MAQOLLAR

ЎЗБЕК ХАЛҚ МАҚОЛЛАРИНИНГ ҚИСҚАЧА

СИНОНИМИК ЛУҒАТИ

 

Ушбу китоб ўзбек халқ мақоллари синонимиясига бағишланган дастлабки луғат ҳисобланади.

Ишнинг кириш қисмида мақолнинг матал ҳамда мақол-матал типидаги паремалардан фарқи тушунтирилиб, мақоллар билан боғлиқ синонимия ҳодисаси ҳақида фикр юритилса, луғат қисмига икки мақол қатнашадиган синонимик уядан йигирма икки мақол қатнашадиган синонимик уягача қамраб олинган.

Луғат филолог олим ва мударрислар, ўзбек филологияси ва журналистика факультетлари талабалари, ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчилари ҳамда тилимиз бойлиги билан қизиқувчи барча китобхонларга мўлжалланган.

 

 

 

 

Масъул муҳаррир:

филология фанлари доктори,

                              профессор Ҳ.Ғ.Неъматов

 

Тақризчилар:

педагогика фанлари номзоди,

                             доцент Н.Шукруллаев,

                             филология фанлари номзоди,

                             доцент Б.Қиличев

 

 

 

 

 

 

 

 

 

ISBN 5-648-03473-3                          © Ўзбекистон Республикаси ФА

“Фан” нашриёти, 2006 йил.

 

 

Ҳаёт осмонида юлдузи эрта сўнган

укам Қобилжоннинг ўчмас хотирасига

бағишлайман.

Ҳаёт лаззатлари татимас сенсиз,

                                                       Қалбимни эзғилаб қиймалар алам.

                                                       Қай томон боқмайин сен қолдирган из,

                                                       Сенсиз ўтган куним, ҳар оним мотам.

 

Кириш

Ўзбек халқининг ўқ илдизи бобомиз М.Қошғарийнинг «Девону луғотит турк» асарига бориб тақаладиган фольклор мероси ғоятда бой ва хилма-хилдир. Бу мероснинг салмоқли қисмини ташкил этадиган мақоллар ўзининг тематик ранг-баранглиги, уларда ифодаланган фикрнинг қисқа, тушунарли ва ихчам эканлиги билан ажралиб туради.

Халқ тафаккури дурдонаси ҳисобланмиш мақоллар нафақат халқ ҳаёти, қарашини ифодалаши билан қадрли, балки кундалик турмушимизда нутқимизни бойитувчи воситалардан бири ҳамдир.

Узоқ йиллардан бери олимлар диққат-эътиборини ўзига жалб этиб келаётган мақоллар фольклор, этнографиянинг ўрганиш предмети сифатида тадқиқ этилди. Сўнгги 30-40 йил ичида бу соҳа билан тилшунослик ҳам шуғуллана бошлади. Таниқли олимларимиз Ш.Раҳматуллаев[1], Я.Пинхасов[2], Ғ.Саломов[3], Қ.Самадов[4], Ш.Шораҳмедов[5], Х.Абдураҳмонов[6], М.Садриддинова[7] кабиларнинг ишлари бу ҳақда ёрқин гувоҳлик бера олади.

Ўзбек тилшунослигида мақолларнинг синтактик хусусиятлари таниқли тилшунос Х.Абдураҳмоновнинг номзодлик ишида ўрганилгач, олим изланишларини давом эттириб, ўзбек халқ оғзаки ижоди асарлари тилининг синтактик хусусиятларини атрофлича тадқиқ этди. Кейинги ишда ўзбек тилида мақол ва маталларнинг синтактик қурилиши, мақоллардаги гап ва сўз бирикмаларининг асосий кўринишлари, уларнинг морфологик, синтактик, баъзи маъновий-услубий хусусиятлари кенг ёритилди[8].

М.Садриддинованинг ишида ўзбек мақол ва маталларининг луғавий хусусиятлари, яъни мақол ва маталлар лексикаси, бир томондан, ўзбек адабий тили лексикаси билан, иккинчи томондан эса лаҳжа ва шевалар лексикаси билан қиёсий ўрганилди.

60-80-йилларда тилшуносликда ўзбек халқ мақолларини яна бир бошқа йўналишда ўрганиш бўйича анча натижаларга эришилди: ўзбек ёзувчилари, шоирлари асарларининг тили ва услубига оид кўпгина ишларда, номзодлик диссертацияларида халқ мақолларининг маъновий, услубий хусусиятларини ўрганишга ҳам алоҳида эътибор берилди. Бу жиҳатдан В.Абдуллаев, Х.Дониёров, С.Мирзаев[9], С.Асқаров[10], А.Жўрахонов[11], М.Тўйчиев[12], М.Ҳакимов[13] кабиларнинг ишлари диққатга сазовордир.

Ўзбек тилшунослигида халқ мақолларини ўрганишнинг ҳозирги аҳволи республикамиз олимларининг бу соҳада сезиларли ютуқларни қўлга киритганлигидан далолат беради. Лекин тилшунослигимиз олдида келгусида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар жуда кўп. Шулардан бири ўзбек халқ мақолларининг тўлақонли синонимик луғатини яратишдир. Ушбу луғат шу йўналишдаги дастлабки қадам бўлиб, хато ва камчиликлари учун олдиндан узр сўраймиз.

Мақолларнинг асл табиати улар ёндош бўлган ҳодисалар билан муносабатлари (боғланишлари, зидланишлари, ўхшашликлари, фарқлари ва ҳ.к.) да очилиши ва уқилиши мумкин. Шу сабабли биз дастлаб мақолнинг матал, мақол-матал типидаги паремалардан фарқи хусусида тўхталиб ўтишни лозим топдик.

Мақол, матал, мақол-матал типидаги паремалар

Тилшуносликда мақол ва маталларни маъно томонидан чегаралаш мақсадга мувофиқдир, чунки улар берилаётган хабарни ифодалаш характерига кўра бир-биридан фарқ қилади.

Матал нутқда ахборот бериш воситаси бўлса, мақол шу ахборотни жонли тимсолларда етказиш, уни далиллаш, исботлаш воситаси сифатида қўлланади. Масалан, матал: “Хавф-хатардан қўрққан мақсадга етолмас”.

Шу маънонинг мақолларда ифодаланиши:

Чумчуқдан қўрққан тариқ экмас.

 Ўғридан қўрққан мол йиғмас.

 Учқундан қўрққан темирчи бўлмас.

 Илондан қўрққан олачилвирдан ҳатламас.

 Бўридан қўрққан тўқайга кирмас.

 Чигирткадан қўрққан экин экмас.

 Кучукдан қўрққан гадо бўлмас.

 Айиқдан қўрққан ўрмонга кирмас.

 Тулкидан қўрққан товуқ боқмас.        

Маталларнинг шаклий кўриниши, асосан, ўзгармайди (грамматик шакллар ўзгариши бундан мустасно, албатта):

Каттага ҳурматда бўл, кичикка иззатда бўл.

Мақоллар тимсоллар воситасида иш кўрар экан, жамият ҳаёти, халқ турмуши билан боғлиқ ҳолда уларнинг тимсоллари тизмаси – шакли ўзгариб туради:

Бир қинга икки қилич сиғмагай (П.Қодиров. «Юлдузли тунлар”, 270-бет).

Иккита қўчқорнинг боши бир қозонда қайнамас (С.Аҳмад. “Жимжитлик”, 256-бет).

Демак, мақоллар грамматик жиҳатдан тугалланган фикрни билдирувчи, ўткир мазмунли, кўчма маънода ишлатилувчи қисқа, ихчам халқ ҳикматларидир.

Маталлар эса грамматик жиҳатдан тугалланган фикрни билдирувчи, фақат ўз маъносида – тўғри маънода қўлланилувчи қисқа, ихчам халқ ҳикматлари ҳисобланади.

Мақолларнинг маталлардан асосий фарқи мақолларнинг идиомалашган кўчма маънога эга эканлиги ва маталларнинг бу хусусиятга эга бўлмай, фақатгина тўғри маънода қўлланишида кўринади.

Шундай қилиб, ушбу луғатга маъноси таркибидаги сўзларнинг асл маъносидан келиб чиқмайдиган, балки барчаси биргаликда умумий кўчма маъно ифодалайдиган идиомалар – мақолларгина киритилди.

Рост, мақол ва матал орасига Хитой деворини ўрнатмоқ мумкин эмас, бундай қилиб бўлмайди ҳам. Чунки жамиятда бўлгани сингари тилда ҳам бир неча бирликлар ёнма-ён яшар экан, албатта, улар бир-бирига таъсир қилади, ўзаро муносабатда бўлади. Бу муносабат натижаси ўлароқ бир-бирига томон силжишлар, ўтишлар бўлиб туради. Масалан: “Қарға қарғанинг кўзини чўқимайди” мақолига эътиборни қаратайлик. Жаҳоннинг кўпгина халқлари орасида тарқалган бу мақол инсоният яратган энг қадимий мақоллардан бири бўлиб, уни мелодий V асрдаёқ лотин адиби ва тилшуноси Ф.Макробий ўз “Грамматика”сида келтирган. Мақолнинг тўғри маъноси шуки, қарға-қузғунлар одамнинг ё бирор ҳайвоннинг очиқ ерда қолиб кетган мурдасини қўриб қолса, аввал унинг кўзини чўқиб ерканда, кейин гўштини ея бошлар экан. Аммо тирик қарға  ва қузғун ўлик қарға ва қузғуннинг кўзини чўқимас экан[14]. Демак, бу пайтда ҳикмат ўз маъносида ишлатилган бўлиб, матал саналган. Вақт ўтиши билан идиомалашиш натижасида мақолга айланган. Олим Б.Соатовнинг “айрим маталлар даврлар ўтиши билан мақолга айланади”[15] деган қараши ҳам фикримизга асос бўла олади.

Лекин бу ҳолат мақол ва маталларни батамом бирлаштириб юбориш ёки икки терминни жуфтлаб (мақол-матал типидаги паремалар) қўллаган ҳолда уларнинг характерли хусусиятларини қўшиб ўрганиш дегани эмас, асло. Чунки тилда мақол-матал типидаги паремалар деб юритилувчи бирликларнинг ўзи ҳам алоҳида ҳолда мавжуд бўлиб, ўзида мақоллик ва маталлик хусусиятларини акс эттиради. Бундай ифодаларнинг ўзига хос хусусияти шундан иборатки, уларда бир қисм сўзлар ўз маъносида ишлатилса, иккинчи қисми кўчма маъно ифодалайди:

Бой бойга боқар, Сув сойга оқар.

Ҳамсоя ҳамсоядан улги олар, Қовун қовундан ранг.

Паремиологик луғатларда мақол-матал типидаги паремаларнинг қуйидаги шаклларини учратиш мумкин:

а) сўз, жуфт сўз ўз маъносида ишлатилади:

Сабабсиз оёққа тикан кирмас, Илму ҳикмат сувни ёндирар

б) гап ўз маъносида бўлади:

Асли душман эл бўлмас, Этакни кессанг енг бўлмас.

в) бир неча гап ўз маъносида бўлади:

Ёмон отга ёл битса,

Ёнига тўрсуқ бойлатмас.

          Ёмон эрга мол битса,

          Ёнига қўшни йўллатмас,

          Йўллатса ҳам тиндирмас.

Бундай паремалар мақол ва матал оралиғида турганлиги, шунингдек, аста-секинлик билан мақоллашиш жараёнини бошидан кечираётганлиги учун луғатга киритилди:

Сабаб билан сават аравага чиқар.

     Сабабсиз оёққа тикан кирмас.

     Сабабсиз қуш ҳам учмас.

Мақолларда синонимлик

Маънодошлик ҳодисаси дастлаб лексик ҳодиса сифатида кузатилган ва бу борада жуда катта ишлар амалга оширилган[16]. Лекин тилшуносликда шундай синонимик ҳодисалар ҳам мавжудки, ҳали улар ўзининг аниқ изоҳини топганича йўқ. Булардан бири мақоллар синонимиясидир. Мақоллар синонимияси нафақат ўзбек тилшунослигида, ҳаттоки туркийшуносликда ҳам алоҳида тадқиқот объекти сифатида ўрганилмаган. Рус тилшунослигида эса тадқиқот объекти сифатида тадқиқ этилган-у[17], аммо синоним мақоллар луғати яратилмаган. Бизнингча, бунинг сабаби шундаки, ҳалигача фақат туркийшуносликда эмас, умуман рус тилшунослигида ҳам мақолларнинг лисоний ўрни ҳақида қатъий бир фикрга келинган эмас. Натижада мақоллар лексик бирликлар синонимияси билан боғлиқ ишларда фразеологиянинг объекти сифатида[18], синтактик услубиятда эса содда ёки қўшма гап синонимияси билан алоқадор ишларда фикрни асослаш учун мисол тариқасида келтириш билан чегараланади[19], холос.

Ҳозирги кунда мақоллар синонимиясига бағишланган махсус ишлар, уларнинг синонимик хусусиятлари батафсил ёритилган кенг кўламдаги изланишларни олиб бориш учун зарурат туғилмоқда. Чунки А.С.Пушкин рус халқи яратган мақолларни кўздан кечирар экан, уларнинг мазмуни ва бадиий гўзаллигига қойил қолиб: “Ҳар бир мақолимиз қанчалик маънодор, қанчалик чиройли, қанчалик мазмунли! Олтин дейсиз, олтин!» деб баҳолаган бир пайтда улардаги синонимлик бу “олтин”нинг қийматини юз чандон, минг карра ошириши ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Синоним мақоллар борлиқда мавжуд бўлган бир-бирига ўхшаш ҳаракат-ҳолат, ҳодисалар мазмунини ифодалаш учун хизмат қилади. Бундай мақоллар бир мазмунни турли хил шаклларда, образларда ифодалайди. Синоним мақоллар умумий мазмунни ифодалаши жиҳатидан бир-бирига ўхшаш бўлса-да, ўзига хос маъно нозикликлари, айрим қўшимча оттенкалари билан ўзаро фарқланиб туради. Мақоллар ўзаро маънодошлик муносабатида бўлиши учун, асосан, қуйидаги шартларга жавоб бериши лозим:

1) ягона маъно асосига эгалик;

2) бир тематик гуруҳга тегишлилик;

3) ҳар бир мақол алоҳида образ асосига қурилган бўлиши;

4) айрим мазмун нозикликлари ва қўлланиш даражаси билан фарқланиши.

Синоним мақолларнинг энг асосий омили уларнинг шаклларидан, образларидан қатъий назар мазмун жиҳатидан бири иккинчисининг ўрнида қўллана олиш имкониятининг мавжудлиги билан белгиланади. “Бундай алмаштириш натижасида маънода, стилистик бўёқда маълум ўзгариш юз беради. Бу – табиий. Акс ҳолда алмаштириш ўз мантиқини йўқотиб қўяди. Алмаштириш натижасида нимадандир халос бўламиз, нимагадир эга бўламиз. Ана шу “нималар” синоним ҳақида гапириш учун асос бўлади. Акс ҳолда синонимга эмас, дублетга эга бўлинади”[20] (курсив – бизники):

  1. Ит қутурса эгасини қопар.
  2. Сичқоннинг ўлгиси келса мушук билан ўйнашар.
  3. Эчкининг калтак егиси келса чўпоннинг таёғига суркалар.
  4. Илоннинг ўлгиси келса шиғирда ётар.
  5. Ажали етган кийик адирга қочар.
  6. Парвонанинг ўлгиси келса шам билан ўйнашар.
  7. Ўлгиси келган чивин болга қўнар.
  8. Бўри қутурса ўз қавмига чопар.
  9. Буқа семирса эгасини сузар.
  10. Тўрғай қутурса бургутга чопар.
  11. Эшак семирса эгасини тепар.
  12. Ажали етган тулки овчининг олдидан чиқар.
  13. Йиғлагиси келган бола отасининг соқолини ўйнар.
  14. Мушукнинг ўлгиси келса арслон билан ўйнашар.

Ушбу мақолларнинг барчасида бўладиган  балога аксарият ҳолларда кишининг ўзи сабабчи бўлади: ўзидан жисмоний, моддий ёки мавқеи жиҳатидан кучли бўлган, юқори турадиган одам билан олишади ва ўз қилғилигининг қурбони бўлади, — деган умумий мазмун ифодаланган. Ягона шу мазмун орқали улар бир тематик гуруҳга бирлашган. Ўзаро маънодошлик ташкил қилувчи бу мақолларнинг ҳар бири алоҳида образ асосига қурилган ва айни пайтда ҳар қайси мақол ўзининг маъно нозиклиги ҳамда қўлланиш даражаси билан фарқ қилади. Масалан, «Илоннинг ўлгиси келса шиғирда ётар», «Ажали етган кийик адирга қочар» каби мақоллар кундалик нутқимизда жуда кам учрайди.

Юқоридаги паремаларнинг мазмунан умумий бир фикрни ифода этиши ҳамда ўзаро фарқли томонлари шуни кўрсатадики, биз муайян нутқ моменти шароитида уларнинг керакли турини танлаш имкониятига эгамиз. Танлаш тарзи мақолларнинг мазмуний ва услубий томонига асосланган ҳолда маълум бир контекст талаби билан юзага чиқади.

Тилдаги маълум бир мазмуний муносабат нутқда бир неча мақоллар ёрдамида реаллашади. Турли мақоллар воситасида бир хил мазмуний муносабатнинг ифода этилиши эса синоним мақоллар гуруҳини – қаторини юзага келтиради. Мақолларнинг синонимик қаторини кузатиш, ўз навбатида, ҳар бир мақолнинг мазмунини аниқ белгилашда муҳим аҳамиятга эга. Тилни яхши билиш, унинг бой имкониятларидан тўла фойдаланиш учун, айниқса, синонимик қаторга эга бўлган мақолларни билиш ниҳоятда зарур. Масалан, қуйидаги мақоллар синонимик қаторини олиб кўрайлик:

  1. Саёз дарё шовқин оқар.
  2. Тухум туғмайдиган товуқ кўп қоқоғлайди.
  3. Ашула билмаганнинг авжи кўп.
  4. Арава қанча қуруқ бўлса шунча тарақлайди.
  5. Сутсиз сигир кўп маърайди.
  6. Ноғоранинг ичи пўк, овози баланд.
  7. Сурнай чалишни билмаганнинг оҳанги кўп.
  8. Бўш тегирмон гулдирар.
  9. Сутсиз сигир сузағон бўлар.
  10. Эпсиз созанда созин чўзар.

Бу синонимик уядаги барча мақоллар қўлидан иш келмайдиган, бирор бир ишга уқуви йўқ кишилар кўзга кўпроқ ташланишга ҳаракат қиладилар, улар жуда ҳам сергап, маҳмадана бўладилар, деган мазмунни ифода этишга хизмат қилади. Қатордаги мақолларнинг ўзаро синоним ёки синоним эмаслигини аниқлаш учун энг қулай йўл уларни контексда бир-бири билан алмаштириб кўришдир:

      — Гапимни бўлаверма, илтимос… Арава қанча қуруқ бўлса, шунча тарақлайди, деганга ўхшаб, шовқин солиб, югуриб-елганим сайин ич-ичимдан нимадир йўқолиб, мени гўёки ташлаб кетяпти (О.Мухтор. «Эгилган бош», 95-бет).

Мақоллар синонимик қаторида қўлланиш даражаси юқори бўлган, шунингдек, сўзлари умумистеъмолда бўлган мақолни доминанта деса бўлади. Шу нуқтаи назардан юқоридаги маънодошлик қаторида «Чумчуқдан қўрққан тариқ экмас» мақолини доминанта дейиш мумкин. Луғатда доминанта мақол биринчи ўринга қўйилиб, мундарижа ҳам доминанта мақоллар асосида шакллантирилди.

Ўзбек халқ мақоллари луғатларига таяниб, 1100 тадан зиёдроқ мақолни қамраб олган 200 тадан ортиқ синонимик уя топишга эришилди ва бир синонимик уяга энг кўпи билан 22 та мақол бирлашган.

Мақоллар синонимияси ва кўп маънолилик

Синонимия асосида маъно муносабати ётади. Уялардаги маънодош мақолларни кузатиш натижасида шу нарсага амин бўлдикки, баъзи мақоллар ягона маъно доирасида ҳаракат қилса, бошқалари бир неча маънога эга бўлиб, ҳар қайси маъноси билан алоҳида-алоҳида синонимик қатор ташкил этади. Демак, бир маънолилик ва кўп маънолилик нуқтаи назаридан мақоллар синонимиясини дастлаб иккига бўлиш мумкин:

  1. Бир маъноли мақоллар қатнашадиган маънодошлик уялари.
  2. Кўп маъноли мақоллар қатнашадиган маънодошлик уялари.

Бир маъноли мақоллар қатнашадиган маънодошлик уялари

Бундай синонимик уяларга тааллуқли бўлган мақоллар орасидаги муносабат содда бўлиб, уларнинг маъноси тўғридан-тўғри англашилиб туради ва ҳеч қандай изоҳ талаб қилмайди. Масалан:

  1. Ўлма, эшагим, арпа пишар.
  2. Мусо қўй келтирар.
  3. Ўлма, отим, ёз келур, йўнғичқа битар.
  4. Ўлмаган қул олтин косадан сув ичар.
  5. Бола, йиғлама, сенга оймомани олиб бераман.
  6. Бўш омбордан – ботмон ғалла.

Ушбу синонимик уядаги барча мақоллар нуқул ёлғон сўзлар билан киши қўйнини пуч ёнғоққа тўлдирадиган, қуруқ ваъдалар бериб юрадиган кишиларга нисбатан истеҳзо, киноя тарзида қўлланади.

Кўп маъноли мақоллар қатнашадиган маънодошлик уялари

Бунда икки ҳодисани фарқлаш лозим:

  1. Синонимик уядаги бирор мақол кўп маъноли бўлади.
  2. Синонимик уядаги барча мақоллар кўп маъноли бўлади.

Бирор мақол кўп маъноли бўлган маънодошлик уялари

  1. От тепкисини от кўтарар.
  2. Ўз гавронинг ўзингга қаттиқ тегмас.
  3. Энаси тепган қулуннинг эти оғримас.
  4. Ҳўкизнинг мугузи ўзига оғирлик қилмас.

Бу мақоллар тенгқурлар, дўстлар, қон-қариндошлиги бўлган кишилар бир-бирларининг қаттиқ-қурум гапларини кўтарадилар ёхуд кўтаришлари керак, деган умумий маъно билан бир синонимик уяга бирлашади:

Мен ҳам Шомурод акамнинг аллақайси жиҳатини эмас, ўзини яхши кўрардим. Онам қанча ёлворди. Бошингда отанг бўлмаса, от тепкиси отга ўтмайди, тоғангнинг ўғлига узатаман, деб уввало ялинди, кўнмадим (Ў.Ҳошимов. “Икки эшик ораси”, 223-бет).

“От тепкисини от кўтарар” мақоли юқоридаги умумий маънодан ташқари яна 2 маънони:

1-маъно: ҳар ким ўз тенг-тўши билан ўтириб-туриши, яшаши, умргузаронлик қилиши лозим.

2-маъно: ҳар ким ўз тенг-тўши билан олишиши, курашиши, кучини ўз тенгига кўрсатиши керак деган умумий маъноларни ҳам ифодалайди ва бу маънолар воситасида қуйидаги мақоллар билан синонимлик ташкил этади:

  1. От тепкисини от кўтарар.
  2. Тенг-тенги билан, тезак қопи билан.
  3. Ўрдак ўрдак билан учар,

Ғоз ғоз билан учар.

  1. Кабутар бо кабутар, жинс бо жинс.
  2. Бош – бошга, Ёрғучоқ тошга.
  3. Тезакчининг тенги бор,

Ўроқчининг ўрни бор.

Шунинг учун ҳам луғатда битта мақол бир маъноси билан бир синонимик уяга, иккинчи маъноси билан эса бошқа синонимик уяга киритилди.

Барча мақол кўп маъноли бўлган маънодошлик уялари

  1. Бир томчи сув чумолига дарё кўринар.
  2. Қалдирғочга туйнук – дарвоза.

Булар икки маъносида синонимия ҳосил қилади:

1-маъно: озгина иш ҳам кўп ва оғир туюлиб, пешанасини тириштирадиган, бўйин товлайдиган, ишёқмас, дангасаларга қарата киноя тарзида айтилади.

2-маъно: баъзи бировлар менсимайдиган озгина нарса ёки маблағ камбағал, ўртамиёна одамнинг кўзига дунё бўлиб кўринади.

