BOBORAHIM MASHRAB

ЭЗГУЛИКНИ КУЙЛАГАН ШОИР

Ушбу методик-библиографик қўлланма шоир ва мутафаккир Бобораҳим Машраб ҳаёти ва ижодини ўрганишга бағишланган. Қўлланма шоир ижодини, меросини чуқур ўрганиш, тарғиб қилишда кутубхоналар, ахборот-кутубхона ва ахборот-ресурс марказлари ходимларига ёрдам бериш мақсадида тузилган. Унда мутахассислар ўтказиши мумкин бўлган тадбирлар туркуми ҳақида маълумотлар берилган.

МУҚАДДИМА

Фалак дарахтидан айни тонг чоғи,
Оқ-қора қушларни ҳуркитган ким у?!
Ёз базми олдидан ўн саккиз оқшом
Булбулга шўх куйлар ўргатган ким у?!
Ким у, сўзларига сира йўқ тараф,
Бу –Машраб, Машраб!
Омон Матжон

Машраб ўзбек мумтоз адабиётида халқчиллик, ижтимоийлик ва дунёвийликнинг чуқурлашувида, жаҳолат ва бидъатга қарши кураш ғояларининг кучайишида, шеърият шаклларининг такомиллашуви ҳамда бадииятнинг камолга эришувида катта ўрин тутган сўз усталаридан биридир. Шунингдек, Машраб фақат истеъдодли ижодкор сифатидагина эмас, айни замонда, адолатсизлик ва зўравонлик, қабоҳат ва жаҳолат билан асло келиша олмайдиган мард шахс сифатида ҳам донг таратганлардан биридир.
Бобораҳим Машраб ўзбек мумтоз адабиёти тарихида ўзига хос ўрин эгаллаган фожиали тақдирли шоир. У ҳаққа ошиқ бўлиб, илоҳий муҳаббатни ёниб куйлаган, зулм ва зўрликни, нодонлик ва расмиятчиликни, зохирий нарсаларга эътиқод қўйишни инкор этган, ҳар доим ожизлар ва мазлумлар тарафини олганлардандир.
Бобораҳим Машраб ўз халқини севган, инсон қадри-шарафи ва маънавий камолини улуғлаб, эзгулик ва гўзалликни мадҳ этиш билан қалам тебратган. Унинг асарлари инсон тақдири, эзгулик ва гўзаллик, ишқ муҳаббат, ахлоқий юксакликка интилиш, соф муҳаббат, ҳар бир кўнгил уйи муҳаббатини улуғлаш ғоялари билан йўғрилган.
Шоирнинг асарлари умумбашарийлиги ва ҳамма даврлар учун ҳозиржавоблиги билан барчани мафтун этиб келмоқда, унинг асарлари кўплаб тилларга таржима қилинган.
Китобхонлар диққатини Бобораҳим Машраб ижодига жалб қилиш ва унинг ижодини кенг тарғиб қилиш учун кутубхоналар, ахборот-кутубхона ва ахборот-ресурс марказлари шоир ҳаёти ва ижодига бағишланган илмий-амалий конференциялар, адабий-бадиий тадбирлар, давра суҳбатлари, ижодкорлар билан учрашувлар ташкил этишлари лозим.
Бунинг учун улар адабиётлар тарғиботининг китоб тақдимоти, илмий-амалий конференция, китобхонлар конференцияси, савол-жавоб кечалари, давра суҳбати, билимдонлар беллашуви, адабий-бадиий, ғазалхонлик, мунозара, учрашув ва хотира кечалари, китоб кўргазмалари сингари турли-туман шакл ва усулларидан фойдаланишлари мумкин.
Бундай тадбирларга филологлар, шоир ва ёзувчилар, адабиётшунослар, журналистлар, санъаткорлар ҳамда адабиёт ўқитувчиларини жалб қилиш лозим.
Кутубхоналарга, ахборот-кутубхона ва ахборот-ресурс марказларига Республика Маънавият тарғибот марказининг жойлардаги бўлимлари, «Маҳалла», «Олтин мерос», «Соғлом авлод учун», «Истеъдод», «Нуроний» жамғармалари, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ёзувчилар уюшмаси вакиллари, тилшунослар, диншунослар, хотин-қизлар қўмиталари билан ҳамкорликда оммавий тадбирлар ўтказишларини маслаҳат берамиз.
Ушбу методик-библиографик қўлланмада шоир таваллудига бағишланган тадбирларни ўтказишда кутубхоначиларга ёрдам бериш мақсадида китобхонлар билан ишлашнинг айрим шакллари кўриб чиқилган.

Бобораҳим Машрабнинг ҳаёти ва фаолиятига бир назар

Машраб ғазаллари бу–ишқ навоси,
Ҳурликка ошуфта исён садоси,
Олов денгизида поклик ғаввоси,
Ўлимга тик борган ҳаёт шайдоси,
Балки шунинг учун афсона Машраб,
Эл аро ўчмас ном-девона Машраб.
Ф.Абдуқаҳҳорова

Ўзбек ва бошқа туркийзабон халқлар адабиётида ўзининг оташнафас, халқчил шеърлари билан кенг шуҳрат топган мумтоз ўзбек адабиётининг улуғ намояндаларидан бири Бобораҳим Мулла Вали ўғли Машрабдир.
Раҳимбобо Валибобо ўғли Машрабнинг таваллуд топган санаси ҳанузгача баҳсли муаммо бўлиб турибди. 1990 йилда шоирнинг «Меҳрибоним қайдасан» номли шеърий тўплами чоп этилган. Ушбу рисоланинг «Сўнгги сўз» қисмида Машраб туғилган вақти 1653 йил деб кўрсатилган. Бироқ, 1994 йил чоп этилган Машрабнинг «Мабдайи нур» номли китобидаги муқаддимада Бобораҳим Машраб ҳижрий 1050 (мелодий 1640) йили Наманган шаҳрининг Маддоҳон гузарида бўз тўқиб, шу орқали тирикчилик қилувчи Мулла Вали ва Биби Салималар оиласида таваллуд топган деб кўрсатилган.
Жалолиддин Юсуфийнинг «Уни девонаи Машраб дерлар» мақоласида қуйидаги маълумотлар берилган. Исҳоқ Боғистоний ўзининг «Тазкирайи қаландарон» асарида «Ҳазрати Шоҳ Машраб матвлари айёминда умрларидин 58 сана кечуб эди» дейдилар. Филология фанлари номзоди Муҳсин Зокиров далил келтирган ушбу тазкирани кўрган эмасман. Ғолибо, бу фикр тўғри кўринади…
Балх ҳукмдори Маҳмудбий Қатағон амрига кўра Раҳимбобонинг Қундузда дорга осиб ўлдирилганлиги ҳамма манбаларда бирдек аниқ кўрсатилган: 1711 йил! 58 ёшида қатл этилганлиги аниқ бўлганидан кейин, муқаррар тасдиқ шулким: у 1653 йилда Наманганда туғилган. Бундан чиқадики, шоҳ Машрабнинг ҳаёт йўли шундай: 1653-1711.
Филология фанлари доктори А.Абдуғафуровнинг «Буюк сиймолар алломалар» (1997), «Маънавият юлдузлари» (1999), (2001), Ўзбекистон миллий энциклопедиясидаги илмий мақолаларида Машраб 1640 йилда таваллуд топган деб қайд қилинган. Баъзи манбаларда Машраб Андижонда таваллуд топган деган маълумотлар ҳам мавжуд. Аммо Машраб кейинчалик ёзган ғазалларида ўзининг наманганлик эканлигига ишора қилиб, қуйидаги таржимаи ҳолга оид қуйидаги мисраларни ёзиб қолдирган. Чунончи:

