ФУҚАРОЛАРНИНГ ДАВЛАТ ПЕНСИЯ ТАЪМИНОТИ ТЎҒРИСИДА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
«ФУҚАРОЛАРНИНГ ДАВЛАТ ПЕНСИЯ ТАЪМИНОТИ ТЎҒРИСИДА»ГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИГА ҲАМДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ МЕҲНАТ КОДЕКСИГА ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ҲАҚИДА»ГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИНИ АМАЛГА ОШИРИШ УЧУН ЗАРУР БЎЛГАН НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТЛАРНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 14-сон, 142-модда)
«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 22 декабрдаги ЎРҚ-272-сонли Қонунини бажариш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидаги янгиланган:
Болаликдан ногиронларга нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган қарияларга ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Вазирлар Маҳкамасига:
бир ой муддатда — «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига давлат пенсиялари миқдорларини иш ҳақининг якка тартибдаги коэффициентларини қўллаган ҳолда ҳисоблаш тартибини жорий этишни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни;
икки ой муддатда — ногиронликни ва касбий меҳнатга лаёқатни йўқотиш даражасини аниқлашнинг аниқ мезонларини белгиловчи тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини;
уч ой муддатда — давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлашнинг бирхиллаштирилган тартибини, пенсия имтиёзларини қўллашни ва фуқароларнинг пенсия таъминоти билан боғлиқ бошқа масалаларни тасдиқлаш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини киритсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш учун зарур бўлган норматив ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» 1994 йил 11 майдаги 249-сон қарорига 3-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 4-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2011 йил 7 апрель,
107-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 апрелдаги 107-сон қарорига
1-ИЛОВА
Болаликдан ногиронларга нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом 16 ёшдан катта болаликдан ногиронларга ва 16 ёшгача ногирон болаларга ҳар ойлик нафақалар (кейинги ўринларда нафақа деб аталади) тайинлаш ва тўлаш тартибини белгилайди.
2. Нафақа олиш ҳуқуқига тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари (ТМЭК) томонидан болаликдан I гуруҳ ногиронлари, болаликдан II гуруҳ ногиронлари деб эътироф этилган 16 ёшдан катта шахслар (кейинги ўринларда 16 ёшдан катта болаликдан ногирон деб аталади), шунингдек нафақа олиш ҳуқуқини берадиган тиббий хулоса мавжуд бўлган тақдирда 16 ёшгача ногирон болалар (кейинги ўринларда ногирон бола деб аталади) эгадирлар.
3. Нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар нафақа олиш ҳуқуқи пайдо бўлгандан сўнг бирор-бир муддат билан чеклашсиз, исталган вақтда унинг тайинланиши учун мурожаат қилишлари мумкин.
4. Нафақа қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда тайинланади. Нафақа тайинлаш ва тўлаш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари (кейинги ўринларда Пенсия жамғармаси бўлими деб аталади) томонидан амалга оширилади.
II. Нафақа тайинлаш
5. Нафақа тайинлаш тўғрисидаги ариза (кейинги ўринларда ариза деб аталади):
16 ёшдан катта болаликдан ногирон томонидан;
муомалага лаёқатсиз деб эътироф этилган 16 ёшдан катта болаликдан ногироннинг ота-онаси, фарзандликка олувчиси, васийси ёки ҳомийси томонидан;
ногирон боланинг ота-онаси, фарзандликка олувчиси, васийси ёки ҳомийси томонидан яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармаси бўлимига берилади.
6. Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
а) 16 ёшдан катта болаликдан ногирон томонидан — паспортининг нусхаси;
б) муомалага лаётқатсиз деб эътироф этилган 16 ёшдан катта болаликдан ногироннинг ота-онаси, фарзандликка олувчиси, васийси ёки ҳомийси томонидан — муомалага лаёқатсиз деб эътироф этилган 16 ёшдан катта болаликдан ногироннинг паспорти нусхаси, ариза берган ота-она, фарзандликка олувчи, васий ёки ҳомийнинг паспорти нусхаси;
в) ногирон боланинг ота-онаси, фарзандликка олувчиси, васийси ёки ҳомийси томонидан — ногирон бола туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси, ногирон боланинг яшаш жойини тасдиқлайдиган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи маълумотномаси, соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан белгиланган тартибда бериладиган тиббий хулоса, ариза берган ота-она, фарзандликка олувчи, васий ёки ҳомийнинг паспорти нусхаси.
Фарзандликка олувчи, васий ёки ҳомий томонидан ариза билан мурожаат қилинганда туман (шаҳар) ҳокимининг фарзандликка олиш, васийлик ёки ҳомийликни белгилаш тўғрисидаги қарорининг нусхаси ҳам тақдим этилади.
