СИРОЖИДДИН САЙЙИД «ДИЛ ФАСЛИ»

ЗАҲИРИДДИН МУҲАММАД БОБУР
ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Булут эрмас, кўк узра тарқаган кўнгил гумонидур,
Гумон қилмак бу дамда бегумон дилнинг зиёнидур,
Кўкарган хор ила хаслар тирикликнинг нишонидур,
Баҳор айёмидур дағи йигитликнинг авонидур,
Кетур соқий, шароби нобким, ишрат замонидур.

Нигорнинг чеҳраси гоҳ ишқ нақлидин эрур гулгун,
Гаҳи ҳусну латофат, гоҳи ақлидин эрур гулгун,
Букун боғим менинг ёр қадди нахлидин эрур гулгун,
Гаҳе саҳро узори лола шаклидин эрур гулгун,
Гаҳе саҳни чаман гул чеҳрасидин арғувонийдур.

Яна кўнгил қатидин кетди бир-бир занг гуллардин,
На хушдур етса кўксунгга муаттар чанг гуллардин,
Яна ўксук жаҳонингда талошу жанг гуллардин,
Яна саҳни чаман бўлди мунаққаш ранг гуллардин,
Магарким сунънинг наққошиға ранг имтиҳондур.

Кўйингда ончалар даҳр ичра қилмишдир бу дил зори,
Ки яхлит лоларанг ўлмиш харобот бирла кулзори,
Аламлар тарқалиб буткул, туганмиш ранжу озори,
Юзинг, эй сарв, жоним гулшанининг тоза гулзори,
Қадинг, эй гул, ҳаётим боғининг сарви равонидур.

Руҳимга иштиёқ солған зумуррад майсаси қирнинг,
Гўзал тушдир бу айёмлар, баёнин қилма таъбирнинг,
Букун етмоқдаман зимнига аста-аста бир сирнинг,
Не ерда бўлсанг эй гул, андадур чун жони Бобурнинг,
Ғарибингға тараҳҳум айлагилким, анда жонидур.

1991

* * *

Дил букун, бошдин оёғим дил букун,
Ҳар қарору ҳар қароғим дил букун.

Дилдин ўзга қолмади манзил манга,
Энг яқин ҳам энг йироғим дил букун.

Кечалар қўйнида жон айвонида
Беомон ёнган чироғим дил букун.

Кўксим ичра йиғлаюр қизғиш хазон,
Ўртаниб чеккан фироғим дил букун.

Ўтмасин дил фасли, эй устоз фалак,
Менга дарс бергил, сабоғим дил букун!

Қўйнида тошлар ниҳон каслар аро
Яккаю танҳо яроғим дил букун.

1990

СЕНИ ОЛИБ КЕТСАМ…

Сени олиб кетсам туманзорларга,
Туманзорлар ичра суманзорларга.
Етти газ тумандан чодир тиксам сўнг,
Сумандан бир ажиб сўри йиғсам сўнг,
Ойни қулоғингга сирға айласам,
Ҳар неки айласам бирга айласам.
Кўйлак туҳфа қилсам ҳарир еллардан,
Кўзгулар ўрнатсам тоза кўллардан.
Булоқлар сувини қазиб тош, довон,
Сенинг қадамингга айласам равон.
Бахмал шамоллардан пардалар қилсам,
Сўнг дилни тумордай бўйнингга илсам.
Юрар сўқмоғингга юлдузлар қўйсам,
Тунлар суйсам сени,
Кундузлар суйсам.
Бир ҳаёт яратсам туну тумандан,
Овқатимиз бўлсин ишқу сумандан.

1988

БИР ТУРЛАНГУВЧИ ГУЛ

Бу қандай гул? Бу қандай гул?
Гаҳи қор, қоҳи қондай гул.
Мен унга барқларим айтсам,
У менга баргларин бергай.

Қади ҳам бўйни зарҳал гул,
Яқоси, қўйни зарҳал гул.
Мен унга зорларим айтсам,
У менга зарларин бергай.

Қабоғи узра нурлар бор,
Қабоси ичра дурлар бор.
Анга ашкимдин арз айтсам,
Манга шабнамларин бергай.

Паришон ҳолу боғимдан,
Куйиб кетган димоғимдан,
Десам дилда ямоғимдан,
У менга барларин бергай.

Жудолик исли эпкинлар
Букун боғимда эркинлар.
Мен унга хасларим айтсам,
Менга анбарларин бергай.

Тун ичра чирма ёлқин гул,
Гаҳи тинч, гоҳи тошқин гул.
Мен унга дардларим айтсам,
У менга лабларин бергай.

1990

МУҲАББАТ КОШОНАСИ

Муҳаббатни ташлаб кетманг боғларга,
Эрмак бўлар, хор бўлар у зоғларга.

Азал гўзал нишонаси бир гулдир,
Муҳаббатнинг кошонаси кўнгилдир.

Марвариддай асраб юрса қиз уни,
Хазонларга ташлаб кетманг сиз уни.

Ҳаволардан танлаб Момо Ҳаволар
Юборгандир тонгда боди саболар.

Шабнамлардан олмиш рангу атрини,
Пайпоқларга тенг этмангиз қадрини.

Азал ифор эшиклари бор ҳаёт,
Асал, бедор бешиклари бор ҳаёт.

Диллар кейин етишмагай дилларга,
Муҳаббатни ташлаб кетманг йилларга.

Кўнгил шу деб кўз очур ҳам кўз юмур,
Бутун умр, бори умр, бир умр.

Кўксингизда олиб ўтинг доғларни,
Муҳаббатга ташлаб кетинг боғларни.

2002

ШАҲР АРО…

Шерали оғага

Шаҳр аро шарҳи дилимни битта дилдош билса бас,
Ер билан осмон аро ул менга сирдош билса бас.

Ранг-барангдир одамининг зоҳирию ботини,
Аслини қайдин билурсан, сабру бардош билса бас.

Лола бағрида ниҳон доғларга завқинг келмасин,
Ишқини Лайлога Мажнун айлади фош, билса бас.

Жоми бахтим ичра кўрсам изтиробим жилвасин,
Ўзлигимни ўзгалар кўзиндаги ёш билса бас.

Равзаи жисмим аро минг андалибнинг оҳи бор,
Андалибни андалиб дўсту қариндош билса бас.

Етти қат ер, етти қат кўк, водийи ҳижрон дилим,
Водийи ҳижрон дилимни битта дилдош билса бас.

1998

* * *

Мен ишқ элининг нолаю афғонида куйдим.
Кўнгил уйининг оташи армонида куйдим.

Меҳрин тилабон ўтса агар ошиқи зорлар,
Меҳримни бериб мен эса товонида куйдим.

Мушкул эди йўл, ранж ила изҳориға етдим,
Сизлар кўйида, мен эса домонида куйдим.

Ташбеҳига, ҳолим будурур, ўзга қиёс йўқ,
Соч толасидай чоки гирибонида куйдим.

Ишқ аҳли фироғинда фиғон этса агар, мен
Ёнида юриб, ёнида ҳижронида куйдим.