Ғазна, Наманган ичида юрди Раҳимбобо сўраб,
Топмади бир ҳодийини, толиби раҳбар ўзум,
На малакман, на фаришта, мен ҳам одам наслидин,
Мен таваллуди ўшал фарзанди Намонгонийман.
Наманган шаҳридин кетсам, мени йўқлар кишим борму?,
Ғариблик шаҳрида юрсам мени йўқлар кишим борму?
ва бошқа мисолларни келтириш мумкин.
Жалолиддин Юсуфийнинг берган маълумотларига кўра Раҳимбобо дастлабки таълим-тарбияни ўз хонадонида отаси мулло Валибобо ва онаси Салимабибилар раҳнамолигида олган.
Ёш Раҳимбобо маҳаллий домла қўлида илк сабоқни олгач, илм-маърифатда Наманганда донг таратган Мулло Бозор Охунд қўлида таълим-тарбия кўради, шу даврдан ижодий ишга киришиб, Умам, Маҳдий, кўпроқ Машраб тахаллуслари билан ўзбек ва форс-тожик тилларида шеърий асарларни ярата бошлаган.
Машраб маълум муддат Мулла Бозор Охундда диний таълимот ва сўфий тариқатлари бўйича билимини оширади. Тахминан 1665 йилларда Мулла Бозор Охунд тавсиясига кўра ўша замонда катта обрўга эга бўлган йирик дин арбоби қошғарлик Ҳидоятулло Офоқ Хожа эшон ҳузурига боради. Бобораҳим кўп билимлар соҳиби, фозил Офоқ Хожага сидқидилдан мурид тушади, уни ўзига муршиди комил деб қабул қилади ва етти йил унинг даргоҳида хизматини ўтайди, юмушларини бажариб, сабоқ олади, муридлари қаторида кун кечиради. Қиссаларда таъкидланишича, шеъриятни юксак қадрлаган Офоқ Хожа Бобораҳимнинг ижодий иқтидорини юқори баҳолайди, ҳатто «Машраб» тахаллусини ҳам у тавсия этади. Машраб ғазалларининг бирида учровчи мана бу байтда ҳам худди шу мазмун ифодаланган:
Қуддиса сирриҳу Хожам отимни «Машраб!» дедилар,
Кошғару Ёрканд ичида соҳиби гуфтор ўзим!
Шоир адабий меросидаги диний мазмун ва тасаввуфий йўналиш руҳидаги шеърларнинг кўпчилик қисми Офоқ Хожа даргоҳида ва унинг тарғибот-сабоқлари таъсирида яратилган десак хато бўлмас. Офоқ Хожанинг шахсий хислат-фазилатларини мадҳ этувчи, уни «пиру раҳбар» деб тан олувчи байт-мисраларни таркибида жамъ этган ғазал ва мухаммаслар ҳам («Кошки», «Ўзим» радифли ғазаллар, «Қолмади» радифли мухаммас) шу муридлик йиллари маҳсулидир.
Машраб тахминан 1672-1673 йилларда Офоқ Хожа даргоҳини тарк этишга мажбур бўлди. Шоир ҳаёт йўлини баён этувчи қиссаларда қайд этилишича, бунга Машрабнинг пири даргоҳидаги канизакларнинг бирига кўнгил қўйгани, севиб-севилгани расмий сабаб бўлган. Аммо Машрабнинг оғир жисмоний жазоланиб қувилиши заминида пир билан мурид ўртасидаги жиддий ғоявий зиддиятлар бўлган дейилса, ҳақиқатга мувофиқ бўлади.
Машраб Қошғардан 1673 йилда Наманганга қайтади. Касалманд онасининг вафотидан кейин Машраб касал синглиси Моҳибадрни яқин қариндошларига топшириб, узоқ йиллик сафарга отланади. Унинг кейинги қирқ йиллик умри доимий сафарда, дарбадарликда, турли ўлкаларда мусофирликда ўтади. Машрабнинг «Қисса»лари ҳамда ўзи ёзиб қолдирган шеърияти- га назар қилсак, Фарғона водийси, Хўжанд, Тошкент, Самарқанд, Каттақўрғон, Хатирчи, Кармана, Нурота, Ғиждувон, Бухоро, Хоразм, Туркистон каби мавзеларда бўлганлигини аниқ айтиш мумкин. Машраб Афғонистонда, унинг Балх ва Ҳирот шаҳарларида, Покистон ва Ҳиндистонда, Эронда, Эрон Арманистонида, Ироқда, Туркияда, Сурияда, Саудия Арабистонида, Маккаи мукаррамада, Мадинаи муаззамада бўлганлигини, Ҳаж қилиб, сўнг пирлари айтганларидек Муҳаммад алайҳиссаломнинг равзайи покларини зиёрат қилганлигини аниқ айтиш мумкин.
Девонаи шоҳ Машрабнинг Макка ва Мадина зиёратида бўлганлигини жуда кўп шеърлари тасдиқлайди.
Қўнимсиз ҳаётга юзланган шоир, асосан, ижодий иш билан шуғулланади. Оддий халқнинг қашшоқ ҳаёти, зулму ситам остидаги оҳу ноласи шоир қалбини ларзага солади («Дили тиғи ситамдин пора бўлғай халқни кўрдум»…). Жумладан Машрабнинг «Танҳо» радифли мухаммасида бевосита халқ ва унинг турмуш шароитини ҳаққоний кўрсатувчи лавҳалар чизилган. Ҳар бир китобхон юрагини ўртовчи мана бу мисралар шоир ижодининг тўла ҳалқчил моҳиятига ишончли далилдур:
Дили тиғи ситамдин пора бўлғон халқни кўрдум,
Тани дарду аламдин ёра бўлғон халқни кўрдум,
Кўзи вақти саҳар сайёра бўлғон халқни кўрдум,
Муҳаббат даштида овора бўлғон халқни кўрдум,
Жунун туғён этибдур ҳар бириси бехабар танҳо.
Машраб асарларининг аксарияти чуқур ижтимоий йўналишга эга бўлиб, ўша давр ҳаёти, жамиятдаги воқеа-ҳодисалар билан чамбарчас боғлиқ. Хусусан, у баъзи руҳоний- ларнинг кирдикорлари ва ҳийлагарликларини фош этади, текинхўр мулкдорлар ва жоҳил амалдорларнинг зўравонлик фаолиятларини танқид қилади. Машрабнинг бу тур асарлари қўлдан қўлга, оғиздан оғизга ўтиб, тез тарқалган. Худди шунинг учун ҳам Машрабнинг бирор қишлоқ ёки шаҳарга келиши изсиз қолмаган, одил камбағал халқ уни қувонч-хурсандчилик билан қарши олган. Шоир қўнимсиз ҳаётининг сўнгги манзили Балхда ҳам ҳоким табақа ва мутаассиб шайх-муллалар Машрабни жисман йўқотиш пайига тушадилар. Шу гуруҳларнинг расмий фатвоси ва Маҳмудбий Қатоғоннинг ҳукми билан Машраб Қундузда 1711 йили дорга осилади.
Кимсан Машраб Турон ўғли ўзининг «Девона Машраб» бадийасида Машрабнинг дорга осилишини шундай тасвирлаган.
«Ниҳоят Девона Машраб нарвоннинг сўнгги поғонасини босиб, дорнинг устига чиқдилар-да, ўгирилиб пастга қарадилар. Оломон маъносиз кўзларини дорга қадаганча, жим турар эди. Девона Машраб оёқларини осилтириб дорнинг тўсинига ўтирдилар.
Нури дийдам қуввати жоним дилимсиз, ё пирим,
Йиғламоқдин кўзларимдин оқти қонлар алвидо!
Ҳарна бўлса Машраби бечорадин айлан, бихил,
Хуш каломи булбули боғ жаҳонлар алвидо.
Машраб қолдирган бадиий мерос ҳажм ва жанрлар жиҳатидан ҳанузгача аниқланган эмас. Аммо бизга ҳозиргача маълум асарларининг ўзи ҳам Машрабнинг фавқулодда ноёб истеъдод эгаси эканлигидан далолат беради. Машраб ижоди шеъриятнинг янада кенгроқ ижтимоий мазмун ва жанговар руҳ касб этишида, адабиётдаги халқчиллик ва дунёвийликнинг чуқурлашуви ҳамда бадиий санъатнинг камолотга эришувида янги юқори босқични ташкил этади.
1992 йилда нашр этилган «Қиссаи Машраб»да берилган маълумотларга кўра Эшон Шоҳ Машраб ҳазратларидан бизгача қуйидаги асарлар етиб келган. 1. Лирик шеърлар (сочма асарлар) ғазаллар, мустазодлар, мураббаълар, мухаммаслар, мусаддаслар, мусаббаълар ва бир мусамман, бир маснавий ҳамда рубоий ва фардлар. 2. «Мабдаъйи нур» («Нурларнинг бошланиши ёхуд «Нурлар манбаъси»). 3. Кимё. 4. «Қиссайи Вайсул-Караний». 5. «Қиссайи Меърожи Расули Акрам с.а.в.».
Машрабнинг ғазал, мустазод, мураббаъ, мухаммас, мусаддас, мусабба, маснавий, рубоий, таърих каби жанр турларида битилган лирикасида инсон қадри-шарафи ва маънавий камолотини улуғлашга, эзгулик ва гўзалликни мадҳ этишга бағишланган намуналарни учратамиз. Машраб аввало моҳир ғазалнавис ҳамда кўплаб шўх ва жарангдор мустазодлар, ўйноқи ва жозибадор мураббаъ ҳамда халқ ғаму ҳасратига ҳамдардлик ҳисси билан йўғрилган мухаммаслар ижодкори сифатида кенг довруғ чиқарган. Машрабнинг жуда кўп ғазаллари содда ва жарангдор, жўшқин ва таъсирчандир.
Машраб ўзбек адабиёти тарихида энг кўп мустазод ёзган ижодкорлардан бири. Шоир мустазодлари ҳам, худди ғазаллари каби, шўх ва жарангдор нафис ва завқбахшдир. Машраб мустазодларида инсоний севги-муҳаббатни куйлади, шу замин гўзалини мадҳ этди, унинг баркамол чиройи ва латофатини улуғлади, садоқат ва вафодорликни чин ижобий фазилатлар сифатида тарғиб этди.
Мумтоз шериятда мураббаъ турининг узил-кесил мустаҳкамланиши ва такомилида Машраб ижодининг ўрни катта. Машрабнинг романтик кўтаринкилик руҳи уфуриб турган асарларини адабиёт тарихида мураббаъ турида яратилган энг етук намуналар жумласига киритиш мумкин. Машрабнинг ғазал, мустазод ва мураббаъларида ишқ-муҳаббат, вафо-садоқат мавзуи етакчи ўринда турса, мухаммас ва мусаддасларида чуқур ижтимоийлик устунлик қилади, тақдирнинг кемтиклиги ва ҳаётнинг носозликларидан, давр (чарх, фалак) ва адолатсиз муҳитнинг шахс бошига тинимсиз келтираётган жабру жафосидан шикоят, таъқиб-тазйиқидан норозилик дардли мисраларда, қатъий ва кескин ифодаланади.
Шоир қолдирган ижодий меросда диний ва тасаввуфий ғоялар ҳам, ўша замонда кенг тарқалган қаландарлик тариқатининг айрим оҳанг-таъкидлари ҳам сезиларли ўрин эгаллайди. Шоир шеърларида Аллоҳнинг мавжудлиги, бору бирлиги, барча жонли ва жонсиз мавжудотни яратганлиги узил-кесил ва қатъий тан олинади, Худонинг куч-қудрати, тақдирнинг ўзгармаслиги ва Маҳшар куни ҳақидаги таълимот тўла-тўкис қабул қилинади.
Машраб – қаландар шоир. Унинг қаландарликдан мақсади таркидунёчилик эмас. Асли таркидунёчилик «хилват дар анжуман»дадир. Бошқача айтганда, халқ орасида яшагани, мулоқотда бўлгани ҳолда, қалбан Оллоҳ ёди билан яшамоқдир. Шоирнинг бир тахаллуси Маҳдий. Тахаллус танлар экан, аввалдан ўзига маънавий-руҳий томондан тўла мос тушишини назарда тутади. Маҳдий – ҳидоят қилувчи, тўғри йўл кўрсатувчи демакдир. Машрабнинг мақсади ҳам шу.
«Сайидсан хожасан, зинҳор мағрури насаб бўлма» радиф мисрали мухаммасида нафсу ҳаво, кибр, манманлик, наслу насабдан мағрурланиш каби иллатларнинг ёмонлигини, инсон раҳм-шафқатли, эзгу ниятли, соф қалб эгаси бўлмоғи лозимлигини насиҳат қилади.
Машрабнинг ҳар бир қадами бекорга босилмаган, ҳар бир сўзи бекорга айтилмаган. Қайси шаҳар, қишлоқ, уй ёки йўлда, кўчада бўлмасин, бу мушфиқ инсон халқнинг тарбиячиси, чароғбони, мураббийси эди. Машрабнинг қаландарлиги бутунлай ўзгача аъмол, саховатпеша инсон матлаби бўлиб, тиламчи, таъмагир қаландарларнинг қаландарлигига сира-сира ўхшамайди.
Жалолиддин Юсуфий ўзининг мақоласида сўфийлик, маломатиййа ва қаландариййа йўналишлари ҳақида диний адабиётларда берилган маълумотларнинг мухтасар мазмунига тўхталиб, қуйидагиларни келтирган. Тасаввуф йўлидагилар икки турлидир. Биринчилари Расули Акрам, Муҳаммад Мустафо (с.а.в)нинг йўлларида юриб камолотга эришганлар. Булар инсонларни ғафлатдан уйғотиш учун халқ орасида юрадилар. Иккинчилари юксак мақомотларда турганлари ҳолда, инсонларни ғафлатдан уйғотишга бурчли бўлмаган авлиёлар.
Тасаввуф йўлида юрганлар яна икки қисмга бўлинади.
Биринчи тоифа: Тангри таъолодан бошқа ҳар нарсани унутиб, мосуво бўлиб, ёлғиз Оллоҳнинг васлини излаганлар.
Иккинчи тоифа: Жаннатни, Кавсарни, ҳуру ғиломонларни тилаган талабгорлар.
Тангрини тилаганлар ҳам икки турлидирлар:
Биринчилари нафсларини тийиб, сийратларини пок тутиб, ниҳоятда кўп лутфу карамларга эришганлар.
Иккинчилари маломатийлардир. Булар сидқ ва ихлос қозонишга ҳаракат қиладилар. Қилган ибодатларини, ҳайрот садақаларини халқдан яширадилар…
Юқорида айтганларимиздан ҳар бирининг ўз тақлидчилари бор. Маломатийлар тақлид қилувчилар ибодатларининг кўринишларига аҳамият бермайдилар. Турли одамларга мослашиб кетаверадилар. Ҳар кимга ширин сўз айтиб, кулиб, кулдириб қалб ишончини қозонишга ҳаракат қилишади. Нафила ибодатларини қилмайдилар. Фарзларга эътибор берадилар. Дунё ҳирси, ҳавасига берилмайдилар. Булар қаландарлар дейилади. Риёкорлик қилмаганликлари учун маломатийларга ўхшайдилар. Қаландарлар ботинни тозалаш ва нафсни ўлдириш учун курашадилар. Аммо кўп ибодат қилмайдилар. Улар ҳам Оллоҳнинг сифатларини бу дунёда турли махлуқотларда кўриш учун ҳаракат қиладилар.
Машраб қаландар бўлгани ҳолда, юқорида келтирилган тасаввуф йўлидагиларнинг биринчилари мақоматидадир. У зоти шариф Расулулоҳнинг изнида юриб камолотга эришганлар. Халқ орасида бўлиб, уларнинг қалбларини ғафлатдан уйғотиш, ғубор босган кўнгил ойиналарини тозалашдек мураккаб вазифаларни бажариш борасида умр бўйи хизмат қилдилар Охиратда ўзи учун Жаннату Ризвонни эмас, Оллоҳнинг дийдорини кўриш, Расули Акрам алайҳиссаломга пайрав бўлиш (эргашиш) орзусида яшадилар.
Машраб ўзининг бетакрор таъсирчан шеърлари билан халқ орасида яшади. Обрўси, шеъриятининг улуғлиги бутун-бутун мамлакатларга ёйилди. Аҳолининг турли қатламлари даҳо шоирнинг ҳар бир каломини мўътабар, табаррук ҳисоблайдилар. Зеро, дард кўрган юракдан чиққан сўз дардли юракларга малҳам бўлади.
Машраби девона инсон сурати таҳоратига эмас, қалб, кўнгил таҳоратига эътибор беради. Чунки одамнинг ташқи кўриниши топ-тоза, силлиқ бўлиши, аммо сийрати илон, чаёнлар билан тўлиб-тошиб ётиши мумкин. Покиза хонадонга муттасил меҳмон келаверганидек, соф кўнгил уйига ҳам севги, садоқат, меҳр-муҳаббат, илҳом, раҳм-шафқат, адолат, тўғрилик, саховат, ризолик, мардлик, илм, шукр, тавба, камтарлик, сабр, нур отлиқ илоҳий меҳмонлар турғун бўлиб келадилар. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Бобораҳим Машраб ижодда Фаридиддин Аттор, Жалолиддин Румий, Имодиддин Насимий йўлидан борди. Лутфий, Навоий ғазалларига назиралар ёзди, муҳаммаслар боғлади.
Бобораҳим Машраб ҳаёти ва ижоди узоқ йиллар давомида кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортиб келди, шарқшунос ва адабиётшунослар томонидан турли йўналишларда ўрганилди, бирмунча илмий асарлар, номзодлик диссертациялари, илмий-оммабоп мақолалар, роман, қисса, бадийа, саҳна асарлари яратилди. Жумладан, йирик шоир Нодим ёрдамида Машрабга оид материалларни тўплаб ўрганади, бир неча мақолаларни эълон қилади ва ниҳоят 1910 йилда шоир ҳақидаги қиссани рус тилига таржима этиб, шарҳ-изоҳлар билан нашр қиладилар. Машҳур олим, профессор В.Л.Вяткиннинг 1923 йилда «Ал-Искандария» тўпламида босилган мақоласи ҳам алоҳида ўринда туради.
Ўзбек адабиётшунослиги ҳам Машраб ижодига жиддий эътибор берди. Бу ўринда Иззат Султон, В.Зоҳидов, И.Мўминов, Ғафур Ғулом, А.Ҳайитметов, В.Абдуллаевнинг матбуотда баён этган фикрлари диққатга сазовордир.
Тадқиқотчилардан З.Ризаев, Муҳсин Зокирийнинг Машраб ҳақидаги олиб борган ишлари ҳам шоирнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти билан боғлиқ масалаларни ёритишда, машрабшуносликда эришилган ютуқларни умумлаштиришда яхши натижалар берди.
Бобораҳим Машраб форс тилида ҳам бир неча шеърий турларда етук намуналарни яратган. Шунингдек, унинг ижоди кейинги асрлар адабиётига сезиларли таъсир кўрсатган. Нодира, Ҳувайдо, Қорий, Фурқат, Ҳамза каби шоирлар унинг ғазалларига тахмис ва назиралар боғлаганлар.
Айни пайтда Бобораҳим Машраб асарлари рус, қозоқ ва хорижий тилларга таржима қилиниб чоп этилган. Шунингдек, Можор шарқшуноси Херман Вамберининг 1867 йили Лейпцигда нашр қилинган «Чиғатой тили дарслиги»да Машраб ғазалларининг дастлабки таржималари келтирилган. Кейинчалик бу таржималар турли тўпламларда нашр қилинган. Жумладан, 1909 йили Лейпцихдаги «Julius Zeitler» («Юлиус Цайтлер») нашриётида жаҳондаги турли миллат шоирларининг олмон тилига ўгирилган ишқий шеърлари чиройли муқовада нашр этилган. «Der Voeiker Litbesgarten» (“Халқларнинг ишқ бўстони”) деб номланган ушбу тўпламни Паул Зелигер нашрга тайёрлаган бўлиб, унга Машрабнинг «Куйди жоним ўртаниб, ул ёр келмайдур ҳануз…» мисраси билан бошланувчи ғазали киритилган.
Мустақиллик йилларида адабиётшунослар Машрабнинг ҳаёти ва ижоди тўғрисида илмий-оммабоп мақолаларни чоп этдилар. Жумладан, филология фанлари доктори А.Абдуғафуров, Жалолиддин Юсуфий, Жузжоний Абдулҳаким Шарвий, Жумахўжа Нусратулло, Н.Каримов, Ғайбуллоҳ ас-Салом, Д.Ҳамроеваларнинг Машраб ҳаёти ва ижодини ёритувчи асарлари талайгина. Илмий ишлардан эса Э.Мусурмонов «Машраб ва унинг бадиий адабиётдаги талқини», Д.Ҳамроева “Бобораҳим Машраб ғазаллари поэтикаси” (Маъно, образ ва истилоҳ мисолида) каби мавзуларда номзодлик диссертация- ларини ҳимоя қилганлар.
Ҳ.Бегматов «Девона Машраб» романини (2005), Кимсан Машраб Турон ўғли «Девона Машраб» бадийасини (2006) яратганлар. Шунингдек, драматург Насрулла Қобул, режиссёр Аҳмад Фармонов, рассом Бахтиёр Тўраев, бастакор Фарҳод Олимов, актриса Зулайҳо Бойхонова Муқимий номидаги мусиқий театрнинг яна ўнлаб жонкуяр санъат аҳли «На малакман, на фаришта» (Машраб) спектаклини яратиб, томошабинлар ҳукмига ҳавола этдилар.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, 2002 йилда чоп этилган «Умрбоқий қўшиқлар» машҳур қўшиқлар тўпламига Бобораҳим Машрабнинг 24 та ғазаллари киритилган бўлиб, ушбу ғазаллар асрлар давомида халқ ҳофизлари томонидан севиб куйланиб келинган ва ҳозирги кунда ҳам авж пардаларда янграётган қўшиқлардир. Ушбу қўшиқларнинг айримлари кинофильм ва видеофильмларда ҳам куйланиб келинмоқда.
Ҳозирги кунда Машраб номи Намангандаги истироҳат боғи, музей, кўча, мактаб ва жамоа хўжаликларига берилган.

