўз
Узолмайдилар.
Шоирлар бузолмас
Бировнинг тўйин,
Бировнинг уйини
Бузолмайдилар.

Муҳаммад Юсуф

Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Архивларда қолди Тоҳиру Зуҳро,
Бўлак ниманг ҳам бор десам: кўрларинг.
Соқол бўяш билан бандми энди ё
Ўртоқ «Ўзбекфильм», режиссёрларинг?..

Боғларга бурканди янтоқзор ерлар,
Тошлар-да, гуллади, сен ўртанмадинг.
Юртимнинг юзидан ёғилган терлар
Денгизга айланди, сен ўзгармадинг.

Темирлар йиғлади, симлар йиғлади,
Кесаклар куйлади — бир ўйланмадинг.
Тугади сабрнинг барча муҳлати,
Бардошлар тугади — сен ўзгармадинг.

Унвонлар жаранглаб унвонга тегди,
Димоқлар юксалиб осмонга тегди.
«Ўзбекфильм», чўпчагинг жонга тегди,
«Ўзбекфильм», чўпчагинг жонга тегди…

Ўзбек диёри бу — бепоён дала,
Дала тўла шийпон. Шийпон тўла бола.
Кўнглига боқмадинг унинг бир бора-а,
Энди бор, бор ўзинг кўзига қара.

Кўрдингми?
Уялиб бошини эгди.
Кетмонга суяниб, бошини эгди.
«Ўзбекфильм», чўпчагинг жонга тегди,
«Ўзбекфильм», чўичагинг жонга тегди…

Йиллар кутмайди.
Йиллар — учган ўқ.
Наби Раҳим кетди,
Шукур Бурҳон йўқ…
Қўйнинг^тўла ҳикмат, қўйнингга қўл чўз,
Ўртоқ «Ўзбекфильм», халқинг кутар сўз

Муҳаммад Юсуф

Манзара
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Бедапоя тўридаги жуфтин қидириб,
Сайрай-сайрай жимиб қолди бедана дилгир.
Сувсумбулни ваъдасига кўмиб, кўндириб,
Ўйнатгани олиб кетди ирмоқ қайгадир.

Қир томондан пода кайтиб келаркан қатор
Кумуш соҳил бўйларига чанглар ястаниб,
Қишлоқнинг энг чеккасидан баҳайбат чинор
Уфқ тарафга қараб қўйди хавотирланиб.

Қуёш осмон этагига осилиб мана,
Бир хўрсиниб, кўздан ғойиб бўлдию кейин
Қўшни қизнинг ҳавасини келтириб яна
Толкўчага сув сепишни бошлади келин…

Муҳаммад Юсуф

Қизилгул
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Қизилгул, қўйнимда ухлаб ётган гул,
Қўллари бўйнимда, ухлаб ётган гул.
Киприги кўксимга тиғдек ботган гул,
Сенга нима керак яна, эй, кўнгил…

Ёнимда солланар қирқ тилло кокил,
Тўлғонар, товланар кирқ тилло кокил.
Жонимдан айланар кирк тилло кокил,
Сенга нима керак яна, эй, кўнгил…

Бешикни титратиб чинқирар оҳим,
Юзлари оппоғим, кўзи мунчоғим.
Бу ёруғ дунёда ўчмас чироғим,
Сенга нима керак яна, эй, кўнгил…

Жонимни чўқийди бир куш келиб жим,
Мен сени билмайман, эй кушча, сен ким?..
Сен менга ҳеч киммас, мен сенга ҳеч ким
Сенга нима керак яна, эй, кўнгил…

Қизил гул, қўйнимда ухлаб ётган гул,
Қўллари бўйнимда, ухлаб ётган гул…
О, менинг кўксимда йиғлаб ётган гул,
Кўнгил, сенга яна не керак, кўнгил?..

* * *
Умримда жуда кўп ёлғон гапирдим,
Ваъдалар айладим чўкка тушиб тиз.
Йўлимга интизор бўлди қанча қиз,
Мен эса севмасдан ўттизга кирдим…

Ортга боқишга ҳам қўрқаман энди,
Қайрилсам, ширин жон қийналаверар.
Туйғулар туғилди, туйғулар сўнди,
Мен кезган боғлардан бир видо келар.

Ёдимда қолгани бир хира юлдуз,
Тунлари кўзимга термулади жим.
Кўнглим чаманига баргин тўкар куз,
Мен сени излайман исмсиз севгим…

Илк севги — энг баланд шохдаги олма,
Мен унга интилдим, етмади қўлим.
Сенга бахт тилайман, майли, ким бўлма,
Кунларинг хайрли бўлсин, севгилим.

Муҳаммад Юсуф

Ният
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Айланар чархпалак кунларим гали,
Умрим тоғдан тушган сойдек елади.
Эртакка айланиб қолмасдан ҳали,
Бир қари дояни кўргим келади…

Кўргим келар тошни саҳрода куйган,
Ва букри туяни — янтоққа тўйган,
Жайроннинг олдига қаландар қўйган —
Бир боғлам пояни кўргим келади…

Карвонларни кўргим келади саф-саф,
Ва карвонбошилар қиличин — садаф,
Мажнунлар капаси олдида бир кафт
Жаннатий сояни кўргим келади…

Кўнглим яхшиликни йўқлаб толмади,
Жонни тутдим на дуст, на ёт қолмади,
Унга чанг солмаган бир зот қолмади,
Энди ҳимояни кўргим келади…

Орзум бир узунки, етмайди нафас,
Бир ғариб кўнглимда минг олий ҳавас.
Ойнаи жаҳонда гул қизларнимас —
Лутфихон аяни кўргим келади!

Муҳаммад Юсуф

Тараққиёт
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Аёллар, пайкалдан кўтарманг бошни,
Фақат меҳнат қилинг, йиллар кутмайди.
Шийпонларда кутиб — кузатинг куёшни,
Келажак авлодлар бизни унутмайди!..

Биз шундай бутифослар топамиз ҳали,
Пахтамизни йиллаб терсак битмайди.
Хирмонлар осмонга тегар юксалиб,
Келажак авлодлар бизни унутмайди.

Эркаклар, китоблар ўқинг, ов қилинг,
Сўқмоқларда сўнгги жайронлар титрайди.
Сўнгги йўлбарсларнинг терисини шилинг,
Келажак авлодлар бизни унутмайди.

Оғулар топамиз — чувалчанглар илиб,
Ҳеч ким қармоқларда балиқ тутмайди.
Дельфинлар соҳилда ётади чўзилиб,
Келажак авлодлар бизни унутмайди…

Шоирлар дунёга танитиб элин,
Мукофотлар билан бир-бирин кутлайди.
Навоий бобосин тушунмай тилин,
Келажак авлодлар бизни унутмайди!..

Буни тараққиёт дерлар. Биз ўсдик,
Усавердик, ҳеч ким инкор этмайди.
Тоғларни қўпориб, дарёларни тўсдик,
Келажак авлодлар бизни унутмайди.

Шеърим — қароғимдан оққан ёшларим,
Англармисиз уни, ҳеч кўзим етмайди…
Баракалла сизга, замондошларим,
Келажак авлодлар бизни унутмайди!

Муҳаммад Юсуф

Истак
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Шотут соясида бешик бозори,
Саҳарлардан райҳон ҳиди анқийди.
Бешиклар тебратиб боғчахотин йиғлар
Биттагина ўғлим бўлса, майлийди.

Сарин сабо эса қўшиқлар айтар,
Майсага ёнбошлаб тинглар шудринглар.
Оқ шийпон ортидан мўралар офтоб,
Ҳей, кизлар, туринглар!

Чумоли ёпишар ялниз баргига,
Ирмоқ унга сувлар сочиб ҳиринглар.
Бригадир планни ўйлайди хуноб:
Ҳей, қизлар, туринглар!

Эй, менинг хаёлим, сулув, моҳитоб,
Ўзимга саволим, ўзимга жавоб.
Босган қадамлари кўзимга тавоб:
Ҳей кизлар, туринглар!

Ҳей, кизлар, туринглар,
Тўлдириб юринглар Узбекистонни.
Истайманки, доим порохлар эмас,
Сизларнинг аллангиз тутсин жаҳонни!