Дунёйи азалнинг ғазалий матлаъи булдур:
Бошлаб ҳама ишни они поёнида куйдим.

Ҳам меҳнати, ҳам миннати, ҳам заҳмати — борин
Жон жомиға жамлаб, дағи уммонида куйдим.

1988

* * *

Ғанимлар сен билан бизни ҳали йиллаб гапиргайлар.
Кезармиз, ортимиздан соялар йўллаб гапиргайлар.

Мену сен бир-бировдин айрилиб кетмоғимиз мумкин,
Алар бир-бирларини доимо қўллаб гапиргайлар.

Сену мен рози дил айтарға гаҳ бир сўз тополмаймиз,
Аларнинг диллари айрою қўш тиллаб гапиргайлар.

Сенинг яфроғ янглиғ ҳолатингу ҳам менинг яфроғ
Киби ҳузну хазонимни алар гуллаб гапиргайлар.

Сену мен нуқта янглиғ гар узоқлашсак, алар ортдан
Миниб бир-бирларининг бўйнига бўйлаб гапиргайлар.

Садосиз, истимосиз биз жимиб кетсак агар шундоқ,
Алар фархунда бўлгайларки, ҳой-ҳуйлаб гапиргайлар.

Ҳазин достон бўлур бир кун бизим бул бемурувват ишқ,
Ўшал кун ҳам алар бизни кулиб-куйлаб гапиргайлар.

1989

* * *

Мен сени осмон десам, осмон санингдек бўлмагай,
Мен сени армон десам, армон санингдек бўлмагай.

Не эрур гулшан аро сарву санобар ҳам суман?
Ҳеч бири хуш қоматинг, гулгун танингдек бўлмагай.

Бу чаманда ғунча гуллар хандасидан ҳеч бири
Ғунча лаблар баргидан сўз айтганингдек бўлмагай.

Настаринда оқ либос, алвон ясанмиш қанча гул,
Биттаси ҳам жонга офат савсанингдек бўлмагай.

Қатл этди ул нигоҳ ораста мижгонлар аро,
Икки дунё ганжи бир кўз тикканингдек бўлмагай.

Вомиқу Фарҳоду Мажнунлар агар келса қатор,
Ҳеч бири оламда саргардон манингдек бўлмагай.

1994

ИККИ ДИЛ ҒАЗАЛИ

Бул кеча шаҳду шакар бирлашдилар,
Икки дил, икки шаҳар бирлашдилар.

Бир-бирига етди охир икки хат,
Бул кеча зеру забар бирлашдилар.

Икки дарё, икки юлдуз, икки нур,
Мисли икки хушхабар бирлашдилар.

Бул кеча шому саҳарсиз кечадир,
Икки оқшому саҳар бирлашдилар.

Бўлмагандай барча ҳижрону алам,
Икки дил охир агар бирлашдилар.

Икки жон, икки жаҳон бир тан бўлиб,
Икки оғуш бир камар бирлашдилар.

Осмон ҳам бехабар қолмиш, ажаб,
Бул кеча шамсу қамар бирлашдилар.

1998

УЙҚУЛИҚ БАХТ

М.Н.С.Н.
На хуш бўлғайки бир кун
уйқулиқ бахтимни уйғотсам,
Кечалар тори мўйидек белига
чирмашиб ётсам.
БОБУР

Жоми бахтим эрди доим гоҳ қурум, гоҳ қуйқалиқ,
Нозанин кўрдим у кун, бир нозанинким уйқулиқ.

Қошу мижгонлар қабоқлардан хабар олмас эди,
Уйқусида айлагим келди анга бир хуш қилиқ.

Оқ бўйинда ухлаган зулфлар аро олдим нафас,
Оқ бўйинда холининг атрофлари бир хуш, илиқ.

Кафтларим оташ эдию ул санам оташ эди,
Қўл юборсам ҳам куярдим, гар юбормам — куйгулиқ.

Мен унинг ноз уйқусидан жон била олдим ҳаво,
Уйқуси дарё эди, ул нозанин — бир оқ балиқ.

Сочларидан тола-тола танладим дил торига,
Шунгача бўлган ҳаётим риштаси қолди юлиқ.

Олгил умрим боғидан бор гулларинг, тақдири ҳақ,
Суйгулик қилсанг мани қилгил шу гулга суйгулиқ.

Кўрганим бул бари, дўстлар, туш эди, рўё эди,
Ул менинг бахтим эдию, бахтим эрди уйқулиқ.

1998
ФУРҚАТ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Ғунчадек лаб бирла гулгун чоғингизга доғман,
Ғунча бирлан лаб аро бармоғингизга доғман.
Гулга теккач сийналар, титроғингизга доғман,
Лоладек юз бирла сайри боғингизга доғман,
Ғунчалар бағрига қўйган доғингизга доғман.

Титрагай япроқдаги шудринг каби тан ичра жон,
Биз киму сиз ким? Гулу пойидаги барги хазон.
Сиз — ўшал Лайло, ўшал Ширин, ўшал сарвиравон,
Булбули дилхасталар овораи бехонумон,,
Маскан этган гулшан ичра зоғингизга доғман.

Дил йўли ғоят узундир, мен унинг корвониман,
Бу узун йўлда ўзим васлу ўзим ҳижрониман,
Менга етмас кўнглиму кўнглимни мен сарсониман,
Раддим айлар кўйингизнинг итларин ҳайрониман,
Шум рақибга йўл берар бўсоғангизга доғман.

Ногаҳон рухсорингизга зулфингиз солганда чанг,
Бўйнингизда холингиз ҳам беркиниб тургай аранг,
Камзулингиз ҳам таранг, ингичка белингиз таранг,
Бахмали мушкин ичинда илкингиздур лоларанг,
Хуни ошиқ ё хино тирноғингизга доғман.

Сиз нафис гуллар аро юрганда гулдан йўл бўлиб,
Кўйлагингиз бўйингизда ёнибон, гул-гул бўлиб,
Кун десам кундай кулиб, тун чоғи ой янглиғ тўлиб,
Ўлтурарсиз бехирадлар базмида ўйнаб-кулиб,
Бизга қолганда дили ночоғингизга доғман.

Бир нигоҳингиз тириклик ҳам ҳаёт эрди менга,
Сиз томондин бир ибо юз минг нажот эрди менга,
Тори зулфингиз туганмас бир баёт эрди менга,
Аввал-аввал лутфингиз ҳаддин зиёд эрди менга,
Эмди-эмди марҳамат камроғингизга доғман.

Сувда оққан гулдайинким лаҳзалар йилга етиб,
Кузда қолган майсалардек ларзалар дилга етиб,
Сиз кетурсиз, сиз билан бори назокатлар кетиб,
Куйдириб Фурқат ўтида, васлдин маҳрум этиб,
Элга андоғу менга мундоғингизга доғман.

2004
САҲАР ТУРМОҚ ЁКИ ШАБНАМ САЙЛИ
(Андрей Вознесенскийдан)

Бинафшалар, бўтакўзлар,
Капаклаклар гулин излар.
Бир рангларга кўмилгаймиз,
Биз шамбнамга чўмилгаймиз.