Бобораҳим Машраб тўртликларидан намуналар

Аввал қадам пири муғоиро ишқ аст,
Дуввум сару по бараҳнагонро ишқ аст,
Риндони Бухорову бангиёни Кашмир,
Шоҳ Машраб тарки Андижонро ишқ аст.
***
Май бихўр, мусҳаф бисўзу оташ андар Каъба зан,
Сокину бутхона бош мардумзори макун.
Ба Каъба чи мерави дили якеро дарёб,
Беҳтар зи ҳазор Каъба бошад як дил.
***
Кўтарсанг пардани ногоҳ юзунгни бир кўрай дерман,
Жамолингга назар солиб, ки ҳуснунгга тўяй дерман.
Халойиқ қиблага боқиб деюрлар: «Раббиял аъло»,
Намозу рўза Сак деб Санга сажда қилай дерман.
***
Бухороро Бухоро метавон гуфт,
Баҳорашро зимистон метавон гуфт.
Баховуддин набошад дар Бухоро,
Фарангу кофиристон метавон гуфт.

Машрабнинг фалсафаси, маънавияти, насиҳати

Одам фарзанди ўзига берилган шарафга яраша Оллоҳ таъолонинг амрларига таъзим ва ҳурмат ҳамда жамийки махлуқотларга шафқат билан яшаши керак.
* * *
Эй одамийзот, нимаки яратиш қўлингдан келмас экан, уни ўлдирма. Оддий кўринган чумолига ҳам озор берма. Чунки уни яратиш сенинг қўлингдан келмайди. Инсон қалбини жароҳатлама. Чунки қалб Оллоҳнинг уйидир. Қалбга озор берма. Ота-онангни сев. Уларга озор берма. Ота-онанинг охирги нафасларидан ҳушёр бўл. Иймон айт. Ўзинг ва охиратинг учун бир пири мукаммални топ, унга жон фидолик билан хизмат қил. Ота-онанг сени азали даргоҳингдан айириб ерга туширган бўлсалар, пиринг-устозинг сенинг маконингга чиқарувчилардир.
* * *
Манманлик ва такаббурликдан қоч. Наслу насабингга эътиқод қилма. Оқ қўйни ҳам қора қўйни ҳам ўз оёғидан осадилар.
* * *
Оллоҳнинг бир мўъмин бандаси сифатида, ҳатто у гадо бўлса ҳам ҳурмат бажо келтир.
* * *
Умид билан яша, чунки ноумидлик куфр.
* * *
Оллоҳни севган, бандаларини сев.
* * *
Намозу рўза қилсанг дуруст қалб билан қил.
* * *
Биров йиғлаб турганда сан кулма.
* * *
Миннатдан қоч. Чунки шоҳнинг миннатли қандидан гадонинг беминнат оши явғони улуғ.
* * *
Ўзгаларга тақлид қилма. Эргаш ва ўрган. Аммо қўшиқ айтсанг ҳам ўз овозинг билан айт.
* * *
Ишқ, муҳаббат билан умр кўр.
* * *
Тавба билан яша. Гуноҳ қилдингми – тавба қил. Тавба қилдингми, қайтиб яна ўша гуноҳни қилма.
* * *
Иймон-ишонч билан яша. Бу дури ноёбни қўлингдан бериб қўйма.
* * *
Талаб йўлига кир. Камолотга эришай десанг, ёшлигингдан дуруст йўлга равона бўл.
* * *
Яхшиларнинг, улуғларнинг олдида борма, бир қарич бўлса ҳам орқаларида юр.

Бобораҳим Машраб ҳақида
Машраб қаландар Раҳимбобонинг тахаллусидир. Асли Андигон вилоятидан бўлиб, ёшлигида фазилот ва фазойил касб этмак ниятида Наманган вилоятига келган. У ерда Машраб истагига биноан унинг таҳсилига эътибор беришган. Сўнгра соҳиби маҳосин (соқол) мўйловли бўлгач, Самарқандга келди. Маълум вақт ўтгандан кейин яна Наманган вилоятига борди. У ердан Қошғар ва Бадахшон ўлкаси сари равона бўлди. Балхдан Самарқандга қаландар либосида қайтди. Бу гал унинг муроди ҳосил бўлган ва шеърлари таърифи муҳтож эмас эди.
Муҳаммад Бадеъ Малеҳо Самарқандий

Эмди биздин фойда йўқ, машғули Раҳмон бўл, болам,
Йўл хатардур борасан, доим пушаймон бўл болам.
Мустафо уммат учун йиғлар эдилар, дам-бадам,
Хотирингда бўлса Маҳшар, дийда гирён бўл, болам.
Ҳақ таъоло зоти Бечунига восил айлагай,
Дийдадир хуноба тўк, машғули иймон бўл, болам.
Булбули шўридаман, зоғу зағанга тенгламанг,
Онайи бечораман, охирда посбон бўл, болам.
Мунглуғ Ҳовар ҳаққингга йиғлаб айтур бир дуо:
Рўзи Маҳшар розидони Шоҳимардон бўл, болам.
Салимабиби (Ховарий тахаллуси) Машрабнинг онаси

… Етим қолди бу ғам даштида икки баччайи оҳу,
Чиқар ғам тоғидин оввозлар «Ёраб!» уни ҳар су,
Тазарруъ шохида ҳайрон бўлуб бир қуш каби ҳу-ҳу,
Қилиб тавбам қабул, Ёраб, насиб эт зикри «Аллоҳу»,
Кўзум ғафлатдин очган пок домонимдин айрилдим.