Пенсия жамғармаси бўлими аризага Пенсия жамғармаси бўлими томонидан тиббий-меҳнат эксперт комиссиясидан олинган 16 ёшдан катта болаликдан ногиронни тиббий текшириш далолатномасидан кўчирмани илова қилади.
7. Аризани қабул қилиб олган Пенсия жамғармаси бўлими томонидан ариза берувчига ариза қабул қилиб олинган сана кўрсатилган ҳолда ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар қабул қилинганлиги ҳақида тилхат берилади.
8. Ариза барча зарур ҳужжатлар билан бирга тушган кундан бошлаб ўн кундан кўп бўлмаган муддатда кўриб чиқилади.
Ариза мазкур Низомнинг 6-бандига мувофиқ барча зарур ҳужжатлар билан бирга Пенсия жамғармаси бўлими томонидан қабул қилиб олинган кун нафақа тайинлаш учун мурожаат қилинган кун ҳисобланади.
Агар ариза почта орқали юборилса ва бунда барча зарур ҳужжатлар тақдим этилса, у ҳолда ариза жўнатилган жойнинг почта штемпелида кўрсатилган сана нафақа тайинлаш тўғрисида мурожаат қилинган кун ҳисобланади.
Аризага барча зарур ҳужжатлар илова қилинмаган ҳолларда ариза берувчига уч кун муддатда қандай ҳужжатларни қўшимча равишда тақдим этиш зарурлиги маълум қилинади. Агар бу ҳужжатлар қўшимча ҳужжатларни тақдим этиш зарурлиги тўғрисида билдиришнома олинган кундан бошлаб уч ойдан кечикмай тақдим этилса, у ҳолда ариза қабул қилиб олинган кун нафақа тайинлаш тўғрисида мурожаат қилинган кун ҳисобланади.
9. Нафақа барча зарур ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда мурожаат қилинган кундан бошлаб тайинланади. 16 ёшдан катта болаликдан ногиронга нафақа ногиронликнинг бутун даврига тайинланади. Ногирон болага нафақа тиббий хулоса берилган муддатга тайинланади.
10. Нафақа тайинлаш рад этилган тақдирда Пенсия жамғармаси бўлими ушбу Низомнинг 8-бандида кўрсатилган муддат мобайнида рад этиш сабаби (сабаблари) ва қабул қилинган қарор юзасидан шикоят қилиш тартибини кўрсатиб, ариза берувчи томонидан тақдим этилган барча ҳужжатларнинг асл нусхаларини илова қилган ҳолда билдиришномани ариза берувчининг қўлига беради ёки почта орқали жўнатади.
11. Нафақа тайинлаш ёки нафақа тайинлаш рад этилиши тўғрисидаги қарор юзасидан ариза берувчи томонидан бевосита судга ёки Пенсия жамғармаси бўлимининг юқори органига шикоят қилиниши мумкин.
12. Ариза тақдим этилган барча ҳужжатлар билан биргаликда нафақа олувчининг алоҳида шахсий ҳужжатлар йиғмажилдида сақланади.
III. Нафақа тўлаш
13. Нафақа Пенсия жамғармаси бўлими томонидан 16 ёшдан катта болаликдан ногироннинг, 16 ёшдан катта болаликдан ногирон ёки ногирон боланинг ота-онаси, фарзандликка олувчиси, васийси ёки ҳомийсининг яшаш жойи бўйича тўланади.
14. Нафақаларни тўлаш ҳар ойда Пенсия жамғармаси бўлимлари томонидан белгиланган муддатларда, бироқ жорий тўлов ойидан кечикмай амалга оширилади.
Нафақалар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишончнома бўйича тўланиши мумкин.
15. Қайта тиббий текширишдан ўтказиш муддати ўтказиб юборилганда нафақаларни тўлаш «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 55-моддасида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
Нафақа олувчи Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасида доимий яшаш учун бошқа туман (шаҳар)га кўчганда нафақани тўлаш янги яшаш жойи бўйича тегишли Пенсия жамғармаси бўлими томонидан нафақа олувчининг шахсий ҳужжатлар йиғмажилди олингандан кейин шу туман (шаҳар)да давом эттирилади. Бундай ҳолда нафақа тўлаш илгариги яшаш жойи бўйича нафақа тўлаш тўхтатилган вақтдан бошлаб давом эттирилади. Нафақа олувчиларни ҳисобдан чиқариш ва янги яшаш жойида ҳисобга олиш тартиби, шунингдек уларнинг йиғма жилдларини жўнатиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланади.