Тонг чоғи бу — кавсар ҳаво,
Асал ҳаво, ғазал ҳаво.
Тоза наво, тиниқ сафо,
Биз шабнамга чўмилгаймиз.

Салом бўлсин қўнғизларга,
Оромижон анғизларга.
Сиз чўмилинг денгизларга,
Биз шабнамга чўмилгаймиз.

Сизда баланд кошоналар,
Ёмғир кўрмас тошойналар.
Биз — гулларга ҳамхоналар,
Биз шабнамга чўмилгаймиз.

Муҳаббат бир сайҳон эрур,
Найсон эрур, найсон эрур,
Айвонимиз осмон эрур,
Биз шабнамга чўмилгаймиз.

Жимжимадор ҳовузингиз,
Кезар нозли товусингиз.
Ёқут сизнинг ҳовучингиз,
Биз шабнамга чўмилгаймиз.

Бир шом чўкар хотирларга,
Йиллар — ғадир-будирларга.
Сиз қатнайсиз дўхтирларга,
Биз шабнамга чўмилгаймиз.

Ҳозир сизга бари бирдай,
Ҳали бир кун, қариликда
Сиз ғамларга кўмилгайсиз,
Биз шабнамга чўмилгаймиз.

Биз дил очиб самоларга,
Гиёҳларга термулгаймиз.
Сиз чўмилинг тиллоларга,
Биз шабнамга чўмилгаймиз.

2001

ТАКРОР

Тун чоғи бир шамол эсдию кетди,
Гулнинг титроқлари қўйнимга тушди.
Ёр ўз сочларидан узун дор этди,
Зулфин сиртмоқлари бўйнимга тушди.

Осмонлар айланиб, ойлар тўлдилар,
Қошлар камон тортиб, ёйлар бўлдилар.
Қўллар, кокиллари сойлар бўлдилар,
Ундан ирмоқлари бўйнимга тушди.

Ё, раб, бу қандайин кўргулик, омад,
Хушқадам, хушқилиқ, хуш қадду қомат,
Бир тун савдосида маҳшар — қиёмат
Савол-сўроқлари бўйнимга тушди.

Ҳаётнинг энг гўзал, шоҳ устунлари,
Ваҳ, бу устунлари, воҳ устунлари!
Муҳаббат қасрининг оқ устунлари —
Ёрнинг оёқлари бўйнимга тушди.

2003

* * *

Инжа, нозик хол тушибдир инжа бу лаб остида,
Тушмиш ул андиша айлаб ўнг эмас, чап остида.

Ушбу холнинг ҳолатидин сен менинг ҳолимни кўр:
Қалб аро минг битта доғу мингтаси қалб остида.

Қошу мижгонлардин ул холнинг қатор жаллоди бор,
Охир ўлгумдир, ёронлар, бу қатор саф остида.

Эр аро овоза бўлдим холга мен кўнгил бериб,
Ўтгай умрим, қолгум энди бир умр гап остида.

2002

ЭСКИ ТАШБЕҲ

Нола қилди най бўлиб қирқ йил қамиш,
Оҳларимдан, ёр, келиб қирққил қамиш.

Қирқ қамишдай қийма-қийма қирқ йилим,
Бир қамишимдир, ажаб, қирқ қилқамиш.

Бир кўнгилдан ер уза қирқ настарин,
Қирқ гиёҳ унгай яна қирқ хил қамиш.

Том қилғил бу қамишлардинки, кўр:
Ястанибдир йўлинга қирқ дил қамиш.

Сочларингни биз учун қирқ қилмадинг,
Сенда қоматлар қамишу бел — қамиш.

2002

ОЙСИНГИЛНИНГ КЕЛИНЧАКЛИК
ЛИБОСИГА

Настарин, исминг фаранги, Настарин,
Сен ҳаётнинг янги ранги, Настарин.
Жилвасидай икки биллур жомнинг,
Икки кўнгилнинг жаранги, Настарин.

БИР НИГОРНИНГ ДАФТАРИГА

Киприкларинг орасига киприк солсам,
Кипригимдан кипригингга кўприк солсам.
Бу кўприкни ҳижрон сели ютолмагай,
Биздан бошқа ҳеч ким бундан ўтолмагай.

2004

КЎКСИМДАГИ ЗАНГОРЛАРИМ
(Ҳазрат Яссавийдан бир сатр)

Тонглар кетди, кунларимдан тонглар кетди,
Кетган тонглар йилларимни онлар этди.
Бир жонимни севгим юз минг жонлар этди,
Кўнглим, сенинг давлатингдан шонлар кетди.
Бу муттасил меҳнатларим битармукин,
«Кўксумдаги зангорларим кетармукин?»

Кўзёшимдан майса бўлган бўйроларим,
Шомларимда жимирлаган Зуҳроларим,
Кезган ерлар, адирларим, саҳроларим,
Эшигимга чайқалибон дайроларим
Келса, бул ҳам фиғонимга етармукин,
Кўксумдаги зангорларим кетармукин?

Суйкансанг гар юз йил кўзу қошинг билан,
Уринсанг, ёр, юз йил қўлда тошинг билан,
Сўнгра силаб мижгонларинг, сочинг билан,
Яна юз йил ювиб ўтсанг ёшинг билан,
Тадбирларинг дардимга кор этармукин,
Кўксумдаги зангорларим кетармукин?

Уч минг йиллик чинор яна куртаклади,
Эрта-индин яшил куйга буркалади,
Оҳуларим — тоғларимнинг ҳуркаклари
Кечалари таним ҳидлаб суркалади,
Уларнинг ҳам дунёлари хатармукин,
Кўксумдаги зангорларим кетармукин?

Бу дунёда ёр изладим дилга лойиқ,
Бу дил энди елга лойиқ, селга лойиқ.
Нур таратган сочларини ёйиб-ёйиб,
Бошим узра йиғлаб турса минг малойик,
Аламларим булутлардай ўтармукин,
Кўксумдаги зангорларим кетармукин?

1990

* * *

Баҳор бу йил ажиб пинҳона келмиш,
Кўнгиллар розига ин, хона келмиш.

Келиб ёр зулфини райҳон этиблар,
Кейин — гул, сунбулу райҳона келмиш.

Чечаклар бирла етмиш давру даврон,
Саройу боғу дашт жавлона келмиш.

Назокат ичрадир олам, мисоли
Малика оқ кийиб султона келмиш.

Ҳилол чиқмиш бу кеч кўк сийнасидан,
Кўрингким, ул нечук шарқона келмиш.

Кетар дил бул кеча минг дилрабодан,
Келинлар ғўра еб туғёна келмиш.

Сенинг, эй лоларух, пинҳон хаёлинг,
Кўз ичра айланиб, мижгона келмиш.

Адирлар лола жомидан тутар май,
Табиат хуш бўлиб, риндона келмиш.

Ёронлар, бу — баҳор эрмас, билингким,
Тириклик номидан шукрона келмиш.