…Манинг бағрим қизил гул ғунчасидек таҳ ва таҳ қондур,
Неча юз минг баҳор ўлса очилмоғи на имкондур.
Лаби лаълу, тиши дур, қошлари меҳроби иймондур,
Кишиким сабр қилса, оқибат душвори осондур,
Нечук, осон тутай, Маҳваш, ки жонимдан айрилдим.
Моҳибадр (Маҳваш тахаллуси) Машрабнинг синглиси

* * *
Машраб ҳақидаги қисса ижтимоий симпатия ва эҳтиёж-интилишларни, халқ оммасининг аҳволи, руҳияси, кайфиятини намойиш этади: халқ оммаси нималарга қарши норозилик билдирди ва нималарни майна-масхара остига олди, шуларни кўрсатади.
В.Л.Вяткин

Ҳажвчи ва ҳозиржавоб Девона Машраб Ўрта Осиё халқлари орасида жуда машҳурдир…, фикримизча, Машраб чуқур диққат билан жиддий ўрганишга сазовор шахс… У муттасил равишда руҳонийлар билан мунозарада бўлган ва ҳар доим улардан устун чиққан.
Н.И.Веселовский

Машрабнинг ижодкор сифатида бахти шундаки, ўз оригинал фикрларини-нуқталарини ўз халқининг жонли, сўзлашув тилида яратиб, халқ дилига кириб боришга эришган: халқ удумлари, меҳнат аҳлига хос соддаларча донолик, халқчасига фикр юрита олиш, халқ руҳида куйлаш унга насиб этган.
В.Раҳмонов

Машраб фақат оташзабон ижодкор сифатидагина эмас, балки, айни замонда адолатсизлик ва зўравонлик, қабоҳат ва жахолат билан асло келиша олмайдиган довюрак шахс сифатида ҳам донг таратган.
* * *
Шоир ижодидаги ижтимоий мазмундорлик ва кучли танқидий йўналиш унинг илғор дунёқараши, халқчил фалсафаси, замонасидаги салбий воқеа-ҳодисаларга, ҳаётдаги иллатларга аниқ танқидий муносабатидан шаклланган.
А.Абдуғафуров

«Дунёнинг виждони» деган бир тушунча бор. Инсоният тарихида жуда оз зотлар дунёнинг виждони деган таърифга муяссар бўлганлар.
Машраб ишқининг буюклиги, изланишларининг буюклиги ва имконият азобларини ўз устига олганлиги ва покликнинг энг гўзал мақомига эришганлиги, ўзини маънавий камолотнинг олий чўққиларига олиб чиқа олгани билан дунё виждонларидан бири деб аталишга лойиқ.
Иброҳим Ғафур

Ўзининг бетакрор таъсирчан шеърлари билан халқ орасида яшади, обрўси, шеъриятининг улуғлиги бутун-бутун миллат- ларга ёйилди. Аҳолининг турли қатламлари даҳо шоирнинг ҳар бир каломини мўътабар, табаррук ҳисоблайдилар. Зеро дард кўрган юракдан чиққан сўз дардли юракларга малҳам бўлади.
Жалолиддин Юсуфий

Бобораҳим Машраб калтафаҳм, кеккайган хону-бекларни, манман кимсаларни, зоҳирбин бетовфиқ руҳонийларни ҳажв этди, Аллоҳ олдида шоҳу гадо баробар, деган ақидани олдинга суради. Машраб ўта ростгўй, сохталикни ёқтирмайдиган, чўрткесар, ҳақ гапни айтишда ҳеч нарсадан тоймайдиган одам бўлган, юраги бир парча оловдай ёниб турган.
Н.Комилов

Машраб … фан учун катта жасоратки, пароканда бўлиб ётган обида сингари ҳолатга тушиб қолган шоир ижодини тиклаш улуғ ва савоб иш.
Ю.Ҳақбердиев

«Машраб» сўзининг ҳар бир ҳарфи эзгулик, ёруғлик, нур, рўшнолик рамзи. Мен ўзбек мардумнинг ўзини ҳам айнан Машраб қиёфасида кўраман. «Машраб бўлиб келмоқда сарпойчан Ўзбекистон…»
Азиз Саид

Машрабни тушуниш учун Машрабнинг дардини, Машраб- нинг аламлари марказини топиш керак. Бу марказнинг қоқ ўртасида Одам ато ва Момо Ҳавомизнинг Жаннатдан қувилиш- лари машмашаси туради.
Ғайбулла ас-Салом

Ҳў-ҳў, ким йиқилди фитнадан ногоҳ,
Лекин қўлидаги ҳақ жоми бутун?!
Имони бутундир, севгиси бутун,
Кўнгли бутунларга саломи бутун,
Ўлса ҳам кетмаган бизларни ташлаб,
Бу-Машраб, Машраб!
Омон Матжон

Чилим тугар сўздан созга келар гал,
У қаттиқ чертаркан ўқийди ғазал.
Жаранглар ҳавода баланд хуш овоз,
Ҳаммаси табиий, унда йўқ пардоз,
Руҳларнинг қаърида ёқади машъал…
Ойбек

Ишқ асли Ҳабиб, дин ила мазҳабга тушубдур,
Ким дину имон йўлида матлабга тушубдур,
Қай кунки кўзим ердаги кавкабга тушубдур.
Ул ҳусну жамолинг ўти Машрабга тушубдир.
Парвонасифат куйди, паризод, эшигинда.
Ҳабиб Саъдулла

Машрабни ўқишга хушовоз керак.
Хушовоз топганга чолғу-соз керак,
Куч керак, Арш сори бир парвоз керак,
Шуурга руҳ деган бир ҳамроз керак.
Шунда дил кўкида моҳ бўлар Машраб,
Далли девонавор Шоҳ бўлар Машраб.
Ф.Абдуқаҳҳорова

«Бобораҳим Машраб ижодий фаолиятини ва у ҳақидаги манбаларни биласизми?» мавзусида билимдонлар беллашувини ташкил қилишга тавсиялар

Беллашувни ўтказишдан мақсад Бобораҳим Машраб ижоди, унинг таржимаи ҳоли, шоир асарлари, у ҳақидаги нашр этилган хотиралар, илмий ва бадиий асарларни ўрганиш ҳамда кенг китобхонлар оммасига тарғиб этишдан иборат.
Беллашув ўтказишдан олдин фаол китобхонлардан ҳар бири 8-10 кишидан иборат бўлган 2 та билимдонлар гуруҳи тузилади. Уларга мактаб, лицей, коллеж ўқувчилари, олий ўқув юрти бакалавриат ва магистратура йўналиши талабалари, турли соҳа эгалари бўлган китобхонлар киритилиши мумкин.
Беллашув ташкилотчилари саволларни тузиб икки гуруҳга мўлжаллаб қўяди. Берилаётган саволларга доир адабиётлар тайёр туриши керак. Беллашувга тайёрланиш жараёнида қатнашувчилар ўша манбаларни пухта ўқиб чиқишлари зарур.
Билимдонларнинг эътиборини муаллифнинг танланган асарларига ҳамда алоҳида нашрларига, асарларининг таржималарига ва у ҳақидаги илмий ва бадиий асарларга қаратиш керак. Беллашув ўтказиладиган кутубхона, ахборот-кутубхона ва ахборот-ресурс марказларида Бобораҳим Машраб ҳаёти ва фаолиятини акс эттирувчи китоб кўргазмасини ташкил этишни тавсия қиламиз.
Қуйида беллашувга қўйиладиган саволлардан намуналар келтирамиз. Шунга қараб билимдонлар қайси асарлардан ва манбалардан фойдаланишлари кераклигини билиб оладилар.
1. Бобораҳим Машраб халқ ичида қандай номлар билан машҳур бўлган?
(Бобораҳим Машраб халқ ичида «Девона Машраб», «Эшон Машраб», «Шоҳ Машраб», «Марди худо», «Авлиё Ҳақ», «Соҳиб каромат» каби номлари билан машҳур бўлган).
2. Бобораҳим Машраб қаерларда сафарларда бўлган?
(Машраб «Қисса»лари ҳамда ўзи ёзиб қолдирган шеъриятига назар қилинса, Фарғона водийси, Хўжанд, Тошкент, Самарқанд, Каттақўрғон, Хатирчи, Кармана, Нурота, Ғиждувон, Бухоро, Хоразм, Туркистон каби мавзеларда бўлганлигини аниқ айтиш мумкин. Шунингдек, Машраб Афғонистонда, унинг Балх ва Ҳирот шаҳарларида, Покистон ва Ҳиндистонда, Эрон, Арманистон, Ироқ, Туркия, Сурия, Саудия Арабистони, Маккаи мукаррама, Мадинаи муаззамада бўлганлиги, ҳаж қилиб, сўнг пирлари айтганларидек, Муҳаммад алайҳиссаломнинг равзайи покларини зиёрат қилганлигини аниқ айтиш мумкин).
3. Машрабнинг «Меҳрибоним қайдасан» китобида берилган шеърларнинг мисралар сони қанча?
(Маълумотларга кўра Машрабнинг «Меҳрибоним қайдасан» китобида берилган шеърлардаги мисраларнинг сони 5579 та).
4. Машраб Имодиддин Насимийнинг «Манга сиғар икки жаҳон, ман бу жаҳона сиғмасам» мисраси билан бошланган ғазалига қайси ғазалини яратган?
(Имодиддин Насимийнинг «Манга сиғар икки жаҳон, ман бу жаҳона сиғмасам» мисраси билан бошланадиган машҳур ғазалига Машраб «Сиғмамдур» ва «Сиғмадим» радифли икки ғазални назира тарзида яратган
Ажаб Мажнундуман, ҳар дашту ҳар саҳроға сиғмамдур,
Дилим дарёи нурдур, мавж уруб дунёға сиғмамдур,
Шариат ҳам, тариқат ҳам, ҳақиқат мандадур мавжуд,
Чунон султони азмдурман, арши аълоға сиғмамдур.
Ҳалил осо бу йўлда оташи Намрудду меърожим,
Ҳамон дурри ҳақиқатманки, ҳар дарёға сиғмамдур
5. Машраб қайси озарбайжонлик шоирнинг ҳаёти ва ижоди билан чуқур танишган ва асарларига назиралар ёзган?
(Машраб улуғ озарбайжон шоири Имодиддин Насимий ҳаёти ва ижоди билан чуқур танишган. Унинг асарларига назиралар ёзган).
6. Шоир асарларини йиғиш ва оммалаштиришда кимларнинг ўрни катта аҳамиятга эга?
(Асл Машрабни бошқа Машраблардан ажратиш, шоир асарларини йиғиш ва оммалаштиришда академик шоир Ғафур Ғулом, олимлардан Абдуқодир Ҳайитметов, Воҳид Абдуллаев, Абдурашид Абдуғафуров, Эргашали Шодиев, Муҳсин Зокиров, Жалолиддин Юсуповларнинг хизматлари каттадир).
7. Ушбу келтирилган парча шоирнинг қайси ғазалидан олинган ва уни давом эттиринг?
Арзимни айтай боди сабоға,
Биздин дуо деб ул бевафоға.

