ERKIN A’ZAM. «MANZUMA OTIN»

Манзума Отин

Кампир онамиздан хабарлашиб, Тошкентга учиш учун вилоят марказига қайтаётган эдим, йўлда сигаретим тугаб қолди. Қўшни туманга яқин чорраҳа ёқасидаги ёйма бозор қаршисида тўхтадик. “Нексия”сида мени олиб кетаётган укам “ESSE” бўлсинми, ака?” дея апил-тапил машинадан тушиб, ёймачилар бошига борди. Ранг-баранг шарбату тармева, чўзма-сақичу сигаретдан носгача – ҳаммагинаси муҳайё. Энгашиброқ суриштирилса, бошқалари ҳам топилади. Сотувчиси яккаш хотин-халаж, айримларининг ён-верида ё тиззасида иштончан бола-бақраси, тагига пастаккина курсича қўйиб олиб, куннинг тиғида савдо-сотиқ қилиб ўтиришибди.

Укам сигарет харид қилаётган пештахтага ёндош ўрнашган зиёлинамо аёл диққатимни тортди. У ҳам негадир бизнинг машина томонга тикилиб турарди. Шўх, сатангнамо бир йўсинда танғилган дурраси тагидан оппоқ сочлари узунчоқ юзи бўйлаб икки ёнга осилиб тушган, аммо ўзи алланечук ўктам, елкалари тик, бўйни ғоздек, кўзлари ҳам кексаларникига ўхшамайди – жонли, тийрак. Таниш, жуда таниш. Ким эди бу?

…Сарҳовуз тарафда ғалоғул эшитилиб, тўп ўйин бирдан совиди, ҳаммамиз ўша ёққа қараб чопдик.

Ҳовуз бўйидан қайрилган боғкўча бошида биров маймун ўйнатяпти шекилли, бекорчи қари-қури, қўшни хотин-халаж, ўтган-кетган ҳангоматалабгача бари шу ерда. Текин томоша. Ўртада ким денг – Манзума отин, мактабимизда ярқираб юрадиган ажабтовур француз тили муаллимаси Манзума Узоқова! Иягини чангаллаб аллақандай хор, хўр, муте бир ҳолатда турибди. Саккиз-тўққиз яшар арзандаси Мубошир ҳўнгиллаб унинг этагига ёпишган. Онда-сонда шу кўчада кўриниб қоладиган бадқовоқ бир маст одам бўкириб муаллимага зуғум қиляпти:

– Айт, юрдим де!

Манзума отин миқ этмайди, боши хам, қунишиб олган.

Ҳалиги киши дабдурустдан кафтининг орқаси билан унинг чаккасига тушириб қолди:

– Айт, қанжиқ, Турдиев билан юришингни бўйнингга ол!

Манзума отин зулмкорига аянчли бир назар ташлаб, юзини четга бурди.

Шунда эркатой Мубошир изиллаб унга тармашди:

– Айтинг, аяжон, юраман де-енг!

Она иргангандек ўғлига бир қарадию кафти билан бошига туртиб юборди. Бола чириллаб унга баттар ёпишди:

– Доим билла юрасиз-ку!

Манзума отин жойидан юлқиниб боғкўча тарафга отилди.

Бадқовоқ эса онасига эргашиб жўнаган боланинг кифтидан тутиб ўзига тортмоқчи бўлди:

– Юр, ўғлим Мубошир, бу ердан кетамиз! Бизнинг ҳам уйимиз бор, бизнинг ҳам боғимиз бор, юр!

– Аям-чи? Аям ҳам борсинлар! – деди эркатой йиғи аралаш мўлтираб. Сўнг бунинг имконсизлигини англаб-англамай бир силтандию онасининг кетидан югурди.

Анови тарсаки менинг ҳам юзимга тегиб ўтгандек бўлди… У кўчада нима қилиб юрган эдим ўзи? Қаёқдан келаётувдим ё қаёққа кетаётувдим? Кўп йил бўлди-да, эсда йўқ. Лекин олабаҳор кунлари эди. Аниқ. Ер намхуш, эгри-бугри пахса деворлар этаги намхуш. Пастак кемтиклар оша чирик баргихазонга тўла боғ-боғотлар кўзга ташланади, эндигина уйғона бошлаган дов-дарахт, сабзаранг майсалар нафаси. Бош айланади. Бундай кезларда дарсдан бўшадим дегунча одам исидан қочиб, чет-чет овлоқ кўчаларда савдойи мисол бир ўзим дайдиб юриш одатим бор эди. Ўсмирлик нағмаларимиди бу ёки ўқилган китоблардаги чучмал қаҳрамонларга хонаки тақлидмиди, нима десангиз денг.

Қаршимда у қандай пайдо бўлди, билмайман. Бир дам саросима ичида довдираб қолганим эсимда. Кимсасиз бу кўча, бу хароб гўшаларга асти рост келмайдиган бир нозанин. Эгнида этаги калта атлас кўйлак – енгсиз, жингала сочларини бошига баланд турмаклаб, ҳарир пушти дуррача билан енгилгина қасава қилиб қўйган, оёғида заррин шиппак. Гўёки наридан-беригина кийиниб қўшниникига ўсма сўраб чиққандек. Аммо шунча латофат!