2001

«БОЙБУВА, ДУО АЙЛАНГ…»

(«Бозор ижодиёти»дан)

БОЗОР ИҚТИСОДИЁТИ ВА ШЕЪР

Бир шабнамга зор бўлиб турган пайтинг
Ёмғир бўлиб қирларингга ёғайми?
Бисотимда бор-йўғи бир қоп байтим,
Тўрт килоча қофиям бор, оғайни.

Таъм бермас балки кечки шўрвангга,
Тоза, тиниқ сатрлардан ўрайми?
Ёки ғариб, шалвираган тўрвангга
Ярим кило тўртлик солиб берайми?

Шоир яшар дард ютиб, юлдуз қусиб,
Ҳосил олмоқ учун бир бет, ярим бет.
Ғунчадайин сўзларимдан сен узиб,
Атиргулдай қўшиқлардан харид эт.

Ҳеч ким хор ўлмаган ҳали оч қолиб,
Чорласалар олтин, зангор соҳиллар.
Менга ҳам унча хуш эмас, бош қолиб,
Қорин билан ўйласалар шоирлар.

Дўконим борми ё йўқми — қарамай,
Тонг еллари сўраб келса ҳолимни.
Ўз кўнглимни қоғозларга ўрамай,
Шамолларга ҳадя этгум молимни.

Қашқарбалдоқлардай тўрт ташбеҳим бор,
Билагузук янглиғ беш-олти ғазал.
Ошу нондан иборат эмас рўзғор,
Бул ҳақда ҳам топиб берай кўп масал.

Ажабланди аввал у мен хастадан,
У ён боқди, бу ёнга солди назар.
Аста ўтиб сўнгра қўшни растадан
Икки кило гўшт об кетди, баччағар!

1997

ТИЖОРАТЧИ ДЎСТИМ ТУРСУНБОЙГА
ҲАЗИЛ МАНЗУМА

Бир гап айтсам, азиз дўстим Турсунбой:
Ёлғиз ирмоқ оқавериб сой бўлмас.
Дўсту ёри кўп бўлса гар, ҳойнаҳой,
Йигит ҳоли ҳеч қаерда вой бўлмас.

Кунлар ботар, ўтар кеча-кундузлар,
Оғрир нечун юракдаги илдизлар?
Милён йиллар милтираган юлдузлар
Нечун қуёш ва ё тўлин ой бўлмас?

Хўб яхшидир бу дунёда тижорат,
Барча солар баланд-баланд иморат.
Эҳтимол бўй кўрсатмоқда қиёмат,
Бизга ул кун ўзга хоҳиш-рой бўлмас.

Ҳозирча, кел, носларимдан отиб кет,
Уч-тўрт кеча айвонимда ётиб кет.
Шеърларимнинг қаймоғидан тотиб кет,
Эрта-индин шеър айтишга жой бўлмас.

Қайғуларни қайғуларга ямлатсак,
Тўзган фикру хаёлларни жамлатсак,
Саиднеъмат эшонга ош дамлатсак,
Бул гурунгдан ортиқ тотли мой бўлмас.

Чўнтагингда пулинг бўлса, яхши-да,
Бизда пулни “лой” дегайлар аслида.
Айниқса, гул йигитликнинг фаслида
“Лой”га ботсанг, бундан яхши лой бўлмас.

Жуда қизиқ дунёдаги рафторлар:
Дил аҳли ҳам, пул аҳли ҳам бедорлар.
Парво қилма, алдасалар ғаддорлар,
Хўтик бўлиб туғилганлар той бўлмас.

Бирни ака, бирни эса жўра деб,
Баъзан пасткаш бир нокасни тўра деб,
Яшайдурсан гоҳ ҳалво, гоҳ ғўра еб,
Ўқинг бўлса, гоҳи камон-ёй бўлмас.

Мискин опа-сингилларга нажот бер,
Дўконлар қур, кўчаларга ҳаёт бер.
Энг аввал сен шоирларга закот бер,
Шоирларда гоҳ нон, гоҳи чой бўлмас.

Бу эл меҳри ўхшар қуёш, ойларга,
Фақирлари айлансинлар бойларга,
Қозонлари тўлса гўшту мойларга,
Бу дунёда шоирдан зўр бой бўлмас.

1996

КУЛГИЛИ

Хаёлимда қурилмаган қасримга
Қумхаёлдан девор қилсам кулгили.
Ҳали дилда яралмаган сатримга
Қофияни қатор қилсам кулгили.

Том бошига олиб чиқсам тандирни,
Ҳандалакка пайванд қилсам анжирни.
Миниб ялқов, узунқулоқ хачирни
От пойгада тулпор қилсам кулгили.

Одам Ато бирлан Момо Ҳавони
Яратди ҳам берди жабру жафони.
Ўн саккиз ёшимда ўтган хатони
Қирқ ёшимда такрор қилсам кулгили.

Ўчдим қанча ёронларнинг ёдидан,
Кечдим мен ҳам қандидан, новвотидан.
Кўнглим қолиб кетган одам зотидан
Яна қайта дўст-ёр қилсам кулгили.

Ёнди қанча сарвиқомат шамларим,
Мумдай қотди кўзёшларим, ғамларим.
Ўтди кетди ширин дамим, дамларим,
Яна ширин гуфтор қилсам кулгили.

Бировнинг тўн, бировнинг йўқ этиги,
Дунё шудир: доим бисёр кемтиги.
Хўтигини ғажиб ўтар хўтиги,
Мен бу ҳолни ошкор қилсам кулгили.

Нима қилай беҳаловат бу дилни?
Унутди деб гўзал гулу сунбулни,
Уйқу босган, тўқ ва семиз булбулни
Шеърлар айтиб бедор қилсам кулгили.

1997

ШОИРНИНГ ҚЎЙИ

Молбозордан бир тирриқ
Қўй сотиб олди шоир.
Ўз бошига минг ташвиш,
Ўй сотиб олди шоир.

Гўё саксовул дейсиз,
Ўз пулига яраша.
Оёқлари чилвирдай,
Қўй эмас бу, тараша.

Шоир у кун асабий,
Толиққан, ҳорғин эди.
Озғин шоир эди у,
Қўйи ҳам озғин эди.

Аслида тили қисиқ,
Муттаҳам қўй экан бу.
Ўпкаси шамоллаган,
Зотилжам қўй экан бу.

Ҳали юрмай, ўзини
Орқага ташлади қўй.
Бир ариқдан ҳатламай,
Йўтала бошлади қўй.

Бир қарасанг муғомбир,
Нобакорга ўхшайди.
Кўзларининг тубида
Бир гап борга ўхшайди.

Унда ҳали куз эди,
Келди қишнинг чилласи.
Шу қўйни деб шоирнинг
Қуриб битти силласи.

Узун тунлар йўталиб,
Кўзни юмирмади қўй.
Арпа бериб боқса ҳам,
Ҳаргиз семирмади қўй.

Бедаларнинг гулидан
Завққа тўлмади бу қўй.
Шоир қанча жон чекди,
Одам бўлмади бу қўй.