Муҳаммад Юсуф

Шифохонада
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Шундай беморлар борки,
Тўшакда михланиб ётар бенажот,
Уялиб кетасан тузалганингдан.
Шундай шифокорлар борки,
Туғишган акангдай қарайди сенга,
Тузалиб кетасан уялганингдан…

Муҳаммад Юсуф

Кетиб қолдим…
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Кетдим уйдан, кўнмай қийнов-кистовга,
Дедим: — Она, айтиб қўйинг ановга.
Момосини кўрсатаман агар у
Мен йўғимда тегиб кетса бировга…

Нима қилсам шеър ишқида қилдим мен,
Шеъримни деб йиғладим мен, кулдим мен
Орзуларим осмон қадар бўлса ҳам,
Мендан шоир чиқмас экан, билдим мен.

Билдим, илҳом излаб шому саҳардан,
Шеър азоби ёмон экан заҳардан.
Юрагингда бўлмаса rap шоирлик,
Наф йўқ экан ҳар қанақа шаҳардан.

AMMO уйга қайтай десам, биз қолиб
Гулдай қизин қучоғига муз солиб,
Тишларини қайраб бугун қишлокда —
Қўшни турар қўштиғига туз солиб…
Момосини кўрсатаман келса деб.

* * *
Баҳорда кўп оғир,
Қиқирлаб турса
Тиззангга суйкалиб лолақизғалдоқ,
Беғубор ёшлигинг ўтган жойларда
Қўлтиқтаёқ билан ҳаккалаб юрмоқ.

Яланғоч новдалар пичирлаб турса
Кузда, сукунатга чўкканда чорбоқ.
Кўп оғир, индамай кетиб борётган
Мўмин турналарга боқиб ўй сурмоқ.

Кўп оғир беғубор қорлар ёққанда
Қишда, дала-даштга қўнганда туман,
Сотқинга тегмаган ўқни сийпалаб
Урушни эсламоқ сандалдан чиқмай
Хунук ва вафодор хотининг билан…

* * *
Ҳайрон бўлмам турна кишнаса,
Қаҳратонда олма гулласа,
Аммо сенинг севиб қолишинг…
Алдаб нима қиласан?

Осмонни сув босса, ҳайратим ёлғон,
Қуёшни ўт босса, юлдузлар тулласа,
Аммо сенинг севиб қолишинг…
Алдаб нима қиласан?..

Тошлар тилга кирса, ишонгум,
Трамвайлар юм-юм йиғласа,
Аммо сенинг севиб колишинг…
Алдаб нима қиласан?

Сенга қараб кўзим пишмокда,
Сени ўйлаб кўнгил увишмокда.
Келин орзу килиб, бағримни тилиб
Тўшак қавир қари онам қишлоқда…
Алдаб нима қиласан?

* * *
Сен хат ёзма.
Уйга ҳам ёзма.
Ва ҳовлиқиб ёнингга шунда
Ўзи келар деҳқон отангнинг.

Керишиб ёт тўшакдан турмай,
Аёзли тун уйкунгни бузса,
Овози меҳрибон отангнинг.

Ўргансин. Кут. Пешонасида
Тугмача бор (кўзми бу — нима?)
Боссин — қўнғироқча жиринглар.

Эшикни оч эриниб шунда,
Музлаб қолган отанг қошига
Чиқ сўнг соғлом, омон… ҳиринглаб!

Муҳаммад Юсуф

Кечикиш
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Кўкрак тўла орзую ташвиш
Пайкалда ҳам ҳосилимиз мўл.
Яшаяпмиз бизлар ёзу қиш
Юмушлардан бўшамайди қўл.

Ношукрман нолисам, бирок,
Ҳеч кимсадан камим йўк ахир,
Фақат сени соғиниб гоҳ-гоҳ
Йиғлаб мени қон қилар кампир.

Тушунолмай қолдим қандайдир
Тошмеҳрроқ чиқдинг ўзинг ҳам.
Бизни эслаб ҳар замонда бир
Хат ёзиб ҳам қўймайсан, бўтам..

Шаҳар ёкдан ким келса, бари
Тўтидек бир сўзни кайтарар:
Кўришмадик, ўғлингиз балки
Келиб қолар, дейди занғарлар.

Яхши бўлди келганинг аммо
Зап вақтида келдинг бу сафар,
Маҳаллада ялла авжида,
Айни тўйлар бошланган маҳал.

Мана кеча, оти нимайди
Салтанатнинг кенжа қизини.
Эсим қурсин, ёдда турмайди,
Бор эдию сочи узуни —
Биз куёвга узатдик шуни…

Тўйи тўкин ўтдию, лекин
Куёвига қизгина тушкур
Кўнгилсизроқ эканми, қайдам,
Кўп йиғлади, деб келди камиир.

Ким билади, балки шундайдир,
Янглишгандир балки кампирим,
Бари келин йиғлайди, ахир,
Йиғламасдан эрга теккан ким?

Бу гапларни қўя ту рай, кел,
Бўталоғим, ўзингдан гапир.
Зилзилалар унут бўлиб, эл,
Шаҳар энди тинчиб қолгандир?

… Меҳр тўла нигоҳи билан,
Бобом мендан жим кутар жавоб.
Билса экан, тушунса экан,
Невараси не кўйда шу тоб!

Билмайди, эҳ бобом билмайди,
Мен, мен, ахир севардим уни!
Салтанатнинг оти нимайди,
Уша сочи узун қизини…

Муҳаммад Юсуф

«Босмачилар»
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Олмослардан кескир эди шамширингиз,
Тутун бўлиб тўзиб кетди такдирингиз,
Минг йигитга арзирдингиз ҳар бирингиз.
От ўйнатиб юрмадингиз, «босмачилар!..»

Тупроқ тўшак бўлди, болиш эгар бошда,
Жалолиддин каби мудом жаҳонгашта,
Умрингизнинг ярми ўтди тоғу тошда,
Не кунларни кўрмадингиз, «босмачилар».

Қўрғошинга қалқон бўлди ўт кўкраклар,
Кафан бўлди қонга ботган оқ яктаклар,
Сўнгги макон бўлди баъзан чакалаклар,
Одамдай ҳам ўлмадингиз, «босмачилар…»

Тушунмайин ким қарғади, кимлар сотди,
Кўнглингизда алам, кўзда ёшлар қотди,
Ортингиздан гоҳ болангиз тошлар отди,
Еш деб, гина қилмадингиз, «босмачилар».

Уйингизда сизни кутди, кел, деб тўрам,
Келинчаклар кокиллари тарам-тарам,
Кўнгилга ёр сиғармиди юртда қарам?..
Жангоҳлардан жилмадингиз, «босмачилар».

Кенгашсангиз тор дунёлар кенг бўларди,
Эргаш ёқа бўлса, Шермат енг бўларди,
Бирлашсангиз ким ҳам сизга тенг бўларди,
Нечун аҳил бўлмадингиз, «босмачилар?..»

Босмачимиш… Бундай демиш қай бемаъни,
Тутмайдими бир кун у ни беклар қони…
Ҳамма сиздек ўз юртини суйса қани!
Беҳуда қон тўкмадингиз, «босмачилар!»

Сиз йўқ, бунда кўтарилди дарпардалар:
Отдан тушди сариқ мўйлов саркардалар,
Бу хорони тўпга тутган шармандалар…
Афсус, афсус, кўрмадингиз, «босмачилар».

Эркли элда сизни эслаш нақадар хуш,
Сизга ҳайкал қўйса арзир майдонлар бўш,
Оқ яктакда, арғумоқлар миниб оқтўш
Мундоқ кўкрак кермадингиз, «босмачилар!»

Субҳидамда шеърим битди, кўзим тиниб,
Пойингизга бордим кўнглим бир ўксиниб,
Туринг энди бобо десам, сиз хўрсиниб
Жилмайдингиз, турмадингиз, «босмачилар».

Қайга тарқаб кетган бўлманг, қай замонда,
Сизнинг асов қонингиз бор бизнинг қонда.
Унутмаган сизни ҳеч ким Туркистонда,
Хонларга тенг хурматингиз, «босмачилар!..»

Олмослардан кескир эди шамширингиз,
Тутун каби тўзиб кетди такдирингиз.
Минг йигитга арзирдингиз ҳар бирингиз,
От ўйнатиб юрмадингиз, «босмачилар».

Муҳаммад Юсуф

Далада
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Қовушмаган иккита такдир
(Балки у ҳам ўзича ҳакдир),
Орасига икки эгатни
Атай ташлаб ўтди бригадир…

Қовушмаган иккита нигоҳ
(Балки савоб бу, балки гуноҳ),
Орасига икки эгатни
Атай ташлаб ўтди бригадир…

Ҳамма қизнинг кўзи уларда,
Ҳаммаси бир бўлиб ўйларди —
Орасига икки эгатни
Атай ташлаб кетди бригадир.