  1.   Аталадан суяк чиқибди.
  2.  Кесакдан олов чиқибди.
  3. Қарқуноқдан булбул чиқибди.

Булар тўрт маъносида синонимия ҳосил қилади:

     1-маъно: хасис одамдан иттифоқо бирор саховатли иш чиқиб қолса;

     2-маъно: ҳеч нарса билмайдиган одамдан бирор маъноли фикр чиқиб қолса;

3-маъно: ҳеч индамай жим юрувчи киши бирор бир қилиқ қилиб қўйса.

     4-маъно: доим яхши деб мақтаб юрган кишингиз бирор ножўя иш қилиб қўйса.

     Луғатда бундай синонимик уяларнинг маънолари кетма-кет изоҳланди.

 

Синоним мақоллар асосида ётган образ

Синоним мақолларнинг ўзаро маънодошлигини таъминловчи шартлардан бири синонимик уядаги ҳар бир мақолнинг алоҳида образ асосига қурилган бўлишидадир. Бундай мақолларнинг шаклланиш манбаи, улар асосида ётган воқелик бошқа-бошқа бўлади. Ушбу ҳолат синоним мақолларнинг кўпчилик қисмига хос хусусият саналади. Аммо шундай синонимик мақоллар борки, улар асосида айни бир образ ётади. Шунга қарамай бундай мақолларни ҳам ўзаро синоним деб аташга тўғри келади. Демак, бир уяга бирлашувчи синоним мақоллар улар асосида ётган образ нуқтаи назаридан икки хил:

  1. Асосида бошқа-бошқа образ ётувчи синоним мақоллар.
  2. Асосида айни бир образ ётувчи синоним мақоллар.

Асосида бошқа-бошқа образ ётувчи синоним мақоллар

Синоним мақолларнинг катта қисми шу гуруҳга мансуб бўлиб, улар ҳеч қандай изоҳга муҳтож эмас. Масалан:

Икки мақол қатнашадиган уя

Туя бўйига ишониб йилдан қуруқ қолибди.

Бўйига ишониб қамиш бўйра бўлибди.

Уч мақол қатнашадиган уя

Бир қўчқорнинг боши кетгунча, неча тўқлининг бошини ейди.

Битта қовун пишгунча, юзта сапча узилиб тушади.

Бир хум сингунча, неча хумча синади.

Аммо баъзан бу қоидадан четга чиқиш ҳоллари ҳам учрайди. Масалан:

Ит итнинг қуйруғини босмас.

Илон илоннинг қуйруғини босмас.

Юқоридаги қоидага кўра бундай мақолларни синонимлар доирасига киритиш лозим эди. Чунки улар асосида бошқа-бошқа образ ётади. Аммо биз уларни вариантлар деб аташни лозим топдик. Бундай хулосага келиш учун қуйидагилар асос бўлди:

  1. Мақолларда иштирок этувчи сўзлар асосан бир хил.
  2. Ит ва илон лексемалари ушбу мақоллар таркибида битта сема – ёвузлик семаси билан муштараклик ҳосил қилган. Ёки яна бир мисол:

Қирқига чидаган қирқ бирига ҳам чидар.

Юзига чидаган юз бирига ҳам чидар.

Бу мақоллардаги фарқ сонларда бўлиб, улар эса аниқ сонлар эмас, балки қофия талаби билан танланган ҳолда контекстда битта маъно: кўп миқдорни ифодалаш учун хосланган.

Демак, сўзларнинг, образларнинг ўзгариши ички маънонинг ўзгаришига таъсир этмаса, бунда синоним мақоллар эмас, балки уларнинг вариантлари юзага келади. Шу боис бундай мақоллардан фақат биттаси синоним сифатида луғатга киритилди, холос

Асосида айни бир образ ётувчи синоним мақоллар

Аслида барча синоним мақоллар учун ягона, умумий белги сифатида бошқа-бошқа образга асосланган бўлишини талаб этиш изчилликка олиб келади. Аммо йиғилган мисоллар бундай йўл тутишга имкон бермайди. Тилимизда шундай мақоллар ҳам учрайдики, улар асосида айни бир образ ётади. Лекин бу хусусият уларни бир мақолнинг вариантлари сифатида қараш учун асос бўлолмайди. Чунки гарчи мақоллар бир образ асосига қурилган, аслида бир манбадан ўсиб чиққан бўлса ҳам, улардаги лексик таркиб ва гап бўлакларининг жойлашуви тамоман бир-биридан фарқ қилади. Шу билан бирга баъзи бир ўринларда образ тушириб қолдирилиб, образ белгиси асосий ўринга чиққан ҳолатлар ҳам учрайди, бу эса уларни янги мустақил мақол сифатида қараш учун имкон беради:

  1. Зиқна бирга унамай дуважага тушади.
  2. Мумсикнинг харжи икки баравар.
  3. Бир эллик деб икки элликдан ажралар.

Шу сабабли бундай мақоллар ҳам луғатдан ўрин олган.

Синоним мақолларнинг маъно қиррасида фарқланиши

Икки ва ундан ортиқ мақолларнинг ўзаро синоним бўлиши шартларидан бири уларнинг маъно жиҳатидан ўхшаш бўлишидир. Синоним дейилувчи ҳодисаларда ана шундай маъно умумияти бўлиши шарт. Лекин шу билан бирга ҳар бир синоним мақол учун умумий маъно ўзанидан ташқари ўзига хос маъно қирраси ҳам мавжуд бўлиши мумкин. Кўпчилик синонимларда худди шундай хусусият бор:

  1. Яхши муомалага туя ҳам чўкади.
  2. Яхши сўз филни ҳам йўлга солар.
  3. Яхши гапга илон инидан чиқар.
  4. Сигирни ҳам силаса сут берар.

Биринчи, иккинчи мақолларда умумий маъно ўзанининг катталик семаси биринчи планда турган бўлса, учинчи мақолда айёрлик, ваҳшийлик маъно қирраси бўртиб турибди ва ниҳоят охирги мақолда эса ювошлик маъноси устун.

Маъно қиррасида фарқланиш синонимларга хос асосий хусусиятлардан бири ҳисобланади. Лекин кузатишлар шуни кўрсатдики, баъзан бу қоидадан четга чиқиш ҳоллари ҳам учрайди. Яъни баъзи синоним мақоллар маъно қирраси жаҳатдан деярли фарқ қилмайди:

  1. Ўрик ўрикни кўриб оқарар.
  2. Қовун қовундан ранг олар.
  3. Узум узумдан шира олар.

Бу уядаги синонимлар тенг маъно ва қурилишга эга бўлиб, фақат асосида ётган образ ҳамда нутқда оз-кўп ишлатилиши жиҳатидан фарқ қилади.

Контекстда бундай синоним мақолларни бир-бири билан ўзаро алмаштириш маънога деярли таъсир этмайди.

Кўз илғамас узоқ даврлардан буён ўзбек ва тожик халқи бир заминда яшаб келаётгани боис нафақат ўтириб-туриш-у, муомала маданиятида, балки нутқида ҳам бир–бирларининг чиройли қочиримли сўзларидан, ибораларидан, шунингдек, мақолларидан  фойдаланишади. Бу ҳолат ёзма адабиётга ҳам кўчган бўлиб, кўплаб тожикча мақоллар ўзбек тилидаги бадиий асарларга кирган ва бу барча учун бирдай тушунарли. Шуни инобатга олиб бир қатор тожикча мақолларни ҳам синонимик уяларга киритишни лозим топдик:

  1. Умидли дунё, ноумид шайтон.
  2. 2. То реша дар обаст умеди самараст[21].
  3. Чиқмаган жондан умид.
  4. Умид ўрга тортар, умидсизлик – гўрга. (ўр – баландлик, тепалик.)
  5. Умид ўлмас, ризқ камимас.

Синоним мақолларнинг грамматик қурилиши

Бир ҳодисани турлича ифодалаб келувчи икки ва ундан ортиқ синоним мақоллар грамматик қурилиши жиҳатидан бир хил ҳам, турлича ҳам бўлиши мумкин. Шунга кўра улар иккига бўлинади:

  1. Грамматик қурилиши бир хил синоним мақоллар.
  2. Грамматик қурилиши ҳар хил синоним мақоллар.

Грамматик қурилиши бир хил синоним мақоллар

Бунда бир уяга бирлашувчи мақолларнинг барчаси бир хил грамматик қурилишга эга бўлади:

  1. Бўйингга қараб тўн бич.
  2. Кўрпангга қараб оёқ узат.
  3. Қулочингга қараб кетмон чоп.

Ушбу синонимик қаторда барча мақоллар тузилишига кўра содда гап қурилишига тенг келади ва гап бўлакларининг жойлашуви ҳам бир хил. Худди шундай синонимик қаторни қўшма гап қурилишига тенг келувчи мақолларда ҳам кўриш мумкин:

  1. Икки туя олишар, ўртада пашша янчилар.
  2. Икки айғир тишлашар, ўртада сўна янчилар.
  3. Икки от тепишса, ўртада эшак ўлади.
  4. Икки аждар уришса, ўртада тошбақа пачоқ бўлар.

Иш давомида шундай мақоллар синонимик уяларига дуч келиндики, уларда грамматик қурилиш бир хил. Масалан: Атлас кўйлакка – бўз ямоқ, Эгри тўнкага – эгри тўқмоқ, Йиртиқ тўнга — зар ямоқ, Олтин узукка – олмос кўз. Гарчи грамматик қурилиш бир хил бўлса-да, аммо уларни бир синонимик уяга умумлаштириб бўлмайди. Чунки ҳар бир мақолнинг маъноси ўзгача бўлиб, шу ўзгача маъно асосида улар турли синонимик уяга киради. Эътибор беринг:

Ижтимоий келиб чиқиши, ақли, ҳусн-ҳаловати, тарбияси ва ҳ.к. лари томонидан талаб даражасида бўлган кишига турли жиҳатдан ўзига мос тушмаган одам йўлиқса, турмуш ўртоқ бўлса ва ҳ.к., шундай ҳолларда киноя тарзида айтилади:

  1. Атлас кўйлакка – бўз ямоқ.
  2. Мис қозонга – лой тувоқ.
  3. Зарвараққа – бўз ямоқ.
  4. Амиркон маҳсига – укпа кавуш (укпа – сифати паст тери).
  5.    Олтин узукка — шиша кўз

Ёмон одамлар билан ўзига яраша муомалада бўлиш лозим деган маънода ёки ёмон характер-хусусиятли кишиларга худди шундай жуфтлик учраганда уларга киноя тарзида айтилади:

  1. Эгри тўнкага – эгри тўқмоқ.
  2. Эгри мўридан – эгри тутун.
  3. Эшакка яраша тушови.
  4. Қийшиқ дарахтнинг кўланкаси ҳам — қийшиқ.
  5. Эгри таёқнинг бутоғи бурун йиртар.
  6. Эгарнинг сояси ҳам — эгри.
  7. Тенг тенги билан, Тезак қопи билан.

Ҳар жиҳатдан, яъни маънавияти, дунёқараши, билим доираси, яшаш тарзи, иқтисодий аҳволи ва ҳ.к. паст бўлган кишига ҳар томонлама етук, маънавияти бой, дунёқараши кенг, билим доираси чуқур, яшаш тарзи жуда яхши  ва ҳ.к. инсон йўлиқса ёки чор-ночор яшовчи, қандайдир камчилиги, қусури бор кишига каттароқ, яхшироқ бирор нарса лойиқ кўрилса, шунга киноя тарзида айтилади:

  1. Кир кўйлакка – кишан ёқа.
  2. Йиртиқ тўнга — зар ямоқ.
  3. Кал бошга – шамшод тароқ.
  4. Ўтмас пичоққа – зарҳал соп.
  5. Темир қармоққа – олтин балиқ.
  6. Бўз кўйлакка садаф тугма ярашмас.
  7. Эски тўнга — сувсар ёқа.
  8. Сўқир кўзга сурма.
  9. Оқсоқ отга – олтин тақа.
  10. Эски уйга – янги зардевор.
  11. Эшакка кумуш эгар ярашмас.

Грамматик қурилиши ҳар хил синоним мақоллар

Бундай мақоллар жуда кўпчиликни ташкил этади. Бунда бир синонимик уяда грамматик қурилиши жиҳатидан содда ҳамда қўшма гапга тенг келувчи мақоллар аралаш бўлади:

  1. Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди.
  2. Ит қора кўрмаса, ҳуримас.
  3. Ўт бўлмаса, тутун бўлмас.
  4. Соғ олма шохидан тушмас.
  5. Энгак қимирламаса, соқол ликилламайди.

Баъзан тузилиши жиҳатидан бир хил бўлган мақолларда ҳам гап бўлакларининг жойлашиш тартиби турлича бўлиши мумкин. Бундай ҳодиса содда гап қурилишига тенг бўлган мақолларда кўпроқ учрайди:

  1. Тарбия тақани тўғрилайди.
  2. Таёқ айиқни ҳам мулла қилади.
  3. Мўйнанинг пардози – чивиқ.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Луғат

Икки мақол қатнашадиган синонимик уялар

Ўзининг бойлиги, кучи, савлати, амал-мансаби ва ҳ.к.га ишониб, мағрурланиб юрувчи кишиларга нисбатан истеҳзо тариқасида айтилади:

  1. Туя бўйига ишониб йилдан қуруқ қолибди.
  2. Бўйига ишониб қамиш бўйра бўлибди.

— Сиз якан нима эканини биласиз, а? – деб сўради Ҳикмат Ўролов.

Анвар бу сўзни эшитган, аммо нимани англатишини аниқ билмас эди...

— Фақат пул, деманг. Отарчилар бир пайтларда пулни “якан” дейишарди. Якан — ўсимлик, қамишзорда ўсади. Яканни ўриб олиб, қуритиб узум осадилар ёки сават қалпоқ тўқийдилар. Қамиш, биласиз, узун. Якан эса пастак ўсимлик. Хуллас, якан бир куни қамишга қараб: “Ў, биродар, ҳадеб ғўдаяверма, сал эгил, Оллоҳнинг қуёши нуридан биз ҳам баҳраманд бўлайлик”, дебди. Қамиш унга қарагиси ҳам келмай, бурнини жийириб қўйибди. Вақти-соати келиб қамишни ўрибдилар. Сўнг яканни. Тасодифни қарангки, ўша қамишдан ясалган бўйрани бир уйга тўшабдилар. Шу уй тўсинларига эса узумни осибдилар. Якандан тўқилган сават қалпоқни деворга илибдилар. Орадан кунлар ўтаверибди. Қамиш пастда, якан эса тепада экан. Охири қамиш тепадаги яканга зорланибди: “Мени ўриб олиб қуритдилар, тепкилаб қовурғаларимни синдирдилар, сўнг сувга бўкдилар. Сўнг қайириб букиб, бўйра ҳолига келтирдилар. Энди эса ҳар куни тепкилайдилар. Бу ҳам етмагандай бир четимни қайириб, тупурадилар…”…

Шунда якан дебдики: «Сиз бекорга ғўдайдингиз. Ғўдайиб ўсавердингиз. Аммо ичингиз ғовак эканини унутдингиз. Ғовак бўлганингиз учун ҳам тепкиланишдан бўлак нарсага ярамадингиз” (Т.Малик. «Шайтанат», иккинчи китоб, 250-бет).

  1. Бир томчи сув чумолига дарё кўринар.
  2. Қалдирғочга туйнук – дарвоза.

1-маъно: озгина иш ҳам кўп ва оғир туюлиб, пешанасини тириштирадиган, бўйин товлайдиган, ишёқмас, дангасаларга қарата киноя тарзида айтилади.

   2-маъно: баъзи бировлар менсимайдиган озгина нарса ёки маблағ камбағал, ўртамиёна одамнинг кўзига дунё бўлиб кўринади.

Бўлар-бўлмасга жанжал кўтариб, уришиб юрувчи кишилар охир-оқибатда яккаланиб қолади, уларга ҳеч ким яқин йўламайди:

  1. Урушқоқ хўроз семиз бўлмас.
  2. Сузонғич сигирга шох битмас.

Ҳар бир жой, манзилнинг ўз урф-одати, расм-русуми, яшаш тарзи бўлади. Уни ўша ерда яшовчи кишиларгина яхши билишади. Шунинг учун сен шундай жойларга бориб иш битказмоқчи бўлсанг, аввало, ўша ерда яшовчи кишилар билан кенгаш. Уларнинг маслаҳати билан иш тут:

  1. Ҳар ернинг тулкисини ўз тозиси билан овла.
  2. Ҳар ернинг қуёнини ўз овчиси овласин.

Ҳар бир нарсага ўзига мос келадиган нарсани топиш керак:

  1. Тойга тўқим урсанг, эгар синади.
  2. Извошга эшак қўшиб бўлмайди.

— Тойга тўқим урсанг, эгар синади, — деди Данильченко одатича салмоқлаб ва ҳижжалаб, ҳаммага қараб. – Сизнинг битиришингизнинг ўзи сир. Сиз буни биринчи марта учраган сатангга айтасиз. У мактаб эшигига келиб, сизнинг рота ва взводингизни айтиб йўқлайди. Бу хоинликнинг боши (Шуҳрат. “Шинелли йиллар”, 29-бет).

Ҳар ким билими, касб-ҳунарига яраша гапира олади, ёза олади, иш қила олади, фаолият кўрсатади:

  1. Қозонда бори чўмичга чиқади.
  2. Ҳар идиш ўз ичидагини тўкади.

— Мени қийнаган иккита масала бор, — деди Феруза,..

— Биринчи масала бу йилги пахтага доир. Бригадама-бригада юриб, ҳосилни чамалаб чиқдим. Норқўзи бригадаси планини ошириб бажаради. Турсуной ҳам бажаради. Лекин бошқа бригадалар бажара олмайди. Қозонда бори чўмичга чиқади (Ҳ.Ғулом. “Феруза”, 63-бет).

Бирон бир нарса ёки ҳодисани сир тутиш зарурлиги ҳақида гапирилганда мажозан қўлланади:

  1. Оқ туя кўрдингми? «-Йўқ».
  2. Ўрага сичқон тушди, гулдур-гуп.

— Секин, дўст, секин! – Нурбек оғзига бармоғини босди, — секин!

        — Шуни онг-да, мени қўйиб юборинг, — директорнинг юзига қон югурди, — шуйтинг, ака, — у кўйлаги ичидан боғланган белбоғини ечиб, Нурбекка тутқазди.

           У қирқта юзталикни санаб, чўнтакларига тиқди-да, қолганини қайтариб берди. Сўнг:

           Оқ туя кўрдингми, йўқ, дўст! – деди кескин бир оҳангда кўзларини чақчайтириб, — бўлмаса  сизни  ҳеч  ким  қутқазолмайди! («Уйғоқ кунлар», 104-бет).

           Вақтни ғанимат билган дадаси бир кечадаёқ Пишпакдан шўнғиб, Мирсалим ҳозир турган шаҳардан чиқди. Бир оз вақт ўтгач, оиласини чақиртириб олди, «туя кўрдингми? Йўқ!» деб, тўнини ўзгартирди, фуқаро бўлиб олди (Шуҳрат. «Олтин зангламас», 259-бет).

Тўғри, ҳалол одам бўлсанг, бехавотир бўласан, ҳар кимдан чўчиб, ҳадиксираб юрмайсан деган маънода ишлатилади:

  1. Ошинг ҳалол бўлса, кўчада ич.
  2. Савдогарнинг моли бешубҳа бўлса, йўл устида ёяр.

           Ноҳакликни кўриб туриб қайси виждон билан кўз юмаман? Тилингиз қисиқ жойи бўлса, айтинг! Нега қўрқасиз! Ошинг ҳалол бўлса, кўчада ич! (Ў.Усмонов. «Гирдоб», 221-бет).

Бу мақоллар худбин, ўзидан бошқани ўйламайдиган, ўзгаларнинг ғамини емайдиган кишиларга нисбатан айтилади:

  1. Дунёни сув босса, ўрдакка нима ғам?
  2. Дарё тошса, қудуққа не зарар?

Бирор иш кутилгандек, ўйлагандек, олдиндан тасаввур этилгандек бўлиб чиқмаган ҳолларда, шунингдек, бирор бир иш юзасидан олдиндан ваъда бериб қўйиш ҳам доим ўзини оқламаслигини таъкидлаш мақсадида ишлатилади:

  1. Уйнинг гапи кўчага тўғри келмас.
  2. Уйдаги нархни бозордаги баҳо бузар.

Кордоннинг жойидин Бойўғлининг маскани узоқ эрди. Балки муддати сафар эрди. Сафар яроғини бекаму кўст қилмоқ керак, агарчи дебдурлар: …Уйдаги сўз бозорга рост келмас (Гулханий. «Зарбулмасал», 38-бет).

  1. Ёғмасанг ҳам гуриллаб ўт.
  2. Емасанг ҳам қора майиздан гапир.

Булар икки маъносида синонимия ҳосил қилади:

1-маъно: ширин орзу-умидлар қилувчи кишиларга нисбатан киноя тарзида ишлатилади.

2-маъно: қуруқ мақтанадиган кишиларга нисбатан киноя тарзида ишлатилади.

— Оббо чол-э, олдиз, олдиз. Бу дейман, ҳазил-ҳазил деб юриб, қармоққа илиниб қолсангиз-а, ота?

— Кошкийди, — деди Ориф ота оғзининг таноби қочиб, — саниям гоҳи-гоҳида нафасларинг иссиқ бўлиб туради-я, чўлоқ.

— Бўш келмайсиз-а. Емасанг ҳам қора майиздан гапир деб шуни айтишса керак-да, а, чол... (Р.Файзий. “Ҳазрати инсон”, 254-бет).

Одамзоднинг табиати шундайки, бирор киши бошқа бировга ўз бошига тушган ташвишни айтиб юрагини бўшатмоқчи бўлса, бошқа одам ҳам беихтиёр ўз дард-ҳасратини айта бошлайди. Мазкур мақоллар шунга ўхшаш ҳолларда ишлатилади:

  1. Азага борган хотин ўз дардини айтиб йиғлар.
  2. Ҳар ким ўз ўлиги учун йиғлайди.

  Маҳкам ака бир нима сўрамоқчи бўлиб, оғзини жуфтлаган эди, чол яна ўзи гапириб кетди.

        — Кечаги келганларни кўриб, жуда юрагим эзилиб кетди. Кампиримга айтиб берсам, кўз ёши қилиб юборди. «Ваня, билгин, беришса биз ҳам биттасини олиб, тарбиялайлик», деб қолди…

       — Шундоқ денг. Бундан чиқди сиз ҳам шу ният билан келган экансиз-да.

        — Нима десам экан, — дея мўйловини силади чол, — ўзбекларда азага борган хотин ўз дардини айтиб йиғлар, деган мақол бор. Шунга ўхшаб мен ҳам ўз дардим билан келаман бу ерга ( Р.Файзий. «Ҳазрати инсон», 106-бет).

Ёмонликни ёмонлик билан тугатиб бўлмайди, қайтага у авж олади:

  1. Қонни қон билан ювиб бўлмас.
  2. Ўтни ўт билан ўчириб бўлмас.

           — Иби, жилли бўлибманми саройга бориб? – деди Зорий. –Хонинг аввал бўғзини тозаласин, кейин шеър айтсин! Ҳозир қалам тутажак қўлини ювиб ўтирган бўлуви керак. Шариф тарронинг арвоҳи Ферузни тиригида тинч қўймас!

           Қон юқини қон билан кетказиб бўлмас, — дея ўйчан гап қўшди Аваз (С.Сиёев. «Аваз», 45-бет).

Биров нима қилса шуни қилгиси, биров нима кийса, шуни кийгиси келадиган, бировга кўр-кўрона тақлид қиладиган одамларга нисбатан киноя, истеҳзо тарзида қўлланади:

  1. Отга тақа қоққанда, қурбақа оёғини кўтарар.
  2. От арпа еса, эшак қулоғини солади.

Ақлли, билимдон, олиму донишманд одам ўзини доимо камтар тутади, илм-билимини ўзгаларга пеш қилмайди, оз гапириб, кўп тинглайди:

  1. Мевали дарахтнинг боши хам.
  2. Чуқур дарё сокин оқар.

Душманнинг каттаси ҳам, кичиги ҳам душман, уни назар-писанд қилмасанг, ногаҳон зарба еб шикаст топиб қолишинг эҳтимолдан холи эмас. Шунинг учун бундайлардан эҳтиёт бўлиш лозим:

  1. Хасни хор кўрма, кўзингга тушса кўр қилади.
  2. Хасни кўрсанг, Хизр бил.