Айтди шеъру достонлар,
Қўй эса бемор эди.
Шоир бедор кечалар,
Қўйи ҳам бедор эди.

Нима билан тугади
Бу машмаша, бу савдо?
Қўйни одам қилай деб
Бир шоир бўлди адо.

Тириклик гоҳи шундай
Ташвиш экан, ўй экан.
Шоир олган қўй эса
Одам бўлмас қўй экан.

1996

АЙИРБОШ
(Ҳазил)

— Бу дунёда эҳтиёж мўл пахтага,
Мен пахтани алмаштиргум тахтага
Менинг сенинг диёрингга паттам йўқ,
Пахтам кўп, лек том ёпишга тахтам йўқ.
Умрим меҳнат ва заҳматдан иборат,
Мунғаядир чала битган иморат.
Мен демасман қаҳва ёки латта бер,
Пахтамни ол, берсанг менга тахта бер.
Ёнилғи, мой бир гап бўлар, сол қулоқ:
Шовулламас бекор тун-кун Мингбулоқ.

— Қоғоз олгил, у тиллога баробар.
— Менга фақат тахта керак, биродар!
Шоирлар ҳам қизиқ, ёзар бетиним,
Томсиз уйда китоб ўқир ахир ким?
Етмаса, ол кўрпа-ёстиқ, тўшагим,
Пўстагим бор, бир амаллаб яшагум.
Эрта-индин қиш кўрсатар кунимни,
Етмаса гар, ечиб берай тўнимни.

Ўзбек қизиқ, доим шундай жайдари,
Иморат деб ўтар умр дафтари.
Бу сафар ҳам оқлади ўз номини,
Тўнсиз қолиб, ёпиб олди томини.

1993

АЖАБ ДУНЁ

Мен бу олам аҳволининг
ҳар рангига тушунмадим,
Мен бу одам авлодининг
найрангига тушунмадим.

Мен бу ичи тўла риё,
кўнгли қаро ёронларнинг
Кийиб юрган чопонининг
зар рангига тушунмадим.

Мен бу чаман саҳнасига
ошиқ бўлиб келган эдим,
Гул рангига тушундиму
дил зангига тушунмадим.

Мен бу бозор ичра юрган
булбулларга ҳайрон боқдим,
Симёғочга боғлиқ турган
кар ҳангига тушунмадим.

Мен бу кавну маконига
бир дўст излаб келган эдим,
Эртаю кеч ош еб ётган
барзангига тушунмадим.

Кўнгиллару майсаларнинг
шивирларин тинглай девдим,
Қоринларнинг дўмбираю
дарангига тушунмадим.

1999
ДУО СЎРАБ
(Ҳазил)

Бойбува, дуо айланг,
Сиз гарчи Хизр эмас,
Лек Худо ҳар кимга ҳам
Мол бермас, давлат бермас.

Доим очиқ эшигу
Қозон тўла ошингиз.
Сизни алқар бутун эл:
Дард кўрмасин бошингиз.

Майли ҳар бир фақирнинг
Бошини силанг, сийланг.
Бироқ менга қўл очинг,
Бойбува, дуо айланг.

Рости гап, хўп зерикдим
Омадни қува-қува.
Тўним елкамда доим,
Дуо айланг, бойбува.

Шоири замонларнинг
Дуосин олдим роса.
Машҳур шоир бўлиб мен,
Элга бўлдим овоза.

Ёлғиз эмасман гарчи,
Агарчи дўст-ёрим бор.
Кўнглим менинг шеърдан бой,
Валекин рўзғорим бор.

Дилимда бу дунёнинг
Дардлари куйиб кетсин.
Бойбува, дуо айланг,
Бир шоир бойиб кетсин!

1995

БОЗОР

Нос бозори қанию
ғоз бозори қани?
Соз бозор гар шудир,
носоз бозори қани?

Турфа бу гумбаз аро
йўқдир оёқ қўймоққа жой,
Макиёндир ҳаммаёқ,
хўроз бозори қани?

Бир гуруҳ тузсак дегандик,
номи ҳам “Бозорнаво”,
Тору дойра, сурнайу най,
соз бозори қани?

Битта ҳам деҳқон топилмас, кўр,
бу деҳқонлар аро,
Қайда чин тошу тарозу,
хос бозори қани?

Бу ҳаётда барчамиз
ўйинчилармиз бир қадар,
Сўрмангиз: ўйинчи ё
раққос бозори қани?

Тунлари тинмай “Қатортол”дан
қатор тойлар ўтар,
Той тойга тиржаяр:
танноз бозори қани?

Икки барзанги давангир
муштлашар қўйтери деб,
Шулми одам, ҳўкизу
новвос бозори қани?

Тўғрилик ахтармагил
бу даҳри дун бозорида,
Сўрмагил ўртаб ўзингни:
рост бозори қани?

2005

“ЎЛДИРГУСИ”

Охир мени бу шаҳрнинг
дўндиқлари ўлдиргуси,
Дўндиқларининг қўл, оёқ
қўлтиқлари ўлдиргуси.

Юз нағма пардоз айлаган,
ўзини танноз айлаган,
Келмай туриб ноз айлаган
интиқлари ўлдиргуси.

Давру замон лозимлари,
овро, фаранг қирқимлари,
Сурнайга сингил шимлари
йиртиқлари ўлдиргуси.

Сиймин баданми, сиймбанд,
кўйлакми бу ё сийнабанд?
Кўп ҳам хаёлинг этма банд,
кемтиклари ўлдиргуси.

Қандоқ десам қантдек экан,
қандил яна қиндек экан,
Тилло тўла сандиқ экан,
сандиқлари ўлдиргуси.

Эсиз гўзал уй бекаси,
бу — кўча ҳам кўй бекаси,
Дўндиқлар ичра эркаси,
тантиқлари ўлдиргуси.

Ғоят ғаройиб холлари,
олам бўлур ҳайронлари,
Илонлари, чаёнлари —
чандиқлари* ўлдиргуси.

Зулфларми каждумларми ё,
тирноқлари хунларми ё,
Бу чархи гардунларми ё
қилтиқлари ўлдиргуси.

Недир муҳаббат таънию
ҳусну гўзаллик шаънию,
Дилни бу ҳолнинг маънию
мантиқлари ўлдиргуси.

Охир мени бу шаҳрнинг
дўндиқлари ўлдиргуси,
Киприклари эмас, энди
киндиклари ўлдиргуси.

2005

АХТАРАЙЛИК

Келинг, мулло Сирож, ёр ахтарайлик,1
Туну кун зору бедор ахтарайлик.

Умрнинг ярми ўтди нола бирлан,
Яна токи умр бор — ахтарайлик.

Бўйинлар осилур зулфлар кесилмиш,
Биз энди ўзга бир дор ахтарайлик.

Узарлар бунда кўнгил торларини,
Кўнгилга бошқа бир тор ахтарайлик.

Очилмиш лолазор янглиғ бу лаблар,
Бу лаблар ичра зуннор ахтарайлик.