Икки эгат ораларида,
Кўкка ўрлаб кетгунча хирмон.

Икки эгат ораларида
Беш миллионга етгунча хирмон.

Зорланади ялинчоқ нигоҳ
— Кел ёнимга, бирга терамиз.
Унамайди тортинчоқ нигоҳ:
— Одамларга кулги бўламиз…

Муҳаммад Юсуф

Ёғоч бешик
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Елкадан сирғалиб кундузги ташвиш,
Елкадан сирғалиб кўрпалари-да,
Супачада ухлар эркак ва аёл
Ёғоч бешик ўрталарида.

Хўрозлар баётин авжи — тонготар,
Суюмли нигоҳи эркаларида,
Нонушта қилади эркак ва аёл,
Ёғоч бешик ўрталарида.

Қайдадир трактор гувиллар.
Энди Топган-тутганлари ўрталарида.
Далага жўнайди эркак ва аёл,
Ёғоч бешик ўрталарида…

Қизлар қўшиғи
Қиз йўқ уйда сарин сабо эсмайди,
Қиз йўқ уйда жамбил-райҳон ўсмайди
Уғилларнинг ота билан иши йўқ,
Қиз отасин ҳар кадамда эслайди.
Кўзларига сургай юрган изингиз,
Қай ўғилдан камдир, айтинг қизингиз.

Қиз йўқ уйда тонглар эрта отмайди,
Томда офтоб, айвонда ой ётмайди.
Ўғил қандай дўст бўлади, билмадим,
Қиз дўст бўлса — сирингизни сотмайди.
Оғир кунда жавдиратмас кўзингиз,
Қай ўғилдан камдир, айтинг қизингиз…

Умр дарё, толега ким кафилдир,
Қизнинг борар жойи бўлак соҳилдир.
Қиз дардига етмаганлар ғофилдир,
Қиз бор уйда ёруғ бўлар юзингиз,
Қай ўғилдан камдир, айтинг, қизингиз…

Дунё кўрки — шу кўзлари шаҳлолар,
Қизлар билан чаманзордир саҳролар.
Бир қайрилиб Қайсни Мажнун айлаган,
Тоҳирларни Тоҳир қилган — Зуҳролар.
Қиз туфайли бутдир ризқу рўзингиз,
Қай ўғилдан камдир, айтинг қизингиз…

Айтинг кимнинг паймонаси тўлмаган,
Қиз бор — ота ёт бағирда ўлмаган.
Ўғлим йўк деб ўкинганлар — жоҳиллар Ҳатто,
Пайғамбарнинг ўғли бўлмаган!..
Билиб айтинг айтганда ҳар сўзингиз,
Қай ўғилдан камдир, айтинг, қизингиз?!

Муҳаммад Юсуф

Ота
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Ота, ғўзангизни сув босиб кетди,
Чумчуқ вайрон қилди жўхорингизни.
Менинг китобларим бир жамбилбаргча
Ёзолмади лекин хуморингизни…

Телевизорлардан жилмаймоқ нима,
Мен шеърлар ўқидим, кўнглингиз тўлмади
Оқшом оқ даладан бир боғлам сомон
Келтирган болача нафим бўлмади.

Қирқ йиллик осколка қийнади бир кун,
Сиз ётиб қолдингиз, бўлди керагим.
Учиб боролмадим самолёт бўлиб
Ота, деб осмонга тегиб курагим.

Кейин сиз кетдингиз. Бу ёруғ дунё —
Тўполон дарёни менга колдириб.
Сўнгги ўтинчингиз айладим бажо
Кўзларимни тўсган сочимни олдириб!..

Меҳримни бошимга урайми энди,
Шеъримни бошимга урайми.
Менинг соғинчимни ютиб оғринмай,
Ёрилмай яшаган юрак-юракми?..

Ота, юзларимни сув босиб кетди,
Кўзёш пайҳон қилди кўнглим гулзорин.
Менинг китобларим,
Менинг шеърларим —
Қадрингиз билмаган йилларим зори…

* * *
Сочим оқарса ҳам чақалокдайман.
Энди туғилдиму
Наздимда гўё —
Ҳозиргина биров қўлига томди
Киндигимдан оққан қизил сув…
Доя кампир қани? Қайда қолди у?!.. У ни қўмсаб келиб, Бу кун бир тобут
Кўрдим… Э воҳ, борар йўлига томди Кипригимдан оққан қизил сув.
Қизил сув, кизил сув, қип-қизил сув.
Улғайиб қолдим-ку,
Опа, қачон тўй?..
Ўғил кўрмоқчиман. Баҳодиримга
Менинг сумагимни асраб қўй.

Карнай йиғлар,
Сурнай йиғлар.
Қиз йиғлар,
Тўлиб кетар қишлоқ қий-чувга,
Тўй бошланар…
Сойга тушиб кетаман
Мен тушимни айтгани сувга.
Онам чиқар йўлимдан:
— Бир девор қўшнимиз-а, болам?
Васиятин унутдингми отангнинг?
Синглим тутар қўлимдан:
— Ака, сизда гапи бор экан
Ҳамида опамнинг,
Ҳе, ўша опангни…

Девордан бир сакраб,
Сойга тушиб кетаман,
Ҳеч ким бил мае,
Ҳеч ким кўрмас
Жойга тушиб кетаман.

Е-о-о-таман…
Карнай йиғлар,
Сурнай йиғлар.
Қиз йиғлар.
Мен чекаман,
Юрагим… унсиз… йиғлар.

Муҳаммад Юсуф

Ажаб дунё
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Икки буюк шоир, икки мусофир —
Навоий Ҳиротда, Қобулда Бобур.
Сизни ўйлатмасми бу жумбоқ, бу сир,
Навоий Хдротда, Қобулда Бобу p…

Буни тасодифми атайин, айтинг,
Қитмир қисмат ўйни дейинми ё бир?
Кўриб қўй, Туркистон, икки шоҳ байтинг
Навоий Ҳиротда, Қобулда Бобур.

Жафо этганга ҳам жабр этмадик,
Гадони сийладик гоҳо, Худо бир.
Даҳоларимиз қадрига етмадик —
Навоий Ҳиротда, Қобулда Бобур.

Ер ёнар жаҳаннам афғонда ял-ял,
Кулранг кўрпа янглиғ булут ёнодур.
Ёнар не тиклаган бўлса бир маҳал —
Навоий Ҳиротда, Қобулда Бобур.

Икки буюк ҳикмат, икки хуш забон,
Икки буюк дилдан йўқдир садо бир.
Биз ғанимга бежанг топширган қўрғон —
Навоий Ҳиротда, Қобулда Бобур.

Учрашишмаганди улар ҳаётда,
Ётурлар ёнма-ён икки лаҳатда.
Нима дейсиз энди, ҳаёт —ҳаёт-да —
Навоий Ҳиротда, Қобулда Бобур!

Муҳаммад Юсуф

Булбул
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Қайинлар юртида булбулни кўрдим,
У гул бутоғида қиларди хониш.
Қовоғимни солиб ҳол-аҳвол сўрдим,
Озроқ гина билан, озроқ қизғаниш…

Яхшиям кўрганим, кўрмасам албат,
Тентакнинг туши, деб ўйлар эканман.
Туғишгандек кўриб, мен у ни фақат
Ўзбекнинг қуши деб, ўйлар эканман.

Ўша тинчимас жон, ўша бедаво,
Ўша дарди ёлғон, ўша ҳуркак қиз.
Қалин барглар аро қиларди наво,
Ўша нағмасини қолдирмай бир сўз.

Мени мафтун қилди-қўйди баччағар,
Ўтмас пичоқ билан сўйди, баччағар.
Негадир уйимни соғиниб кетдим,
Булбулга эргашиб юриб жарма-жар.

Қушим ушлатмади опкетай десам,
Қўйнимга авайлаб сопкетай десам.
У ёкда кутарлар юраклари қон,
Ўрмонда у билан қопкетай десам…

Мени-ку зарурат судради бу ён —
Масковда нима бор сенга, булбулжон?

Муҳаммад Юсуф

Айт
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Гулдай умринг кулдай тўзиб кетмокда,
Кимни кутиб ёшинг қирқдан ўтмокда,
Ёлғизмисан энди сен бу чорбокда,
Энди йўқлаб келмасму у алдаган?..

Ўт ҳам ўсар бир-бирига суйкалиб,
Сен на ёрсан, сен на тулсан, эй ғариб,
Ҳеч бўлмаса кўнгил учун ахтариб,
Бир бор келса бўлмасму у алдаган?..