Сен дохундаларга паст назар билан қарама! “Чўпни хор қилмаки, кўзингга санчилади” деганлар. Бир вақт Бухоро ҳукуматининг иши ана шу дохундалар, бугун сенинг кўзингга хор кўринган кишилар қўлига ўтади (С.Айний. “Дохунда”, 281-бет).

Баъзи одамлар бировга озор бериш, азоблаш, кулфатга солиш билан роҳат топадилар. Аммо уларнинг бу қилиғидан азият чеккан одам учун бу «роҳат» қимматга тушади. Мазкур мақолларни шундай дилозор, бераҳм, бешафқат одамларга нисбатан киноя тарзида қўллайдилар:

  1. Отнинг ўлими – итнинг байрами.
  2. Сичқонга – ўлим, пишакка – ўйин.

Ёқтириб юрган Рустамовга ҳам дилида роса лаънат ёғдирди, сотқиндан олиб сотқинга солди… Бари ўз жиғилдонини ўйлайди! Бировнинг бошига тушган бахтсизликдан ҳам фойдаланади! Ана, қўйнинг ўлими – бўрининг байрами… (Ў.Усмонов. «Гирдоб», 502-бет).

Қийинчиликларга чидамли, бардошли, сабр-матонатли бўлишга даъват этганда, бир нимадан қийналиб, изтироб чекаётган одамни юпатиш, унга далда ва тасалли берганда қўлланади:

  1. Барча юкни кўтарган туя

Чўмични ҳам кўтарар.

  1.     Қирқига чидаган қирқ бирига ҳам чидар.

 Э, тавба! Шунча йил индашмаган… энди яроқсиз бўп қолибсизми?! Бутун рўзғорни кўтарган туяга битта элак оғирлик қип қоптими? Қандай одамлар-а, қандай одамлар! Қўрқишмайдиям! (Ў.Усмонов. «Гирдоб», 284-бет).

Ишёқмасга бирор ишни буюргудай бўлсанг, ўзи қилишга эриниб, сен буюрган ишни ўзидан кичкинага буюради:

  1. Ит итга буюради, ит қуйруғига.
  2. Иш буюрдим Алитозга, Алитоз қўяр ёзга.

Ўзаро ўйнашаётганда ёки ҳазил-мутойиба қилишаётганда нохосдан бирон кўнгилсизлик юз берса ёки биров ранжиб қолса мазкур мақоллар ишлатилади:

  1. Ҳазилнинг таги – зил.
  2. Ўйиндан ўқ чиқар.

Бир вақт Жамила унинг қараб турганини пайқади, шекилли, қаноти қайрилгандек бўшашиб хиралик қилаверган йигитларни силтаб ташлади.

  • Етар, ҳазилнинг таги зил бўлмасин тағин!
  • Ие, сенга нима бўлди, — деб кимдир хохолаб кулиб, уни яна қучоқламоқчи бўлган эди, Жамила унинг кўкрагидан итариб юборди:
  • Нима ишинг бор? Нари тур! (Ч.Айтматов. “Жамила”, 52-бет).

Ҳар бир ишни ёшликда ўрганиш,  ўз вақтида бажариш зарур, акс ҳолда кеч бўлади:

  1. Қирқида қўлига соз олган қиёматда қулоғини бурар.
  2. Қирқингда сурнайчи бўлсанг қачон чаласан?

Одамлар орасида бўлар-бўлмас, маза-бемаза гапларни ўрни бўлса-бўлмаса гапираверадиган кишиларга нисбатан танбеҳ маъносида қўлланади:

  1. Қурбақа ҳам вақти билан вақиллар.
  2. Тегирмон ҳам навбати билан.

Кишининг қўли қисқа бўлса, пули, маблағи бўлмаса, дурустроқ бирон-бир ишга қурби етмайди, на ўзига, на ўзгага ёрдам бера олади, деган мазмунда ишлатилади:

  1. Қисқа ип қамровга келмас.
  2. Оз йиртиққа ямоқ бўлмас, тешикка тиқин.

Қўлидан келмаган ишга уриниб, уддасидан чиқолмай, ўзини оқламоқчи бўладиган ношуд, қуруқ мақтанчоқ одамларга нисбатан ишлатилади:

  1. Мушук чарвига етишолмай: «Бировнинг моли ярашмас» дейди.
  2. Чангакдаги гўшт – сассиқ.

 — Менми? – Шерзод ўйчан қиёфада бошини қуйи солди. – Ҳарбий академияда ўқиб, космонавт бўлмоқчи эдим… -Айнадим, — деди афсус-надомат билан бош чайқаб. –Энди фармага кираман.

 — Узумга бўйинг етмагандан кейин пуф сассиқ экан-да, — Шоира тағин бижир-бижир қилди (Ў.Ҳошимов. «Икки эшик ораси», 426-бет).

  Агар менга «акангдай дарға бўласан, ўзингдан каттароқларга акангдай лаганлик қиласан» деса, ўлиб қолсам ҳам бўлмас эдим!

— Ҳа, энди, бўйинг етмагандан кейин «пуф сассиқ» дейсан-да! (П.Қодиров. «Қора кўзлар», 206-бет).

Эгасини ҳурмат қилсанг, сийламоқчи бўлсанг, унинг атрофидагилари, бола чақалари, қариндош-уруғларининг ҳам ҳурматини жойига қўй, уларга ҳам мулозамат кўрсат, яхши муомалада бўл:

  1. Эгасини сийлаган итига суяк ташлар.
  2. Эгасини сийласанг, кучугини сизсира.

Нима қилсин? Қуруқдан-қуруқ бораверсинми? Ҳар ким ўз обрўсига яраша иш тутиши керак. Гилам оборса чол назарига илмайди. Магнитофон оборай деса чол одам уни нима қилади? Тилла соатми? У ҳам бўлмайди. Арзимаган нарса. Шундай нарса оборсинки, Раҳимовнинг қулоғига етсин. Яқин одамларимни ҳам қадрлаяпти, десин. Эгасини сийласанг итига суяк ташла, деб бекорга айтишмаган ((С.Аҳмад. «Жимжитлик», 225-бет).

Вақтинча эришган муваффақиятларига керилувчи, мақтаниб юрувчи, ҳовлиқувчи одамларга нисбатан қўлланади:

  1. Чиранма товуқ, кетингдан уради совуқ.
  2. Мақтанма ғоз, ҳунаринг оз.

Бировга бирор нарсага муҳтож бўлиб қолганда ёрдам қилсанг, бу унга мадад бўлади. Аммо ҳадеб ёрдам қилаверсанг, унинг учун бу нарса одат тусига кириб қолади:

  1. Бир қилган – мадад, икки қилган – одат.
  2. Гадони гадо қилувчи — садақа берувчи.

Мол, пул топишнинг ўзи бўлмайди. Инсон ўз ҳаётий эҳтиёжларини таъминлайдиган маблағни топиш йўлида тер тўкиб, жон койитиб меҳнат қилади, машаққат чекади. Шунинг учун агарда кишининг молига бирор зарар етса, у мол аччиғида ўз жонини ҳам аямайди:

  1. Мол аччиғи – жон аччиғи.
  2.          Мўминнинг моли – мўминнинг қони.

          — Аммамнинг бузоғидай мўлтиллаб ўтирдингизми? Дод солмайсизми, бутун уйни бошингизга кўтариб бақирмайсизми! Одам йиғмайсизми!

            «Мол аччиғи – жон аччиғи» деб тушунган ота оталигига бориб салмоқланди:

         — Жон ширин экан, қизим! (Шуҳрат. «Бир кеча фожиаси», 41-бет).

Кимки ноҳақ, гуноҳкор ва ҳ.к. бўлса, ҳаммадан олдин ўша шов-шув кўтаради:

  1. Қўрқоқ олдин мушт кўтарар.
  2. Қўрққан бурун юлдуз урар.

Тўрт-беш қадам берига, ўтлар устига омонат чўккаладим. Ўша куни Раъно келинойимникида кўрганларим лоп этиб хаёлимга келди-ю, бирдан дадил тортдим. Қўрққан олдин мушт кўтарар қиляпти бу закунчи! Шошма! Нимага қўрқишим керак ундан?! Нимага қалтирашим керак?! Закунчи бўлса ўзига! (Ў.Ҳошимов. «Икки эшик ораси», 267-бет).

Бирор кимса ёки ҳодисани атайлаб кутиб турсангиз, вақт ҳам тезликда ўтмай қолади:

  1. Тикилган қозон қайнамас.
  2. Очга тортган кечга тортар.

У шошиб-югурганича бекатга етиб келиб, энди сабрсизлик билан автобус кута бошлади. Аммо тикилган қозон қайнамайди, автобус тез орада қорасини кўрсатадиганга ўхшамас эди (О.Мухтор. «Эгилган бош», 24-бет).

Ҳеч қаёққа сиғмайдиган, қўнимсиз, бир ишга қовушмай, таралла-бедод қилиб юрувчи боқибеғам одамларга нисбатан ишлатилади:

  1. Бедананинг ини йўқ, қайга борса питбилдиқ.
  2. Ошпичоқнинг қини йўқ, питбилдиқнинг ини йўқ.

Бир парча этни тарбиялаб, вояга етказгунча ота-она, устоз ва ҳ.к. жуда кўп азоб, машаққат чекади:

  1. Тойлар от бўлгунча, жигарлар хун бўлар.
  2. Тойни от қилгунча, эгаси ит бўлар.

Мажозан чоғи келса-келмаса бировдан қолишмасликка, унга кўр-кўрона етишишга ҳаракат қилувчи одамларга нисбатан қўллайдилар:

  1. Тойдан той қолса, қулоғини тишлар.
  2. Эшак эшакдан қолса, қулоғини кесади.

Таланган моллардан озроқ улушга эга бўлган “ғози” “эшак эшакдан кейин қолса, қулоғини кес” мақолига мувофиқ, Душанби атрофидаги аҳолидан яна бирон кишини ёки ҳовлини талашга уринарди (С.Айний. “Дохунда”, 297-бет).

Киши ўзи учун зарур бўлган ҳар бир нарсани оз-оздан тўплаб, жамғариб борса ёки секинлик билан ўргана борса, бир кун ўшанга эришади:

Қачонлардир, кимдандир чала-чулпа эшитган бир гапига асосланиб, шуни ҳаммага маъқуллаб юрувчи, эътироз билдирсалар, уриб-енгувчи одамларга нисбатан киноя тарзида қўлланади:

  1. Кўр тутганини қўймас, кар – эшитганини.
  2. Кўр товуққа ҳар нарса буғдой кўринар.

Икки дўст (бири кўр экан) узоқ сафарга чиқибдилар. Саҳройи Кабирда кўрнинг қамчиси қўлидан тушиб кетади. У отининг жиловини тортиб, қамчини излайди. Бир заҳарли илон тун совуғида карахт, қотиб ётаркан. Кўр уни қамчи деб олганича отига минади. Кўзи очиқ ҳамсояси унинг қўлида илонни кўргач, ошиқади:

  • Дўстим, қамчи хаёл қилиб олганинг заҳарли илон-ку! Ташла! …
  • Бу сўзларини ўжар кўрга маъқуллата улгурмасданоқ одам қўлининг ҳароратидан жонланган илон уни чақади ва ҳалок қилади.
  • Шу-шу, «кўр тутганини қўймайди” мақоли яшар эмиш (С.Азимов. “Юлдузлар жамоли”, 74-бет).

Ҳар қандай тартибсизлик, нотинчлик, бузилиш ва ҳ. к. аввало «юқори» дан бошланади:

  1. Балиқ бошидан сасийди.
  2. Сув бошидан лойқар.

Номаъқулгарчиликларни тузатадиган мутасадди одамларнинг ўзики шундай бўлгандан сўнг, ўшаларки ёмон йўлга киргандан сўнг, хўш, бу чиркинликларни кейин ким тузатади?! Қандай қилиб тузатади?! Ҳамма бало балиқ бошидан чиришида… (Ў.Усмонов. «Гирдоб», 402-бет).

— … Айб буларда эмас.

— Тўғри айтдингиз: айб буларда эмас. Сувнинг боши лойқа (Шуҳрат. “Шинелли йиллар”, 538-бет).

Андишасиз, безбет, очкўз, суллоҳ, еб тўймас ва ҳ.к. кишиларга нисбатан айтилади:

  1. Бетимнинг қалини – жонимнинг ҳузури.
  2. Бетти қаттиқ буюрмаган овқатни ичади.

Тегишли одамнинг ўзига бевосита очиқ-ойдин айтилмай, бошқа турли йўллар: киноя, қочирим ва ҳ.к. билан ёки бошқа бировга шама қилиш орқали фикрини ифодаламоқчи бўлган кишиларга нисбатан айтилади:

  1. Қизим, сенга айтаман, келиним, сен эшит.
  2. Коса, косанинг тагида нимкоса.

Қаландаров креслонинг суянчиғига ўнг қўлтиғини қўйиб, президиумга орқа ўгириб, кўчага қараб ўтирар экан, докладни икки марта тўхтатиб, бир марта почтальон билан, иккинчи марта ферма мудири билан гаплашди; афтидан, яна “гаплашиб туринглар-чи”, деб чиқиб кетгани баҳона излар эди. Шу пайт “қизим сенга айтаман, келиним сен эшит” қабилида уни огоҳлантириш, интизомга чақириш учун жуда қулай баҳона топилиб қолди (А.Қаҳҳор. “Синчалак”, 82-бет).

Ҳаммани ўзига дўст деб билиб, гапини айтаверадиган кишиларга нисбатан: “Эҳтиёт бўл, ўз бошингга ўзинг бало орттирма”, деган маънода ишлатилади:

  1. Очиқ қозонга ит тегар.
  2. Очиқ дастурхонга пашша кўп ёпишар.

 

  1. Тулкининг душмани – чиройли бароқ думи.
  2. От чачаси узунлиги – ўзига зарар.

Бу мақоллар икки маъносида синонимлик ҳосил қилади:

   1-маъно: ақлий жиҳатдан етук, жисмоний жиҳатдан кучли, ўз касбининг устаси ва ҳ.к. бўлган кишиларни кўролмайдилар, чиқиштирмайдилар, турли туҳмат тошларини отадилар, пайини қирқиш, охири бирор бало-қазога гирифтор қилиш, ўз ораларидан четлатиш, йўқотиш ҳаракатида бўладилар. Ундай одамларнинг ўткирлиги, кучлилиги, бошқалардан устунлиги ўзига зиён-заҳмат келтиради.

   2-маъно: кишининг ўзига хуш ёқадиган, роҳат бағишлайдиган баъзи бир “хурмача қилиқ”лари бошига бало келтириши мумкин:

— Қоронғи тушишини пойлаган кўршапалакдек нима қилиб юрибсан? Кетмадингми?

       — Кечки сменага келдим! – деди Ҳимматилла… – Ўзинг нима қилиб юрибсан?

      — Иш бор! – кўзини муғомбирона қисди мастер.

      Тулкининг душмани — чиройли бароқ думи, деганлар-а, эсингдан чиқмасин! (Шуҳрат. “Бир кеча фожиаси”, 34-бет).

Бу мақоллар бойликка ёки амал-мансабга эга бўлган одам кези келганда ўз яқинларига қўлидан келадиган ёрдамни бермаганида аччиқ киноя тарзида айтилади:

  1. Теракнинг сояси тубига тушмас.
  2. Чироқ туби — қоронғу.

Аёғингга тушар ҳар лаҳза гису

    Масалдурким: «Чироғ туби қоронғу» (Лутфий).

Уч мақол қатнашадиган синонимик уялар

Бажариладиган ишдан иккала томон ҳам зарар кўрмай, манфаатдор бўлади, деган маъно анлашилади:

  1. Сих ҳам куймайди, кабоб ҳам.
  2. Бўрилар ҳам тўқ, қўйлар ҳам омонда.
  3. 3. Ҳам лаъл ба даст ояду ҳам ёр наранжад[22].

— … бир иш қилки, бой билан оқсоқл мендан ранжимасинлар, …

— Бу тўғрида хотиржам бўл, “сипоҳигари си пой дорад” (сипоҳигарчиликнинг ўттиз оёғи бор) деганлар. Мен сипоҳ бўлмасам ҳам, неча йилдан бери сипоҳларнинг мисс товоғини ялаб “биларман” бўлдим. Бир иш қиламанки ҳам лаъл ба даст ояду ҳам ёр наранжад (С.Айний. “Дохунда”, 138-бет).

… бу зиёфат мажлисида ҳамма шод, ҳамма хурсанд ва мухтор вакил ўринбосарларининг югурдаги сўзига кўра, “бўрилар ҳам тўқ, қўйлар ҳам омонда” эди (С.Айний. “Дохунда”, 323-бет).

Бир-бирларига қарама-қарши, рақиб бўлган кишилар кези келганда манфаат юзасидан ўзаро иноқлашиб, бир-бирларига кўмаклашишлари ёки бир-бирларига ён босишлари мумкин, деган маънода ишлатилади:

  1. Бўри билан қузғун овда ўртоқ.
  2. Дарахт кесувда арра болта дўст бўлар.
  3. Ит билан овчи овда ўртоқ.

Қуйидаги синонимик уя икки маъносида синонимлик ҳосил қилади:

1-маъно: бировнинг имконияти, ҳол-қудратининг чекланганлигини билдириш мақсадида айтилади.

2-маъно: бировнинг ҳол-қудрати, имкониятини менсимай, ерга уриб, камситиш мақсадида айтилади:

  1. Бузоқнинг югургани – сомонхонагача.
  2. Товуқнинг югургани – томгача.
  3. Елпиғичнинг ели далага кор қилмас.

       “Бузоқнинг югургани сомонхонагача” деганлари каби, сизнинг соҳибқиронлигингизнинг қаҳрамонлиги ҳам қуролсиз деҳқонларнинг уйигача (С.Айний. “Дохунда”, 330-бет).

        — Ҳозир у шунақа гап тарқатган одамни ахтариб юрибди…

        — Топадими? – ўзидан ҳадиксираб сўради Муродхўжа ака.

        — Ким иқрор бўлади? Бузоқнинг югургани сомонхонагача! Ҳовуридан тушади қолади (У.Назаров. “Чаён йили”, 202-бет).

Қуйидаги синонимик уя тўрт маъносида синонимлик ҳосил қилади:

1-маъно: хасис одамдан иттифоқо бирор саховатли иш чиқиб қолса;

2-маъно: ҳеч нарса билмайдиган, ҳеч ким писанд қилмайдиган одамдан бирор маъноли фикр чиқиб қолса ёки қобил, ақлли, чиройли ва ҳ.к. фарзанд туғилса;

      3-маъно: ҳеч индамай жим юрувчи киши бирор бир қилиқ қилиб қўйса;

      4-маъно: доим яхши деб мақтаб юрган кишингиз бирор ножўя иш қилиб қўйса:

  1.      Аталадан суяк чиқибди.
  2. Кесакдан олов чиқибди.
  3. Қарқуноқдан булбул чиқибди.

     — Кўргансан, болалигида кўргансан. Бўйи етиб, жуда очилиб кетибди. Ушоққина қиз эди. Мен ўзим ҳам “Ё тавба!” – деб ҳайрон қолдим. Анави маҳалламизда Саттор бежирим бор-ку, ўшанинг қизи. Қарқуноқдан булбул чиқибди (Шуҳрат. “Бир кеча фожиаси”, 27-бет).

         — Қарор, вазифа, топшириқ… лекин шу қарор, шу вазифа, шу топшириқларни бажарадиган одамлардан, “бу тўғрида сен нима дейсан, сенинг қандоқ ўй-мулоҳазаларинг бор”, деб бир оғиз сўралмади-да! Отига мажлис, отига маслаҳат…

     Бу гап Қаландаровгв яшиндай тегди… у ўтиргандан кейин Қаландаров ўрнидан турди…:

     — Қани, гапир бўлмаса! Нега ўтирдинг? Маслаҳатингни эшитайлик! Бугун кесакдан ўт чиқиб қолди (А.Қаҳҳор. “Синчалак”).

Имкони борича бировдан бир нима сўрама, ўз эҳтиёжингни ўзинг таъминлашга ҳаракат қил. Чунки бировнинг қўлига қарам бўлиб қолган одам ўзини ноқулай сезади, қисиниб-қимтиниб ейди, овқатга мириқмайди. Шунинг учун бировнинг берадиган луқмасини кутиб ўтирма, ўзинг меҳнат қилиб топ, шундагина яйрайсан, ўзингни эркин сезасан:

  1. Қўлдан берганга қуш тўймас.
  2. Тилаб олган тўн тиззага чиқмас.
  3. 3. Тилаб олинган нон қорин тўйдирмас.

— Олинг! Сиз бу ерга нонга келган эдингиз.

— Нондай азиз бўлинг, ука. Биз кўрган кунларни ҳеч кўрманг. Қўлдан берганга қуш тўймас… Лекин мен шунинг кучи билан қишлоғимга етиб оламан (П.Қодиров. “Юлдузли тунлар», 108-бет).

Бирор бир мансаб ёки лавозимга эришиб, уни эплаб билмаган кишиларга нисбатан киноя тарзида айтилади:

  1. Семизликни қўй кўтарар.
  2. Ўланни тўй кўтарар.
  3. Оғирликни ер кўтарар.

Қовун билан тугунчани мен, тарвузни Омон кўтариб олди. “Семизликни қўй кўтарар” деганларидек Омонга бадавлатлик ёқмас эди. Ўртадаги ҳамма пулимиз аллақачон уч сўмдан ошиб кетгани учун Омон янгши қилиқ – бойвачча қилиқ чиқара бошлади (Ғ.Ғулом. “Шум бола”, 23-бет).

Одамларнинг қаричи, алчини узун-қисқа бўлгани каби, ўзини тутиши, ақл-идроки, дид-фаросати, ҳаракат дораси, билими, дунёқараши ҳам турлича бўлади. Улар бировга баҳо берганда, фикр билдирганда мана шу имкониятидан келиб чиқади. Шунинг учун бундан хафа бўлишнинг ҳожати йўқ:

  1. Ҳар ким ўз қаричи билан ўлчар.
  2. Ҳар ким ўзига қараб тўн бичар.
  3. Ўзи ўғри ҳаммани ўғри билади.

Ҳар бир одам, хоҳ у катта бўлсин, хоҳ кичик, ўзига яраша қадр-қиммати борлигини, шунинг учун ўзгаларнинг унга ҳурмат билан муносабатда бўлишини хоҳлайди:

  1. Чумчуқ ҳам ўз тошича – ботмон.
  2. Чангал ўзини боғ санар.
  3. Ёмғир ўзин сел санар,

Кўлмак ўзин кўл.

Бировнинг қилмиши учун бировни жазоламайдилар. Ҳар ким ўз қилмишига яраша жазосини тортади:

  1. Эчкини ўз оёғидан осадилар,

Қўйни ҳам.

  1. Ҳар кимнинг амали ўз оёғидан.
  2. Оқ қўйни оёғидан осади,

Қора қўйни ҳам ўз оёғидан осади.

 Бундан чиқди ҳамма гуноҳ ўзимда экан-да! Нимага? Айбим нима! Шу одамни севганимми! Агар яхши кўриш айб бўлса… бу дунёда беайб одамнинг ўзи борми? Майли, ким нима деса – десин! Қўйниям ўз оёғидан осади, эчкиниям (Ў.Ҳошимов. «Икки эшик ораси», 384-бет).

Қийналиб, муҳтож бўлиб турган одамга бироз ёрдамлашиб юборсанг ҳам унга анча қувват бахш этган бўласан, у сенинг шу озгина ёрдаминг билан ўзини ўнглаб олиши мумкин деган маънода айтилади:

  1. Ҳайт, деган туяга мадад.
  2. Арғамчига қил – қувват.
  3. Чанқоққа бир томчи ҳам мадад.

«Ҳайт» деган туяга мадор.

Зебо госпиталга ўз хоҳиши билан фельдшер бўлиб киргач, онасига ҳам иш топилиб қолди (Шуҳрат. «Шинелли йиллар», 49-бет).

-Рост. Ойимла дастурхон устида нуқул сизни гапириб ўтирадилар… “Ҳайт, деган туяга мадад, болам, қуруқ бўлсаям бориб, “Ҳорманг”, деб келишим лозим…” дейдилар нуқул (Р.Файзий. “Ҳазрати инсон”, 325-бет).

Энг беозор, индамас кишини ҳам ҳаддан ташқари эзаверсангиз, қийнасангиз охири ўшандай одам ҳам қаршилик кўрсатади:

  1. Қурбақани боссангиз «вақ» дейди.
  2. Қуйруғиги боссанг, сичқон ҳам чийиллайди.
  3. Боссанг, чувалчанг ҳам қимирлайди.