Билолмай жинси шимлар жинсиниким,
Уётдин бошга чалвор ахтарайлик.

Кўриб киндикларини ҳалқа таққан,
Қочайлик, бир чуқур ғор ахтарайлик.

Бу бозор ичра кўнгил синдирурлар,
Биз энди ўзга бозор ахтарайлик.

2006

ЖЎРАЛАР

Мен нечун меҳру вафони
ҳарф қилдим, жўралар?
Қанчалар сидқу сафони
сарф қилдим, жўралар.

Истадим бир тўғри юз,
бир тўғри кўнгил, тўғри сўз,
Мен бу дунёда бу янглиғ
айб қилдим, жўралар.

Токи топгайман нишон деб
рост бир дўстдан нишон,
Дилни бой бердим, ўзимни
ғайб қилдим, жўралар.

Оқланиб битди неча
уммидларимнинг сочлари,
Неча бир уммидларимни
дафъ қилдим, жўралар.

Энди дўст деб, дўст кутиб
қон йиғламас фурсатларим,
Ёшлигимни мен шу йўлда
ҳайф қилдим, жўралар.

Сиз риё базмида ишрат
сурдингиз йилларки, мен
Қай куни сиздан қутулдим,
кайф қилдим, жўралар.

2005
“ХАЛҚ ҚЎЙМАСА НИМА ҚИЛАЙ?”
(Баъзи унвонпарастларга)

Ўз Лайлимни суймас эдим,
халқ қўймаса нима қилай?
Мажнун бўлиб сўлмас эдим,
халқ қўймаса нима қилай?

Бу гумроҳлар — болаларим,
ўзим эккан лолаларим,
Эркак эдим, гўлмас эдим,
халқ қўймаса нима қилай?

Директўр бўл, зўр бўл дер халқ,
бўлолмасанг кўр бўл дер халқ,
Мен-ку ўзим билмас эдим,
халқ қўймаса нима қилай?

Мени ахир халқ истайди,
қайга борсам халқ қистайди,
“Халқ шоири” бўлмас эдим,
халқ қўймаса нима қилай?

Иззат истаб ўлодирман,
кеча-кундуз елодирман,
Мен-ку асли елмас эдим
халқ қўймаса нима қилай?

Бу дунёда пул, шон надир,
амалкурси, унвон надир,
Мен назарга илмас эдим,
халқ қўймаса нима қилай?

Тушунинг-да, ўртоқ раис,
аҳволим танг, гапим ғализ,
Бу даргоҳга келмас эдим,
халқ қўймаса нима қилай?

2005

БЎЛ!
(Завқиёна оҳангларда)

Аҳли дил бўлма, замоннинг танбури ё сози бўл!
Бир улусга бўл бўлис ё бир туманга қози бўл!

Кўп нуфузли давраларда тустовуқдай товланиб,
Базмларнинг кўрки бўлгил, нози бўл, таннози бўл!

Индамай юрсанг бўлурсан оқибат туфроққа тенг,
Бир баобрў ташкилотнинг бир кичик ғаммози бўл!

Ҳолима боқмас дема, даврон қулоғи кар эмас,
Латта бўл, юмшоқ супургининг майин овози бўл!

Бир сатангнинг лозимига поча бўлгил суйкалиб,
Эр эмас, ҳаммоли бўл, баққоли ҳам баззози бўл!

Бул амаллар гар қўлингдан келмаса, ўксинмагил,
Машқлар қилгил, замон каззобининг сарбози бўл!

Ақча кирган уйларингдан янграгай шеъру суруд,
Танга бўлгил ё динор ё ул кўкиш қоғози бўл!

Ҳаммаёқ дўкону маркет, растаю бозорининг
Муттаҳам даллоли бўлгил ё семиз бир ғози бўл!

Оқило, сен зору маъюссан бу савдолар аро,
Чеккароқ юр, хору хаснинг ҳамдаму дамсози бўл!

1994
ОДАМ — ТЕЛЕФОН
(Ҳазил)

Биқинда — бир телефон,
Бўйнингда — бир телефон.
Бир телефон — киссангда,
Қўйнингда — бир телефон.

Қўлингда — қул телефон,
Ўйингда — пул телефон.
Сенга ҳамдамдир — кезсанг
Саҳрою чўл — телефон.

Қизингда — бир телефон,
Ўзингда — сир телефон.
Уйда неча жонинг бор —
Шунча телефонинг бор.

Қўймайди хушторларинг,
Дилбару дилдорларинг.
Баданларинг зириллар,
Телефонинг ириллар.

Камалакни кўрмайсан,
Капалакни кўрмайсан.
Тўхтаб туриб, майсага
Боқдингми бир лаҳзага?

Бир кун ўтсанг, эй одам,
Сенга ким тутар мотам?
Жанозангга нолонлар
Тўпланар телефонлар.

Зирқирайди биқининг —
Буйракдаги тошингми?
Телефонлар охири
Едиларку бошингни.
Маъракангда жам бўлиб
Ейдилар ҳам ошингни.

Кейин дўсту ёрларинг
Йиғлаб бардош, сабрингга,
Мармартош телефонни
Ўрнатишар қабрингга.

2006

ЧУМОЛИГА ҲАЗИЛ

Бу дунёда фақат меҳнат,
Заҳматни билган чумоли.
Онам ёпган кулчаларга
Илашиб келган чумоли.

Юрган эдинг уйимизда,
Гоҳ тому гоҳ сўримизда.
Қавминг сени излар ҳали,
Тополмайин йиғлар ҳали.

Зерикдингми турмушингдан,
Қочдингми ё юмушингдан?
Бўйнимда жонинг уволи,
Тошкентга келган чумоли.

Сени нима қилсам экан?
Кошки ўзим билсам экан.
Элтайми боғ, гулзорига,
Ё мардикор бозорига?

Сен ўқишга киролмайсан,
Асло вазир бўлолмайсан.
Дунёнинг ожиз саволи,
Тошкентга келган чумоли.

Ростин айтсам, қотди бошим,
Ош бўлмас ҳеч еган ошим.
Яхшиси, кет маконингга,
Жўнатайин Сурхонингга.

Ширинликлар, мойлар қўйсам,
Сени ипсиз бойлаб қўйсам,
Жиянимнинг халтасига
Билинтирмай жойлаб қўйсам.
Бу ишларга бўлма ҳайрон,
Яхши боргил, чумолижон.

Сен кетдингу тоғдай ўсдим,
Кечир, агар кўнглинг буздим.
Мен сен ҳақда шеър ёзайин,
Сен ишлагин бориб, дўстим.