Очи л гулим, айт ўзимга дардингни,
Гулфурушлар қайдан билсин қадрингни.
Емғирман деб юзинг силаб, баргингни
Тўкиб кетган дўлмасму у алдаган?..

Не мунчоқ, у тенги йўқдир, тизимсиз,
Не олчоқ, у, руҳи жонсиз — жисмсиз,
Йиллар билан ич-ичингга исмсиз
Чўкиб кетган кўлмасму у алдаган…

Гулдай умринг кулдай тўзиб кетмокда,
Кимни кутиб ёшинг қиркдан ўтмокда.
Елкангдаги етти қатор сиртмокда
Осилибгина ўлмасму у алдаган…

Юзларингни кўргандайман қайдадир,
Қўл ушлашиб юргандайман қайдадир,
Неки қилсанг, ахир бир кун қайтадир,
Айт, мабодо менмасму у алдаган?!.

Жонимда жон қолмас югуриб-елиб,
Кўнгил айтганимга кўнади бир кун.
Туғишган синглимдек соғиниб келиб
Капалак кафтимга қўнади бир кун…

Майсалар кун билан кўришгандек юз,
Турармиз жилмайиб бесўз, беармон.
Мен унинг қанотин силарман маъюс,
У менинг кафтимни силар меҳрибон.

Капалак қўлимга қўнади бир кун…

* * *
Ўксимагин о, юрак,
Бўлма хомуш, бўлма лол:
Менинг отам оқтерак,
Менинг онам — мажнунтол.

Осмонда ой ёлғиздир,
Ёлғизман мен ҳам, ахир.
Менинг онам ялпиздир,
Синглим лола қон бағир.

Тўшагим шу шўр тупроқ,
Кўрпам кўкда булутдир.
Менинг акам Улуғ тоғ,
Менинг укам — бургутдир.

Табассумим чақмоқлар,
Ёмғирлар — кўз ёшимдир.
Арслон мени ардоқлар…
Қоплон қариндошимдир…

Ёв ҳисобин қилмайман,
Мард бўлса жон фидодир.
Дўстларим ким билмайман,
Менинг ёрим — Худодир!

Муҳаммад Юсуф

Зебижон
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Яланг оёқ ёшлигимни эсласам жим,
Кўзларимга сургим келар бурда нонни.
Қорним нонга тўймаса ҳам пошшо кўнглим
Зебижонни суяр эдим, Зебижонни…

Капалак хам сийлар гулнинг суйганини,
Шабнамларнинг кўрдим тонгга ийганини,
Ким биларди камбағалнинг куйганини,
Зебижонни суяр эдим, Зебижонни…

Суйганимни бир бойвачча тортиб олди.
Тилло берди, тиллога от сотиб олдим,
Тулпоримнинг туёғига ётиб олдим,
Зебижонни суяр эдим, Зебижонни…

Отим билан гаплашардим одамдайин,
Мен бир қашшоқ ўғилман, у — отамдайин,
Йиғлар эдим ёлларини силаб майин,
Зебижонни суяр эдим, Зебижонни…

Кимга айтиб яна кимга йиғлай бориб,
Умрим ўтди ёлғиз унга кўнглим ёриб,
Отим мендан ғарибу — мен ундан ғариб.
Зебижонни суяр эдим, Зебижонни…

Ой юзли ёр ойдек ўғил туққан оқшом
Мадаминбек тортиб олди отимни ҳам,
Дардимга дард қўшилди воҳ, ғамимга ғам
Зебижонни суяр эдим, Зебижонни…

Камбағалнинг куни қурсин экан, кўрдик,
Мискин эдик, яна икков мискин бўлдик,
Отим бекка, ўзим эркка тутқин бўлдик,
Зебижонни суяр эдим, Зебижонни…

Тунда бориб олиб қочдим, келиб орим,
Ел дек учиб кетаверди жониворим.
Мадаминбек бия минсин, чу, тулпорим,
Зебижонни суяр эдим, Зебижонни!..

Муҳаммад Юсуф

Сумалак
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Баҳор сўраб келса жамолингизни,
Шудринг йўқлаб райҳон шохида сизни,
Бир ўй қийнамасми гоҳида сизни —
Наврўзфурушлар?

Тўп отиб бойчечак бечораларга,
У кун қаҳрингизга дучораларга,
Пешонангиз тегиб сайёраларга,
Қани юришлар?..

Бизга мотам бўлса, сизга нима ғам,
Жабрлар қилдингиз жабр устида ҳам.
Дуога чўзилса қабр устида ҳам —
Қўллар чопдингиз.

Гувалагимиздан гоҳо уёлиб,
Ҳар ис чиққан жойдан хабарлар олиб,
Сумалагимизга заҳарлар солиб,
Нима топдингиз?..

Еритди-ку ислом нури уйимни,
Инъом айлаб қайта тилим, куйимни.
Енг шимариб, юрак ютиб сиз кимни
Талайсиз энди?…

Эй сиз, сохта шуҳрат-шон адолари,
Эй сиз, эл хатоси, юрт хатолари,
Мансаб гадолари, пул гадолари,
Қалайсиз энди?..

Биз билан сумалак ялайсиз энди!

* * *
Атиргулдан юмалади капалак,
Бир силкиниб қўймади ҳам гул шохи.
Жон талашиб, қум ялади капалак,
Кўчди менинг кўксимга-да титроғи.

Дунё кезиб, топгани шу гул эди,
Япроқлари беланчаги зангори.
Тонгда унинг ифорига қул эди,
Шомда эртак бўлиб қолди дийдори…

Атиргулдан юмалади капалак,
Кўнгилни бир бузди. Бўлди хаёлни.
Уволингни ким олади, капалак,
Қай қўл билан ту тай қотил шамолни?

Оқшом боғда унга боқиб қолдим лол,
Тушимда ҳам кўрмагандим, бу не ҳол —
Бир қаноти ётар эди ерда лой,
Бир қаноти кўкда эди — ярим ой…

Атиргулдан юмалади капалак,
Оқ упаси Сомон йўли бутокда.
Сен ҳам кетсанг ким қолади, капалак,
Мен ёлғизман, тўти тўла бу боғда.

Муҳаммад Юсуф

Иқрор
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Шоирлик мен учун асло орзумас,
Шу ҳам иш бўлдими йигит бошимга.
Ҳамма шоир зотин йиғса — арзимас
Онамни соғиниб тўккан ёшимга.

Ана, улар кил ар булбулларга дўқ:
«Эй куш, бу боғларнинг мен булбулима
Шоирлар билан ҳеч ошнолигим йўқ,
Мен ёруғ дунёда кўнглим қулиман.

AMMO юрагимни қийнар бир азоб,
Қўй десам қўймайди, тутқазар қалам,
Мен кетмон сўрасам — тутади рубоб,
Куйлайман жонимдан ўтганда алам.

Осмонга қарасам кўринар тупроқ,
Майсага термулиб ойни кўраман.
Бу қандай кўргилик, билмайман, ўртоқ,
Мен қачон далада буғдой ўраман!..

Шоирлик мен учун асло орзумас,
Шу хам иш бўлдими эркак бошимга.
Ҳамма шоир зотин йиғса — арзимас
Уйимни соғиниб тўккан ёшимга.

Ана улар салқин хиёбонларда
Энтикиб ёзишар келажакка хат.
Оқибат ҳақида ҳайқиришар ва
Абдулла Орифни қилишар ғийбат…

Бўлди.
Шеър ёзмайман.
Мен энди одам,
Оддий одам бўлиб яшай бошлайман.
Кўнглимга ачиниб агар ёзсам ҳам,
Тунда ёзиб, тонгда ўтга ташлайман!

Муҳаммад Юсуф

Кинога кирмайман
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Билет топилмайди «Ўтган кунлар»га,
Қизлар қайтиб келар кўзёш қилишиб
Хайр, уйқу, дейману менда йўқ ором,
Муқовасиз китобимга мук тушиб.

Ногоҳ мусиқалар тинган ётокда
Китоб кирмаган хона қолмаган.
Ҳеч ким уни мендек ўқимаган, лекин
Ҳеч ким уни мендек ўқий олмаган.

Кўзимни юмаман, кулгичлари яйраб,
Кумуш боласига рўмолча тўқир.
Кейин ичкаридан — минг йил наридан
Зайнабнинг нигоҳи жонимни чўқир.