— Мени алдолмайсан муттаҳам! Ёз!

— Бу тушингизни сувга айтинг! – Эшим зўр чекиниш фойдасизлигини сезиб ҳужумга ўтди. – Тоғангизнинг ҳурматини қилиб ўзимни тийиб тургандим. Қурбақани боссангиз вақ дейди, мен-ку одамман. Совхоз сизнинг шахсий мулкингизмас, давлатники, унутманг! ( «Уйғоқ кунлар», 48-бет).

Бирон бир шахснинг, яхши ёки ёмон бўлишидан қатъий назар, тенги топилавермаса, бундан ташвишланишнинг ҳожати йўқ, албатта, бир кун ўзига ярашаси топилади, деган маънода қўлланади:

  1. Пўлат пичоқ қинсиз қолмас.
  2. Тешик мунчоқ ерда қолмас.
  3. Тирик илон инсиз қолмас.

  То баҳаддеки аломати буллуғ зоҳир бўлуб, тиши чиқиб, кўзи сузулиб, онасининг тўғри сўзлаганига эгри сўзлай бошлади. Онаси қабзланиб айдиким:

— Эй болам, кўнглунгиз эр тилар ўхшар, ошуқманг. «Ошуқғон қиз эрга борса, ёрчимас ва тешик мунчоқ ерда қолмас», — дер эрди (Гулханий. «Зарбулмасал», 20-бет).

Зиқна, хасис одам ишнинг арзон тарафини кўзлайди. Оқибатда бу арзоннинг бақоси бўлмай, яна харажат қилиб, бир нарсани қайтадан қуришга ва ҳ. к. мажбур бўлади:

  1. Мумсикнинг харжи – икки баравар.
  2. Зиқна бирга унамай, дуважага тушади.
  3. Бир эллик деб икки элликдан ажралар.

  — Агар лампани чиқариб туширишда унинг шишаси синса, «мумсикнинг харжи икки баравар» деган мақол тўғри бўлиб қолади, — дедим мен.

      Синган шишанинг зарари менга эмас, у лампанинг эгаси бўйнига тушади, — деди Қори-Ишкамба, — шунинг учун бу лампани ёндиришга ичкарига бериб юбормай, у лампани бу ерга олиб чиқишини буюрдим.

       — Ичкари ҳовлингиздаги лампа сизники бўлмай, кимники бўлади? – деб таажжуб билан сўрадим.

  — Хотинларимники! – деди Қори-Ишкамба… (С.Айний. «Судхўрнинг ўлими», 39-бет).

Ҳар бир киши ўз иқтидори, салоҳиятига кўра маълум бир ишни бажаради:

  1. Мулла билганин ўқир.
  2. Бўзчи билганин тўқир.
  3. Товуқ кўрганин чўқир.

Менимча, ундай бўлмайди… Лекин бу дастхатни менга ишонган экансиз, иккимиз озгина баҳслашиб, баъзи бир нуқталарни аниқлаб олишимизга тўғри келади.

Майли. Албатта, — деди Қодиржон.

Бухоролик бўлганим учунмикан, Ғозидинни бухоролик деганингиз…

       — Ўзимга ҳам ёқмайди. Лекин илож қанча, бўзчи билганини тўқийди. Мен у ерлик яхши одамларни ҳам эслаганман (О.Мухтор. «Эгилган бош», 255-бет).

Ҳар ким ўз ҳолига, имкониятига қараб иш кўриши лозим:

  1. Кўрпангга қараб оёқ узат.
  2. Бўйингга қараб тўн бич.
  3. Қулочингга қараб кетмон чоп.

Маҳаллада бўладиган тўй-ҳашам борки, Жамол холасиз ўтмасди… Жамол холанинг энг яхши одати, уни кўпга манзур қилган ҳам бир нарса эди: аввало тўй қилувчи билан гаплашиб орзусини билиб оларди-да, кейин қурбига қарарди. Мабодо қурби етмаса-ю, каттароққа интилса, «Ҳой, кўрпангга қараб оёқ узат. Қарзга ботадиган бўлсанг, ма, тўйингни ўзинг эплаб ол!” деб, шартта ўрнидан туриб кетаверарди (Р.Файзий. “Ҳазрати инсон”, 49-бет).

Бирон манфаат кўриш ниятида бир йўла икки ишнинг кетига тушган киши иккаласининг ҳам уддасидан чиқа олмай, қуруқ қолади, мақсадига эришолмайди:

  1. Икки кеманинг бошини ушлаган ғарқ бўлади.
  2. Икки қуённи қувлаган бирини ҳам тутолмас.
  3. Икки суюкли бир кўнгилга сиғмас.

            Турумтой айди: «Андоғ эшитганим борки, одамизод фарзандидин Холбоқи мискар деган бир кўкнори бор эрди, намозшом вақтида бировнинг меҳмонхонасига таом устида ҳозир келубдур… Кишилар айдилар: «Аввал номоз ўқуб, сўнгра таом тановул қилоли. Ҳар ким номоз ўқумаса, таом емасун” дедилар… Сиз анга ўхшабсиз. Сиз ўз нафсингизни битказинг, ё султон амрини. “Икки суюклик бир кўнгилга сиғмас” дебдурлар (Гулханий. “Зарбулмасал”, 39-бет).

Ҳар бир ишда таваккал қилавериш, орқа-ўнгини ўйламаслик яхши оқибатларга олиб келмайди:

  1. Таваккалнинг боши кал.
  2. Таваккалнинг таги тахир.
  3. Таваккалнинг туби тош,

Бошингга урсанг ёрилар.

        — Анна Ивановна нима учун батальон катта машғулот ўтказяпти? Ахир жанг кўрган собиқ курсантлар экан-ку деяптилар. Мен бўлсам «ҳаммаси курсантлар эмас, бошқа қисмдан ўтган, тузуккина машғулот кўрган-кўрмагани бизга номаълум бўлганлари ҳам бор. Кўздан ўтказяпмиз, таваккалнинг таги тахир» дейман. Шундаймасми? (Шуҳрат. «Шинелли йиллар», 160-бет).

Бировнинг нуқсонини йўқотиш, яшириш учун қанчалик тиришманг ёки унинг ўзи бу учун қанчалик ҳаракат қилмасин, барибир, нуқсон билиниб, кўзга ташланиб туради:

  1. Эшак ўша эшак,

Тўқими бошқа.

  1. Атир сувин сепган билан

Саримсоқ хушбўй ҳид бермас.

  1. Маккада бўлгани билан

Эшак ҳожи бўлмас

Кишида қанча мол-давлат, шарт-шароит, кенг имконият ва ҳ.к. бўлгани билан ундан фақатгина ўзи манфаат кўради, шунинг учун бировга буни кўз-кўз қилишнинг аҳамияти йўқ:

  1. Қўлинг ёғли бўлса, бошингга сурт.
  2. Тўнғизнинг семизлиги – ўзига.
  3. Отнинг думи – ўзига қўрғич.

Ақли калта кишиларга бирор бир юмушни бажаришни топширсанг, қайтага у сенга ташвиш келтиради:

  1. «Бўрк» ол деса, бош олади.
  2. Ахмоққа намоз ўқи десанг, пешонасини ёради.
  3. Бўёқчини бўёқчи деса, отасининг соқолини бўябди.

Бировга баҳо беришда шошилманг, одамнинг оласи ичида дегандай, ҳар қандай шахснинг феъл-атвори, юриш-туриши ва ҳ. к. си кейинчалик намоён бўлади, деган маънода қўлланади:

  1. Янги кўзанинг суви – совуқ.
  2. Янги супурги тоза супурар.
  3. Янги либос – оройиш.

Ичи қора, худбин киши бировнинг муваффақиятини, эришган ютуқларини кўролмайди ва ҳар хил бўлмағур гаплар билан унга лой чаплашга уринади:

  1. Мевали дарахтга тош отилар.
  2. Ит ойга қараб ҳурар.
  3. Мевали дарахтга тош тегар.

Ёғоч учига ел тегар.

          — Ёлғон! Туҳмат! Танқиднинг маъносини ўзингиз тушунмас экансиз. Танқид еган одам хурсанд бўлиши керак, чунки мевали дарахтга тош отилади (А.Қаҳҳор. «Синчалак», 120-бет).

Мард, ботир, сахий одам номард, қўрқоқ, зиқна одам билан дўст ҳам тутинмайди, ош-қатиқ ҳам бўлмайди, бундай одамнинг юрган йўлидан ҳам юрмайди, ундан жирканади, ҳазар қилади:

  1. Ит сарқитини йўлбарс емас.
  2. Ит тумшуғини тиққан ерга,

Сув ичгали шер келмас.

  1. Йўлбарс тулки изидан юрмас.

Ёмон хатти-ҳаракати, гап-сўзи ёхуд ўзбошимчалиги оқибатида бир ишнинг пачавасини чиқариб қўйган одамга қарата: «Буни ўзинг буздингми, энди ўзинг тузат!» деган маънода ишлатилади:

  1. Ўзинг пиширган ош –

Айланиб ич, ўргилиб ич.

  1. Ўзинг ёққан ўтга ўзинг исин.
  2. Итни ўлдирганнинг ўзи кўмар.

Кейин келинпошшанинг оёқ-қўли чаққон эмаслиги, латта-путтага ўчлиги, кир ювганда тескари сиқиши, хуллас, нимаики айби бўлса, ҳаммаси достон бўлди. Элмира ҳасратини кимга айтишни билмасди. Ота-онасига гапирса, ўзинг пиширган ошни ўзинг ич, дейиши турган гап (Ў.Ҳошимов. «Нур борки, соя бор», 128-бет).

Аёл киши бева бўлиб қолгач, унга ҳар хил туҳмат тошлари ёғилади, узун-қулоқ гаплар пайдо бўлади, унинг бир мусибати ўн мусибатга айланади:

  1. Бевани туянинг устида ит қопар.
  2. Тул хотиннинг бошига турна тезаклар.
  3. Бева хотинга Бухородан ит ҳурар.

       Собирахон ийлаб юмшатган кўнгли кутмаганда Содиқдан ғойибона сув ичиб қолди. Орқаваротдан суриштирди: у ёмон эмас, минса ҳам бўлади, олдига солиб юрса ҳам бўладиган. Ахир қачонгача бева юради, бевани туянинг устида ит қопади (Шуҳрат. «Олтин зангламас», 52-бет).

Табиатда ҳам, жамиятда ҳам сабабсиз ҳеч бир воқеа-ҳодиса рўй бермайди. Ҳар бир воқеа-ҳодисанинг объектив ва субъектив сабаблари бўлади:

  1. Сабабсиз оёққа тикан кирмас.
  2. Сабаб билан сават аравага чиқар.
  3. Сабабсиз қуш ҳам учмас.

Ахмоқ одамнинг сенга айтган ҳар қанақа гапига парво қилмай, йўлингда кетавер ё қилаётган ишингни давом эттиравер. У итга ўхшаб вовуллаб-вовуллаб қолаверади:

  1. Ит ҳурар, карвон ўтар.
  2. Ит ойга қараб ҳураверади,

Ой кўкда сузаверади.

  1. Ит вовуллагани билан тоғ қуламас.

         — Эскидан гап бор, ит ҳураверади – карвон ўтаверади. Ҳозир одамларга «мана сенга, кўрдингми» деб тумшуғининг тагига суқмагунингизча, ишонишмайди. Ким ким-у, лекин мен сизга ишонаман, укам (Ў.Усмонов. «Гирдоб», 68-бет).

Одам тирик экан, ҳаётда яшар экан, ҳеч қачон оч қолмайди. Тишини берган Оллоҳ унинг ризқини ҳам бериб туради, деган маънода бировга тасалли берганда ишлатилади:

  1. Қул ўлмас, ризқи камимас.
  2. Очиқ оғиз оч қолмас.
  3. Оғилда улоқ туғилса, адирда ўти униб чиқар.

Ота ўғлини гап билан енгиб бўлмаслигини фаҳмлаб, ирғиб турди. Нариги хонага ўтиб, Авазнинг ўғли билан уч-тўрт яшар қизини етаклаб келди.

— Ўзингни ўйламасанг, мана бу қоракўзларни ўйла! Етим бўлиб қолаверсинми? Қул ўлмас, ризқи узилмас. Буларнинг қорнини тўйғизарман, кўнглини нетаман, а? Ҳеч ўйлайсанми, хомкалла! (С.Сиёев. «Аваз», 102-бет).

Икки нарсанинг униси ҳам барибир, буниси ҳам барибир деган маънода ишлатилади:

  1. Икки ўн беш – бир ўттиз.
  2. Алихўжа – Хўжаали.
  3. Икки саккиз – ўн олти.

— У сизларда бўлади кўп хотинлик. Кўп хотинлик – феодаллик.

— Бу-чи? Бу феодалликка кирмайдими? Фарқи нима: бири уйида ошкора сақлабди, бири уларни ўз уйларида яширин тутибди. Икки ўн беш – бир ўттиз! (Шуҳрат. “Шинелли йиллар”, 527-бет).

Ҳар бир ишнинг ўз мавруди келади, бажарилиш вақти бўлади:

  1. Олма пишса, тагига тушади.
  2. Қовун пишса, дум беради.
  3. Ош дам емаса, тирик қолади.

— Қани энди уруш биринчи майгача тугаса,..

— Сабр қил, дўстим, кўпи кетиб ози қолди. Қўмондонларимиз ҳам қўл қовуштириб ўтиришмаётгандир. Ўзинг айтасан-ку, қовун пишса, дум беради деб. Бизнинг ҳужум ҳам вақти етиб, ҳали пишмагандир-да,.. (Шуҳрат. “Шинелли йиллар”, 557-бет).

Инсоннинг ҳам, ҳайвоннинг ҳам табиати шунақа: биринчи навбатда ўзини ўйлайди, ўз тирикчилигини, ўз манфаатини, ўз ҳузур-ҳаловатини кўзлайди, деган маъно англашилади:

  1. Ҳар кимнинг бармоғи ўзи томон эгилар.
  2. Дурадгор тешани ўз тарафига чопар.
  3. Ҳар ким ўз кумочига кул тортар.

Ҳар бир ишни ҳам бошлаган пайтнинг ўзида, биринчи мартадаёқ бир томонлама қилган маъқул. Агар иш чўзилаверса, «тўрт» киши эшитади, одамларнинг оғзига тушади, яхши-ёмон фикрлар пайдо бўлади. Кейин киши саросималаниб, нима қилишини билмай қолади:

  1. Аввал – баҳор, охир – хазон.
  2. Аввалги савдо – савдо, кейингиси — ғавғо.
  3. Аввал келган ҳўкиз сувнинг тозасини ичар.

Ўзини эл олдида кўз-кўз қилиш учун зўраки кучанувчи, ҳол-қудрати етмаса-да, кичкинагина бир маросимни дабдабага айлантириб юборувчи мақтанчоқ кишиларга нисбатан киноя тарзида ишлатилади:

  1. Сўк ошига ҳам сурнайми?
  2. Чумчуқни тўп билан отиш ақлдан эмас.
  3. Игна билан битадиган ишга жуволдиз тиқиб ўтирма.

 Биров тош, биров гул, ўз жойида иккови ҳам яхши…

  • Тўғри! Жуда тўғри! Игна билан битадиган ишга жуволдиз тиқиб ўтирмасагу, сизнинг ўрнингизга ўша одамларимиздан бирини киргизсак. Майли, мени бюрога киргизмай қўя қолинг (А.Қаҳҳор. “Синчалак”, 79-бет).

Аҳвол илгаридан сира ўзгармаган, ёмон ҳол яхши бўлмаган деган маъно англашилади:

  1. Эски – тос, эски – ҳаммом.
  2. Бояги-бояги, Бойхўжанинг таёғи.
  3.    Эски – белбоғ, эски – тўн.

            — Кузда кармонга пича пул тушса, чарчоқ ўлгур қочади. Тушмай-тушмай юрган пул бир тушса катта кўринади-да.

            — Туври-ёв. Умримиз кетмонни суйраш билан ўтди, тағинам, бояги-бояги, бой бовамнинг таёғи ( «Шу кунлар шиддати», 189-бет).

         …«Мен қанча курашмадим, шу касалхона сонга кирсин, деб! Фойдаси бўлмади. Ахмоққа ўхшаб ўзим югурганим қолди, чунки ҳеч кимнинг жони ачимайди! Ҳамон эски ҳаммом, эски тос…» (О.Мухтор. «Эгилган бош», 226-бет).

Бу мақоллар фойдани ниҳоятда яхши кўрадиган, фойда деса ҳаром-харишни, яхши-ёмонни фарқ қилмай иш кўраверадиган, “фойдаси тегса – бас” дейдиган одамларга нисбатан киноя тарзида ишлатилади:

  1. Така бўлсин, сути бўлсин.
  2. Қуён бўлса ҳам эти бўлсин.
  3. Эшак бўлса ҳам хайри бўлсин.

М а ъ м у р. Ҳунаримиз шу бўлгандан кейин тўйга айтса кетаверамиз-да. Бизга така бўлсин, юз грамм сути бўлсин (С.Аҳмад. «Ғилдирак”, 253-бет).

  1. Бир хум сингунча, неча хумча синади.
  2. Бир қўчқорнинг боши кетгунча, неча тўқлининг бошини ейди.
  3. Битта қовун пишгунча, юзта сапча узилиб кетади.

Бу мақоллар икки маъносида синонимлик ташкил этади:

     1-маъно: бир бошлиқнинг бахтсизлиги, омадсизлиги, ишдан кетиши қўли остидаги кўплаб одамларнинг иши юришмаслигига, бахтсизлигига сабаб бўлади.

     2-маъно: ана ўлади, мана ўлади деб турилган бир қария ўлгунича неча-неча ёш-яланглар ўлиб кетади.

Кишига таълим-тарбия, панд-насиҳатнинг ўзигина кор қилмайдиган бўлса, дўқ-пўписа қилиш, калтакни ишга солиш фойдадан холи бўлмайди:

  1. Тарбия тақани тўғрилайди.
  2. Таёқ айиқни ҳам мулла қилади.
  3. Мўйнанинг пардози – чивиқ.

       — Яхши одамларни зап топибсиз-да, — деди Ҳайит Исомиддиннинг фикрига қўшилмасдан, — Хирс мулла мешавад аз зарби чўп (Таёқнинг зарбидан айиқ ҳам мулла бўлади) деганлар. Буларни Шариф кичири ҳовлисида бўлган воқеа ҳушёр қилиб, «яхши одам” бўлишга мажбур этган (С.Айний. “Дохунда”, 164-бет).

Бу мақоллар икки маъносида синонимлик ҳосил қилади:

       1-маъно: душманингни ошкора душмани бўлиб эмас, дўсти бўлиб, ширин ва юмшоқ муомала қилиб туриб янчиб ташла;

       2-маъно:  душманинг билан ҳам яхши муомалада бўлиб, ҳурмат-иззат кўрсатки, бундай муносабатдан унинг ўзи уялиб қолсин ва душманлик қилганидан пушаймон бўлиб, қинғир ишларига чек қўйсин, деган маънода ишлатилади:

  1. Душманни шакар билан ўлдир.
  2. Душманни пахта билан бўғизла.
  3. Душманлик ўқини дўстлик камони билан от.

Агар кишидан омад юз ўгирса, унинг ҳамма иши тескарисига кетади: иши юришмай қолади, ҳеч кутмаган кичкина нарса, воқеа-ҳодисалардан ҳам  жуда ката кўнгилсизликлар келиб чиқади:

  1. Омади кетган кишининг аталадан тиши синади.
  2. Омади йўқнинг ити ўғри кетгандан сўнг ҳурармиш.
  3. Омади кетганнинг товуғи ҳам курк қолади,

Омади келганнинг хўрозиям тухум туғади.

Бефойда, иним! Йиғи юракни бўшатади, лекин жиноятни енгиллаштирмайди. Ўзингизни қўлга олинг, ақлингизни йиғинг. Омади йўқнинг ити ўғри кетгандан сўнг ҳурармиш. Сиз ҳам шу қабилида иш тутманг (Шуҳрат. “Бир кеча фожиаси”, 119-бет).

Одатда, ўзбек аёллари қўшниникига, кўча ва ҳ.к.га чиққудек бўлса, гапни индалосидан бошламай, аввал у ёқ бу ёқдан суҳбатлашиб, чақчақлашиб ўтириб, сўнггина мақсадга ўтади:

  1. Элакка кирган хотиннинг эллик оғиз гапи бор.
  2. Икки хотин бош қўшса бозор бўлади.
  3. Хотин еттига чиқса, етти уйнинг калитини ола чиқади.

Тўрт мақол қатнашадиган синонимик уялар

Рўзғор тебратиш осон эмаслигини таъкидлаган ҳолда чидамли, бардошли бўлишга даъват этиб, бу борада қийналаётган одамга тасалли бериш учун ишлатилади:

  1. Рўзғор – ғор.
  2. Рўзғорнинг нимаси йўқ – бўздан халтаси.
  3. Уйга уй бўйи уйсанг ҳам оз.
  4. Рўзғор тушди бошга, қўл тегмади ошга.

Ишёқмас, дангаса, имконияти бўлган пайтда қўлини совуқ сувга урмай таралла бедод қилиб юрувчи, тирикчилиги учун зарур бўлган нарсаларни жамғармай, ялқовлик қилувчи; ноилож қолган, тирикчилик ва бошқа жиҳатлардан қийналиб қолган пайтда эса вақти келса ана ундай қиламан, мана бундай қиламан деб атрофдагиларга керилувчи кишиларга нисбатан киноя тарзида айтилади:

  1. Ит: “Ёзга чиқсам, суякдан сарой соламан”, дер.
  2. Қурбақа: “Ёзга чиқсам, оқ уй, ола боргоҳ соламан”, дер. (боргоҳ –

сарой, қаср.)

  1. Эшак: “Бошим омон бўлса, денгиздан сув ичаман”, дер.
  2. Ҳўкиз: “Кўкламга чиқсам, кўкат ейман”, дер.

Бой бирданига камбағаллашиб, ҳоли хароб бўлиб қолмайди, камбағал эса арзимаган, кичкина муваффақиятсизлик оқибатида ҳам жуда катта азият чекади, деган маънода ишлатилади:

  1. Йўғон чўзилгунча, ингичка узилади.
  2. Семиз ориқлагунча, ориқ ўлади.
  3. Кенг кенгашиб йиртилар, тор тортишиб йиртилар.
  4. Бор чўзилар, йўқ узилар.

          Сотиболдининг хотини оғриб қолди. Сотиболди касални ўқитди – бўлмади, табибга кўрсатди. Табиб қон олди. Бетобнинг кўзи тиниб, боши айланадиган бўлиб қолди. Бахши ўқиди. Аллақандай бир хотин… товуқ сўйиб қонлади… Буларнинг ҳаммаси, албатта, пул билан бўлади. Бундай пайтда йўғон чўзилади, ингичка узилади (“Бемор”).

Катта-катта харажатлар қилиб, катта еб ичган, ҳаддан ташқари башанг кийиниб, ўзи учун пулни аямай совурадиган ёки катта-катта совға-саломга ўрганиб қолган кишини озгина, арзимаган нарса билан қаноатлантириб, кўнглини олиб бўлмайди:

  1. Туяни чўмич билан суғориб бўлмас.
  2. Чанқоқни томчи билан қондириб бўлмас.
  3. Игна билан қудуқ қазиб бўлмайди.
  4. Сув ўпирган тўғонни дўппи билан бекитиб бўлмас.

Фақат ўз манфаатини кўзлайдиган, бу йўлда ўзгаларнинг зиён кўриши билан иши бўлмайдиган, ҳар қандай йўл билан бўлмасин, ўз ишини битиришга, ниятига эришишга ҳаракат қиладиган худбин одамларга нисбатан қўлланади:

  1. Лўлининг эшагини суғор, пулини ол.
  2. Кўнглимни топ, пулимни е.
  3. Тариғи пишганнинг товуғи бўл.
  4. Гўр куйсин-у, қозон қайнасин.

Каллам ишламайди, нега ўттизга чиқмай уйландим-а? Бўлмаса бу қишлоқига йўл бўлсин эди. Муборга ўзим уйланар эдим.. Э, барибир эмасми? Лўлининг эшагини суғориб пулини ол дейишади. Иш битгунча-да. Кейин… Ҳа, майли, энди фойдасиз («Уйғоқ кунлар», 71-бет).