16 ёшдан катта болаликдан ногирон ёхуд ногирон бола доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикаси ташқарисига чиқиб кетганда нафақа тўлаш тўхтатилади.
Нафақа тўлашнинг тўхтатилиши ёки қайта тикланишига олиб келадиган бошқа ҳолатлар (нафақа тайинланган шахслар тўлиқ давлат таъминотига ўтказилганда ёки «Меҳрибонлик», «Саховат», «Мурувват» уйларига ва шу кабиларга юборилганлиги ёки ундан қайтиб келганлиги сабабли тўлиқ давлат таъминотидан чиқарилганда) пайдо бўлганда нафақа тўлаш тегишли ҳолатлар пайдо бўлган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб тўхтатилади ёки тикланади.
16. 16 ёшдан катта болаликдан ногирон ёки ногирон бола озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган тақдирда тайинланган нафақани тўлаш тўхтатилади ва жазони ўташдан озод этилгандан кейин тикланади.
17. Олувчи томонидан ўз вақтида талаб қилиб олинмаган ҳисобланган нафақа суммаси уни олиш учун мурожаат қилингандан олдинги уч йилдан ортиқ бўлмаган муддат учун бир йўла тўланади.
Пенсия жамғармаси бўлимининг айби билан ўз вақтида олинмаган нафақа суммаси бирор-бир муддат билан чеклашсиз бир йўла тўланади.
18. 16 ёшдан катта болаликдан ногиронга тайинланган нафақа, унга унинг ҳақ тўланадиган ишни бажаришидан ёки бошқа турдаги даромадлар (стипендиялар, алиментлар ва шу кабилар) олишидан қатъи назар, тўланади.
Ногирон болага тайинланган нафақа унга бошқа пенсиялар ва нафақалар, шу жумладан боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақаси олишидан қатъи назар, тўланади.
Ҳар хил нафақаларнинг турларини олиш ҳуқуқига эга бўлган 16 ёшдан катта болаликдан ногиронга унинг танлаши бўйича нафақанинг бир тури тайинланади.
19. Тайинланган нафақа 16 ёшдан катта болаликдан ногирон ёхуд ногирон бола тўлиқ давлат таъминотида бўлган давр учун тўланмайди.
20. Нафақа миқдори ўзгаришига ёки уни тўлаш тўхтатилишига олиб келадиган ҳолатлар пайдо бўлган тақдирда нафақа олувчи ўн кун муддатда бу ҳақда унга нафақа тўлайдиган Пенсия жамғармаси бўлимига хабар қилиши шарт.
21. Ногирон болага ёки 16 ёшдан катта болаликдан ногиронга тегишли бўлган ва унинг ўлими сабабли олинмай қолган нафақа суммаси мерос таркибига киритилмайди ва унинг ота-онасига, эрига (хотинига), шунингдек ногирон бола ёки 16 ёшдан катта болаликдан ногирон билан у вафот этган кунда бирга яшайдиган оила аъзоларига тўланади.
Ногирон бола ёки 16 ёшдан катта болаликдан ногирон вафот этган ой учун тўлиқ олинмай қолган нафақа суммаси юқорида кўрсатиб ўтилган шахсларга мазкур ойнинг ногирон ўлимигача бўлган кунлари учун тўланади.
Бир неча шахс мурожаат қилишганда уларга тегишли нафақа суммаси улар ўртасида тенг миқдорда тақсимланади.
Кўрсатиб ўтилган сумма, уни олиш учун ногирон бола ёки 16 ёшдан катта болаликдан ногирон вафотидан кейин 6 ойдан кечикмай мурожаат қилинган тақдирда тўланади.
IV. Якунловчи қоидалар
22. Нафақа миқдори ўзгарган тақдирда нафақа қонун ҳужжатларига мувофиқ қайта ҳисоблаб чиқилади.
23. 16 ёшдан катта болаликдан ногиронга «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ давлат пенсиясининг турларидан бири тайинланганда нафақа тўлаш тўхтатилади, пенсия эса нафақа охирги марта тўланган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб тўланади.
24. Нафақаларни тўлаш, етказиб бериш ва қайта юбориш бўйича харажатларни молиялаштириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 апрелдаги 107-сон қарорига
2-ИЛОВА
Пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган қарияларга ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ давлат пенсияси тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган қарияларга ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга ҳар ойлик нафақалар (кейинги ўринларда нафақа деб аталади) тайинлаш ва тўлаш тартибини белгилайди.