2001

«ТАЛАБАЛИК ОЧЛИК ДАВРИМ»

(Ҳазил)

Уч кундир оч яшайман
Термулиб қотган нонга.
Чўнтакнинг ҳам “қорни оч”,
Мадад беролмас менга.
Девордан жилмаяди
“Олтин талабалигим”.
Қарайман, хўрсинаман,
Хўрсиниб қўяр қорним.
Стипендиянинг “қотили”
Ана, қирқ сўмлик туфли,
Бақрайганча қарайди
Менга даҳлиздан туриб.
Ял-ял ёниб курсдош қиз
— Кинога, — дейди, — юринг!
Кинога бало борми,
Қорни тўқ-да, аблаҳнинг!
Отам берган пулларнинг
Китоб олдим барига.
Кулбам мени сир тутар,
Яширгандай бағрига.
Суратимга қарайман,
Бир нарса деб бўлмайди.
Китоб — дўстдир, валекин
Китобни еб бўлмайди.
Таниш шоир келади,
Кўзойнаги ялтирар.
Баччағарнинг қорни оч,
Мени ғам босар баттар.
У ҳам кириб ўлтирар,
Англагандай ноламни.
Тор кулбада шеър ўқиб,
Сайр этгаймиз оламни.
Шеърият қанотида
Тоғлар, сойлар кечамиз.
Қотган нонни бўктириб,
Бирга чойлар ичамиз.
…Ярим тун, қўзғалару
— Яхши қол, — деб жўнайди.
Кўзойнаги ялтирар,
Осмон юлдуз ўйнайди.
Ўша кеча, тор ҳужра,
Фақиргина кўйлакда,
Шоирлик, талабалик
Тутинди ака-ука.

1977

КИМ НИМА БЎЛАДИ?
(Болаларга)

Бу майсалар униб-ўсиб,
Похол, хашак бўлади.
Бу хўтикча, билсанг, бир кун
Каттак эшак бўлади.

Бу қамишлар бир кун бориб
Най бўлурлар, том, бўйро.
Бу жилғалар оқавериб
Бўлғайлар катта дарё.

Бу тухумлар чийиллашиб,
Жўжа бўлар, полапон.
Қарға бўлар улар, балки
Бургут бўлар, болажон.

Бу жонворлар сал-палгина
Ўсаётир нотўкис.
Катта бўлса булар бир кун
Ҳўкиз бўлар ё тўнғиз.

Уқтирсалар, хафа бўлма,
Ранжимагин, болажон.
Бу сапчалар қовоқ бўлар,
Калла бўлмас ҳеч қачон.

Бу дунёда ғалат ишлар
Рўй бермоғи ҳеч гапмас.
Бу читтаклар бир кун келиб
Булбул бўлса ажабмас.

Бу пахталар, билсанг, бир кун
Бўлар оппоқ дастурхон.
Ўша кунлар соғ бўлсак бас,
Нон бўлса бас, болажон.

1994

ҚУШЛАР ОЛАМИ
(Болаларга)

Қарғалар қочиб кетди,
Гум бўлдику читтак ҳам.
Унга бу ошёнлардан
Топилмасди катак ҳам.

Жуфтакни ростлаб қолди,
Қаранг сатанг майнани.
Булғаб кетибди яна
Деразани, ойнани.

Анҳорда юрган эмиш
Чумчуқ билан зағизғон.
Истанбулга учибди
Бу саҳар жиблажибон.

Қалдирғочку, тинмайди,
Кўзга қўйиб сурмалар,
Ташигани ташиган
Фақат лою гувалак.

Қизилиштоннинг эса
Уялгани ўлгани,
Ипподромга кетдими
Яшил иштон олгани?

Табиатнинг бу ҳолдан
Қош-қовоғи чимрилар.
Муҳаббат бозорига
Ҳайрон боқар қумрилар.
1998
ҚУРБОН ЭШМАТ КЕЛМАДИ
(Излаган пайт топилмас махсус мухбирга
ҳам эътироф, ҳам ҳазил)

Сурхонми ё Қашқадан
Кутилган пойиз келди.
Бир-бирин қўлтиқлашиб
Қози ҳам райис келди.
Ғузордан тандиркабоб,
Деновдан майиз келди.
Марғилондан қандолат,
Сеулдан салат келди.
Бу дунёда юрганлар
Кўплари ғалат келди.
Челакдан чак-чак келди,
Қўқондан пашмак келди,
Қурбон Эшмат келмади.

У пайт рамазон эди,
Нос унда арзон эди.
Ҳайит ўтиб, ҳут келди,
Ким ёрти, ким бут келди.
Қанча сигир, говмишнинг
Елинига сут келди.
Ўт-ўлан, хашак келди,
Қанча мов пишак келди,
Пўстагу тўшак келди,
Қурбон Эшмат келмади.

Бу дунёга термулсанг
Кўса ҳам кўп, кал ҳам кўп.
Соғлари-ку, майлига,
Бекорчи касал ҳам кўп.
Бу даргоҳга қанчалар
Кўса келди, кал келди.
Барчаси бир кўмакка,
Мададга маҳтал келди.
Қанча бой одам келди,
Қанча ой “мадам” келди,
Тош келди, Тошмат келди,
Бало келди, дард келди,
Қурбон Эшмат келмади.

Қурбон Эшмат қайдасан?
Гоҳ чолғу, гоҳ найдасан.
Кутган маҳал келмайин,
Кутмаган пайт пайдосан.
Котибият қон бўлди,
Хамирлари нон бўлди.
Барча ишинг — қоғозда.
Сайёраю Озода
Чинқирар бор овозда:
Қўй, қўчқор, қўзи келди,
Фарҳоди Рўзи келди,
Қурбон Эшмат келмади.

Инфаркт бўлиб телефон
Стол узра берар жон.
Жовдирар Жовли Хушбоқ,
Дўстим, дунёга хуш боқ.
Хуш боққилу қалам сур,
Қиличдан ҳам қалам зўр.
Қурбон Эшмат ким ўзи?
Олмосдай кескир сўзи.
У сендай дуторчимас,
Ё мендай бекорчимас.
Жаврамагил бунча ҳам:
Қурбон Эшмат келмади.

Қурбон Эшмат бор бўлгил.
Бўта эдинг, нор бўлгил.
Битгайдир бу дунёнинг
Бир кун бор каму кўсти.
Қанча фақир зотларнинг
Сен чин ёри, чин дўсти.
Кезгайдирсан эл аро,
Ҳар дил, ҳар кўнгил аро.
Бунга эса қуш келди,
Хушмат келди, хуш келди.
Норқул носфуруш келди,
Қанча сўзфуруш келди.
Йўлаклардан ҳар доим
Бир қўшиқ нохуш келди:
Қурбон Эшмат келмади.

1999

ДОНИШМАНДНИНГ НОСҚОВОҒИГА

Қиш яхшику, баҳор яхши,
лекин тўкин ёз яхшидир,
Ўрмондаги хомхаёлдан
Дўрмондаги ғоз яхшидир.
Яшайверсанг бу дунёда
ажиб ҳикмат бўлар умринг:
Юз муттаҳам дўстдан кўра,
икки отим нос яхшидир.

ШОХИ СИНГАН БУҚАГА

Дунёда кўп қизиқ:
Ўйноқлаб, тошиб,
Оққан жилғани ҳам тиндиргувчи бор.
Ҳатто жонзот бўлиб шох чиқарсанг-да,
Сенинг шохингни ҳам синдиргувчи бор.