Бирор бир айби, иллати бор киши ҳамиша ўзидан қўрқиб туради, айбининг очилиб қолишидан ҳадиксирайди:

  1. Бўйнида иллати борнинг оёғи қалтирар.
  2. Ўғрининг кети қувиш бўлади.
  3. Иштонсизнинг ҳадиги чўпдан.
  4.     Ялангоёқнинг чўпдан хавфи бор.

         Борган сари сўниб бораётган чироқнинг нурида она бу гапни кимга айтганини Розия аниқ кўрмаса ҳам, ҳар вақтдагидай, албатта менга айтилаётгандир, деб ирғиб ўрнидан турди. Иккиланмай, почасини тиззасигача шимариб, сувни кечиб ўтди, ёғни олиб берди. Она қизининг бу ҳаракатини «бўйнида гуноҳи борнинг тили қисиқ» қабилида тушунди, лекин эти бир жимирлашиб, раҳми келди (Шуҳрат. «Бир кеча фожиаси», 175-бет).

 — Айтиб беринг, Содиқжон, дўстнинг аччиқ сўзидан нодон хафа бўлади!

         Икром отанинг бу холис сўзи «иштонсизнинг чўпдан ҳадиги бор» дегандек, Мирсалимга тегиб кетди, ичида «менга кесак отмаган сен сассиқ чол қолувдинг» деб тишини тишига босди (Шуҳрат. «Олтин зангламас», 106-бет).

Ўлармон одам ўз манфаати йўлида ҳеч нарсадан тап тортмайди, уятни, ор-номусни билмайди, ўлган-тирилганига қарамай, ҳаракат қилаверади:

  1. Ўладиган ҳўкиз болтадан тўймас.
  2. Оч ит таёқдан қўрқмас.
  3. Ўлар тўнғиз қайноқ сувдан тап тортмас.
  4. Ўлармоннинг жони савил.

        Энди яширишимнинг фойдаси йўқ. Ишим кеча тамом бўлди, судга ошди. Ўладиган ҳўкиз болтадан тоймас, дегандек, менинг қўрқадиган ерим қолгани йўқ. Ҳаммаси очилиб бўлди, ҳаммасини очдилар, органга қойилман (Шуҳрат. «Олтин зангламас», 160-бет).

Илгари қаттиқ қийинчиликлар кўрган одам унча-мунча қийинчиликдан қўрқмайди, чидайди, бардош беради:

  1. Тўрга тушган балиқ қармоқдан чўчимайди.
  2. Тегирмонда туғилган сичқон момақалдироқдан қўрқмас.
  3. Сувга тушган ёмғирдан қўрқмайди.
  4. Тегирмонда туғилган сичқоннинг феъли кенг.

 Диловархўжа ҳазилга олди:

          — Сизнинг бир балойингиз бор, мендан яширяпсиз, майли. Энди фойдаси йўқ, айтаверсангиз ҳам бўларди.

         — Тўрга тушган балиқ қармоқдан чўчимайди, нимасини яшираман. Туҳмат! (Шуҳрат. «Олтин зангламас», 209-бет).

Одамлар яхши сифатларни ҳам, ёмон хислатларни ҳам бир-бирларидан, атрофларидаги кишилардан ўрганадилар:

  1. Қовун қовундан ранг олар.
  2. Ўрик ўрикни кўриб оқарар.
  3. Узум узумдан шира олар.
  4. Чиллаки чиллакини кўриб чумак уради.

Чиллаки чиллакини кўриб чумак уради дегандек, Зебонинг шодон руҳи, қараши Муҳаррамга кўча бошлади. Рашид ҳақидаги мудҳиш ўйлар хаёлидан кўтарилиб кетди (Шуҳрат. “Шинелли йиллар”, 227-бет).

Ҳар бир ишни ўз вақтида қилсанг, мақсадга эришасан:

  1. Темирни қизиғида бос.
  2. Нонни тандирнинг қизиғида ёп.
  3. Тандир иссиқлигида тутади.
  4. Отингни қамчилаб қол.

— Навоий ғазалларидаги қофияларни ёд оламан, ҳамма шоирлар ҳам устозларидан ўрганган-ку!

— Ақлингизга тасанно, йигитча, биздан қандай ёрдам керак?

Темирни қизиғида бос дегандай, бўлажак муҳаррирдан илтимос қилдим:

— Ўзингиз устозлик қилиб менга тахаллус қўйиб берсангиз (А.Исомиддин. «Қайсар куёв», 13-бет).

Ҳаётингда ҳар қанча етишмовчилик сезганинг, қийналганинг тақдирда ҳам бировдан ҳадеб сўрайверма, тиланма. Негаки бировнинг нарсаси миннатли бўлади. Оз бўлса ҳам ўз меҳнатинг билан топилган нарсанг ҳалол, беминнат, беташвишдир:

  1. Оч қорним – тинч қулоғим.
  2. Яримта нон – роҳати жон.
  3. Оз ошим — ғавғосиз бошим.
  4.   Уйим синч – кўнглим тинч.

 Зафар ўз ўқувчиси билан ёнма-ён борар экан, унга, унинг синфдошларига ваъда бергани – тўгарак ҳақида, уни қандай қилиб очиш ҳақида ўйлар эди: «Нима қилсам экан? Анвар ака билан маслаҳатлашиб кўрсаммикан? Ёки директор айтгандай, оч қорним, тинч қулоғим, деб юраверайми?.. Йўқ, бу бўлмайди. Ҳамма ўз тинчини ўйлайверса, болаларнинг тақдири нима бўлади (М.Ҳазратқулов. «Интизор», 62-бет).

Бирор бир иш ёки машғулот билан шуғулланувчи кишини унинг ташқи кўринишидан, юриш-туришидан, ўзини тутишидан, муомаласидан ва ҳ.к. билса бўлади:

  1. Бўёқчининг бўёқчилиги қўлидан маълум.
  2. Ёғ хумчаси ташидан маълум.
  3. Ов олган този бурнидан маълум.
  4. Ачиган қатиқ хурмачасидан маълум.

Ҳар бир нарсага киши ихлос қўйсагина, қатъий ишонсагина ўша нарса унга фойда беради:

  1. Ихлос – халос.
  2. Ихлос билан йиғласанг,

Сўқир кўздан ёш чиқар.

  1. Ихлос билан ёпишсанг,

Тақир ердан чанг чиқар.

  1. Ихлос қилсанг чўпдан топасан.

— Дуонгиз фойда бермабди-да, домла, Шарифбойнинг хотини ўлибди-ку, деди халфа, домлани масхаралаган бўлиб.

— Шаккоклик қилма! – деди домла ва яна қўшимча қилди: — Дуо, албатта, фойда берар эди, у ўзининг ихлоссизлигидан ўлган, агар ихлоси бўлса, қутулар эди. “Ихлос – халос” деганлар (С.Айний. “Эски мактаб”, 121-бет).

Бу мақоллар сир сақлашга оид бўлиб, хоҳ оилада бўлсин, хоҳ жамоада бўлсин ва ҳ. к. ҳар қандай доирада ҳам ўша ердаги воқеа-ҳодисаларни ташқарига чиқармаслик, бегоналарга билдирмаслик мазмунини ифода этади:

  1. Қўл синса енг ичида,

Бош ёрилса, дўппи тагида.

  1. Тишим синса оғзимда.
  2. Бўри ориқлигини билдирмас.
  3. Бош айбини бўрк ёпар.

— Маҳаллий кадр деган гапни шунинг учун ёмон кўраман, — деди у пинагини бузмай. – Кўрдингизми, мени маҳаллий кадр ҳисоблаганингиз учун дағдағага ўтяпсиз. Ўрнимда бегона одам бўлганида бунақа гаплашмасдингиз. Маҳаллий кадр қўли синса, енгининг ичига яшириб кетаверади. Шунинг учун баъзилар шунақа кадрларни яхши кўришади (Ў.Ҳошимов. «Нур борки, соя бор», 135-бет).

Ҳар бир ишда ҳам билим ва маҳорат талаб қилинади:

  1. Гадойчиликка ҳам уқув керак.
  2. Дуд демакка дудоқ керак,

Сирка тиламакка – усул.

  1. Туғулуқ сўрамоқнинг ҳам аъмоли бор.
  2. Элак сўрашга ҳам оғиз керак.

Кишида ўз мақсадига эришиш учун интилиш, ҳаракат, қатъийлик, журъат, иштиёқ ва ҳ. к. бўлса, у, албатта, ўз ниятига, кўзлаган мақсадига эришади:

  1. Ҳавас бўлса анқонинг уруғи ҳам топилар.
  2. Уринган хотин ўғил туғар.
  3. Тиришганнинг тешаси тошга чега қоқади.
  4. Кўнгиллаган чўпон такадан сут соғар.

Ҳаётда баъзан яхши, ақли камолли, ҳусни жамолли қиз (ёки йигит) ёмон, бадфеъл, бадбашара, нобоп одамнинг хотини (ёки турмуш ўртоғи) бўлиб қолган пайтда шундай кишиларга нисбатан айтилади:

  1. Узумнинг сарасини ит ер.
  2. Меванинг яхшисини қурт ейди.
  3. Қовуннинг сарасини ит ер.

Олманинг сарасини қурт.

  1. Тут яхшиси – ерга,

Қиз яхшиси – кўрга.

Йўлдош бу пайтда Салтанатга ўғринча қараб-қараб, ичида Азиздан куларди. “Бўриваччадек четга чиқиб, хўмрайиб туришини қара! Ман-ман деган йигитларни сарсон қилган Салтанат келиб-келиб шуни топибди! Қовуннинг яхшисини ит ейди ўзи!” (Ў.Усмонов. “Гирдоб”, 84-бет)

Ўзи ва сўзи қўпол, дағал, қилиғи совуқ, гап-сўзи ва хатти-ҳаракати билан кишиларга озор берувчи одамларга нисбатан киноя тарзида ишлатилади:

  1. Туяга ноз қил деса, бир таноб ерни епти.
  2. Такага ноз қил деса, толга осилибди.
  3. Қўполдан тўнгак айлансин.
  4. Қўполнинг ўпганидан тўқолнинг тепгани яхши.

Икки одам уришиб қолса, ажратаман, яраштириб қўяман, деб уларнинг ўртасига тушган одамнинг шўри қурийди, у ўз бошига ўзи бало орттиради деган маънода қўлланилади:

  1. Икки туя олишар, ўртада пашша янчилар.
  2. Икки айғир тишлашар, ўртада сўна янчилар.
  3. Икки от тепишса, ўртада эшак ўлади.
  4. Икки аждар уришса, ўртада тошбақа пачоқ бўлар.

Тенгқурлар, дўстлар, қон-қариндошлиги бўлган кишилар бир-бирларининг қаттиқ-қурум гапларини кўтарадилар ёхуд кўтаришлари керак, деган маънода ишлатилади:

  1. От тепкиси отга ўтмас.
  2. Ўз гавронинг ўзингга қаттиқ тегмас.
  3. Энаси тепган қулуннинг эти оғримас.
  4. Ҳўкизнинг мугузи ўзига оғирлик қилмас.

Мен ҳам Шомурод акамнинг аллақайси жиҳатини эмас, ўзини яхши кўрар эдим. Онам қанча ёлворди. Бошингда отанг бўлмаса, от тепкиси отга ўтмайди, тоғангнинг ўғлига узатаман, деб уввало ялинди, кўнмадим. Шомурод акамдан ажралсам ўлиб қоламан, деб ўйлардим  (Ў.Ҳошимов. «Икки эшик ораси», 223-бет).

Агар ёмон одамлар билан бирга бўлсанг, улар билан бирга ўтириб турсанг, уларга яқинлашсанг, улардаги ёмон хулқ-атвор ва қилиқлар сенга ҳам юқиши мумкин:

  1. Қозонга яқин юрсанг қораси юқар.
  2. От билан бўлса эшакнинг охури,

Феъли урмай қолмас унинг охири.

  1. Мағиз аччиқ бўлса пўстига ҳам урар.
  2. Туя қўтир бўлса бўтага юқар, бўтадан – бўлакка.

Қадимги бузург машойихлардин бизга бир масал қолибдурки:  Ёмонга ёндашсангиз, балоси юқар, қозонга ёндашсангиз, қароси юқар (Гулханий. «Зарбулмасал», 33-бет).

Ҳар бир нарсасини бировдан қизғанадиган, ўла қолса бировнинг ҳожатини чиқармайдиган қизғанчиқ, зиқна одамларга ёки қалтис вазият, даврга нисбатан қўлланади:

  1. Нари борса ҳўкиз ўлар, бери келса арава синар.
  2. Бир кунга ҳўкиз ўлмайди, икки кунга эгаси бермайди.
  3. Эгачим элакли бўлди, элаги тилакли бўлди.
  4. Тоз тароқли бўлди, тароғи яроқли бўлди.

Яна биронтасини топармиз, бориб, тоза ҳавода бир ўйнаб келасизлар. Бу – ишингизга халал беради албатта. Лекин ноиложмиз, ука. Биласиз-ку, кўплар декретда, кўплар касал.. Бир кунга ҳўкиз ўлмайди, икки кунга эгаси бермайди (Ў.Усмонов. «Гирдоб», 260-бет).

Бир одамдан бир нимани илтимос қилганда: «Бу иш сиз учун ҳеч гап эмас», деган маънода қўллайдилар:

  1. Карнайчидан – бир пуф.
  2. Тўнғиздан – бир тук.
  3. Сувдан — қатра, офтобдан – зарра.
  4. Тегирмончидан – бир бўп.

 — Биздан нима кетибди, Маликжон ака, …карнайчидан бир пуф, дейдилар (Ё.Шукуров. “Мангулик”, 280-бет).

— Ҳай, воқеан, — деди махдум,.. боя Абдураҳмон келган эди… Чоғи у ҳам мирзоликка киришмакчи...

— Ҳозирча мирзога эҳтиёжимиз йўқ..

 — … Ёшлигингиз бор, болам, ёки Янги мирзо олишда бировнинг рухсатига ҳожат борми?

— Йўқ.

— Ана, холос! Аз карнайчи як пуф! (А.Қодирий. “Меҳробдан чаён”, 133-134-бетлар).

Иғвогар, муттаҳам одам ўзининг кучи етмайдиган икки одамнинг ўртасига нифоқ солиб, уриштириб, ўзлари билан ўзларини овора қилиб қўйиб, уларга тегишли бўлган бирор нарсадан манфаатланиб қолади:

  1. Икки шунқор уришса, бир қарғага ем тушар.
  2. Икки сичқон уришди, бизга нони тушди.
  3. Икки қарға уришсин, ўртага пати тушсин.
  4. Икки лочин уришса, япалоққа жўн бўлар.

Қон-қариндошлиги бўлган кишилар ўзларининг ёмон қилиқлари, хатти-ҳаракатлари, қўпол сўзлари билан бир-бирларини ранжитсалар, бунинг учун улар ўзаро аразлашмасликлари, айрилмасликлари лозим. Акс ҳолда бу ёмон оқибатларга олиб келади:

  1. Ўзимдан чиққан балога, қайга борай давога.
  2. Бурунни сассиқ деб кесиб бўлмас.
  3. Тилини тишлаган тишини суғуриб ташламас.
  4. Ўз товуғим чақирса, қайга қараб қичқирай.

            Бирдан-бир йўл шу эди: қаттиқ гапирса муз қотади, юмшоқ гапирса писанд қилмай қўяди.

          — Тилини тишлаб олган киши тишини суғуриб ташламайди! Чидайди, қонини тупуриб ташлаб, чидайди (Шуҳрат. «Бир кеча фожиаси», 126-бет).

Ҳар кимни ҳам чин дўст деб ўйлаб, сир-асрорингни айтаверма. Сен дўст деб ҳисоблаб юрганинг сирингни билиб олгач, сени «сотиб» роса адабингни бердириши мумкин:

  1. Ишонмагин дўстингга, сомон тиқар пўстингга.
  2. Ишонган тоғда кийик ётмас.
  3.   Ўнг кўзинг чап кўзинггга душман.
  4.      Ишонмагил ошнангга, ошнанг урар пошнангга.

  Б а ҳ р и. Чакки қипсан-да, синглим. Дадам бечора уйлансалар уйланиб қўяқолганлари маъқул эди.

         Н а з м и. Вой дод! Сиз ҳам ўша томонга оғиб кетдингизми? Ишонган тоғда кийик ётмас, деб шуни айтадилар-да (С.Аҳмад. «Ғилдирак», 229-бет).

Озгина ҳаракат билан кўп нарсага эришаман ёки эришдим деб хомтама бўлма. Унга етишиш учун тинимсиз меҳнат, изланиш, сабр-тоқат керак бўлади, деган маънода қўлланади:

  1. Бир гул билан баҳор келмас.
  2. Бир дарахт ўрмон бўлмас.
  3. Бир қарға билан қиш келмас.
  4. Бир мих билан иморат қуриб бўлмас.

Киши ҳаракат қилса, бирор бир нарсага интилса, тиришса, қуруқ қолмайди, охири ниятига эришади, деган маънода ишлатилади:

  1. Қимирлаган қир ошар.
  2. Тармашган тоғдан ошар.
  3. Қўли қимирлаганнинг оғзи қимирлар.
  4. Тиришқоқнинг лаби ёғлиқ.

…қовунни сўйишдан аввал худди Азизга кўз-кўз қилаётгандай, у ёқ-бу ёғини айлантириб кўрди. Кейин ширр этиб пичоқ тортиши Билан газета юзига тотли шарбат қуйилиб тушди.

— Ҳа, жонвор-а! – деди Маҳамат чатоқ ҳам оғзининг суви келиб… Олинг, Азизжон, олинг. Кафтдаккина ерга, тагини чўқилаб гўнг солиб экканмиз, дориси йўқ.. Қўли қимирлаганнинг оғзи қимирлайди (Ў.Усмонов. «Гирдоб», 67-бет)

Бу мақоллар кишиларни ўзгаларга зинҳор ёмонлик қилмасликка, ёмон сўз айтмасликка даъват этади:

  1. Пичоқни аввал ўзингга ур, оғримаса бировга.
  2. Тиканни ўзингга санч, оғримаса бошқага.
  3. Бировга жуволдиз суқмоқчи бўлсанг, олдин ўзингга игна ур.
  4. Ўтни ўзингга бос, ўтмаса – ўзгага.

— Худо сени синаётган эди. Сен бошқаларнинг бошига офат тошлари ёғдириб кун кўрдинг. Энди бу тошларни ўзинг ҳам бир тотиб кўр-чи? «Пичоқни олдин ўзингга ур, оғримаса бировга ур», деган ҳикматни эшитмаганмисан? Сен бу ҳикматга амал қилмадинг. Пичоқни аввал бировларга уриб, лаззатландинг. Энди эса пичоқ этингни сал тилиб кетса, вой-войлаб ўтирибсан… (Т.Малик. «Шайтанат», учинчи китоб, 128-бет).

Бирор ишнинг уддасидан чиқа олмаган бўлса ҳам, ҳадеб беҳудага уринаверадиган кишиларга нисбатан киноя тарзида қўлланади:

  1. Йиқилган курашга тўймас.
  2. Яланғоч сувдан қайтмас.
  3. Ютқазган ўйинга тўймас.
  4. Тўкилган тўлмас, йиқилган тўймас.

— Очиқ гапирганингиз маъқул, албатта. Қалай, илож бўлса Шайбонийхон билан яна олишмоқчимисиз?

Маҳмудхоннинг саволида: «Йиқилган курашга тўймайди, чамаси-да!» — деган кинояли маъно бор эди (П.Қодиров. «Юлдузли тунлар», 206-бет).

Ҳар бир касб эгасининг “тили”ни – яъни унинг ҳол-аҳволи, сир-асрори, ички кечинмалари, нуқсон-камчилиги, ният-мақсадини, хуллас, жамики ўзига хос хусусиятларини ўша касб эгалари; қария тилини қария, аёл тилини аёл, бола тилини бола тушунади, ҳис этади, деган маънода қўлланади:

  1. Қуш тилини қуш билади.
  2. Туя тилини туякаш билар.
  3. Гунг қизнинг тилини энаси тушунар.
  4. Аёл сирини аёлдан сўра.

Ориф ота ҳарна қилса ҳам кўпни кўрган одам эмасми, бу масалада Абдуҳафиздан маслаҳат чиқиш у ёқда турсин, садо чиқмаслигига ақли етган эди… “Ҳа, қуш тилига қуш тушунганидек, қариянинг тилига қария тушунади”, дея ўзини юпатди (Р.Файзий. “Ҳазрати инсон”, 342-бет).

  1. От бошига иш тушса, сувлиғи билан сув ичар.
  2. Бошига кун тушса, хонойим зоғора ёпар.
  3. Бошига тушса, байтал ҳам йўрға бўлади.
  4. Бошингга кун тушса, бошмоқчи ҳам бўласан.

 

  1. Қудуқни ким қазир,

Сувини кимлар ичар.

  1. Қўйини биров қарар,

Сутини кимлар ичар.

  1.   От топади, эшак ейди.
  2. Бўри ёрар, қузғун тўяр.

Булар икки маъносида синонимлик ҳосил қилади:

       1-маъно:   Меҳнати, машаққати, азобини биров тортиб, роҳатини бошқа киши кўради, деган маънода айтилади:

 2-маъно: ўз қариндош-уруғининг меҳнатини кўз-кўз қилиб, мақтаб, унинг қўли остида бўлган кишиларга писанда қилиш мақсадида қўлланади.

— Ҳа? — деди аммам йўғон товушда. – Тўрвасини йўқотган гадойдек талмовсираб қопсиз, келинпошша?!

       — Йўқ, опа, ўзим… – Ойим чайналиб қолди. – Зирагим ўлгурнинг бир пойи тушиб қопти…

       – Қўйинг, опажон, — ойим унинг елкасига оҳиста кафтини қўйди. – Юринг уйга, ҳали замон укангиз келиб қоладилар.

        — Ўзи шунақа бўлади, — деди аммам ердан бош кўтармай. – От топади, эшак ейди! (Ў.Ҳошимов. “Нурли дунё”, 116-бет).

Киши тирикчилик учун зарур бўлган нарса-маблағни, билимни ва ҳ.к. оз-оздан бўлса ҳам жамғариб, ўрганиб борса бир куни жуда катта маблағ ёки билимга эга бўлганлигини ўзи сезмай қолади:

  1. Тома-тома кўл бўлар,

Оқа-оқа сел бўлар.

  1. Чала-чала чалағон бўлар.
  2. Ўтин деган чўп бўлар,

Тераверсанг кўп бўлар.

  1. Сувнинг боши — қор,

Ботмоннинг боши – мисқол.

       Тома-тома кўл бўлур, дейдилар. Абдуҳамид ўта тиришқоқлиги, тинмай мутолаа қилиши, жамоат ишларидаги фаол иштироки натижасида нафақат билим юртида, балки Самарқанд шаҳри зиёлилари ўртасида ҳам тез орада танилиб қолди (М.Норматов. “Энг гуллаган ёшлик чоғимда”, 96-бет).

Беш мақол қатнашадиган синонимик уялар

Ҳар қандай иш ёки нарсадан умидни узмай, ҳаракат қил, етишмаган иш ёки нарсангга, албатта, етишасан, деган мазмунда ишлатилади:

  1. Умидли дунё, ноумид шайтон.
  2. То реша дар обаст умеди самараст[23].
  3. Чиқмаган жондан умид.
  4. Умид ўрга тортар, умидсизлик – гўрга. (ўр – баландлик, тепалик.)
  5. Умид ўлмас, ризқ камимас.

       — Буни жин чалипти. Вақти ўтипти. Кечанинг ўзида менга хабар беришинг керак эди. Вақтида келиб жинларни боғлардим, — деди ва уй эгасини умидвор қилиш ниятида: — ҳозир ҳам вақти, кучимиз етгунича ҳаракат қиламиз. Ажаб эмаски омон қолса, “То реша дар обаст умеди самараст” деганлар (С.Айний. “Дохунда”, 42-бет).

Бу мақолларни бир одам бошқа бир киши туфайли, унинг баҳонасида бир нимадан баҳраманд бўлиб қолса, яхши одам туфайли ёмон одам ҳам  фойдаланиб, манфаатланиб қолса ва ҳ.к. шу каби ҳолларда қўллайдилар:

  1. Шолининг орқасидан курмак сув ичар.
  2. Бир от орқасидан минг эшак ем ейди.
  3. Буғдой орқасидан қорамуғ ҳам сув ичар.
  4. Гул туфайли тикан сув ичар.
  5. Бўри орқасидан тулки тўяди.

— Мен новвот чой ичмайман, — деди кичик хотин қизишиб, — келинга бераверинг! Новвотни амакилари у кишига юборган.