Қамти келганимизда у менга ажаблангансимон бир назар ташладию ўтди-кетди. Ҳарчанд истамайин, орқамга ўгирилиб қарамоққа журъат тополмасдим. Негалигини билмайман.

Бу пасқам кўча ҳам ўзгариб қолгандек, нурга чулғангандек эди.

Усти-бошидан тортиб бўйнини ғоз тутиб навозиш билан қадам олишларигача яқин атрофнинг қиз-жувонига ҳеч ўхшамаган, жайдари гарду ғубордан холи бу аломат санам ким экан? Бирор ёқдан келган меҳмон-пеҳмон бўлса, ёлғиз нима қилиб юрибди?

Ўша йили ёзги таътил тугаб ўқиш бошланганда мен уни дафъатан мактабимизда учратдим. Институтни шу йилгина битириб келган француз тили муаллимаси Узоқова! У энди хийла ўзгарган, сипороқ либосда эди. Бироқ – бўйин ҳамон ғоз, гап-сўзлару муомалалар бошқача, маданийроқми-ей. Худди мен ўқиган китоблардан чиқиб келгандек. Исми ҳам одатдаги Ҳалима ё Салима эмас, антиқа – Манзума; “Манзума муаллим” дерди болалар. Қўшни хотин-халаж эса, очиқ-сочиқ юришларини ичдан унчалик хушламаса-да, ҳали ёшгина бу қизни алланечук эҳтиром билан “Манзума отин” деб атарди. Айтишларича, у болалигидаёқ Қуръонни хатм қилган, отаси мулла Узоқнинг қаттиқ тақвосида ўсиб, эскича илму амални пухта эгаллаган эмиш. Билмадим – тақводор ота уни олис шаҳарларда ўқишига қандай изн бердию бугунги равиш-рафторига нима дейди!

Сираси, ўзим шу яқин атрофда катта бўлиб, мулла Узоқ кимлигини аниқ билмасдим. Ўша кўчада нечундир қари-қури кўпроқ, уч-тўрт кишилашиб у ёқ-бу ёққа гангир-гунгур қилиб юришар, буларнинг орасида мулла Узоғи ким – билиб бўлмас эди. Мудом оппоқ соқолини тутамлаб ерга ўйчан боқиб юрадиган бир мўйсафид бор эди, хаёлимда, ўшаниси бўлса керак.

Ишқилиб, мен таниб улгурмай мулла Узоқ деганлари оламдан ўтиб кетди. Кейинроқ билишимча, раҳматлининг шу арзанда қиздан бошқа фарзанди йўқ, хотини кўп йиллар бурун қазо қилган экан.

Француз тили муаллимаси келгач мактабимиз ҳаётида кўрилган ўзгаришлардан гапирсак, ўқувчи қизлару ўқитувчи жувонлар энди калта-култа либос кия бошлади, “лайлак уя” соч турмаклари, енгсиз кўйлаклару бигиз пошнали туфлилар расм бўлди.

Ёш муаллима унча-мунчасини йўлда қолдирадиган дурустгина санъаткор ҳам экан. Ўзи қатори навқирон ўқитувчи, бизга қўшни Усмон қоранинг тўйида даврага чиқиб шундоқ яллалар айтди, шундоқ рақсларга тушиб бердики, қайта-қайта сўз олган ширакайфроқ мактаб директори Кункелдиев ҳам тан бериб, “Талант! Настоящий талант! Шу қизгина бу ерларга адашиб кепқолган-ов, увол, увол!” деб юборди.

Манзума муаллима қуйироқ синфларга дарс ўтарди, биз эса “Хенди хох” лақабли ўқитувчимиз Турдиевдан немис тилини ўрганардик. Бу икки чет тил ишқибози жуда иноқ бўлиб, биров бунга ортиқ ажабланмас – ҳеч ким уларнинг тилини билмас эди-да. “Тилдош”лар мактабда мудом бошқалардан нарироқ чулдир-чулдир қилиб юрар, уйга ҳам кўпинча бирга-бирга қайтар эди. Мен уларни ҳатто эр-хотин бўлсамикан деб ҳам хаёл қилардим, лекин ҳар кўрганда бошим қотарди: немисча гаплашишармикан ёки французча?

Кейинчалик маълум бўлди: улар ҳеч қандай эр-хотин эмас, “Хенди хох”нинг тил-пил билмайдиган, ҳатто оддий мактабдан нарисини кўрмай, бола боқиб ўтирадиган ювошгина уйбоқари бор экан; кесакдан ўт чиқиб, ғиди-биди қилиб қолса, жавоб ҳам тайёр: “Биз у билан фақат чет тиллар бўйича гаплашамиз, саводсиз!”