Шундай оқшом ботар, шундай тонг отар,
Китобим ўқийман — сатри муқаддас.
Менга ёқмас экрандаги Отабек,
У бошқа. У бошқа, мен билган эмас!..

Билет топилмайди «Ўтган кунлар»га,
Мен эса кирмайман бекорга ҳам ҳатто.
Майли, карсак чалай истеъдод учун
Лекин санъат —санъат, ҳаёт — ҳаёт-да.

Кўзимни юмаман, кулгичлари яйраб,
Кумуш боласига рўмолча тўқир.
Кейин ичкаридан — минг йил наридан
Зайнабнинг нигоҳи жонимни чўқир.

Муҳаммад Юсуф

Палахмон
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Осмон ерга энгашиб,
Булут соғди кун бўйи,
Ёлғончи ёр тўйида
Ёмғир ёғди кун бўйи.

Ёмғир эмас, бу ҳалқоб
Келинчак кўз ёшидир.
Йиғлама ёр, қиз бола
Палахмоннинг тошидир.

Қайғурмагил қўй, чорбоқ
Айланамиз, юр, дўстим,
Пешонанг шу экан, бу —
Такдир, деди бир дўстим…

Такдир эмас, айирган,
Ёрнинг қалам қошидир.
Қолаверса, қиз бола
Палахмоннинг тошидир.

Эгилмаган ерларга
Эгиб йигит бошимни,
Палахмон-ей қайларга
Отдинг ёқут тошимни!

* * *
Рўмолим бор — бўяма,
Бўямани ювдирма…
Қўшицдан

Рўмолингни бўяма,
Билмайгина ювдирдим,
Отанг сени бермай, мен
Оламан деб куйдирдим…

Мени суйсанг бўлгани,
Сен сўзингда тур, жоним.
Отангни ўзим йўлга
Соламан, деб куйдирдим.

Маломатлар ёғилсин,
Тошлар ёғсин бошимга,
Мен аҳдимга вафодор
Қоламан, деб куйдирдим.

Отанг сени бермади,
Такдир дедим. Кўникдим.
Мен бечора… бир шоир
Боламан, деб куйдирдим…

* * *
Бир йил бўлди,
Сендан келган хат —
Қалин китоб ичида диққат.
Мен эса банд,
Мен овораман,
Марҳаматга қачон бораман?..

Бугун дўстим туғилган куни,
Табриклайман гул билан уни.
Торт кесаман, Тарвуз ёраман…
Марҳаматга қачон бораман?

Диёримнинг байрамлари шўх,
Байрамларда эса билет йўқ.
Бир кассирга минг ёлвораман,
Марҳаматга қачон бораман?

Чимилдиққа кирмокда бир қиз,
Эсиз, у во л кетди севгимиз.
Ноиложман,
Йўқ, бечораман,
Марҳаматга қачон бораман…

Менга минг жуфт нигоҳ қадалар,
Бошланади мушоҳадалар.
Ўзи ёмон,
Юзи қораман,
Марҳаматга қачон бораман…

Мен эса банд,
Мен овораман.
Торт кесаман,
Тарвуз ёраман.
Бир кассирга минг ёлвораман,
Марҳаматга қачон бораман!..

Муҳаммад Юсуф

Қалдирғоч
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Осмон бўлмас, кўшкимда
Сен яйрасанг, Қалдирғоч,
Яйрармидим ўзим ҳам…

Уммон бўлмас, тўшимда
Сузиб юрсанг ёйиб соч,
Пойлармидим ўзим ҳам…

Қара қандай ҳотамман —
Сени ўзим беармон
Кузатдим бахт йўлига.

Ахир, нетай, одамман,
Одамзотни ҳеч қачон
Қуш қўнмайди қўлига!..

Содда муҳаммадман…
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Узбек қизларига
Содда Муҳаммадман,
Содда Муҳаммад —
Туркман қизни мақтаб балога қолдим,
Кўйлагига ҳавас қилгандим фақат,
Тоабад туганмас ғавғога қолдим…

Недан ранжидингиз жон сингилларим,
Қабоқлар уюлди, чимрилди қошлар.
Туркман туигунмай тош отса, чидадим,
Аммо ёмон ботди сиз отган тошлар.

Ёруғ дунёда-ку бари қиз гўзал,
Миллат танламас-ку ҳусн дегани,
Нигоҳим Жайҳундан сакраб ўтса сал,
Қайдан билай сизга малол келганин.

Юртим сулувлари, сизга йўқ тараф,
Қошингизда ўсма юрса сирғалиб,
Узун сочингизни ўрсангиз тараб,
Бокса деган эдим ой ҳам суқланиб.

Асли туркман қиз бир баҳона холос,,
Излаганим эди сизлар кабилар,
Қўмсаганим — ҳаё, момоларга хос,
Соғинганим эди Кумушбибилар…

Ёнсам ҳажрингизда менинг ёнишим,
Куйсам сиз ту файл и кўнглимдаги чўғ,
Туркман қизлардан йўқ менинг танишим,
Қалинга туям ҳам тушиб колган йўқ!

* * *
Мендай ғарибни ҳам кўролмаслар бор,
Нураб борарману ўзим шундай ҳам,
Тугаб борарману ўзим шундай ҳам,
Кўксимга тош отмай юролмаслар бор…

Товушим чиқмас бир капалакча ҳам,
Садосиз кузатгим келар дунёни.
Кўтаролмас ҳатто темир токча ҳам
Улар қанотимга ортган риёни.

Дўстлар, дегим келар,
Бўлманг хавотир,
Узок яшамайман шундай ҳам ўзим,
Умрим бир боғ кезиб ўтгай наводир,
Сўнар у бир очиб юмгунча кўзим.

Қўйишмас,
Қўлимдан тортади бири,
Бири оёғимдан,
Бири сочимдан.
Бири қўйним, бири кўнглимга кириб,
Ҳаётдан бездирар ўттиз ёшимдан.

Ўтмас пичоқ билан мени сўйишиб,
Томоша айларлар туриб сал нари.
Худонинг қўлидан нон еб тўйишиб,
Шайтоннинг хизматин қилишар бари!..
Мендай ғарибни ҳам кўролмаслар бор.

Бу бешафқат,
Бу беозор дунёда,
Бу шундай кенг,
Бу шундай тор дунёда,
Ким л ар келиб,
Ким л ар кетар дунёда,
Қўнғизнинг ҳам Ватани бор дунёда,
Нега йиғлар қримтатар дунёда?..

Ҳар йил баҳор уч кун яшар бойчечак,
Ариқларнинг бўйидаги мойчечак,
Ялпизнинг хам Ватани бор дунёда,
Нега йиғлар қримтатар дунёда?..

Толкосадай макони бор айронни,
Янтоқ асрар сайёдлардан жайронни,
Қамишзорда яйраб юрган кобонни —
Тўнғизни ҳам Ватани бор дунёда,
Нега йиғлар қримтатар дунёда?..

Тулкидайин тутқич бермас туллакни,
Тулки қувиб тутолмаган ўрдакни,
Ўрдак қўнган саҳродаги кўлмакни —
Ҳовузни хам Ватани бор дунёда,
Нега йиғлар кримтатар дунёда?..

Ким ёлғиздир?
Маскани йўк эл ёлғиз.
Ўзга юртда ўсгани йўқ эл ёлғиз.
Эртакдаги ўттиз бошли Ялмоғиз
Ёвузни ҳам ватани бор дунёда,
Нега йиғлар қримтатар дунёда?..

Бу шундай кенг,
Бу шундай тор дунёда,
Бу бешафқат,
Бу беозор дунёда,
Дарвозаси йўқ бир бозор дунёда,
Кимлар келиб, кимлар кетар дунёда,
Нега йиғлар қримтатар дунёда?!

Муҳаммад Юсуф

Туркман қиз
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Айланаман, Шарқни кезиб айланаман,
Иболи бир ёр тополмай ўйланаман.
Ўз юртимнинг сулувлари тил уқмаса,
Узун кўйлак туркман қизга уйланаман…

Кўзим тушса юзлари лов-лов ёнади,
Елкасида қирқта чаман товланади,
Кесилмаган кокиллари тўлғонади,
Узун кўйлак туркман қизга уйланаман.

У элининг урфларини қилмайди хор,
Бешиги ҳеч алласига бўлмайди зор,
Қошида момоси қўйган ўсмаси бор,
Узун кўйлак туркман қизга уйланаман.