— Сиз ичмайдиган бўлсангиз, мен ича қолай, — деб катта хотини пиёлани кундоши олдидан олди-да:

— Амакилари келинга юборган бўлсалар ҳам, «шолининг орқасидан курмак сув ичади», деган гап бор, — деб қўйди (С.Айний. «Эски мактаб», 140-бет).

Бир ота-онадан бир неча бола туғилса, улар ташқи кўринишдан бир-бирларига ўхшасалар ҳам, хулқ-атворлари жиҳатидан ҳар хил бўладилар, бир-бирларига ўхшамайдилар:

  1. Бир палакдан бир неча хил қовун етишади.
  2. Бир уядан неча алвон қуш учади.
  3. Бир отдан ола ҳам туғилар, қора ҳам.
  4. Бир онадан алвон хил бола туғилади.
  5. Бир онанинг боласи – бир тоғнинг лоласи.

Агар сенга биров кўнглидан чиқариб бир нарса берса ёки совға қилса, унинг таг-тубини суриштириб ўтирма, ўша одамнинг ўзига ноқулай бўлиши мумкин:

  1. Узумини е, боғини сўрама.
  2. Сутини ичу, сигирини суриштирма.
  3. Тортиқ қилинган туянинг тишини санамайди.
  4. Текин отнинг тишини кўрмас.
  5. Берганнинг юзига қарама.

Ростдан ҳам шеър эшитгингиз келяптими?

— Бўлмасам-чи?

Зафар шеър ўқиди…

— Ажойиб шеър экан, — деди Ноила жимликни бузиб. – Ўзингизникими?

— Узумини енгу боғини сўраманг… (М.Ҳазратқулов. «Интизор», 81-бет).

Бола-чақаси кўп хонадондан ҳеч нарса ортмайди, қўлидаги ортиқча маблағи ҳам кўп турмайди:

  1. Жўжали товуқдан дон ортмас.

2 . Бузоқли сигирдан чўп ортмас.

  1. Қулунли биядан қудуқ суви ортмас.
  2. Оч уйда қатиқ увимас.
  3. Болали уйдан нон ортмас.

  Ҳа, ҳаммасини бирдан олма, — …секин гапирди Эшвой, — бир бўлагини ол. Қолгани бойда тургани маъқул. Оч уйда қатиқ увимас, деган мақол бор, еб қўясанлар! (Ойбек. «Қутлуғ қон», 135-бет).

Ман-ман деган зўрлар ҳам қариса, қўлидан ҳеч бир иш келмайдиган бўлиб қолади ва ўзига мутлақо ярашмайдиган майда-чуйда ишларга айланишиб қолади:

  1. Қарчиғай қариса чумчуққа майна бўлар.
  2. Бўри қариса итга кулги бўлади.
  3. Арслон қариса тулкига кулги бўлади.
  4. Арслон қариса сичқон инини пойлар.
  5. Бургут қариса сичқон овлар.

… Кундузи-ку, ўзига юмуш топади. Саҳарлаб сутга чиқади. (Наташа ўргатган одат). Сут олиб қайтаётганида, албатта, Қурбонойни кўради. Гапга солади. Арслон қариса куни сичқон тутишга қолади, деганлари шу бўлса керак-да! Ақалли шу хотин билан гаплашса ҳам ҳарна-да. Вақт ўтади… (Ў.Ҳошимов. “Нурли дунё”, 564-бет).

Одатда, камбағал киши ор-номусли, уятчан, ўзи тўқ бўлмаса ҳам, «кўзи тўқ» бўлади, гарчи тансиқ таомларни онда-сонда, ойда-йилда бир еб қолса ҳам, бирор ерга бориб қолганда дастурхондаги лаззатли таомларни апил-тапил еявермайди, одоб сақлайди. Бундай таомларни кунда еб юрган кишилар эса, аксинча, ўзини тийиб, одоб сақлаб ўтира олмайди. Негаки, катта-катта ейишга ўрганган нафси бунга йўл қўймайди:

  1. Кунда еган оч, йилда еган тўқ.
  2. Ойда еган тўқ, кунда еган суқ.
  3. Кунда еган осилиб ўлар,
  4. Ойда еган тек турар.
  5. Ойда еган от бўлар, кунда еган ит.

Зайнаб бир чимдим-бир чимдим ушатиб уларнинг қўлига берди.

— Энди қолганини тоғанг есинлар. Хўпми, опоқ болаларим.

Йўқ, болалар талашиб, тортишиб нонни улоқ қилворишди. Толибжон зўрға бир бурдагина еб қолди. Кампир яна гапга тушди:

Кунда еган оч, йилда еган тўқ, деб шуни айтади-да (С.Аҳмад. «Жимжитлик», 60-бет).

Унинг очқаганидан қорни қулдираб кетди. Оқшом ичгани бир коса аталанинг кучи қанчага етар эди? Лекин бошқа нима илож бор? Бировларнинг уйида шу атала ҳам йўқ-ку. Ҳозир Қаландарнинг нимадир егиси келди. Бироқ нима ейди? Камбағалнинг боласи сабр-қаноатли, чидамли бўлади. Ойда еган тўқ, кунда еган суқ, дегани шудир-да (М.Ҳазратқулов. «Интизор», 102-бет).

Бу мақоллар иш аксига олган, омад юришмаган дамларда айтилади:

  1. Таёқсизга товушқон учрар.
  2. Камонсизга кийик учрар.
  3. Эшаклига тулки учрар.
  4. Қоп тўлганда тезак учрар.
  5. Емас ерга ўт битар,

Ичмас ерга сув битар.

У ёки бу нарсанинг ўзидан ҳам бирор бўлаги, қисми, анжоми, тўланадиган хизмат ҳақи ва ҳ. к. қиммат бўлса, шундай ҳолларда мазкур мақоллар ишлатилади:

  1. Эшагидан тушови — қиммат.
  2. Туясидан қўнғироғи — қиммат.
  3. Эшаги – бир танга,

Тўқими – минг танга.

  1. Ўзи – бир танга,

Тўни — қирқ танга.

  1. Бошоғидан сомони — қиммат.

Мазкур мақоллар эҳтиёткорлик билан сўзлаш, ҳушёр, зийрак бўлиш керак деган маънода ишлатилади:

  1. Деворнинг қулоғи бор.
  2. Куннинг кўзи бор, туннинг қулоғи.
  3. Ўз уйим деб гапирма, том орқасида одам бор.
  4. Дўппининг тагида одам бор.
  5. Чаён кесак тагида ётади.

Буки дерлар бордурур девор кейнида қулоқ,

Ул фазо даврида кўз етгунча девор ўлмағай (Навоий).

Ўзи донғи кетган бой бўлатуриб, хасислик қиладиган ёки номи улуғ бўла туриб, оддийгина ишни ҳам эплаб билмайдиган, фақат ўзининг «фалончи»лигидан керилиб, мағрурланиб юрадиган кишиларга нисбатан киноя тарзида қўлланади:

  1. Сирти – ялтироқ, ичи — қалтироқ.
  2. Номи – калон, шаҳри – вайрон.
  3. 3. Номи – улуғ, супраси — қуруқ.
  4. Усти – бутун, ичи – тутун.
  5. Оқ уйим, қоқ уйим, теварак четига боқ уйим.

“Худога шукрки, нимага қўл узатмай – етади! Бировнинг шундай нозик, шундай сулув хотинига ҳам… Одамлар бор, оғзидагини олдириб ўтиради. Аканг қарағай… Манавиларнинг ҳаммаси бир гўр! Усти ялтироқ, ичи қалтироқ. Кимсан, шундай академик тоғам ҳам вақти келса менга эланади-ю… (Ў.Усмонов. “Гирдоб”, 84-бет).

Ишёқмас, дангаса, бадфеъл, ўжар кишилар доимо ишни бузиб юрадилар, деган маънода ишлатилади:

  1. Ёмон арава йўл бузар.
  2. Ёмон балиқ сув лойқатар.
  3. Ёмон от охурга ёлчимас.
  4. Ёмон ҳўкиз шомиён синдирар.
  5. Ёмон илон тегирмон бошида айланар.

Баъзилар бирор ишини битириб берадиган одамнинг атрофида иши битгунча гирди-капалак бўлиб, ялиниб-ёлвориб юради, унга хушомад қилиб соясига кўрпа тўшайди. Ишини битириб олгач эса у одамга қайрилиб ҳам қарамайди, мабодо кўча-кўйда кўриб қолгудай бўлса, ўзини кўрмаганга солиб, четга қараб ўтиб кетаверади. Ушбу мақоллар ана шундай кишиларга қарата киноя тарзида айтилади:

  1. Ишим битди, эшагим лойдан ўтди.
  2. Буғдой ўрилгач, ўроқни занг босади.
  3. Бўйин тузалгунча: “Салом алайкум, ғоз ака”.

Бўйин тузалгач: “Қоч, нари тур, ғоз ака”.

  1. Сувдан ўтгунча, ё Баҳовуддин,

Сувдан ўтгач, қоч Баҳовуддин.

  1. Ётар оқшоми — ёрим.

М у л л а д ў с т (кириб). … Ҳай, тақсир бажардингизми?..

М у л л а р ў з и. Йўқ-ей, мана энди биз бугундан ахтаришга тушамиз-да!

М у л л а д ў с т. Ўргулай, айтмадимми, эшак лойдан ўтгунча деб… Бўлди-ей тақсир! (Ҳ.Ҳ.Ниёзий. “Бурунги қозилар ёхуд Майсаранинг иши”, 114-бет).

Бирор бир камчилиги, нуқсони бор киши нуқсонли, бирор айби мавжуд бўлган кишига йўлиқса, ҳамроҳ бўлса ёки у билан турмуш қурса ва ҳ. к. ҳолларда “ўзига ярашаси аслида шу эди” деган маънода ишлатилади:

  1. Капасига яраша қирмови,

Эшагига яраша тушови.

  1. Кўлмак сувга – сассиқ алаф.
  2. Қум қозонга – лой тувоқ.
  3. Ёриқ ҳовончага – синиқ соп.
  4. Нотавон кўнгилга – қўтир жомашов.

  Ғ а н и. Уйланолмайманми, а, … Шу зах, қоронғи уйда кўкрагимни захга босиб, муздек ёстиқни қучоқлаб ғингшиб ётавераманми?!

 Р а ҳ и м а. Вой, тавба! Ўгай онали бўладиганга ўхшаймиз. Нотавон кўнгилга қўтир жомашов, деган экан, бир доно одам (С.Аҳмад. “Ғилдирак”, 203-бет).

Ижтимоий келиб чиқиши, ақли, ҳусн-ҳаловати, тарбияси ва ҳ.к. лари томонидан талаб даражасида бўлган кишига турли жиҳатдан ўзига мос тушмаган одам йўлиқса, шундай одам унга турмуш ўртоқ бўлса ва ҳ.к., шундай ҳолларда киноя тарзида айтилади:

  1. Атлас кўйлакка – бўз ямоқ.
  2. Мис қозонга – лой тувоқ.
  3. Зарвараққа – бўз ямоқ.
  4. Амиркон маҳсига – укпа кавуш (укпа – сифати паст тери).
  5. Олтин узукка — шиша кўз

Бирон бир шахс ёки нарсани ҳаддан ташқари асраб-авайласангиз, аксига олгандек, ўша шахс ёки нарсага зиён тегиб қолади:

  1. Асраган кўзга хас тушар.
  2. Тилаб олган боламни туя тепиб ўлдирди.
  3. Қўрчалаган кўзга чўп тушар.
  4. Асраган қўл синар.
  5. Асраган отнинг оёғи синар.

— Ёлғиз ўғилларини ҳатто мендан ҳам қизғанар эдилар. Отангни кечалари ҳам чақириб турардилар. Шунақа асрардилар. Лекин асраган кўзга чўп тушишини билмаган эканлар (Т.Малик. “Шайтанат”, иккинчи китоб, 235-бет).

Олти мақол қатнашадиган синонимик уялар

Агар киши жиддийроқ касалга чалиниб ётиб қолса, дарров мутахассисларга учраб, касалликнинг олдини ўз вақтида олади. Аммо оғриқ сим-сим, гоҳи-гоҳида бўлса, одам бунга эътибор бермайди. Бугун-эрта қолиб кетар деб ҳафсаласизлик қилади. Натижада ўз соғлигини бой бериб қўяди. Шу сингари ҳаётда ҳам инсоннинг унча-мунча зараркунандалик, асаббузарлик ва ҳ. к. ларга эътиборсизлиги оқибатида бундай ҳолат узоқ давом этади ва ўзининг салбий таъсирини кўрсатади:

  1. Томчи тошни тешар.
  2. Ёмғирдан чаккаси ёмон.
  3. Шарқираб ёққан ёмғир ёнингдан,

Томчилаб ёққан ёмғир жонингдан ўтар.

  1. Ургандан туртган ёмон.
  2.      Тўкилгандан томчилаган ёмон.
  3. Томчи тошни ёрар,

Кичкина тош – бошни.

 Ҳаммомдан сал нарида сельсоветнинг секретари учраб раис учун Қаландаровдан қирқта пишиқ ғишт сўради.

         -Чақасини бухгалтерияга тўланг, болалар ўзлари элтиб беришади, — деди Қаландаров.

         Секретарь кулди.

        -Уч сўмлик важ, шунга ҳам бухгалтериями!

         —Тўкилгандан томчилаган ёмон, ука, томчилаган ёмон! Тўкилганни киши дарров пайқайди, томчилаганни узоқ пайқамаслик мумкин, — деди Қаландаров ва отга қамчи босди (А.Қаҳҳор. «Синчалак», 124-бет).

        Бировга бир иш қилдирадиган бўлсанг, у иш арзимаган, кичкина бўлса ҳам устасига, қўлидан келадиган одамга мурожаат қил, деган маънода ишлатилади:

  1. Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин.
  2. Иш устасидан қўрқар.
  3. Сухан аз даҳани Луқмон хуш.
  4. Бўйрачи тўқувчи бўлса, кийишинг бордон бўлади (бордон – бўйранинг дағал бир тури).
  5. Қўйни қассоб сўйсин,

Ўликни ғассол ювсин.

  1. Ямоқчининг ишини сувоқчи билмас.

         Кузгача 30 хонадон уй-жойли бўлиши керак. Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин дегандек, қурилиш бригадасидагилар яхши тажрибали эканлар, «ҳаш-паш» дегунча анчагина уйнинг пойдеворини ҳозирлаб, бир талай ғишт қуйиб қўйдилар (Шуҳрат. «Бир кеча фожиаси», 185-бет).

Феъл-атвори бир-бирига зид бўлган икки киши бир ерда ўзаро келишиб тинч-тотув ишлаб ҳам, яшаб ҳам билмайди:

  1. Иккита қўчқорнинг боши бир қозонда қайнамас.
  2. Бир қинга икки қилич сиғмагай.
  3. Бир салла тагида икки калла турмас.
  4. Бир унгурга икки айиқ сиғмайди.
  5. Бир қўлтиққа икки тарвуз сиғмас.
  6. Бир этикка икки оёқ сиғмайди.

Йўл-йўл кўйлагининг енгини қайириб олган баланд бўйли бир йигит Фаридани зина олдида кутиб турган экан. Икковлари етаклашиб кетишди. Фариданинг атрофида парвона бўлиб, қанотини куйдириб олган аламзада йигитлар Шерзодни «табриклашди». ..

Эртасига у Фарида билан худди ўша зина олдида тўқнаш келди.

Битта қинга иккита қилич сиғмайди. Мабодо сиғсаям ҳаром бўлади! – Шерзод бу гапни шу қадар совуқ ғазаб билан айтдики, Фариданинг ранги ўчиб кетди (Ў.Ҳошимов. «Нур борки, соя бор», 66-бет).

Ҳар бир нарса ёки ҳодисанинг хавфли томонлари борлиги таъкидланиб, ундан сақланиш чораларини билиш ва кўриш зарурлиги уқтирилади. Шундай ҳодисаларга нисбатан асло бепарво бўлмаслик, ҳамиша ҳушёр бўлиб туриш таъкидланади:

  1. Итнинг иши — йиртмоқ.
  2. Ел иши – совурмоқ.
  3. Ўт иши — қовурмоқ.
  4. Илоннинг иши – заҳар солмоқ.
  5. Сувнинг иши – ўпирмоқ.

Ўтнинг иши – куйдирмоқ.

  1. Чаённинг касби – чақиш.

Чаённинг касби ниш урмоқ,

Хоҳ душман-у, хоҳ ўртоқ.

Бировга ноҳақ ёмонлик тиласанг, ўша ёмонлик, албатта, ўзингга қайтади ёки тинч ётган бирор нарсани қўзғатсанг, унинг зиёни ҳам ўзингга тегади:

  1. Бировга чоҳ қазисанг, ўзинг йиқиласан.
  2. Ёқма – пишарсан, қазима – тушарсан.
  3. Кўкка тупурсанг, бетга тушади.
  4. Балчиққа тош отсанг, шатмоғи ўзингга сачрар.
  5. Тупроқни чангитсанг, кўзингга уради.
  6. Бировга лақаб қўйган ўзига лақаб ортирар.

Подшо девонани ўз даргоҳига чақиртириб келтирган экан, подшонинг олдига кирганда ҳам подшо ва вазирларга таъзим қилиб ўз гапини такрорлаб: “Ҳар ким қилса ўзига қилади, кўкка тупурсанг бетингга тушади”, деб тупуриб кўрсатибди (“Олтин бешик”, 126-бет).

Бирор сабаб билан ўз юртидан, оиласидан ё иш жойидан бошқа ерларга кетиб қолган одам охири бир кунмас – бир кун қайтиб келади. Яна ўз туғилиб ўсган жойида, ўз ишида муқим топиб, тиниб-тинчиб, турғун бўлиб қолади:

  1. От айланиб қозиғини топади.
  2. Отнинг борур ери оқибат – охур.
  3. Буғдойнинг борур ери – тегирмон.
  4. Сув айланиб ёриғини топар.
  5. Бузоқнинг югургани сомонхонагача.
  6. Товуқнинг учгани томгача.

Ойсара, бечора Ойсара опам, ўз ғами ўзига етмагандек, менинг қўлтиғимга кирди.

«Хурсанд бўлинг, жон синглим! Ўғлингиз тирик экан, шунга шукр қилинг. От айланиб, қозиғини топади. Бир куни сизни ўзи топиб келади…» (Ў.Ҳошимов. «Икки эшик ораси», 413-бет).

Саройдаги ишларни мен ҳам кўриб турибман. Зўрлик, нола, фаҳш, ришвахўрлик… Илло, начора? Ўрганиб қолдик чоғи. Отнинг борур ери оқибат – охур (С.Сиёев. «Аваз», 53-бет).

Турмуш тарзи, қараши, ички олами ўзаро мос ёки қон-қариндошлиги бор бўлган шахслар бир-бирининг ёнини олиб, қўллаб-қувватлайди, ўз яқинларини асло хор-зор  қилмайди:

  1. Қарға карғанинг кўзини чўқимайди.
  2. Тўнғиз тўнғизни ёрмайди.
  3. Пичоқ ўз сопини кесмас.
  4. Султон суягини хор қилмас.
  5. Бўри бўрини ёрмас.
  6. Қилич ўз қинини кесмас.

-Ҳа? – дебди.

         — Қишлоғимга кетаман. Нима бўлса пешонамдан кўрдим, бола-чақамни соғиндим.

         — Ҳой, бола, шўролар билан ўйнашма, қозиқ қилиб қоқиб юборади, — деса:                      

         — Мен камбағалдан чиққанман, пичоқ ўз сопини кесмайди, — дебди (Шуҳрат. «Олтин зангламас», 160-бет).

        -…Мана, бахтимизга сен министр бўлдинг. Бу ҳам худонинг инояти. Султон суягини хўрламас, деб бекорга айтмаганлар. Шу болани ёнингга ол

(С.Аҳмад. Уч жилдлик, 1-жилд, 61-бет).

Битта ёмон, иғвогар, дилозор ва ҳ. к. одам бутун бир жамоани, ҳатто бир юртни булғайди, унинг номига доғ туширади, номус келтиради; битта ноқобил фарзанд бутун оиланинг юзини ерга қаратади, битта ахлоқсиз бола бир қанча боланинг хулқини бузади сингари маъноларда ишлатилади:

  1. Тирақи бузоқ бутун подани бўлғайди.
  2. Бир қорин мойни бир қумалоқ чиритар.
  3. Қўтир така қўра булғар.
  4. Бир чириган олма бир омбор олмани чиритади.
  5. Битта каламушнинг тезаги бир хум гурунчни ҳаром қилади.
  6. Бир қозон асалу, бир қошиқ заҳар.

         — Бир тиррақи бузоқ подани булғайди, дегандай, алжираяпти, ҳаммаси туҳмат…

        — Номард ҳақиқатдан қўрқади, ҳақиқат шундай аччиқ нарса, дўстларим! Пок бир қиз ногаҳон тузоққа илинибди-ю, лекин иқболи ёрқин экан, қочиб қутулибди. Лабини ялаб турган бу махлуқ иблиснинг ўзи! – Умарали қўлининг кескин ҳаракати билан Эшонхонни кўрсатди (Ойбек. «Улуғ йўл», 195-бет).

Ёмонликни, бузғунчиликни, жиноятни ва ҳ. к. биров қилиб, жабрини, азобини, ташвишини бошқалар тортадиган кишиларга нисбатан ишлатилади:

  1. Тариқни еган чумчуқ, балога қолган бедана.
  2. Ғат-ғат этган карнайчи, балога қолган сурнайчи.
  3. Сигир ўғирлаган қутулди,

Бошвоқ ушлаган тутилди.

  1. Қатиқ ичган қутулар,

Хурмача ялаган тутилар.

  1. Қозон ўғирлаган қутулар,

Чўмич ушлаган тутилар.

  1. Қочган — қутулар,

Турган – тутилар.

Ў-ҳў, кўп экан деб ҳайиқма. Сиртидан кўп кўрингани билан бир зарбалик ҳоли бор, деган маънода ишлатилади:

  1. Қирқ қарғага – бир кесак.
  2. Юз чумчуққа – бир кесак.
  3. Бир сават тухумга бир тепки кифоя.
  4. Юз қарғага – бир шунқор.
  5. Беш қўрқоққа – бир қарға.
  6.      Минг дарахтнинг бошини бир болта кесар.

 — Амирзодам, сизга не бўлди? Амирзодам!

     Рангида қон қолмаган Бобур ҳансираб хитоб қилди:

      — Минбаъд мен бир дарвиш бўлиб кун кўрмоқчимен! Жаноб Қосимбек, онамга айтинг! Мен ҳозир Ўратепага кетурмен! Юз чумчуққа бир кесак! Тожу тахт даъвосидан воз кечдим! Ким шунга кўнса, мен билан юрсин! Қолганларга жавоб! (П.Қодиров. «Юлдузли тунлар», 210-бет).

Ушбу мақоллар қўрқоқ кишиларга нисбатан кинояли истеҳзо маъносида қўлланади:

  1. Қўрқоққа қўй боши қўш кўринар,

Қўшмоғи билан беш кўринар.

  1. Қўрқоққа кўланкаси – Азроил.
  2. Қўрқоқ от ўз соясидан ҳуркар.
  3. Қўрқоққа ип илон бўлиб кўринар.
  4. Қўрқоқнинг қони чиққани – жони чиққани.
  5.    Қўрқоққа сичқон фил кўринар.

— Ака, сиз ажинани кўрганмисиз?

 — Кўрмаганман. Йўқ нарсани қандай кўриб бўлади? Қўрқма, қўрққанга қўша кўринар, деганлар… (М.Ҳазратқулов. «Интизор», 120-бет).

Қўлинг остидаги кишиларни, шунингдек, сенга яқинлиги бўлган инсонларни ўз ҳолига ташлаб қўйсанг, ҳар бир босган қадамини назорат қилиб турмасанг, унинг хулқи бузилади, ҳаддидан ошиб кетади, натижада ўзига ҳам, сенга ҳам зиён-заҳмат етказади:

  1. Бузоқни бўш қўйсанг хурмачани ағдарар.
  2. Қамишни бўш тутсанг қўлингни қияр.
  3. Туянинг юки енгил бўлса ётағон бўлар.
  4. Эшакни сийласанг охурини булғар.
  5. Ўйноқи қўзичоқ ойна синдирар.
  6. Чилвирни бўш ушласанг қўлингни қияр.

 

  1. Қора сигирнинг ҳам сути оқ бўлар.
  2. Қора булутдан тиниқ сув томар.
  3. Қора товуқ ҳам оқ тухум қилади.
  4. Қозондан қора нарса йўқ,

Очсанг қорнинг тўйдирар.