БАДАВЛАТ АМАКИМНИНГ ЭШАГИГА

Қариндош ҳам гоҳи-гоҳи ёт бўлар,
Эшакман деб ғам ема, уёт бўлар.
Махтумқули бобо айтиб кетгандай:
Давлатмандлар эшак минса от бўлар.

КАМБАҒАЛНИНГ ПУЛИ

Камбағалнинг пули тўйга етмади,
Бир ашула ё бир куйга етмади.
Бутун умр ғам чекишга етдию,
Бир карнайчи ё бир қўйга етмади.

ОДАМЗОТ

Қанча сурувларни одамзот еди,
Барра ширвозларни еди одамзот.
Семиз қўчқорларнинг бошига етди,
Айтинг, қай манзилга келди одамзот?

Туриб илик ейди,
Гўшт ейди ухлаб,
Зарра парвоси йўқ китобга, куйга.
Ҳозир у ётибди қорнини силаб,
Ўзи ҳам айланиб қолганми қўйга?..

* * *

Бу дунёдан ҳеч кимса
бус-бутун чиққан эмас,
Одамзотдан тоғ чиққан,
бир устун чиққан эмас.
Кўнгли эгри каслардан
тўғри зотлар чиқмагай,
Қийшиқ мўридан ҳеч вақт
рост тутун чиққан эмас.

2004

Ё ТАРИҚ, Ё БУҒДОЙ

Эккан тариғимни талаб кетди деб,
Қириб ташламасдан чумчуқларини.
Майли, юраверсин душманим бол еб
Ва ё мойга булаб тумшуқларини.
Мен унга ҳеч қачон қилмасман таъна,
Ўтган ҳар бир ишдан огоҳдир Худой.
Ўшал қирда бу йил кўкламда яна
Ё тариқ экарман ва ёким буғдой.

1997

УМР ТАРТИБИ

Ҳар куни битта тухум
Ҳаётинг учун муҳим.

Ҳар куни тўртта илик
Есанг — илигинг тўлиқ.

Ўтказмоқ-чун бир тўйни
Сўйдинг ўн хўкиз, қўйни.

Қолмаса гуруч, унинг,
Қон ютиб ўтар кунинг.

Яна буғдой, дон дейсан,
Ҳар куни ўн нон ейсан.

Нафсинг билан лафзинг бор,
Пиёзинг ҳам сабзинг бор.

Парранда, балиқ ейсан,
Оз эмас, тўлиқ ейсан.

Булар — дашту далангдир,
Ўғил-қизинг — болангдир.

Қозону товоқ дейсан,
Чалвору бошмоқ дейсан.

Ажин эмас юзларинг —
Рўзғорингдан изларинг.

Кўзларинг ҳам — тушлардир,
Пати синган қушлардир.

Бу не янглиғ кор бўлди —
Қора сочинг қор бўлди.

Қурмоқ-чун бир иморат,
Чекдинг қанча риёзат.

Бир тилло занжир учун
Юракларинг бўлар хун.

Ташвишларинг, дардларинг —
Сенинг умр дафтаринг.

Ғийбатлар ҳам тўқийсан,
Бир-бирингни чўқийсан.
Лекин қачон, эй инсон,
Битта китоб ўқийсан?!

2006

“ДИЛКАШ” ЧОЙХОНАСИ ТАЪРИФИДА

Шошнинг чаман гулзорида
Қанча гулу ойхона бор.
Мирободнинг бозорида
“Дилкаш” деган чойхона бор.

Бунга келар Сурхондан ҳам,
Хевоқ яна Қўқондан ҳам,
Яйпан билан Ёпондан ҳам,
Меҳмон билан меҳмона бор.

Дунёда дур, инжу — салом,
Бунга берар ҳинду салом.
Кайвониси — Абдусалом,
Доим юзи хандона бор.

Зое кетмай заҳматлари,
Чеккан алам, меҳнатлари,
Бўлсин элнинг раҳматлари,
Чойхонамас, кошона бор.

Атрофида гул-лолалар,
Офтоб сочар шалолалар.
Бундай жонон пиёлалар
Қай нозанин жонона бор?

Чопди роса ёзу қишлар
Абдуғаффор ҳануз ишлар.
Тушларига кириб ғиштлар,
Кечалари тўлғона бор.
Дийдор ахир бошнинг тожи,
Таъзим айлаб Одил ҳожи
Пешвоз олса, завқинг тошиб,
Жону дилинг мастона бор.

Бу дунёда ризқ излама,
Бўйдоқ бўлсанг — қиз излама.
Тақдир билур — юз излама,
Бир қушга сув ё дона бор.

Бунга келур жононлари,
Жононларин жон олари.
Ошиқларининг шонлари
Қай бек билан султона бор?

Ҳар сўзнинг ўз ўрни бордир,
Қулоқ билан бурни бордир.
Вазирнинг ҳам қорни бордир,
Вазирларга хос хона бор.

Разм солинг оққан сува —
Дунёга ким ҳоким, бува?
Ўтинг, ўтинг, ҳоким бува,
Бунда қизиқ афсона бор.

Юртда эсар озод еллар,
Армон қилар не-не эллар.
Чой ичганда генераллар,
Тинчлик деган шукрона бор.

Бағри очиқ жаҳондайин,
Кўнгли бир дастурхондайин,
Дўст топсанг Қобилжондайин,
Қўрқмай Чину Афғона бор.

Ҳар бир гуручга битта жон
Бахш этганидан лол забон,
Соҳиб ака — соҳибқирон
Келгандайин — мардона бор.

Йигит эрсанг — бўл ўт, олов,
Қор ҳам ёнар топсанг қалов.
“Пахан”ларга “пахан палов”
Берсанг — қанча парвона бор.

Ҳар кимга бир тақдир, ака.
Умр йўли надир, ака?
Айтиб берар Садир ака —
Фарғона ё Анжона бор.

Ҳар улуғи — тилло бобо,
Сўз ичра зўр мулло бобо,
Шеър айтса Абудулло бобо —
Минг булбули сайрона бор.

Соз чалса — ёниб юзлари
Ўйнар фарангнинг қизлари.
Шер оғамдай ҳофизлари
На Турк, на Ҳиндистона бор.

Биз — бир юртнинг болалари,
Бир қуёшнинг толалари.
Бундай гулу лолалари
На Пориж, на Лондона бор.

Келсайди гар Жайҳун кечиб,
Бобур бобо — отдан тушиб,
Бир тўхтабон, чойлар ичиб,
Бўзларди сўнг — баҳона бор.

Танҳолардан танҳо юртим,
Ою қуёш, Зуҳро юртим,
Яна қайда, тилло юртим,
Бундоқ тилло остона бор?

Дилкашим ҳам дилтортарим,
Дўсту ёроним, ёрларим,
Жимирлагай дил торларим,
Айтай неки тарона бор.

Кўрмангиз ҳеч хорлиғ, танглиғ,
Гулдай яшанг ранглиғ-ранглиғ,
Йўқласангиз, Сирож янглиғ
Бир шоири девона бор.

2006

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

ADABIYOT ATOMDAN KUCHLI !