2. Мазкур Низом бўйича:
ёшга доир нафақа;
ногиронлик нафақаси (болаликдан ногиронлардан ташқари);
боқувчисини йўқотганлик нафақаси тайинланади.
3. Нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар нафақа олиш ҳуқуқи пайдо бўлгандан сўнг бирор-бир муддат билан чеклашсиз, исталган вақтда унинг тайинланиши учун мурожаат қилишлари мумкин.
4. Нафақа қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда тайинланади. Нафақаларни тайинлаш ва тўлаш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари (кейинги ўринларда Пенсия жамғармаси бўлими деб аталади) томонидан амалга оширилади.
II. Ёшга доир нафақалар
5. Ёшга доир нафақа:
иш стажига эга бўлмаган;
«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 37-моддаси биринчи қисмининг «а», «б», «в» ва «г» бандларида назарда тутилган 5 йилдан кам иш стажи мавжуд бўлиб, ёшга доир пенсия тайинлаш учун етарли иш стажига эга бўлмаган шахсларга тайинланади.
6. Ёшга доир нафақа:
эркакларга — 65 ёшга етганларида;
аёлларга — 60 ёшга етганларида тайинланади.
7. Ҳақ тўланадиган иш бажараётган ёки бошқа даромад манбаига эга бўлган (алиментлар ёки стипендиялар олиш бундан мустасно) шахсларга ёшга доир нафақа тайинланмайди.
8. Иш стажига эга бўлмаган шахсга ёшга доир нафақа меҳнатга лаёқатли вояга етган фарзандлари, қариндошлари ёки Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига мувофиқ уларни таъминлашга мажбур бўлган бошқа шахслар бўлмаган тақдирда тайинланади.
Пенсия жамғармаси бўлими томонидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда ўтказилган текширишда иш стажига эга бўлмаган ва ёшга доир нафақа сўраб мурожаат этган шахсни таъминлашга мажбур бўлган қариндошларининг ёки бошқа шахсларнинг моддий ночорлиги аниқланган ҳолларда ёшга доир нафақа ёшга доир нафақа сўраб мурожаат қилган шахсга моддий ёрдам бера олмайдиган қариндошлар ёки бошқа шахслар бор бўлган тақдирда ҳам ёшга доир нафақа тайинланиши мумкин.
III. Ногиронлик нафақалари
9. Ногиронлик нафақаси ногиронлик содир бўлган ҳолларда, ёшидан қатъи назар, иш стажига эга бўлмаган I ва II гуруҳ ногиронларга фақат меҳнат қобилияти доимий ёки узоқ муддатга йўқотилганда тайинланади ва тўланади.
10. Меҳнат фаолиятига лаёқати чекланганлиги даражасини аниқлаш учун тиббий текшириш (меҳнатга лаёқати доимий ёки узоқ муддат йўқотилганда) Пенсия жамғармаси бўлимлари йўлланмалари бўйича тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари (кейинги ўринларда ТМЭК деб аталади) томонидан амалга оширилади.
11. Фуқаро меҳнат фаолиятига лаёқатли эмас ёки унга меҳнат фаолияти билан шуғулланиш мумкин эмаслиги (ёки зид эканлиги) белгиланган тақдирда ТМЭК меҳнат қобилиятининг доимий ёки узоқ муддатга йўқотилганлиги тўғрисида тегишли хулоса чиқаради.
Қабул қилинган хулоса асосида ТМЭК етти кун муддатда тиббий текшириш далолатномасидан кўчирмани фуқарони текширишга юборган Пенсия жамғармаси бўлимига жўнатади.
12. Ишлаётган ёки ҳаёт кечиришнинг бошқа манбаларига (алиментлар ёки стипендиялар олиш бундан мустасно) эга бўлган I гуруҳ ногиронларга ва II гуруҳ ногиронларга нафақа тайинланмайди.
13. Ногиронлик нафақаси меҳнатга лаёқат йўқотилишининг бутун даври учун тайинланади.
IV. Боқувчисини йўқотганлик нафақаси
14. «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни бўйича давлат пенсияси олиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахснинг қарамоғида бўлган оиланинг меҳнатга лаёқатли бўлмаган аъзолари боқувчисини йўқотганлик нафақаси олиш ҳуқуқига эгадирлар.
«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддасида айтиб ўтилган шахслар оиланинг меҳнатга лаёқатсиз аъзолари жумласига киритиладилар.
