BU MENING BOLAMMAS!

Бу менинг боламмас!” (бўлган воқеа)

Бу воқеага анча бўлди. Ярамни янгилаш ниятим йўқ эди-ю лекин менинг бошимдан ўтганлари кимларгадир ибрат бўлар деган умидда гапириб бермоқчиман, — деб гап бошлади Сурайё опа.

— Турмуш ўртоғим хизмат юзасидан узоқ сафарга кетган пайтда мени муддатидан олдин тўлғоқ тутди. Қайнонам шошилинч туғруқхонага олиб борганида аввалига, совуққина муомала қилишди, кейин эса бирдан «аҳволи яхшимас, тезда операция қилишимиз керак» деб югургилаб қолишди. Ҳайрон бўлдим, чунки шифокорлар «ўзинг ҳам, боланг ҳам соғлом» дейишганди. Қайнонам ҳам «икки жон ҳам омон бўлишса бўлди», деб розилик беришга мажбур бўлди. Хуллас, тезда мени операцияга тайёрлаб, столга ётқизишди… Ўзимга келганимда эса, алоҳида палатада ётардим. Йўлакдан ўтиб-қайтаётган аёллар менга ўғринча ғалати қараб ўтишарди.

— Болам қани? — сўрадим наркоздан очилишимни кутиб турган ҳамширадан.

— Ўзингизни босинг, сизга ҳаяжонланиш мумкинмас, — деди у жавоб ўрнига. Тушунмадим. Аёлларнинг менга ғалати қараб ўтишидан қандайдир нохушлик рўй берганини сездим.

—Қани менг болам? Нега мени тинчлантиряпсиз? — ташвишлана бошладим. — Ҳозироқ боламни олиб келинг!

Шовқинни эшитиб яна бир ҳамшира югуриб келди, икковлашиб чаққонлик билан укол қилишди. Қачон уйғонганимни билмайман, кўзимни очганимда ҳамон палатада ёлғиз ётардим.

Уйғонганимни кўрган ҳамшира шифокорни бошлаб келди.

— Сизга тўғрисини айтишга мажбурмиз. Фарзандингиз… «уродство» билан туғилди ва икки дақиқа ҳам яшамади.

Аввалига нима деганини тушуна олмадим, кейин эса додлаб йиғлаб юбордим:

— Ишонмайман! Ёлғон гапиряпсиз! Ҳозироқ кўрсатинг боламни… Болам қаерда? — жон аччиғида ўрнимдан сакраб турмоқчи бўлгандим оғриқдан букчайиб қолдим. Худди эшик ортида пойлаб тургандек ҳамшира югуриб кирди. Дори таъсирида бироз ўзимга келганимдан кейин қайнонамни чақиртириб яна тушунтиришди.

— Аслида ноқис туғилган болаларни ота-онасига кўрсатишмайди. Чунки руҳиятига қаттиқ таъсир қилиши, яъни бола кўришга қўрқиб қолиши ҳам мумкин… Ишончингиз комил бўлиши учун болангизни қариндошларингиздан бирига кўрсатишимиз мумкин, — деди шифокор. Шундан кейин қайнонам кириб кўрадиган бўлди. Мени эса киритишмади…

Ҳамма туғруқхонадан боласини бағрига босиб чиқса, мен сўппайиб бир ўзим чиқдим.

Одамларнинг қандайлиги шунақа пайтларда билинаркан, кўпчилик худди юқумли касалим бордек мендан ўзини олиб қочишарди. Ҳол-аҳвол сўрашса дардим уларга юқиб қоладигандек… Одамлар ўз кўзи билан кўрганидек болам ҳақида бир-биридан ваҳимали гаплар тарқатишарди. Лекин қайнонам тиш ёриб бир оғиз гапирмасди. Лекин ўзим барибир болам ногирон туғилганига ишонмасдим. Чунки фарзандим дунёга келгунга қадар унинг қимирлашини, ҳис қилардим, ҳомиладорликда ҳам ўзимни яхши ҳис қилганман. Болам менинг тасаввуримдагидек ҳаракатчан, соғлом бола бўлиши керак эди. Унинг шифокорлар айтганидек даҳшатли даражада ногирон туғилганига ишонолмасдим. Бу гапни тез-тез такрорлайверганимдан хавотирланган қайнонам ўғлини чақиртирди. Ҳол сўраб келганларни кўришга кўзим йўқ эди. Лекин одатимизга кўра биров касалхонадан чиқса, дарров кўргани бориш лозим. Бир куни мени кўргани синфдош дугонам келди.