У ажралиб ту pap турфа гул ичида,
Офтоб чиқиб, офтоб ботар кулгичида,
Ўз тилида гапирмайди тил учида,
Узун кўйлак туркман қизга уйланаман…

Бир хил либос киймиш, кўрдим, нечалари,
Ойбалдоғи ёниб турар кечалари.
Яшнаб кетар юрса Тошкент кўчалари,
Узун кўйлак туркман қизга уйланаман.

Гўшангага кирганимда ёрга етиб,
Менга ўлан сўйлаб берар ёдлар этиб.
Боболарим руҳларини шодлар этиб,
Узун кўйлак туркман қизга уйланаман.

Муҳаммад Юсуф

Навоий
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Хитобларга кўмилиб, ҳотам,
Буюк шоир, дейиш-ку осон.
Ҳеч кими йўқ Навоийни ҳам,
У ҳам мендек бир ғариб инсон…

Минорадек мармар ҳайкали
Кўринса ҳам ҳатто Ҳиротга,
Қавмин уйи турса чайқалиб,
Тўйи татирмикан у зотга?..

Кечиргайми ҳазрат ўз қавмин,
Бир-бирига бўлмаса паноҳ:
Подшосининг билмаса қадрин,
Гадосини сийламаса гоҳ?..

Юрагини чаққандек ари
Пир енгидан кириб яширин,
Азобмасми, набиралари
Кўзин ўйиб юрса бир-бирин?..

Юм-юм йиғлаб ётмасми устоз,
Қабрида ҳам юрак-бағри қон —
Шоирлари сўйламаса рост,
Олимлари талашса унвон?..

Мангу назм гулшани сўлмас,
Навоий-ку яшар то абад.
Оқибатсиз элда эрк бўлмас,
Мурувватсиз юртда саодат…

Буюк шоир дейиш-ку осон,
Хитобларга қўшилиб. Лекин
Навоийнинг тўйи, Биз қачон —
Арвоҳини шод этолган кун!

* * *
Онажон,
Онажон,
Юрагим оғрир.
Билмадим нимага қийнайди мани.
Мен деҳқон боласи эдим-ку ахир,
Наҳот шунча нозик бўлса бу жоним?.

Энди-ку ухламай ўйлар сурмайман,
Соғинсам, дунёда соғинганим сиз.
Оғрир,
Оғрийверар юрак, билмайман,
Нега оғришини айтмас ҳам иблис.

Ё севиб қолдимми,
Бу мумкин эмас.
У мендан безор,
Мен ундан безорман.
Муҳаббат деганин қилмасман ҳавас,
Шундай ҳам бу узун йўл тўла армон…

Онажон,
Онажон,
Юрагим оғрир,
Гўё кимдир уни тиғ билан тилар.
Кечалар елкамга темирдек оғир
Қўлларин кўяр, кўзимга тикилар.

Ким у?
Мен танимайман.
Отамнинг арвоҳи ўша зот балки:
Уйимнинг чироғин ёқмай болам, сен

Қаерда,
Қаерда юрарсан санқиб?!.

Қишлоққа кетаман,
Тонг отса бўлди.
Қуёш, уйғотиб қўй мени эрталаб…
Юрагим,
Юрагим оғримай қўйди,
Эй, қалбни бир ўпиб бўлмас эркалаб?

Қуёшга қараб оққан сув,
Дардимни айтган эдим-ку,
Додимга етмайсан нега,
Қуёшга қараб оқкдн сув?..

Қандай юзсиз дўстимсан,
Оҳлар тўла кўксимдан
Ох уриб кетмайсан нега,
Қуёшга қараб оккан сув?

Сувингга қўшиб ёшимни,
Қиблага қаратиб бошимни
Ётқизиб кетмайсан нега,
Қуёшга қараб оққан сув?..

Мен кимман? Бир ёлғизман,
Сув бўйида бир ялпизман.

Оқизиб кетмайсан нега,
Қуёшга қараб оққан сув?

Қуёшга қараб оққан сув,
Онамдек мени боққан сув…

Муҳаммад Юсуф

Болалик
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Қиқирлашиб қирларда
Қизлар ўйнаб юрарди.
Рўмолларин йўқотиб
Мендан сўраб турарди.

Мен билсам ҳам барини —
Рўмоли ўз қўйнида,
Индамасдим, бу ҳам бўй
Қизларнинг бир ўйни-да…

* * *
Ғирот минган Гўрўғли
Бобом қани, айтинглар,
Қўнғиротлик Алпомиш
Оғам қани, айтинглар?..

Тустовукдай товланган
Олам қани, айтинглар,
Кўлда кийик овланган
Далам кани, айтинглар?..

Кокиллари ер ўпган
Санам қани, айтинглар.
Куйиб кетган жонимга,
Малҳам қани, айтинглар?..

Дардим айтсам тушунган
Одам қани, айтинглар?..

Кўнглим гулдай эзилиб,
Кўзимга ёш тўляпти.
Эҳ, куёшга осилиб,
Ботиб кетгим келяпти!

Муҳаммад Юсуф

Ота
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Юсуф отага
Армоним бор, бу дунёда армоним бор,
Қоқ далада ўтлар босган ўрмоним бор.
Қизғалдокдай бошим эгик бу маконда,
Ёшин яшаб ўтмаган отажоним бор.

Ота десам, бағри-дилим ёнаверар,
Куним ёнар, ойу йилим ёнаверар,
Мозорига қўйган гулим ёнаверар,
Тутунларга тўлиб кетган осмоним бор.

Эсаверсин жаннатлардан келган насим,
Момо ерим, ўзингсан энг муқаддасим,
Бағрингда жим тинглаб бу тун жон нафасим,
Руҳимни аллалаб ётган жаҳоним бор.

Одам бўлиб бир одамни тушунмаслар,
Кўзингда ёш кўриб ҳам гоҳ ўкинмаслар,
Босган изим пойлаб юрган эй, нокаслар,
Қабрдан қўл чўзиб турган қалқоним бор…

Мен отамдан қолган эркин садо-сасман,
Қонимга ёт наволарга кайрилмасман,
Ўлгунимча энди ундан айрилмасман —
Ўз отамдек бўлиб қолган имоним бор.

Армоним бор, бу дунёда армоним бор,
Кенг далада гуллар босган ўрмоним бор,
Қизғалдоқлар бош эгиб қон йиғлаб турган
Бу маконда менинг хам нуржаҳоним бор.

Узр
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Нозимага
Шуҳратга ўч бўлсам керак мен гумроҳ,
Ёлғон бўлса керак дилда нолам ҳам.
Тўпори байтларим битар пайтим гоҳ
Кўзимга кўринмай қолар болам ҳам.

Оламни эркалаб эрка сўз излаб,
Боламни эркалаб бир сўз айтмайман.
Мушукдай суйкалиб келса ҳам музлаб,
Беги дан бир ўпмай уйдан ҳайдайман.

Қалам ушладимми, демак — ўйин бас,
Яйраб очолмайди гул дудоғини.
Бундоқ юрак ютиб сўраша олмас,
Хонамда қолдирган қўғирчоғини.

Бурчак-бурчакда жим тортишар бурун,
Билмам қандай ўй-у хаёл ичида.
Тузсиз шеърларим деб шириндан-ширин
Болаларим юрар оёқ учида…

Улар шеър ёзмасин ҳеч^менга ўхшаб
Мендан нафи кўпроқ тегар элимга.
Шоҳ асар бўлса ҳам тупурдим ўша —
Боламни йиғлатиб ёзган шеъримга!

Муҳаммад Юсуф

Севар экан..
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Билардим деб айтди у,
Билар экан қизлар ҳам.
Кулардим деб айтди у,
Кулар экан кизлар ҳам.

Синардим деб айтди у,
Синар экан қизлар ҳам.
Сезардим деб айтди у,
Сезар экан кизлар ҳам.

Кутардим деб айтди у,
Кутар экан қизлар ҳам.
Куяр экан, тунлар қон
Ютар экан қизлар ҳам.

Мен эса… мен билмасдим,
Билганимда кулмасдим,
Сира иарво килмасдим:
Севар экан қизлар ҳам!..

* * *
Тунда шеър айтишдик капалак билан,
Ялпизни алқадим,
Гулни алқадим.
Ёнимга судралиб келиб бир илон
Кўзойнак остидан бокди.
Пайқадим.

Қувди ёлғиз ўшал ҳамхонамни у,
Қувди париларни қувган каби дев.
Ҳуркитиб юбориб парвонамни у
Бўйнимга ўралиб олди:
Мени сев!..