15. Боқувчисини йўқотганлик нафақаси вафот этганнинг оила аъзоларига вафот этган фуқаро олган ёки олиш ҳуқуқига эга бўлган нафақага фоиз нисбатида қуйидаги миқдорларда белгиланади:
а) оиланинг уч ва ундан ортиқ меҳнатга лаёқатсиз аъзосига — нафақанинг 100 фоизи;
б) оиланинг меҳнатга лаёқатсиз икки аъзосига — нафақанинг 75 фоизи;
в) оиланинг меҳнатга лаёқатсиз бир аъзосига — нафақанинг 50 фоизи.
16. Нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс вафот этган тақдирда вафот этганнинг оила аъзоларига нафақа ушбу Низомнинг 15-бандида назарда тутилган тартибда белгиланади. Бунда боқувчисини йўқотганлик нафақаси миқдори пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган қариялар ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларнинг нафақаси миқдоридан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
V. Нафақаларни тайинлаш
17. Нафақа тайинлаш тўғрисидаги ариза (кейинги ўринларда ариза деб аталади) ариза берувчининг яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармаси бўлимига берилади.
18. Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинган бўлиши керак:
а) ариза берувчининг ёшини тасдиқлайдиган ҳужжат (паспорт ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси);
б) иш стажига эга бўлмаган шахсга ёшга доир нафақа тайинлашда — ариза берувчининг яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органидан берилган маълумотнома, унда ариза берувчининг барча оила аъзоларининг, шу жумладан алоҳида яшайдиган вояга етган меҳнатга лаёқатли аъзолари (ёки уларнинг йўқлиги), уларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, туғилган йиллари, қариндошлик даражаси, ариза берувчи оиласи ҳар бир аъзосининг турмуш кечириш манбалари кўрсатилган бўлиши керак;
в) ёшга доир нафақа тайинлаш учун етарли иш стажига эга бўлмаган шахслар учун ёшга доир нафақа тайинлашда, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 37-моддаси биринчи қисмининг «а», «б», «в» ва «г» бандларида назарда тутилган 5 йилдан кам иш стажига эга бўлганда — меҳнат дафтарчаси;
г) боқувчисини йўқотганлик нафақаси тайинлашда — боқувчининг вафот этганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ва боқувчисини йўқотган тақдирда нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлган оила аъзоларининг туғилганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар (паспорт ва/ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома) нусхалари.
Пенсия жамғармаси бўлими аризага:
ногиронлик нафақаси тайинлашда — ушбу Низомнинг 9-бандида кўрсатилган шахсларни;
боқувчисини йўқотганлик нафақаси тайинлашда — ушбу Низомнинг 9-бандида кўрсатилган вафот этган шахсни Пенсия жамғармаси бўлими томонидан тиббий-меҳнат эксперт комиссиясидан олинган тиббий текшириш далолатномасидан кўчирмани илова қилади.
Иш стажига эга бўлмаган шахсга ёшга доир нафақа тайинлаш тўғрисидаги аризада меҳнатга лаёқатли фарзандларининг, қариндошларининг ёки Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига мувофиқ уларни таъминлаши шарт бўлган бошқа шахсларнинг борлиги ва ариза берувчининг жами даромади тўғрисидаги маълумотлар мажбурий тартибда кўрсатилиши зарур.
19. Аризани қабул қилган Пенсия жамғармаси бўлими томонидан ариза берувчига ариза қабул қилинган сана кўрсатилган ҳолда ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар қабул қилинганлиги тўғрисида тилхат берилади.
20. Ариза барча зарур ҳужжатлар билан тушган кундан бошлаб ўн кундан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилади.
Пенсия жамғармаси бўлими томонидан ушбу Низомнинг 18-бандига мувофиқ ариза барча зарур ҳужжатлар билан бирга қабул қилинган кун нафақа тайинлаш учун мурожаат қилинган кун ҳисобланади.
Агар ариза почта орқали жўнатилса ва бунда барча зарур ҳужжатлар тақдим этилган бўлса, у ҳолда ариза жўнатилган жойдаги почта штемпелида кўрсатилган сана нафақа тайинлаш учун мурожаат қилинган кун ҳисобланади.
Аризага зарур бўлган ҳужжатларнинг айримлари илова қилинмаган ҳолларда ариза берувчига уч кун муддатда қўшимча равишда қандай ҳужжатлар тақдим этилиши кераклиги маълум қилинади. Агар ушбу ҳужжатлар қўшимча ҳужжатлар тақдим этилиши зарурлиги тўғрисидаги билдиришнома олинган кундан бошлаб уч ойдан кечикмай тақдим этилса ариза қабул қилинган кун нафақа тайинлаш учун мурожаат қилинган кун ҳисобланади.
21. Нафақа барча зарур ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда мурожаат қилинган кундан бошлаб тайинланади.