— Боланг жуда қўрқинчли туғилибди, дейишди, шу тўғрими? — деди у ачиниб.

Бу гап юрагимга пичоқдек санчилди. Одам ҳам шунақа бефаросат бўладими?

— Кўрсатишмади… — дедим зўрға лекин кўз ёшларимни яшира олмадим. Қани энди андиша бўлмаса, ҳайдаб солсам! Қайнонам дугонамнинг гапи кўнглимга оғир текканини билиб гапни бурди.

Ўшанда туни билан қайнонамга «Ойижон, у менинг болам эмас, менинг болам соппа-соғ бўлиши керак! Юрагим сезиб турибди, у тирик!» деб йиғлаб чиқдим. Қайнонам эса индамай бошимни силаб қўяди…

Йиллар ўтиб, яна фарзандли бўлдим. Аччиқ дардимга кўзим тушмасин деб юрагимнинг туб-тубига кўмиб юборгандим. Лекин яқинда дард бисотимни титкилашимга тўғри келди. Кунботар маҳал уйимизга кутилмаган меҳмон ташриф буюрди. Келишган, дид билан кийинган йигит менинг исм-фамилиямни айтиб сўради..

— Сизга айтадиган зарур гапим бор. Агар мумкин бўлса сиз ва эрингиз билан алоҳида гаплашиб олсам… — деди у негадир ўнғайсизланиб.

Мен ҳайратланиб эримга қарадим. У ҳам тушунмай: — Кимсиз ўзи? — деди.

— Илтимос, онам жон беролмай ётибдилар. Вақтим жуда кам… — деди.

Унинг кўз ёшларини ютиб тўлқинланиб гапиришидан хавотирланиб дарров болаларни бошқа хонага чиқардик.

Йигит гапни нимадан бошлашни билмай иккиланди. Кейин:

— Опа, 1989 йилда, шаҳарнинг …- туғруқхонасида фарзандли бўлган экансиз…

Ток ургандек сесканиб кетдим. Эрим ҳам ўридан сапчиб турди.

— Кимсан? — деди овози қалтираб. — Нега суриштиряпсан?

Эримнинг важоҳатини кўриб туриб йигит қилт этмади.

— Акажон ҳозир мени уриб ўлдирсангиз ҳам розиман. Лекин гапимни охиригача эшитинг! Онам ўша туғруқхонада шифокор бўлиб ишлаганлар… Зайнаб опа деган, балки эсларсиз.

Мен жавоб бермадим. Ҳозир қандайдир нохушлик рўй беришини сезиб юрагим музлаб кетди.

— Онам ўшанда кўп ўтмай, касаллик туфайли нафақага чиқиб кетганлар. Тўғриси, ишлай олмаганлар… Икки йилдан буён оғир дард туфайли тўшакка михланиб қолганлар. Сўнгги уч кундан буён аҳволлари оғир, лекин «кечирим сўрамагунимча жон бера олмайман» деб йиғлаганлари йиғлаган.

Кимдан кечирим сўрайсиз, десак айтмадилар. Охири бугун ўзим ёлғиз гаплашдим ва бор гапдан хабар топдим…

Эрим «яна қанақа гап?» деб жаҳл билан ўрнидан туриб кетди лекин мен енгидан тортдим. Икки кўзим йигитда, тезроқ гапир дегандек тикилиб турибман. Эрим ҳам аҳволимни кўриб индамай жойига ўтирди.

