MAQOLA

Мақола чиқса, ўзингдан кўр!

Талабалигимдан матбуотда фаол иштирок этганим учун баъзи мақолаларим анча-мунча шов-шувга сабаб бўлиб улгурганди. Етакчи газеталардан бирига ишга кириш учун келганимда бош муҳаррир “наштарли мақолаларингиз ҳақида эшитгандим, агар ҳали ҳам ўша руҳда ишлаш ниятингиз бўлса, албатта ишга оламан” деди. Таҳририят бўлим бошлиқларидан бири Шавкат Содиқовни чақириб, таништирди ва бирга ишлайсизлар деди. Шундан кейин Шавкат ака мени мухбирлар хонасига олиб борди. У ерда нозиккина бир қиз ишлаб ўтирарди. Қошлари чимирилган қиз негадир мени хушламай қарши олди.
Зебо ҳаммани ўзига рақобатчи деб ўйлайдиганлар хилидан эканлиги кўриниб турарди. Бироздан кейин бўлим бошлиғимиз келиб, қалбакилаштирилаётган дисклар ҳақида мақола тайёрлаш лозимлигини айтди.
— Мен тайёрлайман, — деди Зебо дарров.
— Шу сонга! — деди Шавкат ака таъкидлаб. — Бу бор-йўғи уч кун вақтимиз бор дегани.
Зебонинг дарров шашти пайсайди.
— Шунчаки маълумот эмас, мутахассислар фикри билан бойитилган мақола керак. Шикоят тушган идорадан жавоб олиш ҳам шарт. Аксинча бош мухаррир мақолани қабул қилмайди.
— Балки мен уриниб кўрарман, — дедим ишнинг мушкуллигини била туриб.
Шавкат ака рози бўлди ва бирор ёрдам керак бўлса, бемалол мурожаат этишим мумкинлигини айтиб чиқиб кетди. Зебо тарс-турс қилганча алланималарни минғирлаб чиқиб кетди.
Шикоят хати қўлимга теккач, дарров ишга киришдим. Аввало мутассадди ташкилотга қўнғироқ қилиб, ўринбосар билан боғландим ва шикоят хати келганини ва улардан жавоб кутишимизни айтдим. Шундан кейин мухбирлар биринчи дуч келадиган тўсиққа дуч келдим.
— Биринчидан, биз фақат ёзма мурожаатга жавоб бермиз, иккинчидан, уч кун ичида жавоб берамиз, учинчидан раҳбаримизнинг вақтига қараймиз… — ўринбосардан камида бешта шартни эшитгач, мақолани тез тайёрлашим кераклигини, иложи борича тезроқ жавоб беришларини илтимос қилиб гўшакни қўйдимда, тезда хат тайёрлаб, факс орқали жўнатдим.
Шундан кейин тегишли ташкилотларга қўнғироқ қилиб, маълумот йиғишга тушдим. Кимдир дарров жавоб берса, яна кимдир фақат юзма-юз учрашиб жавоб беришини айтарди. Ярим кун телефонда маълумот йиққан бўлсам, ярим кун шаҳарнинг у бошидан бу бошига югуриб мутахасссилар билан учрашиб диктофонда маълумот йиғдим. Қўлимдаги маълумотлардан кўнглим тўлиб, қоғозга туширдим. Дискларни қалбакилаштириш қонунан таъқиқланганига қарамай кўпчилик шу йўл билан мўмай даромад орттираётгани ҳақида кўплаб маълумотлар йиғдим. Зебо эса ҳар замонда уч кунда шунақа мақола тайёрлаб бўлармиди, деб тўнғиллаб қўяр, худди менга атайлаб халақит бермоқчидек тарс-турс қилиб юрар, телефонда ҳам, ҳам баланд овозда зарда билан жавоб берар, хонага кирган ҳамкасбларига ҳам худди қимматли вақтини аяётгандек қисқа ва қўпол жавоб қайтарарди. Унинг серзардалигига ҳайрон бўлдим. Кўп ўтмай муҳарррирнинг ёнига тез-тез киришим ҳам унга ёқмаётганлигини сездим. Мақолани тўлдириш учун уйда ҳам устида ишладим. Эрталаб келгандан биринчи қилган Ишим ўринбосарга қўнғироқ қилиш бўлди. Котибаси, аввал мажлисда деди, кейинроқ банд деди. Асабийлашиб ўтирганимда
Шавкат ака келиб қолди.
— Қийин вазифа олдингиз, агар бирор ёрдам керак бўлса, бемалол мурожаат қилаверинг, — деди. Мен ўша ташкилотнинг ўринбосари билан сира боғлана олмаётганимни айтдим.
— Менда унинг қўл телефони бор, — деди Шавкат ака. Қувониб ёзиб олдим. Худди шу маҳал атайлаб қилгандек Зебо телефонга ёпишди ва бир дугонаси билан гаплашишга тушди. У қаттиқ-қаттиқ гапирар, бўлган-бўлмаган гапга хахолаб куларди. Шавкат ака бироз бетоқатланиб турдида, кейин менинг хонамдан телефон қила қолинг деди. Зебонинг ғазабдан бўзариб кетганига кўзим тушди.
Гўшакни кўтарган ўринбосар менлигимни билиб, жаҳли чиқиб кетди.
— Биз бундай саволларга жавоб бермаймиз. Бу атайлаб уюштирилган, бизга туҳмат қилишяпти!
— Туҳмат бўлса, ўзингизни оқланг…қ
— Бу мақола учун яна кимларга мурожаат этдингиз? — мени саволга тута бошлади у.
— Кимга мурожаат этганимни сизга айта олмайман. Сиз фақат ўзингизга тегишли томонига жавоб берсангиз бўлди.
