Онасидан юз ўгирган бойвачча йигит

Онасидан юз ўгирган бойвачча йигит

Таҳририятимизга қўнғироқ қилган аёл экспертимиз, «Оталар сўзи, ақлнинг кўзи» кўрсатуви режиссёри ва бошловчиси Мираббос Мирзааҳмедов билан учрашиши зарурлигини айтганда уларни таҳририятга таклиф қилдик.

— Бу воқеани гапириб беришдан мақсад акамга ўхшаганларни инсофга чақириш, — деди исмини ошкор этишни истамаган мухлисамиз.

— Муаммо нимада?

— Биз оилада уч қиз, бир ўғилмиз. Онам биттаю битта ўғлим деб акамни еру кўкка ишонмасдилар. Ҳар тонг нонушта ва тушликларни тайёрлаб қўйиб кейин ишга кетардилар. Бизлардан ҳам кўпроқ акамга меҳрибонлик қилар, оғзидан чиққанини ижобат қилиб, ўқитиб, уйлантирдилар. Лекин келин тушгандан кейин акам бутунлай ўзгарди. Акамни болаликдан таниганлар ҳозир кўриб ҳайрон бўлишади, онамдан «шу сизнинг ўғлингизми, худди биров ўзгартириб қўйганга ўхшайди-я!» дейишади.

— Келинингиз жанжалкашми?

— Йўқ. Умуман жанжал қилмайди! Шунақа айёрки, ҳаммани уриштириб қўйиб, ўзи томоша қилади. Энг қизиғи ўзи сувдан қуруқ чиқади. Бир бошидан гапирадиган бўлсам, онам ҳозир ёлғиз ўзлари яшайдилар. Акам оиласи билан «участка»га чиқиб кетган, умуман хабар олмайди. Бутунлай хотинининг қулига айланган…

Дадам дунёдан ўтар пайтлари роса акамнинг йўлига кўз тикдилар лекин акам ишдан ортиб кела олмади. Ўлимларидан бир кун олдин дадам нуқул акамни сўрайвергач, қўнғироқ қилиб тезроқ келинг дедик. «Ҳозир» дейдию сира етиб келмайди. Бир маҳал дадам алаҳлаб: «Онаси, ўғлинг менга янги костюм-шим олиб келса, нима қилай, олайми?» деб қолдилар… Ҳаммамиз йиғлаб юбордик. Ким билсин, дадам шўрлик ўғлим янги костюм-шим олиб келади деб орзу қилганмилар… (йиғлайди)

— Қўйинг, йиғламанг…

— Келинга қўнғироқ қилсак, «мен неча марта тезроқ етиб боринг деб тайинладим. Ҳозир, ишимдан ортсам бораман, дедилар» дейди. Бу гапни эшитиб акамдан бутунлай кўнглим қолди… Дадамнинг таъзиясига ҳам мехмондек келиб кетишди. Маъракаларининг бирида келинимиз тинимсиз қўнғироқ қилиб «Худойига қандай ёрдам берайлик?» деб сўраб қўймади. Феълини билганимиз учун «ҳеч нима керакмас» дедик. Лекин қайта-қайта қўнғироқ қилавергач, «майли, жуда хоҳлаётган бўлсангиз, сомса олиб кела қолинг» дедим. Бироздан кейин қўнғироқ қилиб, «Опажон, мен укангизга дадажонимнинг худойисига сомса олиб борайлик, деб роса илтимос қилдим. Лекин укангиз маърака қилган одам ҳамма харажатини ўзи кўтарсин, деб жеркиб бердилар, узр олиб боролмас эканмиз» деди! Бу гапни эшитиб қай аҳволга тушганимни тасаввур қилаверинг. Ахир биз улардан ҳеч нима сўрамагандик-ку.

— Акангиз ростдан шу гапни айтган эканми? Негадир ишонгим келмаяпти

— Ҳамма гап шунда-да! Буларнинг ҳаммаси келиннинг ҳийласи. У биз опа-укаларни уриштириш учун атайлаб шундай йўл тутар экан. Биз кейинроқ унинг феълини тушундик. Ўзини яхши кўрсатиб, бизга яхши гапиради, кейин акамнинг тилидан бизга аччиқ-аччиқ гапларни етказиб ғашимизга тегади ва уриштириб қўяди! Агар акам жаҳл устида гапирган бўлса-да, шуни бизга етказиши шартми? Хуллас унинг мақсади, жигарларни бир-биридан совутиш экан. Биз-ку, тушундик, лекин акамнинг кўзи очилмаяпти. Ўша куни ўзимизни босдик, ҳарҳолда маърака ўтирибмиз. Одамлар тарқагач, акам хотинига «кетдик, ҳозир севимли сериалинг бошланади» деса бўладими? Оғзимиз очилиб қолди. Қариндошлар «ўғил деган онамга ёрдамлаш» демайдими, деб ҳайратда қотишди. Билмадим, акамнинг юраги тошга айланган шекилли…

— Онангиз билан акангиз ўртасида жиддий низо ўтмаганми? Ўғилнинг бунчалик бемеҳр бўлиши эшитганларга ҳақиқатдан узоқроқдек туйилади.

— Жиддий низо ўтганини билмайман. Ҳар бир оилада бўладиган майда-чуйда гаплар бўлган. Лекин бунинг учун ҳеч ким ота-онасидан юз ўгириб кетмайди-ку. Баъзида онам бизни ҳам койийдилар, лекин бир зумда унутиб, яна гаплашиб кетаверамиз. Бу менимча табиий ҳол.

— Тўғри. Демак бу ерда бошқа гап бор. Нима бўлган тақдирда ҳам онани ёлғиз қолдирган, хотини учун онадан бутунлай юз ўгирган ўғилни оқлаб бўлмайди.