Кўзлари Чўлпон, сарви хиромон,
Зулфи паришон, қоши қароға.
(Юқорида келтирилган парча Машрабнинг «Арзимни айтай боди сабоға» ғазалидан олинган. Унинг давоми қуйидагича:
Қомати ларзон, ваъдаси ёлғон,
Турмади ҳаргиз аҳду вафоға.

Учди кўзимдин ул пари янглиғ,
Ташлади кетти турлук балоға).
8. Машраб лирик меросида нафс ва унинг турлари, кўринишлари тасвирига кенг ўрин берилган, булар қайсилар?
(Шоирнинг «Худо берсун паноҳ» радифли ғазалида дунёга, молу мулкка кўнгил боғлаган, сўзи ва амали бир-бирига мутлақо мутаносиб бўлмаган кишилар ҳақида сўз юритилиб, бундай нафс бандаси бўлган ожизу нотавонларга Аллоҳдан мадад сўралади:
Нафсли сарка муддаосидин худо берсун паноҳ,
Бул замона мутахаосидин худо берсун паноҳ).
9. Машрабнинг маърифат ила жаҳонни безатгин деб ифодаланган мураббъа ва мухаммасидан парча келтиринг?
(Қилурлар, аждаҳои нафсни тасхир ориф халқ,
Жаҳонни обрўйи маърифат этсанг нечук тилдир).
10. Ушбу келтирилган парча шоирнинг қайси ғазалидан олинган?
Агар ошиқлигим айтсам, куюб жону жаҳон ўртар,
Бу ишқ сиррин баён этсам, тақи ул хонумон ўртар.

Кишига ишқ ўтидин зарраи тушса бўлур гирён,
Бўлуб бесабру бетоқат, юрак-бағри ҳамон ўртар.
(Машрабнинг «Агар ошиқлигим айтсам, куюб жону жаҳон ўртар» ғазалидан олинган).
11. Келтирилган ушбу мисралар шоирнинг қайси ғазалидан олинган?
Малаксан ё башар, ё ҳуру ғилмонсан, билиб бўлмас,
Бу лутфу, бу назокат бирла сендин айрилиб бўлмас.

Ажаб бераҳм дилбарсан, ажаб шўху ситамгарсан,
Чароғи ҳусни рўйингдан кўнгулни ҳам узуб бўлмас.
(Бобораҳим Машрабнинг «Малаксан ё башар, ё ҳуру ғилмонсан, билиб бўлмас» ғазалидан олинган).
12. Қайси муаллиф томонидан Машраб ҳаёти ҳақида роман ёзилган?
(Хайриддин Бегматов томонидан 2005 йилда «Девона Машраб» романи ёзилиб чоп этилган).
13. Ушбу келтирилган парча қайси асардан олинган?
Машраб китобга термилиб қолди ва синиқ овоз билан ўқиди:
— Ғазалиёти Бобораҳим Машраб Намангоний.
Китобни варақлай бориб, бир ғазални ўқиди у:

Анал ҳақ гўи ижодам, тажаллипарвари ишқам,
Мудом аз хўни мансурам зи дурзи соғари ишқам.
Бора-бора овози ўктамлаша борган шоир ғазални кўзлари ёниб тугатди.
-Ажаб айтибмиз!-дея ғурур билан биродарига қаради у.-Дилидин «Анал ҳақ» каломин ўткармаган бандалар кўру кардурлар! Алар нопок қилмишлари бирла кишиларга озор берурлару ани Худонинг иродасига қўйиб, ўзларини четга олурлар! Ҳа, биродар! Ҳақ таоло арши толе узра воҳид эрмас, ҳар бандасининг кўнглидадур! Дили пок инсон ҳақдур, нопок инсон инсон ҳам эрмас!
(Хайриддин Бегматовнинг «Девона Машраб» романидан олинган).
14. Ушбу келтирилган парча кимнинг асаридан олинган?
Борлиқни зиёга тўлдириб кўтарилаётган қуёш. Чўлу даштлар, тоғу тошлар, қумлик, саҳролардан ўтиб бораётган Машраб.

Онқадар нурга тўлибман, осмонга сиғмадим,
Токи аршу курсию лавҳу жинонға сиғмадим.
Кимга соям тушса бир нури яқин бўлди у ҳам,
Дафтари руҳи қудусдурман забонга сиғмадим.
(Кимсан Машраб Турон ўғли-Кимсанов Машрабжон Турановичнинг «Девона Машраб» бадийасидан олинган).
15. Қуйида келтирилган парча қайси асардан олинган?
— Девонагинам, сендан ҳам, синглинг Хайринисодан ҳам, қўни-қўшни, қавми-қариндош, эл-юртдан ҳам мингдан-минг розиман. Эй Худовандо, энди берган омонатингни олсанг ҳам майли.
Биби Салима шундай сўзлар билан «Қуръон»ни бағрига босганича оламдан ўтди.
-Она-жон-ним!!!
Девона Машраб фарёд ила ўзини онаизори бағрига отди. Липиллаб-липиллаб ёнаётган шамчироқ ўчиб, хонани зулмат қоплади.
Начук айлай, аё дўстлар, ки жононимдин айрилдим,
Тириклик боси ул муниси жонимдин айрилдим,
Ўшал наврастайи гул барги хандонимдин айрилдим,
Бўлубман булбули шайдо гулистонимдин айрилдим,
Асолат бирла хоқон ибни хоқонимдин айрилдим.
(Кимсан Машраб Турон ўғлининг «Девона Машраб» бадийасидан олинган).
16. Қуйида келтирилган парча кимнинг асаридан олинган?
Қабристон. Чопонининг ўнгирида тупроқ тарқатаётган болакай. Очиқ қабр ёнида тиловат қилаётган Оқсоқол. Шивирлаб, тупроққа дам солаётган, ҳамдардлар. Қабр устига тортилган чойшаб остидан, лаҳадга қўйилаётган марҳуманинг жасади. Унсиз йиғлаб, онаизори ҳақига дуо ўқиётган Девона Машраб…
Куюб кул бўлди жисмим, эмди куймаклик на ҳожатдур,
Таҳаммул пеша қил, маҳвашки, фазли бениҳоятдур,
Азалда ҳар на бўлса, ўзга бўлмак на ҳикоятдур,
Жаҳон аҳлига, бас, ҳар дам фалакдин на шикоятдур,
Давосиз дарда учрабман, ки дармонимдин айрилдим.
(Кимсан Машраб Турон ўғлининг «Девона Машраб» бадийасидан олинган).
17. Ўзбекистон миллий энциклопедиясида тасвирланган Машраб расми қайси рассом томонидан ишланган?
(Ўзбекистон миллий энциклопедиясида Машраб сиймоси тасвирланган расм Ўзбекистон халқ рассоми Д.Имомов томонидан ишланган).
18. Бобораҳим Машраб ҳақида «Адабий-танқидий очерк» ёзган муаллиф ким?
(Зокирий Муҳсин «Бобораҳим Машраб» Адабий-танқидий очеркини 1966 йилда ёзган).
19. Машрабнинг асрлар давомида халқ ҳофизлари томонидан севиб куйланиб келаётган ғазалларидан қайсиларини биласиз?
(«Тушди савдои муҳаббат бошима», «Мен нола қилай шому саҳар дод эшигинда», «Сенсан севарим, хоҳ инон, хоҳ инонма», «Арзимни айтай боди сабоға», «Шоҳи жаҳоним, ишқингда ўлдум», «Эй гулбаданим, гул юзингга банда бўлойин», «Агар ошиқлиғим айтсам, куюб жону жаҳон ўртар»… ва бошқалар).
20. Ушбу келтирилган парча шоирнинг қайси мухаммасидан олинган?
Бориб айтинг, азизим, кўзларимға тўтиё келсун,
Мени бедасту пони кўргали ул подшо келсун,
Солиб бўйниға зулфи анбарин мушки Хито келсун,
Мени кулбамни равшан қилғали ул пурзиё келсун,
Умидим бор: ранжурларни излаб, ҳар сабо келсун.
(Бобораҳим Машрабнинг «Бориб айтинг, азизим кўзларимға тўтиё келсун» мухаммасидан олинган).
21. Бобораҳим Машрабнинг қайси ғазаллари ҳозирги кунда ҳам хонандалар томонидан куйланиб келинмоқда?
(Бобораҳим Машрабнинг «Тушди савдои муҳаббат бошима», «Мен нола қилай шому саҳар дод эшигинда», «Сенсан севарим, хоҳ инон, хоҳ инонма», «Арзимни айтай боди сабоға», «Кўрсат жамолинг мастоналарға», «Эй фалак, қилдинг мени ул меҳрибонимдин жудо», «Эй гулбаданим, гул юзингга банди бўлойин», «Агар ошиқлиғим айтсам, куюб жону жаҳон ўртар», «Бориб айтинг, азизим, кўзларимға тўтиё келсун», «Эй ғунчаи навхези гулистони малоҳат» каби ғазаллари қўшиқ қилиниб, хонандалар куйлаб келмоқдалар).
22. Ушбу келтирилган парча қайси асардан олинган?
Ниҳоят, Девона Машраб нарвоннинг сўнги поғонасини босиб, дорнинг устига чиқдилар-да, ўгирилиб пастга қарадилар. Оломон маъносиз кўзларини дорга қадаганча, жим турар эди. Девона Машраб оёқларини осилтириб дорнинг тўсинига ўтирдилар….
Нури дийдам қуввати жоним дилимсиз, ё пирим,
Йиғламоқдин кўзларимдин оқти қонлар, алвидо!

Ҳарна бўлса Машраби бечорадин айланг, биҳил,
Хуш каломи булбули боғи жаҳонлар, алвидо!
(Юқорида келтирилган «Девона Машраб» бадийасидан олинган).
23. Ушбу келтирилган парча шоирнинг қайси мусаббаъсидан олинган?
Эй ғунчаи навхези гулистони малоҳат,
В-эй, тоза ниҳоли чаманором назокат,
Зулфи сияҳинг-фитнаю холу хатинг-офат.
Йўлингда тегар бошима минг санги маломат,
Мақбулсан, эй дилбари хушлаҳжа, бағоят,
Ваҳ-ваҳ, на гўзалсан, на ажойиб, на қиёмат,
Ҳай-ҳай, на санам келса жафо-жонима роҳат.
(Бобораҳим Машрабнинг «Эй, ғунчаи навхези гулистони малоҳат» мусаббаъсидан олинган).
24. «Машраб ва унинг бадиий адабиётдаги талқини» мавзусида филология фанлари бўйича номзодлик диссертациясини ким ёзган?
(Эркин Мусурмонов филология фанлари бўйича номзодлик диссертациясини ёзган).
25. Ушбу келтирилган манба қайси муаллифнинг асарида акс эттирилган?
Девона Машраб аста-секин дор устига кўтарила бошладилар. Бир оз ҳушига кела бошлаган Султон Маҳмуд бошини хиёл кўтариб, дорга қаради. Ғазабдан кўзлари ёнаётган вазир. Бир чеккада турган уламолар ва унсиз йиғлаётган оломон…
Бўлди айёми баҳору сабза бўлди ер юзи,
Бўлди пайдо лоладек доғи ниҳонлар алвидо!

Гар фалак куйдурса мундоғ неча кунлар айланиб,
Бу жаҳонда қолмагай ному нишонлар алвидо!…
(Кимсан Машраб Турон ўғлининг «Девона Машраб» бадийасида акс эттирилган).