22. Нафақа тайинлаш рад этилган тақдирда Пенсия жамғармаси бўлими ушбу Низомнинг 20-бандида кўрсатилган муддат мобайнида рад этиш сабаби(сабаблари) ва қабул қилинган қарор юзасидан шикоят қилиш тартибини кўрсатиб, ариза берувчи томонидан тақдим этилган барча ҳужжатларнинг асл нусхаларини илова қилган ҳолда билдиришномани ариза берувчининг қўлига беради ёки почта орқали жўнатади.
23. Нафақа тайинлаш ёки нафақа тайинлашни рад этиш тўғрисидаги қарор юзасидан ариза берувчи томонидан бевосита судга ёки Пенсия жамғармаси бўлимининг юқори органига шикоят қилиниши мумкин.
24. Ариза тақдим этилган барча ҳужжатлар билан бирга ва нафақа тайинлаш тўғрисидаги қарор нафақа олувчининг алоҳида шахсий ҳужжатлар йиғмажилдида сақланади.
VI. Нафақаларни тўлаш
25. Нафақаларни тўлаш ҳар ойда, Пенсия жамғармаси бўлимлари томонидан белгиланган муддатларда, бироқ жорий тўлов ойидан кечикмай амалга оширилади.
Нафақалар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишончнома бўйича тўланиши мумкин.
26. Қайта тиббий текширишдан ўтказиш муддати ўтказиб юборилганда нафақаларни тўлаш «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 55-моддасида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
Нафақа олувчи Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасида доимий яшаш учун бошқа туман (шаҳар)га кўчганда нафақани тўлаш янги яшаш жойи бўйича тегишли Пенсия жамғармаси бўлими томонидан нафақа олувчининг шахсий ҳужжатлар йиғмажилди олингандан кейин шу туман (шаҳар)да давом эттирилади. Бундай ҳолда нафақа тўлаш илгариги яшаш жойи бўйича нафақа тўлаш тўхтатилган вақтдан бошлаб давом эттирилади. Нафақа олувчиларни ҳисобдан чиқариш ва янги яшаш жойида ҳисобга олиш тартиби, шунингдек уларнинг йиғма жилдларини жўнатиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланади.
Нафақа олувчи доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикаси ташқарисига чиқиб кетганда нафақа тўлаш тўхтатилади.
Нафақа тўлашнинг тўхтатилиши ёки қайта тикланишига олиб келадиган бошқа ҳолатлар (нафақа тайинланган шахслар тўлиқ давлат таъминотига ўтказилганда ёки «Меҳрибонлик», «Саховат», «Мурувват» уйларига ва шу кабиларга юборилганлиги ёки ундан қайтиб келганлиги сабабли тўлиқ давлат таъминотидан чиқарилганда) пайдо бўлганда нафақа тўлаш тегишли ҳолатлар пайдо бўлган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб тўхтатилади ёки тикланади.
27. Нафақа олувчи озодликдан маҳрум этишга ҳукм этилган тақдирда тайинланган нафақани тўлаш тўхтатилади ва жазодан озод этилгандан кейин тикланади.
28. Олувчи томонидан ўз вақтида талаб қилинмаган ҳисобланган нафақа суммаси уни олиш учун мурожаат қилишдан олдинги уч йилдан ортиқ бўлмаган муддат учун бир йўла тўланади.
Пенсия жамғармаси бўлимининг айби билан ўз вақтида олинмаган нафақа суммаси бирор-бир муддат билан чеклашсиз бир йўла тўланади.
29. Пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган, нафақаларнинг ҳар хил турларини олиш ҳуқуқига эга бўлган қарияларга ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга уларнинг танлови бўйича нафақаларнинг бир тури тайинланади.
30. Тўланаётган нафақалар миқдорини ўзгартиришга ёки нафақа тўлаш тўхтатилишига сабаб бўлувчи ҳолатлар пайдо бўлган тақдирда, нафақа олувчи бу ҳақда ўн кун муддатда унга нафақа тўлайдиган Пенсия жамғармаси бўлимига хабар қилиши шарт.
I гуруҳ ногиронларга ва II гуруҳ ногиронларга, ёшга доир ёки боқувчисини йўқотганлик нафақаси тайинланган нафақа олувчиларга, агар улар ҳақ тўланадиган ишни бажариши ёки даромаднинг бошқа манбаига эга эканликлари (алиментлар ёки стипендиялар олиш бундан мустасно) аниқланса, нафақа тўлаш тўхтатилади.
31. Нафақа олувчига тегишли бўлган ва унинг вафоти муносабати билан тўлиқ олинмай қолган нафақа суммаси меросга киритилмайди ва унинг ота-онасига, эрига (хотинига), шунингдек нафақа олувчи вафот этган кунда у билан бирга яшаётган оила аъзоларига тўланади.