— Жавоб бермайман!
— Майли, — дедим ўзимни босиб. — Ундай бўлса, мутасаддилар жавоб беришни исташмади, деб ёзиб қўя қоламан…
Гапим чала қолди, ўринбосар:
— Сиз менга таҳдид қиляпсизми? Ким бўлибсизки…
Унинг гапини эшитгим келмай, гўшакни қўйдим. Бироздан кейин қўл телефоним жиринглади, ноаниқ рақамлардан қўнғироқ қилган киши салом-алик қилмасдан ўшқира кетди:
— Менга қаранг, қизгина, бу соҳада неччи йилдан буён ишлайман, сизга ўхшаганларнинг кўпини кўрганман! Агар шу мақола чиқадиган бўлса, ўзингизга ёмон бўлади!
— Аввал ўзингизни таништиринг, кейин қайси мақола ҳақида гапиряпсиз? Гапингизга қараганда Голливуд фильмларини кўп кўргансиз шекилли? — жаҳлим чиқди менинг ҳам.
— Ўзингизни гўлликка солманг. Мақолангизни ўқиб чиқдим, қўлимда турибди.. Кеча кимлардан фикр олганингизни ҳам биламиз. Юқори ташкилотларга бизни ёмонлаб чиқибсиз…
— Мен ҳеч кимни ёмонлаганим йўқ. Ҳамма ўз фикрини билдирди. Сизга бу гапларни ким айтди ўзи?
— Яхши одамлар! Ҳамма нарсанинг баҳоси бор, келинг келишайлик, мен айтган пулингизни бераман, сиз эса шу мақоладан воз кечасиз!
— Бу ер сизга бозор эмас… Ўша яхши одамларга айтинг, қўлидан келса маколани тўхтатишсин, — дедим ва гўшакни қўйдим. Асбийлашганимдан қалтираб кетдим.
Шошиб мухаррирнинг ёнига кирдим, Шавкат ака ҳам шу ерда экан. Уларга бор гапни айтдим. Ҳали тугалланмаган мақола ҳақидаги маълумотлар четга чиққанидан жуда ҳайратда эдим.
Раҳбар дарров котибасига айтиб ҳаммани чакиртирди.
— Касб сирини сотиш, бу ҳамкасбларга хиёнат. Бизда ҳеч қачон бунақа гап бўлмаганди, сотқин кимлигини билсам, аяб ўтирмайман! — деди жаҳл билан.
— Тўғри айтасиз, бунақаси ҳеч қачон бўлмаган, янги келганлар ҳали синaлмаган, балки… — деди Зебо чимирилиб.
Сесканиб кетдим.
— Ахир мақолани ўзим тайёрлаяпман-ку… — дедим тутилиб.
— Ким билсин, икки томонга ўйнаётганлар ҳам бўлади деб эшитганман, — деди у қошларини чаённинг думидек гажак қилиб.
Назаримда бутун таҳририят менга шубҳаланиб қаради. Алам ва уятдан ерга киргудек бўлдим.
— Қўйсанглар-чи, — деди Шавкат ака. — Гулзода қизимиз шу материал учун жон куйдириб ишлаётганини кўриб турибман-ку, уни сотқинга чиқариш мантиқсизлик!
Кўзимга ёш тўлди. Зебо эса типирчилаб қолди. Шавкат акага ўзини яхши кўрсатиш учун дарров мени оқлашга тушди. Лекин одамларнинг кўнглига шубҳа уруғларини сочиб бўлганди.
Бош муҳаррир менга савол назари билан қараб турганини кўриб кўз ёшларимни артдим.
— Нима қиласиз? Мақолани охирига етказасизми ёки…
— Етказаман, — дедим ишонч билан.
— Худди шундай жавоб беришингизни билгандим, — мамнун жилмайди раҳбар. — Ҳеч нарсадан қўрқмасдан ишлайверинг,қонун биз томонда. Айби борлиги учун ҳам улар таҳдид қилишга ўтишган, эътибор берманг.
— Мақола чиқса, газетангни ёпиб ташлайман деди…
Бош муҳаррир кулиб юборди. Ўз гапимдан ўзим уялиб кетдим.
Раҳбарларнинг ишончидан кейин бироз ўзимни қўлга олиб мақолани нашрга топширдим.
Газета чиққанидан кейин қонунбузарлар анчагача тинчишмади. Мухлислар ва мутассади ташкилотлардан миннатдорчилик хатлари оқиб келди. Бу мавзу барча телеканаллар ва бошқа нашрларда ҳам кўп марталаб кўтарилди, қонунбузарлар жазоланди.
Лекин менинг кўнглимдаги ғашлик тарқамади. Таҳририят сирини ким сотгани, менинг қўл телефоним рақамларини ким бергани ҳам маълум эмасди. Кунларнинг бирида бир киши таҳририятга келиб бош мухаррирга хат ташлаб кетди. Бироздан кейин раҳбар мени ва Шавкат акани чақиртирди хатни кўрсатди. Унда маълумотларни Зебо етқазгани ҳақда ёзилганди…
— Ўшанда мен таҳдидлардан эмас, жамомиздан сотқин чиққанига хафа бўлгандим, —деди.
Бу хабар мендан ҳам кўра Шавкат акага ёмон таъсир қилди. Чунки унинг ўғли билан Зебонинг бир-бирига кўнгли борлиги ҳақида гаплар юрарди… Демак Зебо негадир мени ўзига рақиба деб ҳисоблаб, йўлдан олиб ташлаш ниятида ёмонлик қилган… Кўп ўтмай Шавкат ака ўғлини бошқа бир қизга уйлантирди, Зебо эса чидай олмай ишдан бўшаб кетди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

ADABIYOT ATOMDAN KUCHLI !