Беллашув якунини ҳакамлар маълум балл қўйиш билан якунлайдилар. Бунда жавобларнинг тўғрилиги, батафсиллиги ҳам эътиборга олинади. Ҳакамлар ҳайъатига адабиёт ўқитувчилари, адабиётшунослар, шоир ва ёзувчилар, журналистлар, санъаткорлар, адабиёт билимдонлари таклиф этилади. Ғолибларни совғалар билан тақдирлаш тавсия этилади. Совға тариқасида китоблар, гуллар ва эсдаликлар топшириш мумкин. Шунингдек, ҳар бир ахборот-кутубхона ва ахборот-ресурс марказлари ўзларининг ҳомийлари билан биргаликда каттароқ совға саломлар беришлари ҳам мумкин.

Ғазалхонлик беллашувини ташкил
қилишга тавсиялар
Танловнинг мақсади китобхонларни Бобораҳим Машрабнинг ишқ, вафо, садоқат, гўзаллик ва бошқа мавзуларда ёзилган ғазалларига қизиқишларини оширишдан иборат.
Беллашув ўтказишдан олдин китобхонлардан беш кишидан иборат гуруҳ тузилади. Уларга асосан мактаб, лицей, коллеж ўқувчилари, олий ўқув юрти бакалавриат ва магистратура йўналишлари талабалари, турли соҳа эгалари бўлган китобхонларни киритиш мумкин.
Беллашув ташкилотчилари қатнашувчиларга бериладиган шартларни тузиб чиқадилар. Сўнгра қуръа ташлаш йўли билан қатнашувчиларнинг рақамлари белгиланади. Ҳар бир қатнашувчи айтмоқчи бўлган ғазали мавзусини тўлиқ билиши шарт.
Ғазалхонлик беллашуви ўтказиладиган кутубхона, ахборот-кутубхона ва ахборот-ресурс марказларида Бобораҳим Машраб ҳаёти ва фаолиятини акс эттирувчи китоб-суратли кўргазма ташкил этишни тавсия қиламиз. Шунингдек, Машраб ғазаллари билан айтилган мумтоз қўшиқларнинг видеотасмаларини ёки видеофильмларда куйланган ғазалларини намойиш этишларини тавсия қиламиз.
Қуйида беллашувда айтиладиган ғазаллардан намуналар келтирамиз.
1-рақамдаги қатнашувчи: «Ҳар кимнинг дарди бўлса йиғласун ёр олдида» ғазали.

Ҳар кимнинг дарди бўлса йиғласун ёр олдида,
Қолмасун армон юракда этсун изҳор олдида.

Андалиби бенаводек нолаву афғон ила
Айланиб сайраб юрарман айни гулзор олдида.

Мансури Ҳаллождек ичиб шароби антаҳур,
Чарх уруб йиғлаб турурман ушбу дам дор олдида.

Ҳар киши бир журъае нўш айласа бу бодадин,
Ул қиёматда қилур арзини жаббор олдида.

Телба Машраб, қилмағил сиррингни зоҳидға аён,
Айтиб-айтиб йиғлайсан ошиқи зор олдида.

2-рақамдаги қатнашувчи: «Мен нола қилай шому саҳар дод, эшигингда» ғазали.
Мен нола қилай шому саҳар дод, эшигингда,
Жонимни берай, шўхи паризод, эшигингда.

Ул лолаву райҳону суман, тоза қизил гул,
Ҳам сарв букулди, қади шамшод, эшигингда.

Хўбони жаҳон бўлса тақи Юсуфи Канъон,
Султону амир бандайи, озод эшигингда.

Зулфунг сени бу жонима юз доми балодур,
Жоним қуши сайд ўлди чу сайёд эшигингда.

Олам бориси лаззати ҳуснунгни топибдур,
Гирёну фиғон, нолаву фарёд эшигингда.

Савдойи муҳаббатга тушубман сени излаб,
Ўлтурди ғаминг, кўзлари жаллод, эшигингда.

Ашким тўкубон ҳажру ғамингда кеча-кундуз,
Вайрона ватан-манзили обод эшигингда.

Ул ҳусну жамолинг ўти Машрабга тушубдур,
Парвонасифат куйди, паризод, эшигингда.

3-рақамдаги қатнашувчи: «Дардим ўтиға ёри биродар чидаёлмас» ғазали.

Дардим ўтиға ёри биродар чидаёлмас,
Дард аҳли ёнар, ҳазрати довар чидаёлмас.

Дардимни агар зарра асар қилса фалакка,
Ўтлар чақилур чарҳи мудаввар чидаёлмас.

Ишқ гавҳарини фош агар қилсам ўшанда,
Даллол фиғон айлару Муштар чидаёлмас.

Бул сирри дилим зоҳир агар бўлса фалакка,
Ул моҳ куяр, шамси мунаввар чидаёлмас.

Ул рўз амал номасини берса қўлумга,
Очиб ўқусам мажнаи маҳшар чидаёлмас.

Дардимни агар солса тарозуи амалға,
Они кўрубоқ мўмину кофир чидаёлмас.

Воиз бўлубон ваъз десам масжид элига,
Ваъзим эшитиб, масжиду минбар чидаёлмас.

Ашъори лазиз ила жавоб айтти бу Машраб,
Они ўқубон кўра Музаффар чидаёлмас.
4-рақамдаги қатнашувчи: «Найлайин, дилдордин бегона бўлдум оқибат» ғазали.

Найлайин, дилдордин бегона бўлдум оқибат,
Юз ғаму ҳасрат билан ҳамхона бўлдум оқибат.

Бу жудолиғ ҳасратидин тоқат этмай бир замон,
Ҳажр жомидин ичиб мастона бўлдум оқибат.

Неча йил кўйида юрдум, етмадим васлига ҳеч,
Ҳажр ҳамридин ичиб девона бўлдум оқибат.

Ёрни васлига етгайманму деб шому саҳар,
Ўртаниб ҳажр ўтига парвона бўлдум оқибат.

Ҳаддин ошди бу менинг расволиғим олам аро,
Халқи олам ичра кўп афсона бўлдум оқибат.

Хонаи айши нашатимни ҳама барбод уруб,
Чуғздек дар кунжи ҳар вайрона бўлдум оқибат.

Хонақоу Каъбадин, Машраб, мурода етмадим,
Май ичибон сокини бутхона бўлдум оқибат.
5-рақамдаги қатнашувчи: «Эй фалак, қилдинг мени ул меҳрибонимдин жудо» ғазали.

Эй фалак, қилдинг мени ул меҳрибонимдин жудо,
Булбул шўрида янглиғ гулистонимдин жудо.

Найлайин, қилдинг мени охир ғарибу бенаво,
Мубталои ғам қилиб кўксумда жонимдин жудо.

Қумри янглиғ бандалик тавқини бўйнумга
Термулуб ҳайрон эдим сарви равонимдин жудо.

Оҳ уриб қон йиғласам айб айламанг, эй дўстлар,
Мен бўлубман тўти тирик забонимдин жудо.

Кўҳ ба кўҳ, саҳро ва саҳро, Машрабо, юрмоқ надур,
Чуғзи бевайронадурман ошёнимдин жудо.

Беллашув 3 босқичдан иборат бўлиб, ҳар бир босқичда баҳоланиб борилади.
Беллашувда ҳакамлар ҳайъати томонидан ихтиёрий битта шарт қўйилиши мумкин. Бунда қатнашувчилар шартда кўрсатилган ғазалнинг номини ёки ўша ғазалдан парча ўқиб берилиши сўралиши мумкин. Булардан намуналар келтирамиз.
1-рақамдаги қатнашувчига.
Қуйидаги мисралар Бобораҳим Машрабнинг қайси ғазалидан олинган ва ғазални давом эттиринг.
Йиғласам вақти дуо бўлғаймукин?
Кўз ёшим дардга даво бўлғаймукин?

Бодан ишқу муҳаббатдин ичиб,
Шавкати дунё жудо бўлғаймукин?
(Бобораҳим Машрабнинг «Йиғласам вақти дуо бўлғаймукин?» ғазалидан олинган. Давоми:

Йиғламоқдин манга имкон қолмади,
Ёрдин манга нидо бўлғаймукин?

Қайси бир дардимни айтай, дўстлар,
Ўлмайин дарди адо бўлғаймукин?)

2-рақамдаги қатнашувчига.
Ушбу мисралар шоирнинг қайси ғазалидан олинган ва ғазални давом эттиринг.
Эй гул баданим, гул юзингга банда бўлойин,
Қурбони шакар лаблари пурханда бўлойин.

Рухсори гулингдин сен агар пардани очсанг,
Кўнглум очилиб булбули ноланда бўлойин.
(Бобораҳим Машрабнинг «Эй гул баданим, гул юзингга банда бўлойин» ғазалидан олинган. Давоми:

Мастона кўзинг ногаҳ агар ёдима тушса,
Ҳу-ҳу қушидек кечалар гўянда бўлойин.

Куйдурди мени бир боқишинг, дилбари раъно
Ҳайрат била мен ошиқи шарманда бўлойин)
3-рақамдаги қатнашувчига.
Қуйидаги мисралар шоирнинг қайси ғазалидан олинган?
Кел, эй дилбар, баён айлай сенга бир-бир жудолиғни,
Ки шояд раҳм этиб солсанг ўзунгга ошнолиғни.

Тамоми хонумонимдин кечибон бир сени дерман,
Ўзингдин ўзга билмайдур, ўзунг билғил жудолиғни.

Чу сендин ўзгани десам, қасам оллоҳ қабул этгил,
Ки зулминг манга айлаб, ўзгага берғил сафолиғни.
(Бобораҳим Машрабнинг «Кел эй дилбар, баён айлай сенга бир-бир жудолиғни» ғазалидан олинган).
4-рақамдаги қатнашувчига.
Ушбу мисралар шоирнинг қайси ғазалидан олинган ва бу ғазал ҳақида сизнинг фикрингиз!
Жафо қилдинг бу жонимға вафони кўрмадим ҳаргиз,
Бу оламда ўзумдек мубталони кўрмадим ҳаргиз.

Муҳаббат йўлига қўйдум қадам, ҳолим забун бўлди
Беғайр аз меҳнату дарду балони кўрмадим ҳаргиз.

Табибо, муддате бўлдики, мен дардиға ҳамдамман,
Узулди риштаи жоним, давони кўрмадим ҳаргиз.
(Бобораҳим Машрабнинг «Жафо қилдинг бу жонимға вафони кўрмадим ҳаргиз» ғазалидан олинган).
5-рақамдаги қатнашувчига.
Қуйида келтирилган мисралар шоирнинг қайси ғазалидан олинган ва уни давом эттиринг.
Офати жоним, эй санам, қоши қаросини кўрунг,
Икки юзиға чўлғонур зулфи сиёсини кўрунг.

Ҳуру паридин тозадур, шамсу қамар хижилдадур,
Ким они кўрса бандадур ҳусни расосини кўрунг.
(Бобораҳим Машрабнинг «Офати жоним, эй санам, қоши қаросини кўрунг» ғазалидан олинган. Давоми:
Гоҳо қизиб қабо кийиб, қирмизи сочбоғин солиб,
Нозу қарашмалар қилиб, аҳду вафосини кўрунг.

Гоҳи қошини ёй этиб, киприк ўқи бирлан отиб,
Жоду кўзини ўйнатиб, макру балосини кўрунг).