  1. Қийшиқ бутоқда ҳам қизил жийда битади.
  2. Муздан сув томар.

Бу мақоллар икки маъносида синонимия ҳосил қилади:

    1-маъно: баъзи назарга илинмайдиган, кўринишидан ёмондек туюладиган одамдан кўп фойдали ишлар ва маънили гаплар чиқади. Шунинг учун кўринишига қараб баҳо берма, шунга қараб у билан муомала қилма, деган маънода қўлланади.

 2-маъно: ёмон, разил, қабиҳ, худбин, ялқов ва ҳ.к. каби кишилардан ҳам яхши фарзандлар туғилиши ёки етишиб чиқиши мумкин.

Ҳаётий қонуният шундай: илон-чаён чақса, илон-чаённинг заҳрини суртадилар, аччиқ гапга аччиқ гап билан жавоб қайтарадилар, урганни урадилар, сўкканни сўкадилар ва ҳ. к. Мазкур мақоллар билан ҳар бир иш ва ҳаракатнинг ўз муқобили борлиги ва шунга риоя қилиш зарурлиги уқтирилади. Яъни ёмонга ёмонликча, яхшига яхшиликча муомала қилинади:

  1. Аччиқни аччиқ кесар.
  2. Эговни эгов ейди,

Заҳарни заҳар ейди.

  1. Заҳарни заҳар қайтарар.
  2. Совуқни совуқ кесади,

Иссиқни – иссиқ.

  1. Лой ёриғига лой чапилади,

Ганч ёриғига – ганч.

  1. Понани пона билан чиқаради.

        Холидий ўйлай-ўйлай, аччиқни аччиқ кесади, деган ақидага амал қилиб, Асадбекнинг кушандаси ким бўлиши мумкин, деб сўраб-суриштирди. Асадбек ҳаммадан зўр бўлгани билан албатта кимдир, қайси бир кавакда туриб бўлса ҳам унга қарши тиш қайрайди (Т.Малик. “Шайтанат”, 177-бет).

         — Бизни чалғитмоқчи бўлган, демоқчимисиз?

         — Чалғитиши бир масала. Иккинчи масала – бизнинг одамга қармоқ ташлашган. Ундан шубҳаланишган бўлса-чи? Биз ўша қабристонни боссак, шубҳалари тасдиқланади. Ана унда одамимизни аяб ўтиришмайди.

         — Бу турган гап. Понани пона билан чиқаради, деган гап бор. Агар улар бизни чалғитмоқчи бўлса, биз ҳам шундай қилайлик (Т.Малик. «Шайтанат», учинчи китоб, 347-бет).

Қўл қовуштириб ўтирган билан ҳеч нарсага етишиб бўлмайди. Ҳар қандай нарсага эришиш учун тинимсиз изланиш, меҳнат қилиш, машаққат чекиш зарур бўлади:

  1. «Ҳолва» деган билан оғиз чучимас.
  2. Йироқдаги сув билан сувсоқлик қонмас.
  3. Милк сўрган билан қорин тўймас.
  4. Тушда сув ичган билан ташналик қонмас.
  5. Тоққа чиқмасанг дўлона қайда,

Жон куйдирмасанг жонона қайда.

  1. “Шаф-шаф” деган билан шафтоли оғизга тушмас.

Ҳў! Хажайип! – деди соқоли титраб. – Закунчимисиз нима бало! Нуқул «закун-закун» дейсиз! «Қизил деҳқон»дагилар закунни сизчалик билмасаям, деҳқончиликка ақли етади. Шўх ер қанақа бўлишини мендан яхши билсангиз керак. Ҳаммаси тош. Кетмон урсангиз бетингизга тош сачрайди. Еримиз – шунақа. Ярмиси – тўқай. Ниятингиз яхши-ку, ҳолва деган билан оғиз чучимайди-да, ўртоқ Хажайип! (Ў.Ҳошимов. «Икки эшик ораси», 61-бет).

Отаси, ёши улуғи бажаролмаган, эплаб билмаган, уддасидан чиқмаган, кўролмаган ишни, нарсани фарзанди, шогирдлари бажариши, кўриши мумкин:

  1. От босмаганни той босар.
  2. Отаси урмаган қўнғизни, боласи урар тўнғизни.
  3. Қуён отолмаганнинг боласи арслон отибди.
  4. Отаси девор минмаганнинг ўғли от минибди.
  5. Отаси шаҳар кўрмаганнинг боласи Шанхай кўрибди.
  6. Отаси – гаранг, ўғли – фаранг.

— Э, мундоқ денг. Олимжондан қолган ёдгорлик шуми?

— Шу , ҳа! Самарқандда ўқийди.

— Азамат! От босмаган йўлни той босар, деб шуни айтади-да. Шўрлик Олимжон жуда ёш кетди… (М.Норматов. «Энг гуллаган ёшлик чоғимда», 107-бет).

Ўз ишини эплаб билмайдиган, каму-кўстини тузатиб, тўғри йўлга сололмайдиган ношуд кимсадан бирон яхши натижали иш кутиб бўлмайди, деган маънода ишлатилади:

  1. Ўзига енг бўлмаган ўзгага бўй бўлмас.
  2. Ўзига ёл бўлмаган бировга қуйруқ бўлмас.
  3. Ўзига ён бўлмаган бировга бўй бўлмас.
  4. Ўзига туппа кесолмаган бировга угра кесармиш.
  5. Уйида иштон бичолмаган, далада тўн бичармиш.
  6. Ўзига угра кеса олмаган бировга лағмон чўза олармиди?

Ҳар ким ўз тенг-тўши билан мулоқотда бўлиши, ўтириб-туриши, чиқиши, олишиши, курашиши, кучини ўз тенгига кўрсатиши керак деган мазмунда ишлатилади:

  1. Тенг тенги билан, тезак қопи билан.
  2. От тепкисини от кўтарар.
  3. Ўрдак ўрдак билан учар,

Ғоз ғоз билан учар.

  1. Кабутар бо кабутар, жинс бо жинс.
  2. Бош – бошга, Ёрғучоқ тошга.
  3. Тезакчининг тенги бор,

Ўроқчининг ўрни бор.

— Ота, бу синглим, — табассум билан деди Йўлчи. Қишлоқдан олиб келганимни эшитгандингиз. Бойникида яшашини маъқул кўрмадим.

— Яхши қилибсан. “Кабутар бо кабутар, жинс бо жинс”. Маъносини тушунасанми? Тўғри, улар қариндошинг. Лекин улар сани ўз жинсига қўшмайди (Ойбек. “Қутлуғ қон”,     бетлар).

Текин томоқ ёки текин берилган нарса миннатли бўлади, миннати эса кишига қаттиқ ботади:

  1. Бировнинг нони қорин оғритар.
  2. Текин гўштнинг суяги бурун йиртар.
  3. Текин томоқ биқин тешар.
  4. Текин овқат тиш синдирар.
  5. Текин томоқнинг тиканаги тиқилар.
  6. Текин тўн қимматга тушар.

Мазкур мақоллар текинхўр, тамагир, очкўз, баднафс кишилар тилидан айтилган бўлиб, уларга нисбатан киноя тарзида ишлатилади:

  1. Текин томоқ тотли бўлар.
  2. Текин сирка болдан тотлиқ.
  3. Текин томоқ танни тоза қилади.
  4. Кўрдингки текин, уравер секин.
  5. Кўрдингки ош, кўтарма бош.
  6. Текин томоқ топилганда емоқ керак,

Текин кафан топилганда ўлмоқ керак.

Мана бу хатни қаранг. Жуда қизиқ, — у ўзича ўқий кетди: — Биз пахта тайёрлаш планимизни ошиғи билан тўлдирдик, сизларнинг план қачон ўринлайди..?

Жангчи ўзиникига ўхшаш хат чиқишини умид қилиб, бошқаларникига назар ташлади. Ҳеч кимда бунақа жингалак савол йўқ эди. Охир ҳафсаласи пир бўлиб жойига бориб ўтирди. Кимдир Яна тегишди.

— Юборган одам, совғам “Текин томоқ танни тоза қилади” дейдиганнинг қўлига тушди шекилли, жавоб ҳам қайтармади, деб ўйлайди-да (Шуҳрат. “Шинелли йиллар”, 250-бет).

Ўзига тегишли бўлган барча кишилардан ажралиб, якка бўлиб қолган киши кучсиз бўлади ва тез енгилади:

  1. Бўлинганни бўри ер, айрилганни – айиқ.
  2. Сурувдан қолган сурилиб ўлар.
  3. Тўзган ғоз бир тўп қарғага ем бўлар.
  4. Тўдадан ажралган тўрга тушар.
  5. Айрилган йўлда қолар, Бўлинган – дўлда.
  6. Қўрадан айрилган қўйни бўри ютар.

Н а с и б а. …Тушимми, ўнгимми?.. Қанақа жойга тушиб қолдим, қанақа одамлар орасига кириб қолдим? Мактабимдан, ўртоқларимдан айрилиб топганим шу бўлдими!..

З у ҳ р а. Айрилганни айиқ ер, бўлинганни бўри ер деган гап бор. Эсинг кирипти – яхши! (А.Қаҳҳор. «Аяжонларим», 108-бет).

Аввало бировдан омонат олинган нарсани йўқотма, синдирма, узма, бузма ва ҳ. к. Акс ҳолда молнинг эгаси ўзининг йўқолган нарсасини «ана ундоқ эди, мана бундоқ эди» деб мақтаб, баҳосини ошириб, ўрнига тўлаган унча-мунча нарсангни назар-писанд қилмайди:

  1. Йўқолган пичоқнинг сопи — олтин.
  2. Ўлган сигир сутли бўлади.
  3. Йўқолган бузоқнинг арқони — қиммат.
  4. Туғмас товуқнинг тухуми – азиз.
  5. Йўқолган молнинг эгаси – вали.
  6. Кетган балиқ — кемадек.

 Лекин Муҳаррам унинг бунчалик узоқ кек сақлаб юришини ўйламаган эди. Ҳатто бир маҳал кўнглидан: «Наҳотки у мени севарди! Йўқолган пичоқнинг сопи олтин бўлаётгани йўқми?» деган фикрни ўтказган эди (Шуҳрат. «Шинелли йиллар», 203-бет).

Ҳар бир инсон ўз туғилган ерида ўзини эркин сезади, бемалол ҳаракат қилади:

  1. Чангал ҳам ўз жойида гуриллар.
  2. Ўз жойида лайча ҳам шер.
  3. Ўз жойида куйканак, ҳам ғоз ўлур, ҳам ўрдак.
  4. Овлоқ кўлда бақа – хон.
  5. Чумчуқ ўз уясида ўзини қарчиғай санайди.
  6. Ит уясида ўзини йўлбарс санайди.

           …Яхшилар топиб сўзлар, ёмонлар қопиб сўзлар» дегандек, яъни бизни аркони давлат аросида кичкина кўрдингизму? «Кичкина деманг бизни, кўтариб урармиз сизни, ёинки, Куйкунак ўз ерида ғоз ўлур ҳам ўрдак (Гулханий. «Зарбулмасал», 32-бет).

Бу мақоллар халқнинг фалсафий қарашлари маҳсули бўлиб, «Табиатда ҳам, жамиятда ҳам рўй берадиган ҳар бир воқеа-ҳодисанинг муайян сабаби бор. Масалан, одамлар орасида бир гап тарқалибдими, демак, асоси бор», деган маънода қўлланади:

  1. Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди.
  2. Бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур.
  3. Елсиз терак тебранмас.
  4. Ит қора кўрмаса, ҳуримас.
  5. Соғ олма шохидан тушмас.
  6. Энгак қимирламаса, соқол ликилламайди.

...Ўша сиз айтган Диловархўжа мен бўламан.

— Йўғ-е! – бармоғини тишлади Содиқ.

-Ҳа, мен, ишонинг! Энди талашадиган ҳеч нарсамиз йўқ. Сиз ҳам бу ерда бекорга ўтирмагандирсиз. Бир сабабсиз шудгорда қуйруқ ётмайди (Шуҳрат. «Олтин зангламас», 160-бет).

— Гапнинг индаллоси шуки, ўғлим, бултур уйлар бузилади, деб ўлчаб-нетиб кетишувди. Энди эшитсак, бузилмасмиш. Узунқулоқ гапларга қараганда сен тўхтатган эмишсан.

— Менми? – Асадбек ажабланди. – Ким айтди?

— Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди, — деди Жўра чўлоқ (Т.Малик. «Шайтанат», 250-бет).

Нуқул ёлғон сўзлар билан киши қўйнини пуч ёнғоққа тўлдирадиган, қуруқ ваъдалар бериб юрадиган кишиларга нисбатан истеҳзо, киноя маъносида қўлланади:

  1. Ўлма эшагим, арпа пишар.
  2. Мусо қўй келтирар.
  3. Ўлма отим: ёз келур, йўнғичка битар.
  4. Ўлмаган қул олтин косадан сув ичар.
  5. Бола, йиғлама, сенга оймомани олиб бераман.
  6. Бўш омбордан – ботмон ғалла.

       Иш ҳақини орттириш нари турсин, бу ортиқча иш учун ҳеч бир нарса тўланмайди. Хўжайиннинг давлати ортгандан орта борса ҳам, «унинг давлатидан» ишчиларнинг вақтини хуш қилмоқни «худо ҳеч хоҳламайди», ишчиларнинг «ўзимизники» деб ишонганлари Қурбон Али бўлса: «Бола, йиғлама, сенга оймомани олиб бераман», ёки: «Ўлма, эшагим, арпа пишар», дейишдан бошқа нарсани билмайди (С.Айний. «Эски мактаб», 29-бет).

 

 

Етти мақол қатнашадиган синонимик уялар

Ёмон одамлар билан ўзига яраша муомалада бўлиш лозим деган маънода ёки ёмон характер-хусусиятли кишиларга худди шундай жуфтлик учраганда уларга киноя тарзида айтилади:

  1. Эгри тўнкага – эгри тўқмоқ.
  2. Эгри мўридан – эгри тутун.
  3. Эшакка яраша тушови.
  4. Қийшиқ дарахтнинг кўланкаси ҳам — қийшиқ.
  5. Эгри таёқнинг бутоғи бурун йиртар.
  6. Эгарнинг сояси ҳам — эгри.
  7. Тенг тенги билан, Тезак қопи билан.

      Т и л л а х о н. Матқосимбойни эсон-омон кўмиб келаяпмиз…

      З е б и (Зубайдага пичирлаб, ярим товушда). Рокияхон дори берган.

      О й п о ш ш а. Жудаям улуғ иш қилибди-да. Эртадан Рокияхоннинг бахтига офтоб чиқди., десангиз-чи.

        О б и д а. Бўлмасам-чи! Ўлим бергур бетавфиқни!..

О й н и с а. Эгри калтакка эгри тўқмоқ-да, айланай (Ҳ.Ҳ.Ниёзий. “Паранжи сирлари”, 137-бет).

Бир нарсадан панд еган, зиён-заҳмат кўрган одам иккинчи марта ўзини эҳтиёт қилиб юради, ҳар бир ишни жуда эҳтиёткорлик билан қилади:

  1. Сутдан оғзи куйган қатиқни пуфлаб ичар.
  2. Тиканнинг заҳрини тортган оёғини билиб босар.
  3. Томоғингга қилтаноқ кетса, айронни ҳам чайнаб ичасан.
  4. Кўр ҳассасини бир марта йўқотар.
  5. Куйган оғиз совуқ сувни ҳам пуфлаб ичар.
  6. Тузоқдан бир марта қўрққан қуш

Қирқ йилгача айри ёғочга қўнмас.

  1. Девона ҳам хуржунини бир марта йўқотар.

Шу билан бир неча кундан бери минг бир васвасага солаётган алам, ташвишдан қутулгандек бўлди, енгил тортди. Яна бир куни анҳорда чўмилаётганда уни учратиб қолган Бондарь: «Тумор қани?» деб сўради-ю, лекин жавоб ололмади, у жавоб бермади. Ахир сутдан оғзи куйган қатиқни пуфлаб ичади-да! (Шуҳрат. «Шинелли йиллар», 260-бет.)

Ҳамшира эрта баҳорда бир фельдшерни яхши кўриб қолган эди… Ҳамшира беҳад шод, ўз тақдиридан миннатдор, лаблари кулгидан йиғиштирилмасди. Шу орада бир бева врач келиб қолди. Ҳадемай фельдшернинг бошини айлантирди-ю, илди-кетди, ҳамшира чирқиллаганича қолаверди. Ҳамширанинг ҳозирги умидсизлик оташида ёниши ана шундан эди.

 — Энди сизнинг ҳам аччиқ тажрибангиз бор. Кўр ҳассасини бир марта йўқотади, — унга далда берди Зебо (Шуҳрат. «Шинелли йиллар», 352-353-бетлар).

Оила, жамоа ва ҳ. к. ҳар қандай гуруҳда шу гуруҳнинг аъзолари ўз доираларидаги гап-сўздан, сир-асрордан, каму кўстдан хабардор бўлишади. Уларнинг шу нарсаларни ташқарига чиқаришлари ўз гуруҳларининг инқирозига: енгилишига, нобуд бўлишига, обрўсизланишига, тарқалиб кетишига олиб келади:

  1. Ўзингники ўзагингни узади.
  2. Қалъа ичидан олинар.
  3. Қовун ичидан ирийди.
  4. Ёғочни ўз ичидаги қурти ейди.
  5. Ичдан бузилмаса, қўшин енгилмас.
  6. Ёғочнинг понаси ўзидан бўлади.
  7.    Дарахт соп бермаса, болта кесолмас.

…Сизга маслаҳатим шуки, ўзингизбоп иш қидиринг.

Директорнинг гапини охиригача эшитмай, зарда билан ўрнимдан турдим.

Ўзингники ўзагингни узади деганлари рост экан, раҳмат ўртоқ директор! – дедим (А.Исомиддин. «Қайсар куёв», 11-бет).

Ҳар бир ишда киши бошқалар билан маслаҳатлашиб, кенгашиб иш тутса, ўз мақсадига эришади, зарар кўрмайди:

  1. Маслаҳатли ош куймайди.
  2. Кенгашли тўй тарқамас.
  3. Маслаҳат билан бичилган чопон қисқа келмайди.
  4. Маслаҳат билан пиширилган ош тотли бўлар.
  5. Кенгашли эл камимас.
  6. Кенгашли тўн кенг келар.
  7. Маслаҳат билан отилган тош узоққа кетар.

        «Фан» нашриётидан кейинги йилларда институтда яратилган янги, самарадор пахта навлари ҳақида китоб ёзиб беришимизни сўраб, илтимос қилишяпти. Битта ақл – битта, иккитаси – иккита! Кенгашли тўй тарқамас. Модомики, йиғилибмизми, шу нарсани ҳам маслаҳатлашиб олсак (Ў.Усмонов. «Гирдоб», 230-бет).

  -Сабр қила туринг, буви, қишлоқ оқсоқоллари бор, маслаҳат солай, бирон йўл кўрсатишар. Маслаҳатли ош куймайди (У.Назаров. «Чаён йили», 157-бет).

Ҳар ким ўзи яхши кўрадиган, ўз тирикчилигини таъминлайдиган, ўзига ҳузур-ҳаловат бахш этадиган нарсалар ҳақида ўйлайди, ўшанга эришиш ҳаракатида бўлади:

  1. Эчкига жон қайғуси, қассобга ёғ қайғуси.
  2. Кампирнинг дарди ғозада,

Сичқоннинг кўзи донлик кўзада .

  1. Қассобнинг тушига эчки киради.
  2. Қассобнинг кўзи – семизда,

Чанқоқнинг кўзи — қимизда.

  1. Ташнанинг тушига сув кирар,

Товуқнинг тушига дон кирар.

  1. Тулкига жон керак,

Овчига тери керак.

  1. Тулкининг тушига товуқ кирар,

Товуқнинг тушига тариқ кирар.

Бошқа кезларда кампирнинг бу тўғридаги дод-ҳасратини кулгулик билан ва кам ҳафсалалик билан эшитса ҳам, аммо бу гал Ўзбек ойимнинг ўша эски ашуласини ортиқча бир тўзимсизлик орасида кутар эди. Кампирнинг дарди ғўзада, сичқоннинг кўзи донлик кўзада, деганларидек, бизнинг Ўзбек ойимизнинг ҳам дарди юзада эди. Сўз уринди, сўздан сўз чиқди, ниҳоят ҳожининг кутганидек ўғил ҳасрати ҳам бошланди (А.Қодирий. «Ўтган кунлар», 308-бет).

Бирор бир ишни бажаришда иккиланиб ўтирмай, дадил ҳаракат қилиш кераклиги уқтирилади:

  1. Ўйчи ўйига етгунча,

Таваккалчи уйига етар.

  1. Таваккал тоғни йиқар.
  2. Тентак ўйлагунча,

Таваккалчи сувдан ўтар.

  1. Ўйчининг ўйи битгунча,

Таваккалчининг тўйи битар.

  1. Ўйчи ўйини айтгунча,

Таваккалчи ниятига етар.

  1. Таваккалнинг эшагини бўри емас.
  2. Таваккалчининг кемаси ботмас.

— Тўйга бало борми, буви, шу замонда? Хотини ўлган, болали киши бўлсам, одамлар жирттак чалишади.

        — Ғаразгўй одам барибир жирттак чалаверади. Уларга қараб иш қиламан, десанг, чойинг қайнамайди. «Ўйчи ўйлагунча, таваккалчи Бухорога етади». Кимникига совчи юборай? ( У.Назаров. «Чаён йили», 157-бет).

Нимани ният қилсанг, кўнглингга келтирсанг, ўша воқеа ёки ҳодиса юз бериши мумкин:

  1. Хизрни йўқлаган уни кўрар.
  2. Айиқни йўқласанг таёқни қўлингга ол.
  3. Эшакни йўқласанг қулоғи кўринади.
  4. Тулкини йўқласанг, думи кўринар.
  5. Бўрини изласанг, бўри келади.
  6. Бузоқни тилга олсанг, ипини узиб келади.
  7. Бурунни йўқласанг, қулоқ кўринар.

            Эшакни йўқласанг қулоғи кўринади, деганларидай, ҳеч кутилмаганда эшик очилиб, Холидий кўринди ( Т.Малик. «Шайтанат», 175-бет).

  • Менинг сизга зарур ишим бор эди, шу кун қишлоқдан сиз билан учрашиш учун келиб эдим, у кишини “қаердан топарканман” деб ўйлаб турганимда, ўзингизга кўзим тушиб қолди…
  • Кўп яхши, — деди Қори Ишкамба, — Хизрни йўқлаган уни кўрар деганлар.
  • “Айиқни йўқласанг, таёқни қўлингга ол!” ҳам деганлар, — деди Арбоб Рўзи кулиб… (С.Айний. “Судхўрнинг ўлими”, 67-бет).

Агар бир иш бир неча кишига топширилса, улар сансалорликка боради, оқибатда ўша иш бажарилмай қолиб кетади:

  1. Шериклик ошни ит ичмас.
  2. Қассоб иккита бўлса, мол ҳаром ўлар.
  3. Хотин кўп бўлса, чўмични ит ялайди.
  4. Подачи кўп бўлса, мол ҳаром ўлар.
  5. Эр кўп бўлса, ўтин йўқ,

Хотин кўп бўлса – сув.

  1. Икки хотинлик уй ивирсир.
  2. Қўйчивон кўп бўлса, қўй ҳаром ўлар.

— Ўртоқ генерал, бир нарсани сўрасам мумкинми? Берлинга иттифоқчилар олдин кирадими, бизми?…

— Иттифоқчиларнинг яқин келишини кутиб турибмиз, шекилли.

— Менимча, темирни қизиғида урган яхши. Улардан тегадиган нафга ишонмай қўйдим. Ишидан сўзи кўп халқ экан. Бизда бир мақол бор: Шериклик ошни ит ичмас» (Шуҳрат. “Шинелли йиллар”, 559-бет).

Ҳар бир соҳада шу соҳани ҳар томонлама пухта билувчи мутахассис бўлмаса ёки вақтинча бирор ёққа кетиб қолган бўлса ва ҳ. к. унинг ўрнига шу ишга лаёқати йўқ бошқа бир кишининг «курси»ни эгаллаб, савлат тўкиб туришига нисбатан ёки бировни менсимаслик боис мажозий маънода қўлланади:

  1. Ўрдак йўқ кўлда лойхўрак – хон.
  2. Қуш йўқ жойда қурбақа – булбул.
  3. Мушук йўқ жойда сичқон – подшо.
  4. Эл овлоқ бўлса, тўнғиз тепага чиқади.
  5. Мирза йўғида қул киради қўрага.