Мулла бободан қолган олмазор ҳовлида энди Манзума отин ёлғиз ўғли Мубошир билан яшарди. Бола онасига ўхшаб доим чиройли-чиройли кийимлар кийиб юрар, аммо ўлгудек уришқоқ, серхархаша, тап тортмай ўзидан катталар билан ҳам айтишиб, сўкишиб кетаверадиган бир бало эди. Уйда ҳам, кўча-кўйда ҳам “ая-ая”лаб онасининг этагига илашгани илашган. Ким билан можаро қилмасин – “Аямга айтаман, кунингни кўрасан!” “Бизнинг тантиқбойвачча” дея кулибгина қўярди она ҳам.

Биз, болалар Манзума муаллимнинг ана шу эркатойинигина билардик, эри борми, бўлса – ким, қаерда у, буниси билан ишимиз йўқ эди.

Мана, Мубоширбойга ҳам ота чиқди, чин ота, фақат келиб-кетиб турадиган – биз бехабар эканмиз, холос. Тўғри-да, бунинг кимга оғир-енгили бор?

Шу чоққача индамай юра-юра, ичиб олганида эсига тушиб, оркаш эрлигу боғдор-роғдор оталик даъво қилаётган бу бадқовоқ кимса асли сойнинг нарёғидаги қўшни қишлоқдан экан; боғу роғдан ташқари бола-чақали ҳам эмиш, Манзума опа эса унга иккинчи хотин – ҳув ўқишни битириб келганида, “шаҳар кўрган эчки” аталиб, киройи бир куёв топилмай қолгач, ахийри мулла отанинг қийин-қистови билан шу кунга рози бўлган экан.

Бугун энди ўша ёпиқлик қозон очилиб, ҳамма ҳавас қилиб юрган Манзума отин эл-улус олдида шармандаи шармисор бўлиб турибди!

Биз, болалар унга асло ачинмасдик, бу манзарадан хижолат чекмоқ ҳам хаёлимизга келмасди. Анови тантиқбойваччанинг сирини билиб олдик, энди унинг тили қисиқ бўлади – ана шуниси қизиқ, ана шунисигина керак эди бизга.

Манзума муаллимани қайтиб мактабда кўрмадик. Олмазор ҳовлисини сотиб, аллақаёққа кўчиб кетганмиш, деган гап тарқалди.

“Хенди хох” Турдиев-чи? Бало ҳам ургани йўқ унга, ҳеч нима кўрмагандек “айн-твай”ини сайраб юраверди. Бошқа ўқитувчи йўқлиги учун у энди француз тилидан ҳам таълим берарди; вақтини бекор ўтказмай бу тилнинг ҳам ҳадисини олган экан-да, касофат.

Манзума отин ўшанда қишлоқ аҳлидангина эмас, авваламбор биздан – ўқувчилардан шарм қилиб бош олиб жўнаганини мен сўнгроқ англаб етдим. Унинг кейинги тақдиридан эса хабарим йўқ – орадан кўп замон ўтди-да, ўғли Мубошир қўшни туманда донгдор бойвачча бўлиб кетган, деб эшитардим, холос.

Дарвоқе, узоқ йили бу тарафларга йўлим тушиб, ўша туманнинг ҳосил байрамида қатнашган эдим. Расмий тантанадан кейинги ундан-да тантаналироқ зиёфат чоғи “катталар” даврасини ҳукмига солиб ўтирган қаршимдаги арбобсифат киши кўзимга иссиқ кўринди. Қаранг, Мубоширимиз экан. Эски ҳамгузарлар қайтадан танишдик, уни-буни эслашдик. Гап орасида онасини сўрадим. “Ким? Кимни айтяпсиз?” деди у пешонасини тириштириб. “Манзума опа, муаллимимиз”, дедим ён-веримиздаги ғала-ғовурни босмоққа тиришиб. Мубошир совуққина қилиб қўш кафтини юзига тортиб қўйди. “Ие, қачон?” деб сўрадим шошиб-ажабланиб. “Э, кўп бўлди”, деди-да, орқасида шай турган шотирига ўгирилиб, аллақандай топшириқ бера кетди.

Машинамиз раста ёнидан секин жиларкан, кўзлар бир лаҳза тўқнашди. Ўша экан. У ҳам мени таниганга ўхшади. Таниди-ю, дарҳол юзини четга ўгириб олди. Ғоздек бўйнини аслзодаларга хос шундай бир виқор билан бурдики, таҳсин айтмай илож йўқ эди.

– Ҳалиги Мубоширнинг онаси эди, танидинг-а? – дедим катта йўлга чиққанимизда апил-тапил сигаретга ёпишарканман.

– Мубошири нима? – деб сўради укам йўлдан кўз узмай.

Чамаси, бунинг исм эканини ҳам англамади у – кечаги бола, Мубоширни қаёқдан билсин!

Дарвоқе, исмининг маъносини Мубошир ўзи билармикан? Онасининг исмини-чи? Манзума… Манзума отин…

– Тузук тортилмайдиям, – дедим қўлимдаги сигаретни аччиқ билан машина ойнасидан итқитиб. – Айниб кетган ҳаммаси!

Эркин Аъзам

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

ADABIYOT ATOMDAN KUCHLI !