Нафақа олувчи вафот этган ой учун тўлиқ олинмай қолган сумма юқорида кўрсатиб ўтилган шахсларга мазкур ойнинг нафақа олувчи вафотигача бўлган кунлари учун тўланади.
Бир неча шахс мурожаат қилишганда уларга тегишли сумма улар ўртасида тенг тақсимланади.
Кўрсатиб ўтилган сумма унинг учун нафақа олувчи вафотидан кейин 6 ойдан кечикмай мурожаат қилинган тақдирда тўланади.
VII. Нафақаларни қайта ҳисоблаб чиқиш
32. Нафақалар:
оиланинг боқувчисини йўқотганлик нафақаси тайинлашда ҳисобга олинадиган сон таркиби ўзгарганда;
қонун ҳужжатларига мувофиқ нафақа миқдори ўзгарганда қайта ҳисоблаб чиқилади.
33. Боқувчисини йўқотганлик нафақасини тайинлашда оиланинг ҳисобга олинадиган сон таркиби ўзгарганда, тайинланган нафақани қайта ҳисоблаб чиқиш ушбу ҳолатлар бошланган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб амалга оширилади.
VIII. Якунловчи қоидалар
34. Нафақа олувчига «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ давлат пенсияси турларидан бири тайинланганда нафақа тўлаш тўхтатилади, пенсия эса нафақа охирги марта тўланган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб тўланади.
35. Нафақаларни тўлаш, етказиб бериш ва қайта юбориш бўйича харажатлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 апрелдаги 107-сон қарорига
3-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида» Ўзбекистон Республикасининг Қонунини рўёбга чиқариш учун зарур бўлган норматив ҳужжатларни тасдиқлаш ҳақида» 1994 йил 11 майдаги 249-сон қарорига киритилаётган ўзгартиришлар
1. Учувчилар ва синовчи-учувчилар таркибига кирувчи ходимларга пенсия тайинлаш учун белгиланган хизмат муддатларини ҳисоблаш тартиби (1-илова) 7-бандининг бешинчи хатбошидаги «ва ўрта ўқув юртларидаги» сўзлари «таълим муассасаларидаги» сўзлари билан алмаштирилсин».
2. Пенсия тайинлаш учун меҳнат стажини тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги Низомда (12-илова):
10-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«10. Олий таълим муассасаларида, аспирантура (ёки стажёр-тадқиқотчи-изланувчилар сифатида), докторантура (ёки катта илмий ходим-изланувчилар сифатида) ва клиник ординатурада кундузги ўқиш вақти дипломлар, шаҳодатномалар, гувоҳномалар, шунингдек маълумотномалар ва архив маълумотлари асосида берилган ҳамда ўқиш даври тўғрисидаги маълумотномалар бўлган бошқа ҳужжатлар билан тасдиқланади.
Ҳужжатларда бундай маълумотлар бўлмаган тақдирда тегишли йилларда ушбу таълим муассасасида ўқиш муддати тўғрисидаги маълумотномалар, агар ҳужжатларда тўлиқ ўқув даврини ёки унинг алоҳида босқичларини тамомлаганлик кўрсатилган бўлса, ўқиш вақтининг исботи сифатида қабул қилинади»;
13-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«13. Болани 3 ёшгача тарбиялаш учун таътилда бўлиш вақти ташкилот, корхона ёки муассаса томонидан берилган, болани тарбиялаш учун таътил бериш ва таътилдан қайтиш тўғрисидаги буйруқлар нусхалари илова қилинган болани тарбиялаш вақтини тасдиқловчи маълумотномалар асосида аниқланади.
Болани тарбиялаш учун таътил бериш ва таътилдан қайтиш тўғрисидаги маълумотнома ёки буйруқлар мавжуд бўлмаган тақдирда, шунингдек буйруқларда зарур ёзувлар мавжуд бўлмаган ёки болани тарбиялаш учун таътилда бўлиш вақти тўғрисидаги ёзувлар нотўғри ва ноаниқ кўрсатилган тақдирда ушбу даврдаги ҳар ойлик иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома болани тарбиялаш учун таътилда бўлиш вақтининг тасдиғи сифатида қабул қилинади.
Юқорида кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда болани тарбиялаш учун таътилда бўлиш даврини бола туғилган санадаги қонун ҳужжатларида белгиланган болани тарбиялаш учун таътилда бўлиш вақтининг чекланган даври ташкил этади.