Чимзор.
Чимилдикда совуқ ёр қучдим.
Пўстин гилам килиб меҳробга кокди.
Кўзимни чирт юмиб Кечалари жим,
Мен уни ўпганда — У мени чакди.

Чақди.
Чақаверди заҳри сўнгунча.
Чақди гоҳ билагим,
Гоҳ юрагимни.
У қанча чақса, мен тирилдим шунча,
Шунча эслайвердим капалагимни!..

Муҳаммад Юсуф

Оқибат
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Меҳр юракларда қотса ичикиб,
Оқибат ҳам бўлгай анқо уруғи.
Элнинг кичигини ғажир кичиги,
Улуғини эса улуғи…

Полвони полвонин чалмоққа маҳтал,
Дорбози дорбозин кўролмай яшар.
Ҳофизлари қўшиқ айтишдан аввал,
Бир-бирларин қарғаб овоз созлашар.

Зиёлиларига керакмас майдон:
Тинчитар бир-бирин сал ғойибона,
Олими олимин олимлик билан,
Шоири шоирин ҳам шоирона!…

Меҳр юракларда қотса ичикиб,
Оқибат ҳам бўлғай анқо уруғи,
Элнинг кичигини ғажир кичиги,
Улуғини эса чайнар улуғи.

Андиша деган бир боғ бўлар вайрон,
Гўё бу чамандан ялмоғиз ўтган.
Оналар қизларин танимай ҳайрон,
Қизлар оналарин исмин унутган.

Бир умр елкада кўтариб ўзи,
Узи боласининг раҳмига муштоқ.
Ўғиллар муштидан кўкариб юзи,
Оталар йиғлагай сочлари оппоқ…

Бўлди. Шеърим тамом. Ахир сиз чидаб
Юрибсиз-ку, нима қипти мен юрсам.
Томоғимда жоним турибди йиғлаб,
Жондан айриламан энди гапирсам!..

Муҳаммад Юсуф

Қўяверинг…
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Шамол сабаб, эҳтимол,
Тунда эшик ғичирлар.
Бошланади, қишлоқда
Шунда пичир-пичирлар.

Сизга нима?
Сиз ухланг,
Ҳеч ишингиз бўлмасин.
Кимда кимнинг кўнгли бор,
Қўяверинг, ўйнасин…

Ошиқларим — ошикдек
Май ли, кўнгил хушлашсин,
Икки ошиқ истаса,
Шамол билан муштлашсин.

Ўксимасин қиз калби,
Йигит райи ўлмасин,
Кимда кимнинг кўнгли бор,
Қўяверинг, ўйнасин…

Ғийбат қилманг йигитни,
Уялтирманг қизни ҳам.
Шундай ўтли муҳаббат
Сийлар бўлсин сизни ҳам.

Бир совуқ сўз туфайли,
Севги боғи сўлмасин.
Кимда кимнинг кўнгли бор,
Қўяверинг, ўйнасин…

Илк севгидан ийманиб,
Сўнг пушаймон ёнса ҳам,
Сепли қизга суйканиб,
Эпли қиздан тонса ҳам.

Насиб этмай ёр васли,
Энди ҳажри қийнасин!..
Ким да кимнинг кўнгли бор,
Қўяверинг, ўйнасин…

Икки ёрти бош узра
Порласин ишқ қуёши.
Қизга ҳаё, йигитнинг
Ғурур бўлсин йўлдоши.

Дийдорига бир-бирин
Термулишиб тўймасин.
Кимда кимнинг кўнгли бор,
Қўяверинг, ўйнасин.

Қизғалдоқлар кўйнида
Ухлаб ётар бир сулув.
Қайданам кўриб қолдим,
Кўнглимга тушди ғулув.

Ухлаб ётар гулдайин,
Ҳеч кимса йўқ олдида.
Мен-ку, тегмай ўтардим,
Отим тўхтаб қолди-да…

Ҳали билмай сонсиз гуноҳларимни
Кечирмаган-кечирганингни,
Кўриб қолдим бир оқшом тағин
Деразадан ечинганингни.

Ғаним экан менга саёқ нигоҳим,
Юрагимни қитиқлар, қилмас писанд.
Кўрганларим туш деб ўзни чалғитсам,
Кўзларимга ботиб қолди сийнабанд.

Дилдор, кечир кўриб қолганим учун,
Кўрмаганим учун кечир гоҳида.
Мен шу ерда, ёнингдаман бу кеч ҳам,
Ўлтирибман… қантак ўрик шохида…

Юртим, адо бўлмас армонларинг бор,
Тошларни йиғлатган достонларинг бор,
Ўтмишингни ўйлаб оғрийди жоним,
Кўксинг тўла шаҳид ўғлонларинг бор.

Бағрим ўртар бир ўй баҳор айёмлар,
Ой борган ёқларга термулиб шомлар.
Айбин билмай кетган Акмал Икромлар,
Файзуллодек марди-майдонларинг бор…

Юртим, кўнглингдек кенг осмонларинг бор,
Юлдузни йиғлатган достонларинг бор.
Осмонларингдан ҳам дийдорингга зор,
Жайрондек термулган Чўлпонларинг бор.

Қўлинг қадоғига босай юзимни,
Онамсан-ку, оғир олма сўзимни,
Қайинбарглар ёпиб қаро кўзини
Олисларда қолган Усмонларинг бор.

Алхазар, алҳазар, минг бор алҳазар,
Ана, юришибди кийганлари зар,
Қодирийни сотиб шоир бўлганлар —
Меҳробингдан чикқан чаёнларинг бор…

Қурбонинг бўлайин, эй онажоним,
Сенинг фарёдларинг, менинг фиғоним,
Ўтмишингни ўйлаб ўртанар жоним,
Айтсам адо бўлмас достонларинг бор.

Муҳаммад Юсуф

Эрка кийик
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Эрка кийик, майлими бир эркаласам,
Мажнун бўлиб, саҳроларга еталасам,
Бу дунёда бирдай ғариб мен хам, сен хам,
Эрка кийик, майлими бир эркаласам?..

Сенинг кўзинг қора, менинг кўзим қора,
Сенинг бағринг яра, менинг бағрим яра,
Бу дунёда сен бечора, мен бечора!.,
Эрка кийик, майлими бир эркаласам?..

Шамол эмас, изинг кувиб юрди камон,
Сайёд менинг кулбамни ҳам қилди вайрон,
Сенинг жонинг, менинг жоним — омонат жон,
Эрка кийик, майлими бир эркаласам?..

Кел, йиғлаймиз биргалашиб янтоқларга,
Саҳроларда қуримаган булоқларга,
Иккаламиз яралибмиз қийнокларга,
Эрка кийик, майлими бир эркаласам?..

Умримизнинг барча йўли, сўқмоғи чўғ,
Чўғдан қўрқма, беюз қўйган қопқондан қўрк,
Бу дунёда сенга дўст йўқ, менга дўст йўқ,
Эрка кийик, майлими бир эркаласам?..

Соч оқарди, дилдош кутиб кўзим толди,
Юрагимдан тўкилмай не сўзим қолди,
Йўл сўнгида, ҳеч бўлмаса ўлимолди
Эрка кийик, майлими бир эркаласам?..

Муҳаммад Юсуф

Бағишлов
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Бу шундай бевафо дунё, бу ҳаёт,
Тунда туғишганинг тонгда етти ёт.
Балки такдир шудир, балки шу қисмат,
Биздан рози бўлинг руҳи нотинч зот.

Борингизда бизга бўлдингиз Ота,
Йўғингизда йўкдан қидирдик хато.
Беайб Парвардигор, дейдилар ҳатто,
Биздан рози бўлинг руҳи нотинч зот.

Ҳали тупроғингиз совимай туриб
Руҳингиз қақшатдик қабрингиз суриб.
Чиғатой томонга кетдингиз юриб,
Биздан рози бўлинг руҳи нотинч зот.

Қабр учун дилдан жой топганлар бошқа,
Қул бўлиб шоҳ қўлин ўпганлар бошқа,
Ўлганнинг устидан тепганлар бошқа,
Биздан рози бўлинг руҳи нотинч зот.

Сизни алқаганлар бир халқ, бир денгиз,
Сизни қарғаганлар жўраларингиз.
Сизни адо қилди тўраларингиз,
Биздан рози бўлинг руҳи нотинч зот.

Сизни золим десак ранжир адолат,
Фаришта десак ҳам кўнгил хижолат.
Инсонсиз — омадли, гоҳи беомад,
Биздан рози бўлинг руҳи нотинч зот.