— Опажон… — деди йигит кўзларимга тиклиб. — Онам учун сиздан тиз чўкиб кечирим сўрашга ҳам тайёрман. Кечиримга лойиқ иш эмас у…

— Гапир… — томоғим қуриб борарди.

— Ўшанда болангиз уро… ногирон туғилмаган экан…

Кўксимдан отилиб чиққан оҳдан бутун танамга ўт кетгандек бўлди. Эрим билан йигит ушлаб қолишмаганда стулдан йиқилиб тушим аниқ эди.

— Билгандим!

Гапнинг моҳиятини энди англаб етган эрим аввалига оқариб кетди кейин жаҳлдан қизариб йигитнинг ёкасига ёпишди.

Эримнинг тарсакисига эътироз билдирмаган йигит:

— Айтдим-ку, уриб ўлдирсангиз ҳам розиман деб… Илтимос, онамни дўзах азобидан қутқаринг!

— Нима?! — дедим аламдан бўғилиб. — Нега мен онангни кечиришим керак? Мен тортган дўзах азобини ким қайтаради? Қайтара оласанми? Онангни икки дунёда ҳам кечирмайман!..

Бир зумда ҳаётим ағдар-тўнтар бўлиб кетди. Ичимдаги йиғилиб қолган исённи бошқариш қўлимдан келмасди.

— Онамнинг айтишича… «Болам қаерда?» деб туғруқхона атрофида йиғлаб юрганларингиз ҳар кун тушига кирармиш…

— Менинг болам қаерда?.. — қайтардим титраб. Йигитнинг гапларини эшитишга ҳолим қолмаганди.

— Болангизни… онам ўз синглисига, холамга олиб берган экан…

Тилимнинг тагига иккита валидолни ташлаб, бироз ўзимни босиб олганимда қайнонам дир-дир титраётган қўлларимни силаб ўтирарди.

— Қизим, «кўнглим сезяпти» дердингиз-а, болажоним… Энди ўзингизни қўлга олинг, юринг бориб болангизни олиб келайлик. Кейин, шўрлик аёлни ҳам кечиринг…

Менинг сесканиб кетганимни сезиб қўлимдан янада маҳкамроқ қисди.

— Рози бўлинг, қизим. У жазосини олиб бўлган…

Қайнонам иккаламиз бир-биримизга суянганча йигитнинг машинасига ўтирдик. Эрим бормайман деди.

Эти устихонига ёпишган аёлни кўриб раҳмим келиб кетди. У мени таниди шекилли қўлини узатди. Лекин мен яқинлашмадим. Ўрнимга қайнонам қўлидан тутди.

— Кечиринг… — деди аёл кўз ёшлари икки чаккасига оқиб.

— гапиринг она, — деди йигит онасининг оёқ томонига ўтираркан.

Аёл гапира олмай дағ-дағ титрай бошлади. Сабри чидамаган қайнонам мен учун ҳам жавоб берди:

— Биз-ку, кечирдик, Худо кечирсин.

Аёл ҳолсизланиб бораётганини кўриб

— Болам қани? — дедим шошиб.

Йигит онасининг ўрнига жавоб берди.

— Холам оғир касалликдан вафот этар маҳал онамга болани онасига қайтаринг деб илтимос қилибди… Лекин онам айбини бўйнига олишга қўрқиб, хабар бермаган… Бугун бор гапдан хабар топганимдан кейин сизларга тўғрисини айтишга қарор қилдим… — Шу гапларни айта туриб йигит хижолатдан ерга киргудек бўлди. Йигитнинг онаси учун шунчалик жон куйдираётганини кўриб, секингиа кечирдим дедим ва ҳаво етишмаётгандек ташқарига шошилдим.

Йигит ҳовлида ўйнаб юрган болакайни етаклаб келганда хушимни йўқотишимга бир баҳя қолди. Сочлари худди дадасиникига ўхшаб қоп-қора, жингалак, юзидаги холи эса худди ўзимникидек. Болам ёвузларнинг сирини фош қилмоқчи бўлгандек, қуйиб-қуйгандек ота-онасига ўхшарди…

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

ADABIYOT ATOMDAN KUCHLI !