1965 йилдан кейинги давр учун жамоа хўжалиги аъзосининг болани тарбиялаш учун таътилда бўлиш вақтини аниқлашда, агар бола туққан аёл жамоа хўжалигида меҳнат иштирокининг белгиланган минимумини бажармаган бўлса бола туғилган йил тўлиқ иш стажи сифатида ҳисобга олинади, лекин умумий давр 3 йилдан ортиқ бўлмаслиги керак»;
15-банднинг иккинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
16-банднинг иккинчи—бешинчи, еттинчи—ўнинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
17-банднинг биринчи хатбошидаги «Авиация ходимлари» сўзлари «Учувчилар» сўзи билан алмаштирилсин;
17-банднинг тўртинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
5-илова чиқариб ташлансин.
3. Пенсиялар тайинлаш учун зарур бўлган ҳужжатларни тақдим этиш ва расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги Низомда (13-илова):
5-бандга қуйидаги мазмундаги «ж» кичик банд қўшилсин:
«ж) ташкилот, корхона ёки муассаса томонидан берилган, болани тарбиялаш учун таътил бериш ва таътилдан қайтиш тўғрисидаги буйруқлар нусхалари илова қилинган болани тарбиялаш вақтини тасдиқловчи маълумотнома»;
6-бандга қуйидаги мазмундаги «д» кичик банд қўшилсин:
«д) ташкилот, корхона ёки муассаса томонидан берилган, болани тарбиялаш учун таътил бериш ва таътилдан қайтиш тўғрисидаги буйруқлар нусхалари илова қилинган болани тарбиялаш вақтини тасдиқловчи маълумотнома»;
7-бандда:
«з» кичик банддаги «ҳунар-техника билим юртлари, ўрта махсус ва олий ўқув юртларининг» сўзлари «ўрта махсус ёки олий таълим муассасаларининг» сўзлари билан алмаштирилсин;
қуйидаги мазмундаги «и» кичик банд қўшилсин:
«и) ташкилот, корхона ёки муассаса томонидан берилган, болани тарбиялаш учун таътил бериш ва таътилдан қайтиш тўғрисидаги буйруқлар нусхалари илова қилинган болани тарбиялаш вақтини тасдиқловчи маълумотнома»;
«и» кичик банд «к» кичик банд деб ҳисоблансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 апрелдаги 107-сон қарорига
4-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган қарорлари
РЎЙХАТИ
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида» Ўзбекистон Республикасининг Қонунини рўёбга чиқариш учун зарур бўлган норматив ҳужжатларни тасдиқлаш ҳақида» 1994 йил 11 майдаги 249-сон қарори 1-бандининг еттинчи, саккизинчи ва тўққизинчи хатбоши ҳамда қарорга 4 ва 5-иловалар.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Болаликдан ногиронларга, қарияларга ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида» 1994 йил 24 июндаги 319-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 1994 й., 6-сон, 33-модда).
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 11 майдаги 249-сон қарори билан тасдиқланган Пенсия тайинлаш учун меҳнат стажини тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги Низомга қўшимча киритиш ҳақида» 1995 йил 8 августдаги 311-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 1995 й., 8-сон, 27-модда).
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ва айримларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 1999 йил 30 апрелдаги 202-сон қарорига 1-илова 4-бандининг иккинчи, учинчи, бешинчи, олтинчи, еттинчи ва ўн биринчи хатбоши (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 1999 й, 4-сон, 22-модда).
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек уларнинг баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2001 йил 1 мартдаги 103-сон қарорига илованинг 9-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2001 й, 3-сон, 13-модда).
6. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида» 2001 йил 6 апрелдаги 162-сон қарорига 3-илованинг 6, 7, ва 12-бандлари (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2001 й, 4-сон, 21-модда).
7. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2005 йил 27 январдаги 35-сон қарорига илованинг 5-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2005 й, 1-сон, 5-модда).
8. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг 2009 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида» 2008 йил 29 декабрдаги ПҚ-1024-сон қарори) 2009 йил 9 февралдаги 36-сон қарорига илованинг 1-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2009 й, 2-сон, 10-модда).
9. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2009 йил 30 декабрдаги ПФ-4161-сон Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги тузилмасини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2009 йил 30 декабрдаги ПҚ-1251-сон ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ташкилий тузилмасини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2009 йил 30 декабрдаги ПҚ-1252-сон қарорлари)» 2010 йил 24 мартдаги 52-сон қарорига 1-илова 5-бандининг еттинчи хатбоши ва 8-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2010 й., 3-сон, 12-модда).

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

ADABIYOT ATOMDAN KUCHLI !