— Баъзи бировлар келинингиз ўғлингизни ўқитиб, бошини айлантириб ташлаган дейди. Лекин биз оиламиз билан унақа гапларга ишонмаганимиз учун, тушунмаймиз. Бу ҳаммаси эмас, акамнинг хорижий русумдаги машинаси бор, лекин бирор марта онам унинг машинасига ўтирмаган. Онам бозор-ўчарни ўзлари қиладилар. Биз билан яшанг десак, куёвлардан истиҳола қиламан, ўғли бўла туриб бизникида яшаб юрибди деб гапиришмасин, дейди. Хуллас, жамоат транспорти ёки таксида юрадилар, ўғил билан келин эса шахсий автомобилларда. Лекин онам шунда ҳам майли ўзи билан ўзи тинч бўлса бўлди, дейдилар. Баъзан одамлардан эшитиб қоламан, ўғиллар оналарини дам олишга жўнатади, орзуларини амалга ошириш учун ҳаракат қилишади… Лекин онам акамдан ҳатто пул ҳам сўрамайдилар. Худога шукрки, тўрт муччалари соғ, ўз рўзғорларини ўзлари эплайдилар. Акамга кунлари қолса, билмадим нима бўларди. Яхши ҳамки нафақалари яхши, ҳеч кимга муҳтож эмаслар. Биз тез-тез хабар олиб турамиз, лекин барибир биттаю битта ўғилини кўргиси келмайди деб ўйлайсизми? Нима ниятларда катта қилганлар…

Биз келин билан гаплашиб, асабимизни бузгимиз келмайди, лекин ўзи сира тинчлик бермайди. Ўзидан ўзи «ойижон кеча қўй сўйгандик, сизга ҳам бервораман, десам ўғлингиз вақтим йўқ дедилар. Қўй гўштига овқат пишириб маза қилиб ердингиз, эссизгина-я» дейди. Онам акамга хотинингга айт менга қўнғироқ қилавермасин, тинч яшашга қўйсин десалар, «ўзингиз ҳам шунга яраша иш қилгандирсиз, бекорга сиздан кўнгли қолмагандир» дейди.

— Тавба! Бунақасини биринчи эшитишим!

— Ким билади, келин бизни ҳам акамга ёмонласа керак. Бизнинг болалар онамларникига борса, «гадойваччаларингиз келдими, бирор нима бериб юборайми, пишириб берарсиз» дейди. Ўзининг болаларини юбормайди лекин бошқалар борса, кўролмайди.

Акамга гапиришдан фойда йўқ, барибир хотинини ёнини олади. Таниш-билишлар ҳам ҳайрон, яқинда акамнинг болаликдаги ўртоғи онамни бозордан олиб келиб қўйибди.

«Хола, ўртоғимни қанчалар парвришлардингиз, ҳатто лагерга борсак ҳам ҳаммадан кўпроқ сиз хабар олардингиз, мактабда ҳам энг яхши кийинадиган, энг яхши еб-ичадиган у эди. Биз сизга роса ҳавас қилардик» дебди. Онам шўрлик бу гаплардан кейин қандай аҳволга тушган бўлса…

Акам ҳар замонда бир келса ҳам, остонадан қайтади. Охирги марта онамнинг туғилган кунида келибди. Онам «шошма, овқат сузаман» десалар, «йўқ, уйдан тушлик қилмасам, келинингиз хафа бўлади, келгунингизча овқатланмай кутиб ўтираман деган» дебди. Онаси билан тушлик қилса, хотини ўлдириб қўймаса керак… Ҳатто онасининг туғилган кунида ҳам ёнида ўтирмаса!

— Э, қойил! Акангиз билан оиланинг катталаридан биров гаплашганми? Уни тўғри йўлга солишга ҳаракат қилганмисизлар?

— Ҳа, тоғаларим гаплашиб кўришган, фойдаси бўлмаган.

— Агар истасангиз акангиз ёки келин билан телефонда гаплашишимиз мумкин.

— Йўқ. Онам хафа бўладилар.

— Онангизга айтмаймиз.

— Сиз келинимизни билмайсиз, дарров жанжал қилиб боради. Кейин онамни қон босими ошиб кетади. Шу сабаб воқеани газетага ёзсанглар, балки ўқиб, ташқаридан назар ташлаб кўзи очилса.

— Акангизга айтар гапим шу, ўғлим кўзингизни очинг, қайтар дунё деб қўйибди. Кўз очиб юмгунича болаларингиздан қайтади. Келинга ҳам шу гап. Эт билан тирноқни ажрата олмайсиз, бир кун келиб ака-сингллар ярашиб олишса, қилган ишларингиз учун уялиб қоласиз. Ҳозирдан кўзингизни очинг. Бир умр ёш ва чаққон бўлиб юраман деб ўйласангиз адашасиз. Бир лаҳзага қайнонангизнинг ўрнига ўзингизни қўйиб кўринг.

— Яқинда акамнинг ҳомиладор келини уйига аразлаб кетди, энди қайтиб келмайман дебди. Онам ўртага тушиб яраштирмоқчи бўлиб юрибдилар. Барибир набиралари, оиласи бузилмасин дейдилар…

— Ҳаммасини вақт ўз ўрнига қўяди. Бундай ўғилларга инсоф сўрашдан бошқа иложимиз йўқ. Мақолани ўқиб, ўзига тўғри хулоса чиқаради деб умид қиламиз. Азиз, мухлислар агар бу йигитга айтадиган гапингиз бўлса, мактуб ва қўнғироқларингини кутиб қоламиз.

Дилфуза СОБИРОВА тайёрлади

ADABIYOT ATOMDAN KUCHLI !