Ким бўлманг сиздан шу юрт бизга мерос,
Йўқчилик, тўқчилик, не бўлса рўй-рост.
Энди тупроқ сизни айласин эъзоз,
Биздан рози бўлинг руҳи нотинч зот…

Шоҳларга ҳамиша хушомад зомин,
Кўзин ёғин ялаб, сотарлар номин.
Шеърим ҳам тугади, ўзбекча омин,
Биздан рози бўлинг, руҳи нотинч зот!

Муҳаммад Юсуф

Ota уй
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Уч қутбга уч гулни
Кузатишди бир кунда.
Учта опа-сингилни
Узатишди бир кунда.

Уч маҳлиқо, уч тобон,
Юришарди ярқираб.
Учаласи уч томон
Учиб кетди чирқираб.

Сурнай йиғлар, кўнгиллар
Найдек нимта-нимтадир.
Энди опа-сингиллар
Кўришади йилда бир.

Бири Шошда,
Бири Ўш,
Бири энди Бойсунда.
Ҳол сўрайди қизлардан
Она бўлиб ой тунда.

Хуш қол энди, болалик,
Кўҳна чорбоғ, хуш қолгин.
Уч кизингни ўрнига
Бозордан уч қуш олгин…

Хуш қол энди, Ота уй,
Ҳушларингдан айрилма.
Қизларингдан айрилдинг,
Қушларингдан айрилма.

Кенг қасрга келин бўл,
Ўз ошёнинг бўлакча.
Ота уйин олдида
Бу дунё бир кўлмакча…

Уч қутбга уч гулни
Кузатишди бир кунда.
Учта опа-сингилни
Узатишди бир кунда.

Қиз болага қисмат шу —
Буни бошқа аташ йўқ.
Бир ҳовлида туғилиб,
Бир ҳовлида яшаш йўқ…

Муҳаммад Юсуф

Ҳазил
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Менинг ҳақимдаги ғийбатлар ёлғон,
Ихтиёр ўзимда бўлса қанийди.
Шароб ичиш менга Хайёмдан қолган,
Ичмасам у л зотнинг кўнгли ранжийди.

Ўзим бошладимми, ўзим қилгум бас,
Дўстларим беҳуда заволим излар.
Агар қирққа кирмай ўлсам, май эмас,
Мени хароб этгай бевафо қизлар!..

Муҳаммад Юсуф

Анор
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Ўзинг Анормидинг ёрим, юзинг анор,
Ҳамон сени у ну то л май бағрим ёнар.
Ўттизда ҳам ўзгармадинг, оловдайсан,
Ўнг бетингдан ўпганимга ким ишонар…

Эй, кўнглимга кўрк бўлмайин кетган ғунча,
Жон узилса бўлмасмиди сен кетгунча.
Қиз боланинг ваъдалари бўй етгунча —
Бўйга етгач бари қиз сўздан тонар.

Сен келмасанг бу тўйга мен келмас эдим,
Кўрмас эдим, кўриб қон ҳам бўлмас эдим.
Мен-ку, сени ҳеч кимсага бермас эдим,
Мен ғарибга қизин бериб ким қувонар.

Ўйлар суриб хўрсинганинг ўхтин-ўхтин,
Ёрингга айт, тинсиз толикканга йўйсин.
Сочларингга оқ мунчоқлар тақиб қўйсин,
Гулшанингга бўйламасин бегоналар.

Ёринг билан биз ёшликдан жўра эдик,
Қирқ йигитга сардор эдик, тўра эдик.
Икки дўстнинг аҳволидан сўра энди —
Бу дунёда йўкдир биздек девоналар…

Ўзинг Анормидинг ёрим, юзинг анор,
Ҳамон сени унутолмай бағрим ёнар.
Ўттизда ҳам ўзгармадинг, оловдайсан
Ўнг бетингдан ўпганимга ким ишонар…

Муҳаммад Юсуф

Онамга хат
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Мен сизни ўйлайман шому саҳарда,
Она, соғинсам ҳам бора олмайман,
Тунлари чароғон шундай шаҳарда,
Ҳеч кимга кўнглимни ёра олмайман.

Мен сиз айтгандайин ҳаммани севдим,
Ҳаммага ишондим, мана оқибат:
Ўз дўстим уйига кўмилди севгим,
Кун бўлиб кўксимни куйдирди нафрат.

Бошимдан ўтгани кўкка ҳам аён,
Юлдузлар қиқирлаб кулар оқбадан:
Мен — зангор яйловда олис, бепоён,
Уюридан ажраб қолган қулунман…

Мана, кетаяпман тош йўлда кўзим,
Қадамим мошинлар йўрғасига мое.
Йиғласам юпатиб ўзимни ўзим,
Пишқириб қўяман тойчоқларга хос.

Ва сизни ўйлайман шому саҳарда,
Она, соғинсам ҳам бора олмасман.
Тунлари чароғон шундай шаҳарда
Ҳеч кимга кўнглимни ёра олмасман…

Ҳа, севги ҳакида. У дил га не зеб,
Куйинманг, не илож қилмаса насиб.
Бахтимга ҳамиша Сиз соғ бўлинг деб,
Соғинган ўғлингиз — Муҳаммад Юсуф.

Муҳаммад Юсуф

Кўкламойим
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Озод ШАРАФУДДИНОВга
Сочимда оқ, мен баҳордан ўтиндим:
Кўкламойим, кўкингдан бер бир чимдим.
Қор кўйнида сени қўмсаб ўкиндим,
Кўкламойим, кўкингдан бер бир чимдим.

Кўнглимга кўк бинафшалар сочилсин,
Кокилига толпопукдан соч илсин,
Бойчечакка борар йўллар очилсин —
Кўкламойим, кўкингдан бер бир чимдим.

Фасл боши, ҳам охири ўзингсан,
Мажнунларнинг йўлдоши ҳам ўзингсан.
Лайлиларнинг сирдоши хам ўзингсан,
Кўкламойим, кўкингдан бер бир чимдим.

Кел-да энди соғинтирмай одамни,
Сен йўгингда бир ғам босди ел камни,
Қорлар кураб кўмиб келдим отамни…
Кўкламойим, кўкингдан бер бир чимдим

Кўкинг билан кийинтирай даламни,
Оёғяланг суюнтирай боламни,
Ўзинг олгин кўксимдаги аламни,
Кўкламойим, кўкингдан бер бир чимдим.

Гинам йўкдир кузда кетган оққушдан,
Ийманмасин қайта эшик қоқишдан.
Қумри билан бирга чиқдик биз қишдан,
Кўкламойим, кўкингдан бер бир чимдим.

Жон устида асраб юрай кўкни мен,
Тўйиб-тўйиб кўзга сурай кўкни мен.
Яна сенга етаманми-йўқми мен,
Кўкламойим, кўкингдан бер бир чимдим.

Дил яйрасин дала-даштинг ясаниб,
Ялпизларинг сув бўйига ястаниб.
Икки мисра байт битай бир мақтаниб,
Кўкламойим, кўкингдан бер бир чимдим!.

Муҳаммад Юсуф

Ҳақиқат
Муҳаммад Юсуф Шеърияти
Юрагинг сиқилиб бориб шаҳардан,
Секин гапга солсанг мўмин деҳқонни,
Қодирийни эслар ёзувчилардан,
Артистлардан эса — Шукур Бурҳонни…

Сенинг тилла гардиш кўзойнагинг бор,
Лекин беркитолмас у ҳам гинангни.
Нафис жилд китоблар йиғмассан бекор,
Бекор олмагансан пианинангни.

Мана кўриб қўйинг — Одалиска бу,
Рангларга эътибор беринг, рангларга.
Беҳзод чизгилари эмас сизга бу.
Санъатда етмоқ йўл бўлсин бизга бу
Нозикфаҳм рум — фарангларга.

Мана бу — Отелло. Ўша хабаш шоҳ.
Саҳна — Овруподир (яна ўша ёқ).
Дунёда ҳеч кимда йўқ бундай овоз,
Дунёда ҳеч кимда йўқдир бу нигоҳ!..

Дейсан: бу китобим ичи тўла дур,
Дейсан: бу китобим битта нусхадир,
Тасвир ўзи ҳаёт, жумла қисқадир,
Лекин барибир…

Лекин барибир,
Юрагинг сиқилиб бориб шаҳардан,
Секин гапга солсанг отанг — деҳқонни,
Қаҳҳорни эслайди ёзувчилардан,
Артистлардан эса Ҳалимахонни.

Муҳаммад Юсуф

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

ADABIYOT ATOMDAN KUCHLI !