Беллашув якунини ҳакамлар маълум балл қўйиш билан якунлайдилар. Бунда ғазалларнинг маъно ва мазмуни, айтувчининг ижрочилик маҳорати ҳам эътиборга олинади. Ҳакамлар ҳайъатига адабиёт ўқитувчилари, ёзувчилар ва шоирлар, адабиётшунослар, журналистлар, санъаткорлар таклиф этилади. Ғолибларни совғалар билан тақдирлаш тавсия этилади. Совға тариқасида китоблар, гуллар ва эсдаликлар топшириш мумкин. Шунингдек ҳомий ташкилотлар билан ўзаро алоқа ўрнатиб, улар билан ҳамкорликда қимматбаҳо совғалар билан тақдирлаш мумкин.

«Бобораҳим Машраб тилларда достон шоир» номли китоб-суратли кўргазмани ташкил этиш учун материаллар

Таклиф этилаётган китоб кўргазмаси кутубхона, ахборот-кутубхона ва ахборот-ресурс марказларида ўтказиладиган тадбирларни тўлдиради.
Кўргазма қуйидаги бўлимларни ўз ичига олади:
1. Бобораҳим Машраб ҳаёти ва фаолиятининг саҳифалари
Офоқ Хожа Машрабнинг ҳирс томирини куйдирмаганида, уни фақат Оллоҳ дарди билан яшашга йўлламаганида бизга бундай буюк маънавий неъмат-унинг бетакрор шеърий мероси балким қолмасмиди.
Жалолиддин Юсуфий
Бу бўлимга Бобораҳим Машраб ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида ўзбек ва бошқа тиллардаги нашрлар қўйилади.
2. Машраб лирик шоир
У жозибадор ва самимий, ўйноқи ва жўшқин лириканинг муаллифи сифатида бутун Ўрта Осиёда катта шуҳрат қозониб, чин маънода халқ шоири даражасига кўтарила олган.
А.Абдуғафуров
Бу бўлимга Бобораҳим Машраб ғазаллари, мустазод ва мураббаъ, мухаммас ва мусаддас, мусаббаълари ҳамда бошқа тилларга таржима қилинган лирикаси намойиш этилади.

3. Бобраҳим Машраб ўзбек адабиётида
Кел, бугун, эй шоир, гумроҳ, тўполон,
Турли гуруҳлардан нифоқни кўтар!
Ўмгани оҳиста тикланаётган
Ҳалқинг-ла бу озод байроқни кўтар!
Сувратинг бир шараф, руҳинг бир шараф,
Эй Машраб, Машраб!
Омон Матжон
Бу бўлимга шоир ва ёзувчиларнинг Бобораҳим Машрабга бағишлаб ёзган романлари, бадийа, шеърлари, ғазалларига бағишлаб ёзилган мухаммаслар ва бошқа асарлар қўйилади.

Кутубхоналарда, ахборот-кутубхона ва ахборот-ресурс марказларида ўтказиш мумкин бўлган тадбирлар туркуми

Илмий-амалий конференция

1. «Бобораҳим Машрабнинг ижод олами».
2. «Машраб қаландар шоир».
3. «Машраб ижодининг кейинги асрлар адабиётига таъсири» каби мавзуларда;
«Ишқ-муҳаббат куйчиси», «Вафо-садоқат куйчиси», «Эзгуликни куйлаган шоир» каби мавзуларда китоб кўргазмаси ва кўргазмадаги адабиётлар обзори.
Китобхонлар конференцияси

1. «Мабдайинур» минг дурдонанинг бири».
2. «Машраб қўшиқчи шоир».
3. «Бобораҳим Машраб бадиий адабиётда».
4. «Машраб эрк ва эзгулик куйчиси».
5. «Девона Машраб» романи юзасидан.
6. «Мумтоз шеъриятда Машрабнинг ўрни» каби мавзуларда;
«Қўшиқларинг куйлайман», «У қолдирган бадиий мерос», «Тилларда достон шоирим» каби мавзуларда китоб кўргазмаси ва кўргазмадаги адабиётлар обзори.

Савол-жавоб кечаси

1. «Бобораҳим Машраб ҳаёти ва фаолиятига бир назар»
2. «Машраб ғазаллари халқлар ишқ бўстонида».
3. «Машраб ғазалларининг таржималари».
4. «Қўшиққа айланган ғазаллар» каби мавзуларда;
«Халқ меҳрига мушарраф шоир», «Машраб шоир ва мутафаккир», «Ғазаллари куйланган шоир» каби мавзуларда китоб кўргазмаси ва кўргазмадаги адабиётлар обзори.

Билимдонлар беллашуви

1. «Бобораҳим Машраб ҳақидаги асарларни биласизми?».
2. «Бобораҳим Машрабнинг қайси ғазаллари муридлик йилларининг маҳсули?»
3. «Машрабнинг бадиий мероси» каби мавзуларда;
«Ҳаққингга бир дуо айлай», «Уни Девонаи Машраб дерлар», «Исёнкор шоир» каби мавзуларда китоб кўргазмаси ва кўргазмадаги адабиётлар обзори.

Мавзули кеча

1. «Машраб ғазалларида ишқ-муҳаббатнинг улуғланиши».
2. «Машраб ғазалларида муҳаббатнинг қаламга олиниши».
3. «Эзгулик ва гўзалликнинг мадҳ этилиши» каби мавзу- ларда;
«Меҳрибоним қайдасан», «Қаландар шоир», «Машраб сўз санъаткори», «Машраб истеъдодли шоир» каби мавзуларда китоб кўргазмаси ва кўргазмадаги адабиётлар обзори.

Давра суҳбати

1. «Машраб лирикасида ёр ва севги ҳақидаги мисраларнинг қаламга олиниши».
2. «Машраб ғазалларининг рус тилига таржимаси».
каби мавзуларда;
«Машраб етук шоир», «Шоир ҳамиша барҳаёт», «Улуғ лирик шоир» каби мавзуларда китоб кўргазмаси ва кўргазмадаги адабиётлар обзори.
«Диспут» ўйини
1. «Девонаи Машраб фаолиятини биласизми?».
2. «Бобораҳим Машраб ғазалларининг куйланиши»
3. «Машрабнинг фалсафий қарашлари».
4. «Шоир адабий меросидаги диний ва тасаввуф йўна-лишидаги шеърларнинг ўрни» каби мавзуларда;
«Бобораҳим Машраб мумтоз адабиётимиз йирик шоири», «Халқ севган шоир», «Машраб шоир ва бастакор» каби мавзуларда китоб кўргазмаси ва кўргазмадаги адабиётлар обзори.
Мўъжизалар майдони
«Ўйла. Изла. Топ» рукни остида
1. «Бобораҳим Машраб ҳақида замондошларининг хотиралари».
2. «Ҳозирги давр адабиётшунослари Бобораҳим Машраб ҳақида».
3. «Бобораҳим Машраб ҳақидаги бадиий асарлар» каби мавзуларда;
«Азиз ва мўътабар шоир», «Ғазаллари мангу қўшиқ бўлиб янграйди», «Халқпарвар шоир» каби мавзуларда китоб кўргазмаси ва кўргазмадаги адабиётлар обзори.

Адабий-бадиий мусиқали кеча
1. «Назми наволар».
2. «Кўрсат жамолинг мастоналарға».
3. «Булбулдайинким фарёд этарман».
4. «Кўргали ул дилрабо келсун».
5. «Кўзлари мастона келибдур» каби мавзуларда;
«Умрбоқий қўшиқлар», «Халққа манзур қўшиқлар», «Забардаст лирик шоир», «Мангу қўшиқлар» каби мавзуларда китоб кўргазмаси ва кўргазмадаги адабиётлар обзори.

Учрашув кечаси
а) Бобораҳим Машраб ҳақида асарлар ёзган муаллифлар билан.
1. Ҳайриддин Бегматов
2. Кимсан Машраб Турон ўғли
б) У ҳақида шеър ва илмий мақолалар ёзган муаллифлар билан
1. Жалолиддин Юсуфий
2. Нажмиддин Комилов
3. Омон Матжон
4. Холдор Олимжон
«Умри боқий шоир», «Ғазаллари янграйверади», «Нурдан нур яралади» каби мавзуларда китоб кўргазмаси ва кўргазмадаги адабиётлар обзори.

Хотира ва қадрлаш соати
1. «Бобораҳим Машраб хотираси барҳаёт».
2. «Ғазалхон шоир».
3. «У тирик шоир».
4. «Қўшиқлари куйланади».
5. «Шоир барҳаёт» каби мавзуларда;
«Халққа манзур шоир», «Ўчмас номинг», «Уни халқу замон йўқлар» каби мавзуларда китоб кўргазмаси ва кўргазмадаги адабиётлар обзори.
Қатнашувчилар: жойлардаги Республика Маънавият тарғибот маркази, «Олтин мерос», «Маҳалла», «Соғлом авлод учун», «Истеъдод», «Нуроний» каби жамғармалар вакиллари, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, Машраб музейи ходимлари, хотин-қизлар қўмита- ларининг вакиллари, адабиётшунослар, филологлар, ёзувчи ва шоирлар, диншунослар, санъаткорлар, журналистлар, рассом- лар, адабиёт ўқитувчилари, адабиёт билимдонлари ҳамда кенг китобхонлар оммасини жалб қилиш мақсадга мувофиқ.

Адабиётлар

Машраб. Танланган шеърлар /Нашрга тайёрловчилар: П.Шамсиев, А.Ҳайитметов.-Т.: Ўзадабийнашр, 1958-93 б.- (Ўзбек классиклари кутубхонаси).
Машраб. Танланган асарлар /Нашрга тайёрловчи А.Абдуғафуров.-Т.: Ўзадабийнашр, 1963.-200 б.
Машраб. Танланган асарлар /Нашрга тайёрловчи ва сўз боши А.Абдуғафуровники.-2-нашр.-Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1971.-191 б.
Машраб. Машраб шеъриятидан /Тузувчи А.Абдуғафуров; Редкол.: Ҳ.С.Сулаймонов ва бошқ.-Т.: Ўзбекистон, 1979.-126 б. –(Шарқ классиклари меросидан).
Машраб. Девон /Нашрга тайёрловчилар: В.Раҳмонов, К.Исроилов.-Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1980.-352 б.
Машраб Бобораҳим. Меҳрибоним қайдасан: Ғазаллар, мухаммаслар… /Нашрга тайёрловчи ва сўнги сўз муаллифи Ж.Юсупов; Сўзбоши муаллифлари: Г.Саломов, Н.Комилов; Масъул муҳаррир В.Раҳмонов.-Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1990.-416 б. – (Ўзбек адабиёти бўстони).
Машраб Бобораҳим. Мабдайи нур: Сайланма ғазаллар ва мустазодлар /Нашрга тайёрловчилар: Г.Ниёзов, К.Аҳмедов; Масъул муҳаррирлар: Ҳасанхўжа Муҳаммадхўжа ўғли, И.Абдуллаев, Маҳмуд Ҳасаний.-Т.: Фан, 1994.-48 б.
Mashrab Boborahim. Dilim daryoi nurdir: Tanlangan she`rlar /So`z boshi A.Abdug‘afurovniki.-T.: G‘afur G‘ulom nom. nashriyot-matbaa ijodiy uyi, 2004.-232 b.
Машраб Девон /Масъул муҳаррир В.Раҳмонов.-Т.: Янги аср авлоди, 2006.-608 б.
* * *
Машраб. Қатралар, бир-бир қўшулса охири уммон бўлур…: Гарчи зоҳиди гадомаг, аршдин ўтти ҳимматим…: [Ғазаллар] //Қишлоқ ҳақиқати.-1992.-22 май.
Машраб. Ғазаллар /И.Абдуллаев тайёрлаган //Халқ сўзи.-1992.-22 май; Ўзбекистон овози.-1992.-22 май.
Машраб. «Эй «алиф» отингга қилдим арҳат топай ибтидо…» Шеърий алифбо //Халқ сўзи.-1994.-12 февр.
Машраб Бобораҳим. Руҳи поким тозадур…; Бошимга доимо Ҳақ раҳмати саршор учун келдим…: [Шоирнинг янги топилган бир мухаммас, бир мусаддаси] /Нашрга тайёрловчи Ж.Юсупов //Тафаккур.-1997.-№3.-Б.60-63.
Машраб. Мухаммаслар //Ўзбекистон адабиёти ва санъати.-1997.-28 апр.
Машраб Бобораҳим. Бухородур: [Мухаммас] //Ўзбекистон овози.-1997.-29 апр.
Машраб. Бандасига меҳрибондур аввалу охир Худо; Мухаммас; Санинг ишқингда, эй дилбар тушуб бошимға ҳайронлик; Ишқинг ўтиға ўртаб ҳар дам чу куяй дерман: [Ғазаллар] //Ёзувчи.-1998.-26 авг.
Машраб. Қаю тил бирла, эй жоно, сенинг васфинг баён айлай: [Ғазаллар] //Шарқ юлдузи.-2006.-№2.-Б.138.

* * *
Бегматов Х. Девона Машраб: Роман.-Т.: Шарқ, 2005.-272 б.
Зокирий Муҳсин. Машраб: Адабий-танқидий очерк.-Т.: Тошкент, 1966.-118 б.
Кимсан Машраб Турон ўғли. Девона Машраб: Бадийа.-Т.: Алишер Навоий ном. Ўзбекистон Миллий к-наси нашриёти, 2006.-98 б.
Қиссаи Машраб /Нашрга тайёрловчилар С.Рафъиддин, М.Ёқуб, Халил, Шарофхон Жамолхон ўғли; Сўз боши муаллифи М.Жўраев; Изоҳ ва луғат муаллифи С.Рафъиддин.-Т.: Ёзувчи, 1992.-176 б.
* * *
Бобораҳим Машраб //Абдуғафуров А. Эрк ва эзгулик куйчиси: Илмий-танқидий мақолалар.-Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1979.-Б.101-148.
Бобораҳим Машраб //Буюк сиймолар, алломалар: (Марказий Осиёлик машҳур мутафаккирлар, донишмандлар ва адиблар). 3- китоб /Масъул муҳаррир М.Хайруллаев.-Т.: Абдулла Қодирий ном. халқ мероси нашриёти, 1997.-Б.46-52.
Бобораҳим Машраб //Маънавият юлдузлари: (Марказий Осиёлик машҳур сиймолар алломалар, адиблар) /Масъул муҳаррир М.М.Хайруллаев.-Тўлдирилган қайта нашр.-Т.: Абдулла Қодирий ном. халқ мероси нашриёти, 1999.-Б.284-291.
Бобораҳим Машраб //Маънавият юлдузлари: (Марказий Осиёлик машҳур сиймолар алломалар, адиблар) /Масъул муҳаррир М.М.Хайруллаев.-Тўлдирилган қайта нашр.-Т.: Абдулла Қодирий ном. халқ мероси нашриёти, 2002.-Б.284-291.
Машраб Бобораҳим //Ислом. Энциклопедия: А-Ҳ /З.Ҳусниддинов таҳрири остида.-Т.: Ўзбекистон миллий энциклопедияси Давлат илмий нашриёти, 2004.-Б.155.

* * *
Абдулла Жалил. Жаҳонгашта шоир: [Бобораҳим Машраб ҳақида] //Қишлоқ ҳақиқати.-1992.-22 май.
Абдуллаев И. Мабдаи нур жилоси: [Бобораҳим Машраб ҳақида] //Қишлоқ ҳақиқати.-1992.-22 май.
Абдуллаев И. Машраб таржимаи ҳолига оид ғазал //Ўзбекистон адабиёти ва санъати.-1992.-17 янв.
Абдуллоҳ Ҳожи Исматуллоҳ. «Кўнгил узма шундоғ кимёдин»: [Бобораҳим Машрабнинг «Кимё» асари ҳақида] //Ўзбекистон адабиёти ва санъати.-1999.-23 апр.
Абдуллаева Д. Талабда қаландарлик: [Бобораҳим Машраб ҳақида] //Ўзбекистон адабиёти ва санъати.-1998.-18 сент.
Абдуқаҳҳорова Ф. Машраб: [Шеър] //Зулфия қизлари /Тўпловчи Ҳ.Мирзажонова.-Т.: Ғафур Ғулом ном. нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2004.-Б.15.
Абдуғафуров А. Машраб //Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 5 жилд. Конимех-Мирзоқуш / Таҳрир ҳайъати: М.Аминов, Т.Даминов, Т.Долимов ва бошқ.-Т.: Ўзбекистон миллий энциклопедияси Давлат илмий нашриёти, 2003.-Б.534-535.
Абдуғафуров А. Машрабшуносликнинг баъзи муаммолари: [Ўзбек шоири Бобораҳим Машрабнинг ижоди ва ҳаёти ҳақида мулоҳазалар] //Ўзбек тили ва адабиёти.-1993.-№3.-Б.65-74.
Аваз Комил. Машраб Маккорами? // Ўзбекистон адабиёти ва санъати.-2006.-17 нояб.
Аваз Комил. Машраб ғазалига мухаммас // Ўзбекистон адабиёти ва санъати.-2006.-17 нояб.
Бердимуродов А. Ўзи шоҳу, лекин қаландар, комил сўфи-ю, лекин девона, авлиё-ю, аммо фақир Машраб қисмати //Даракчи.-2000.-28 сент.
Воҳидов Р. Машраб ижоди Фитрат талқинида //Ўзбек тили ва адабиёти.-1997.-№4.-Б.20-26.
Гапарова М. Машраб ҳақида сўз //Маърифат.-2003.-29 март.
Дадабоев О. Машрабхонлик ҳафталиги //Миллий тикланиш.-2007.-30 май.
Жалолиддин Юсуфий. Уни девонаи Машраб дерлар: [Бобораҳим Машрабнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида] //Ёзувчи.- 1998.-26 авг.
Жузжоний Абдулҳаким Шарвий. «Ваҳдат» уммонининг ғаввоси: [Бобораҳим Машрабнинг тавҳид фалсафаси ҳақида] //Мулоқот.-1999.-№2.-Б.55-58.
Жумахўжа Нусратулло. Илоҳий ишқ ошуфтаси: Бобораҳим Машрабнинг ҳаёти, авлиёлик хислатларининг намоён бўлиши, саргузаштлари // Маърифат.-1995.-16 авг.
Жумахўжа Нусратулло. “Мавж уриб, дунёға сиғмамдур”: [Бобораҳим Машрабнинг “Сиғмамдур” радифли ғазали ҳақида] // Халқ сўзи.-1996.-8 февр.
Жумахўжа Нусратулло. Машраб ҳамма замонда исёндир [Машриқ авлиёлари Машраб ижоди ҳақида] //Гулистон.-1998.-№5.-Б.54-55.
Ибодинов А. Машраб Ҳожи бўлганми? //Ўзбекистон овози.-1994.-27 сент.
Иброҳим Ғафур. Қудсий калом //Ўзбекистон адабиёти ва санъати.-1992.-22 май.
Каримов Н. Машраб гулларга бурканди //Ўзбекистон адабиёти ва санъати.-1993.-4 июнь.
Маҳкам Асқар. Нурдан нур яралади: [Шоҳ Машрабнинг «Мабдайи нур» асари ҳақида] //Халқ сўзи.-2003.-11 янв.
Мирзо Минҳожиддин. Машраб: [Шеър] //Маърифат.-2000.-3 июнь.
Мўъмин Хожимхон. Машраб ижтимоий қарашларининг фалсафий илдизлари: [Машраб фалсафаси ҳақида] //Гулистон.-1996.-№1.-Б.56-57.
Назаров М. Шоҳ-Машраб шеърларидаги майин табассум: [Шоир Бобораҳим Машраб лирикасида юмор, сатира ҳажвнинг куйланиши ҳақида] //Гулистон.-2000.-№1.-Б.58-59.
Ойбек. Машраб: [Шеър] //Ўзбекистон овози.-1992.-21 май; Туркистон.-1995.-11 янв.
Ойдин. Машраб: [Шеър] //Халқ сўзи.-1992.-22 май.
Омон Матжон. Бу – Машраб, Машраб: [Шеър] //Ўзбекистон овози.-1992.-22 май.
Раҳимов К., Луқмонов А. Афғонистонда Машраб мадҳи: [Машраб ҳаёти ва ижодидан] //Ўзбекистон овози.-1992.-1 февр.
Ризаев Ш. Бадиий мушоҳада ва тарих ҳақиқати: [Ёзувчи Бобораҳим Машраб ҳақида] //Театр.-2003.-№1.-Б.18-19.
Саъдулла Ҳабиб. Уни халқу замон йўқлар: [Бобораҳим Машраб ҳақида] //Халқ сўзи.-1999.-20 май.
Саъдулла Ҳабиб. Эшигингда: [Бобораҳим Машрабнинг «Менинг йўқлар кишим борми?» номли ғазалига мухаммас] //Қишлоқ ҳаёти.-1999.-21 май.
Тожихўжаев М. Машраб ғазали халқлар ишқ бўстонида: [Тадқиқот, ахборот] //Ўзбекистон адабиёти ва санъати.-2007.-13 июль.
Хидиров Р. Машраб ғазалиётида нафс муаммоси //Бир сафда.-2006.-№2.-Б.35-36.
Холдор Олимжон. Ғазаллар: Машраб ғазалига мухаммас: [Шеър] //Шарқ юлдузи.-1991.-№9.-Б.86.
Худойшукур Зокир. “Нури ҳақдин кимё топсам керак…”: [Машраб ижодидан] // Шарқ юлдузи.-2000.-№ 3-4.-Б. 150-154.
Шуҳрат. Машраб: [Қоши қорасини кўринг; Болалик; Шайдо кўнгил; Мулло бозор Охунднинг севимли шогирди; Қайғу ва Ҳижрон; Тақдир ёзди]: Роман //Шарқ юлдузи.-1998.-№1.-Б.3-68.
Ғайбуллоҳ ас-Салом. Матншунос ва мунаққид: [Бобораҳим Машрабнинг ижоди ҳақида] //Ёзувчи.-1998.-5 авг.
Ҳамроева Д. Манбаларда Машраб ҳақида: [Шоир ҳақида маълумот берувчи Муҳаммад Бадеъ Малеҳо Самарқандийнинг «Музаккир ул асҳоб» тазкирасида Саид Ҳокимхон Тўранинг «Мунтахаб ут-таворих» асарлари ҳақида] //Ўзбек тили ва адабиёти.-2002.-№3.-Б.28-32.
Ҳамроева Д. Машраб ҳақидаги афсона ва ҳақиқатлар //Ишонч.-2004.-7 май.
Ҳошимов М. Бобораҳим Машраб ҳаёти ва ижодий мероси //Қадрият.-2005.-9 июль.
Ҳошимхонов М. Халойиқ куймасун ҳаргиз ёхуд Машраб ижодида ижтимоий адолат ва кенглик: [Бобораҳим Машраб ҳаёти ва ижоди ҳақида] //Фидокор.-2005.-29 нояб.
Ҳошимхонов М. Ҳеч кимга йўқтур нисбатим: [Шоир Машраб шеърларининг тасаввуфи ҳақида] //Ҳуррият.-2005.-28 сент.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

ADABIYOT ATOMDAN KUCHLI !