Ит йўғида чўчқа ҳуради қарғага.

  1. Қоронғи қолган юртга қорашақшақ подшо бўлибди.
  2. Эчкининг оти мулла Норқўзи.

— Гижинглаган йигитлар турганда, шу қизни секретарь қилиб юбораман деб ўтирибди. Қишлоқда одам қолмаса, эчкининг оти мулла Норқўзи бўлади… Шу ҳам гапми!.. Одамнинг хўрлиги келади (А.Қаҳҳор. «Синчалак”, 55-бет).

Саккиз мақол қатнашадиган синонимик уялар

Ҳар бир ишда асло шошмаслик зарур. Ошиқиш, ҳовлиқиш, шошилиш ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин:

  1. Ошиққан қиз эрга ёлчимас.
  2. Шошган пашша сутга тушар.
  3. Сабрсиз балиқ соғасидан илинар.
  4. Шошган ишга шайтон қўшилар.
  5. Шошган зулук япроққа ёпишар.
  6. Шошилган – лойга ботган.
  7. Шошқалоқ тўғрамчи қўлини кесар.
  8. Шошган ўрдак ҳам боши билан шўнғийди, ҳам думи билан.

            — Эй болам, кўнглунгиз эр тилар ўхшар, ошуқманг. “Ошуқғон қиз эрга борса, ёрчимас ва тешик мунчоқ ерда қолмас”, — дер эрди (Гулханий. “Зарбулмасал”, 20-бет).

Атрофингдаги кишилар ўзини қандай тутса, сен ҳам ўзингни шундай тут, улардан фарқланиб қолма деган маънода ишлатилади:

  1. Қўшнинг кўр бўлса кўзингни қис,

Чўлоқ бўлса – ланг.

  1. Кимнинг кемасига тушсанг,

Шунинг эшгагини эшарсан.

  1. 3. Замонинг қандай бўлса,

Бўркингни шундай кий.

  1. Замонинг тулки бўлса сен този бўл.
  2. Бир кўзлилар шаҳрига борсанг бир кўзли бўл.
  3. Уйингни ёв таласа сен ҳам қўшилиб тала.
  4. Кимнинг аравасига минсанг,

Ўшанинг қўшиғини айт.

  1. Кимнинг ерини ерласанг,

Шунинг йирин йиришлайсан (йир – ашула, қўшиқ).

Колхозда ҳар бир тийин ҳисобда, ҳужжатлаштириш ўлимдан қийин. Э-эҳҳҳ, ҳамма ишлар бир-бирига худди чирмовиқдек уланиб кетганки, қани, битта учини топиб кўринг-чи? Топиб бўпсиз! Аравасига тушдингиз – ашуласини ҳам айтасиз! (Ў.Усмонов. «Гирдоб», 362-бет).

Ҳар бир инсон моддий бойлик яратар экан, кўпинча, унинг энг сараларини сотувга чиқариб,  баъзи бир нуқсони ёки камчилиги бор, яъни бозори касод бўлганларини ташлаб юборишга кўзи қиймай, ўзи учун ишлатади, натижада ишлаб чиқариш билан боғлиқ бу жараён давом этган сайин шу ҳолат такрорланаверади ва киши ўз меҳнатининг энг яхши намуналаридан баҳраманд бўлмай қолади. Ушбу синонимик қатордаги мақоллар шу ва шунга ўхшаш ҳолларда ишлатилади:

  1. Кулол мўндида сув ичар.
  2. Бўзчи белбоққа ёлчимас, темирчи – тақага.
  3. Уста пичоққа ёлчимас, этикдўз – бигизга.
  4.      Этикдўзнинг этиги йиртиқ, темирчининг тешаси кемтик.
  5.     Игна ҳаммага тўн тикади-ю, ўзи яланғоч.
  6. Чархчи чачвоққа ёлчимас.
  7. Бўзчи иштонга ёлчимас.
  8. Устанинг уйи – чил устун.

        Кулдон гардишининг чуқурчасига қўйган папиросининг тамакиси охиригача ёниб, кул бўлди ҳамки, трубкадан элас-элас машинканинг чиқиллашидан бўлак овоз эшитилмасди. Шу пайт кабинет эшиги ғижирлаб очилиб, ғижинига тегди. Бўзчи белбоққа ёлчимайди деганидек на эшикнинг ошиқ-мошиғини тузатишади, на мойлаб қўйишади. Қўлида қоғозлари билан кириб келган Иван Ивановичга: “Ёп тезроқ!” дея ишора қилганида, эшик яна ғижирлади,.. (Р.Файзий. “Ҳазрати инсон”, 226-бет).

         Кўрқуш айди: “Сенинг исмингни Кордон қўюбдурлар – ишни билиб қилсанг керак эди ва ҳеч иш билмас экансан. Кордон исмининг аксини қўйсалар керак эди. Мовароуннаҳрда Амир Умархон тузган Ургут, Работ, Рўшағурбек, Хайробод, булардин шаҳри Қубод, рашк айлаб, Адам сари юзланди. Сендек давлатлик орқамда бўлган эди, Бухоронинг ҳар туманидан минг чордеворни топиб, бирдин муҳим хайр ишни биткарур эрдим. Сенинг кордонлиғинг кулол мўндида сув ичгандек ва ё “Бўзчи белбоққа ёлчимас” дегандек бўлди (Гулханий. “Зарбулмасал”, 54-бет).

Киши ҳаётда сабр-тоқатли, чидамли, қаноатли бўлиши керак, деган мазмунда қўлланади:

  1. Сабр таги – сари олтин.
  2. Ўтирган қиз ўрнини топар.
  3. Ошиқмаган овчи ҳумо овлар.
  4. Ошиқмаган қуёнга етар.
  5. Чидамли эр лочин тутар.
  6. Ўтир, қизим, ўрин топ.
  7. Сабр қилсанг туянинг юкини бўта кўтарар.
  8. Сабр қилсанг ғўрадан ҳалво битар.

             Домла. … Эй, ман нимадан қўрқдим, ҳеч ким йўқку ёки мен жинни-пинни бўлдимми?! Менинг ўзимнинг қўлим-ку! (Эшикнинг олдига бориб.) Оббо, эшик ҳам берк экан. Энди нима қиламан-а? Ҳа, бир оз сабр қилмоқ керак, чунки «Сабр қилсанг, ғўрадан ҳалво битар» деганлар (Ҳ.Ҳ.Ниёзий. «Бой ила хизматчи», 88-бет).

            Ҳеч нарсадан қисиниб ўтирма. Омонлик бўлса топилади ҳаммаси. Қайтага йўқлигимни билдирмай, бака-банг қилиб ўтказинглар тўйни! Илтимос. Қачонга белгилаяпсизлар? Қудалар қалай? Келиб туришибдими? Бошимизга тушган мусибатдан чўчиб кетишмадими, ишқилиб?.. Ё димоқларини кўтариб юборишдими? Унда ялинма, ўтирган қиз ўрнини топади... (Ў.Усмонов. «Гирдоб», 468-бет).

Илиқ сўз ийдиради. Яхши муомала билан ҳар қандай мушкул тез ечилади:

  1. Яхши гапга илон инидан чиқади.
  2. Яхши муомалага туя ҳам чўкади.
  3. «Баракалла»га қул меҳнат қилиб ўлар.
  4. Сигирни ҳам силаса сут берар.
  5. Яхши сўз филни ҳам йўлга солар.
  6. Бир оғиз ширин сўз қилични қинига киритади.
  7. Хушмуомалали мингни урибди,

Таёғи йўғон бирни урибди.

  1. Яхши гап – жон озиғи.

— Ҳар қалай, сиз ёшсиз, ука. Яхши гапга илон инидан чиқаркан. Муҳиддин Жабборович обрўли, фанга кўп меҳнати сингган киши. Буни биласиз. Аммо одам қариганда кўнгли бир оз нозиклашиб, иззатталаб бўлиб қолади. Сиз ақлли йигитсиз-ку, буни тушунишингиз керак (Ў.Усмонов. «Гирдоб», 41-бет).

Бирор бир масалада биров билан келишишни хоҳламаган, нарсасини бошқага беришни истамаган ва ҳ.к. киши турли хил баҳоналар қидириб, ишни орқага суради:

  1. Сотмаснинг моли қиммат.
  2. Тегмас қизнинг қалини кўп.
  3. Топилмас мол тоғ бошида.
  4. Номаълум ерда олтин бор, борсам бақир топилмас.
  5. Очилмас омборнинг калити осмонда.
  6. Қўй катта, қўзи кичик,

Эчки сизга лозим эмас.

  1. Тошсиз тарозининг шайини синиқ.
  2. Арқонга ун осилган, ғалвирга сув солинган.

Қиз Айния номини эшитгач, рухсори гул-гул ёна берди. Қизнинг ризосини отаси англаб, айдиким: “Эй болам, хомуш ўлтур. Сендек гавҳари аслни ҳар ноқобилнинг қўлига бермасман».

   Анда қиз айди: «Эй жоним ота, бори бермас бўлсангиз ҳам, зинҳор ёмон сўзлаб, озурда қилманг. Бермас қизнинг қалини кўб, дебдурлар (Гулханий. «Зарбулмасал», 56-бет).

Киши ўлгудай қийналиб, ҳориб-чарчаб, танг ҳолга тушиб турган бир пайтда бошқа бир одам келиб, уни баттар қийинроқ бир ҳолга солиб қўяди, уни юпатиш, ҳамдард бўлиш, кўнглини овлаш, ёрдам қўлини чўзиш ўрнига дилига озор беради, асабини бузади:

  1. Оч қоринга — намакоб
  2. Оч қоринга – аччиқ айрон.
  3. Болои мурда — сат чўп.
  4. Ўлганнинг устига тепган.
  5. Оч қоринга — шолғом шўрва.
  6. Йиқилганнинг устига – юдуруқ.
  7. Дард устига – чипқон.
  8. Болои сўхта – намакоб.

— Ўғлим, — деди, — бир-икки одам топиб дардисарни (Одинани) ўз уйига элтиб ташла, агар бу ерда ўлиб қолса унинг гўру кафани харажати ҳам бизнинг бўйнимизга тушиб, ўлик устига юз таёқ бўлар[24] (С.Айний. «Эски мактаб”, 16-бет).

Айб ўзингизда, — деди Фотима жияннинг ёнини олиб, — якшанбада борамиз дедингиз, сўзингизда турмадингиз. Борганимизда шу фалокатнинг олди олинарди...

Фотиманинг шу гапи дард устига чипқон бўлди (Т.Малик. “Шайтанат”, тўртинчи китоб, 159-бет).

Ҳар ким ўз тирикчилиги, ғами, ташвиши тўғрисида ўзи қайғуради, елиб-югуради. Бировнинг ғамини биров тортмайди, шунингдек, бировдан ўтганни биров билмайди:

  1. Тани бошқа дард билмас.
  2. Қозони бошқанинг — қайғуси бошқа.
  3. Уйи бошқанинг мунгги бошқа.
  4. Киши ғами эрта кириб, кеч чиқар.
  5. Тутуни бошқанинг туйшаги бошқа (туйшак — ғам).
  6. Тутуннинг аччиғини мўри билади.
  7. Ҳар бутага ўт тушса, ўзи куйиб, ўзи ёнар.
  8. Оғу ичганнинг ўзи билади.

            Ғ а н и. … Мен бориб Обидагинамдан розилик олиб келдим. Ёлғиз қолдим, дедим… Ҳайҳотдек уйда битта ўзим арвоҳга ўхшаб тонг оттиряпман. Ўлиб қолсам бир ҳафтадан кейин билишади, дедим. Мени кечир, бир танмаҳрам керак бўлиб қолди, дедим…

            Р а ҳ и м а. Тани бошқа дард билмас, дегандек, бу ёғини ўйламаган эканмиз. Сизга жуда-жуда қийин бўлиб кетган экан (С.Аҳмад. «Ғилдирак», 220-бет).

          -… Қандай янгиликлар бор батальонда?

         — Аҳ, энди сиз учун барибир эмасми батальонда янгилик борми-йўқми? Тани бошқанинг дарди бошқа, бегонанинг хаёли эрта кириб кеч чиқади. Шу ердасиз – сўрайсиз, кетасиз – унутасиз, … (Шуҳрат. “Шинелли йиллар”, 443-бет).

Тўққиз мақол қатнашадиган синонимик уялар

Якка ёлғиз яшаш ҳамиша ёмон оқибатларга олиб келади, деган маънода ишлатилади:

  1. Ёлғиз отнинг чанги чиқса ҳам, донғи чиқмас.
  2. Ёлғиз дарахт боғ бўлмайди.
  3. Бир тариқдан бўтқа бўлмас.
  4. Якка ўтин ёлворсанг ҳам ёнмас.
  5. Ёлғиз қўлдан товуш чиқмас.
  6. Ёлғиз ғоз сайрамас.
  7. Ёлғиз ёғоч пана бўлмас,

Ёлғиз бияга сава тўлмас.

  1. Ёлғиз уйда қозон қайнамас.
  2. Мошнинг ўзи ош бўлмас.

— Билмадим… ўзларини бахтсиз одамларга солиштириб, «толеим буларникидан баланд» деб қувонадиган кишилар… қанақа бўларкин? Мен атрофимдагиларнинг бахтсизлигини кўрсам, ўзимнинг бахтим ҳам кўзимга омонат кўриниб кетади. «Ёлғиз дарахт боғ бўлмайди», деган гап эсимга тушади. Хавотирланаман… (П.Қодиров. «Қора кўзлар», 175-бет).

Ҳар бир киши: эл-юрт оғаси, йўлбошчи, раҳбар, оила бошлиғи ва ҳ. к. нинг ташвиши ўзига яраша бўлади. Эгаллаган мавқеи, тутган ўрни ва ҳ. к. қанча юқори, қанча катта бўлса, ташвиши, масъулияти, жавобгарлиги ҳам шунча орта боради:

  1. Рўзғори каттанинг ташвиши ҳам катта.
  2. Катта бошнинг оғриғи ҳам катта бўлади.
  3. Катта дарахтнинг сояси ҳам катта.
  4. Катта карвон катта кўчар.
  5. Туя қанча катта бўлса, юки шунча оғир бўлади.
  6. Туя қанча – яраси шунча.
  7. Филнинг яраси филча бўлади.
  8. Бўз ямоғи – бўзча, Қоп ямоғи — қопча.
  9. Тўйликнинг тўйча ташвиши бор,

Уйликнинг уйча ташвиши бор.

  • Сўнгги кунларда ярадорларнинг оқими кўпаймаганда, эвакуацияга муҳтож ҳам эмас эдик.
  • Бу қўшинларимизнинг ҳужумидан далолат, доктор, — деди Зебо билимдонлик билан. – Бу яхши! Ўксиманг!
  • О, доктор, — деди бош врач лабини пирпиратиб, — сиз жуда худбинсиз. Мен бунча кишининг сафдан чиқишини истамас эдим. Гарчанд хирургман, тажрибам ошади, лекин барибир истамайман. Қурбон эвазига, хусусан, шунча қурбон эвазига тажрибали бўлишни истамайман.
  • Филнинг яраси филча бўлади, доктор (Шуҳрат. “Шинелли йўллар”, 349-бет).
  • Бўш-баёв, ўта мулойим, оғзи бўш, ким нима деса ўшанинг гапига кираверадиган кишилардан одамлар ўз манфаатлари йўлида осонгина фойдаланадилар:
  1. Ёғочнинг бўшини қурт ейди.
  2. Кана сигирнинг туёғига тушмайди, қулоғига тушади.
  3. Қўй бўлмасанг, бўри сени емайди.
  4. Дарахтнинг юмшоғини қурт ер.
  5. Бўш келганни бўри босар.
  6. Алвасти ҳам бўш келганни босар.
  7. Араванинг ҳам мўрт жойи қадоққа келганда синади.
  8. Ювош туя юлишга яхши.
  9. Дарахт соп бермаса, болта кесолмас.

        — Нега уангни йиғлатасан? – деди қаҳр билан.

        — Қайси укамни?

        — Ўша укангни!

        — Той-ку! Қанақасига укам бўлсин? – дедим илжайиб.

        — Шунақасига! Нега қийнайсан бола бечорани? Ёғочнинг бўшини қурт емай ўлсин (Ў.Ҳошимов. “Нурли дунё”, 34-бет).

       — Магазин директорининг оғзини мойлашга ҳаракат қилганига ҳеч ҳайрон қолмайман. Йўқ! Кана сигирнинг қулоғига тушади, туёғига эмас. Шунча одам орасида ҳар қайсиси ўзидан хавотир қилмай, бир-бирининг сирини очиб ташлаётибди… (А.Қаҳҳор. “Оғайнилар”)

Турмушинг фаровон бўлган пайтда ҳойю-ҳавасга берилиб фақат бугунинг билан яшама, балки келажагингни ҳам ўйлаб ортиқча даромадингнинг бир қисмини ғамлаб қўй, бир кунингга ярайди, деган маънода ишлатилади:

  1.       Ортиқча мол кўз чиқазмас.
  2. Ортиқча давлат бош ёрмас.
  3. Ёз қоқиси – қишга дори.
  4. Ёзги тезак – қишга керак.
  5. Кузда йиғсанг — қишда ейсан.
  6. Оқ танга – қора кунга.
  7. Ёз ёзиғи – қиш озиғи.
  8. Ёз меваси – қиш хазинаси.
  9. Ёз юндиси қишга қатиқ.

Кўзум тўймас неча ҳуснунгға боқсам,

        Бале, ортуқси давлат кўз чиқармас (Лутфий).

Ўн мақол қатнашадиган синонимик уялар

Ёмон одам ўзининг ярамас, ёқимсиз, беўхшов қилиқларини, одатини ташламайди, ташлай олмайди, деган маънода ишлатилади:

  1. Тарки одат амри маҳол.
  2. Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас.
  3. Сут билан кирган жон билан чиқади.
  4. Букрини гўр тузатар.
  5. Қон билан кирган жон билан чиқади.
  6. Бешикда теккан кафанда кетар.
  7. Қориндаги қилиқ қора ерда қолар.
  8.   Ҳўкиз ўлса ҳам кўзининг олалиги қолмас.
  9. Илон ўлса ҳам заҳри тишида қолар.
  10. Йўргакда теккан касал ўлганда ҳам кетмайди.

— …”Шу паканангнинг турқи совуқ, ўзингдан узоқлат!” деб айтувдим-а?

— Вақтида менга керак эди. Ёрдами кўп теккан. Энди замон ўзгарди, лекин у ўзгармаяпти. Замонга қараб иш юритмайди.

— Ўшанинг ўзгарарканми? Букрини гўр тўғрилайди (Т.Малик. “Шайтанат», учинчи китоб, 359-бет).

        …улар “Ҳўкиз ўлса ҳам, кўзининг оласи йўқолмайди” дегандай, бир кун ўзи бизнинг мол-мулкимизни тарож қилар деб қўрқадилар (С.Айний. “Дохунда”, 322-бет).

Киши ночор аҳволга тушиб қолган пайтларда ўкинмаслиги, тушкунликка тушмаслиги лозим, тун кетидан кун келгани сингари бу ҳолатлар ҳам бир кун тугаб, яхши кунлар, албатта, келади, деган маънода қўлланади:

  1. Ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ.
  2. Бугун – юпун, эртага – бутун.
  3. Той минган от ҳам миниб қолади.
  4. Бир аччиқнинг бир чучуги ҳам бор.
  5. Эшакли отли ҳам бўлар.
  6. Ориқ семирар, оч тўйинар.
  7. Бир очликнинг бир тўқлиги ҳам бор.
  8. Ўчар чироқ яна ёнар.
  9. Ботар куннинг отар тонги бор.
  10. Қора кузнинг қори турмас.

 Қани айт-чи, шу яқин орада менюингни ўзгартирасанми, ё қозонингга граната ташлаб кетайми?

Сабр қил, дўстим, сабр қил? – деди ошпаз гўё қўрққандек. – Той минган от ҳам миниб қолади (Шуҳрат. “Шинелли йиллар”, 261-бет).

Ўзининг оилавий аҳволи, имконияти, шароитини эътиборга олмай, ҳою ҳавасга берилувчи, яхши яшашни, яхши ейишни, кийишни ва ҳ. к. хоҳловчи кишиларга нисбатан ишлатилади:

  1. Уйида чакса уни йўқ,

Том бошида қўш тандир.

  1. Уйимда йўқ кечалик,

Кўнглим тусар хўжалик.

  1. Униси йўқ, буниси,

Кунгурадор ойнаси.

  1. Ўзи бозорга сиғмаган туя

Қўшани билан кирар.

  1. Итимнинг боғи йўқ,

Емиши қора чарос.

  1. Туя ҳаммомни ҳавас қилар.
  2. Йўқнинг кўнгли йўрға тилар.
  3. Бор-йўғини билмайман,

Бол тилайди томоғим.

  1. Чўлқурбақанинг кўнгли оққуш гўштини тусар.
  2. Сичқон сиғмас инига, ғалвир боғлар думига.

          Қўлидан иш келмайдиган, бирор бир ишга уқуви йўқ киши кўзга кўпроқ ташланишга ҳаракат қилади, жуда ҳам сергап, маҳмадана бўлади:

  1. Арава қанча қуруқ бўлса шунча тарақлайди.
  2. Тухум туғмайдиган товуқ кўп қоқоғлайди.
  3. Ашула билмаганнинг авжи кўп.
  4. Саёз дарё шовқин оқар.
  5. Сутсиз сигир кўп маърайди.
  6. Ноғоранинг ичи пўк, овози баланд.
  7. Сурнай чалишни билмаганнинг оҳанги кўп.
  8. Бўш тегирмон гулдирар.
  9. Сутсиз сигир сузағон бўлар.
  10. Эпсиз созанда созин чўзар.

      — Гапимни бўлаверма, илтимос… Арава қанча қуруқ бўлса, шунча тарақлайди, деганга ўхшаб, шовқин солиб, югуриб-елганим сайин ич-ичимдан нимадир йўқолиб, мени гўёки ташлаб кетяпти (О.Мухтор. «Эгилган бош», 95-бет).

Баъзи ношуд, қўлидан бирор иш келмайдиган одам айбини бўйнига олгиси келмай, ўзини оқламоқ учун турли хил баҳоналар келтиради:

  1. Рақс билмаган кишига жой тор кўринар.
  2. Шайхнинг ҳунари бўлмаса, хонақоҳ танг.
  3. Ўзолмаган отга узанги баҳона.
  4. Оши бузилган хотин: «Гуруч эгри экан» дер.
  5. Қофия тор келса, хонақоҳ танг.
  6. От минолмаган ношуд айбни узангига қўяр.
  7. Отолмаган овчи ёйидан кўрар.
  8. Ўйин билмаганга этик қўнжи – баҳона.
  9. Ёқолмаган ўтинидан кўрар,

Қайтиб келиб хотинидан кўрар.

  1. Бешармга арпа уни баҳона.

    Бойўғли буларнинг келганидин бохабар бўлиб… ўчоққа ўтун қалай бошлади. Ул чоғда ҳаво эътидоли ўтиб, қиш замҳари ёвуқ эди. Совуқ касротидин ҳарчанд “пуф–пуф” қилди, ёнмади… Бойўғли айди: “Кўринг, қарилиғимнинг боши, эсим йўқдан ўтни ёқолмадим”.

          Анда Кордон айди: “Эшитганим борки, “Шайхнинг ҳунари бўлмаса, хонақоҳ танг”... (Гулханий. “Зарбулмасал”, 45-бет).

         — Гуноҳи нима экан, демайсанми, овсар! – бобом ҳаммасига Оқсоқол бува айбдордек, шанғиллади…

         — Дедим! – Оқсоқол буванинг мўйлаби титраб кетгандек бўлди. – Айби шумишки, районодан берухсат мактаб қурилишини бошлаганмиш. Дарсни программа бўйича ўтмасмиш.

         — Ие? – деди бобом…- Мактаб қурса ёмонми?…

         — Арпа уни баҳона… – Менимча маълимга Хўжақулов қасдлашган (Шуҳрат. “Олтин зангламас», 55-56-бетлар).

Ўзининг катта айби бўла туриб, ўзгаларнинг арзимаган айбига кулувчи, масхара қилувчи одамларга нисбатан киноя тарзида қўлланади:

  1. Иштони йўқ тиззаси йиртиққа кулибди.
  2. Илон ўз эгрилигини билмай,

Туянинг бўйнини эгри деркан.

  1. Йиқилган қоқилганга кулибди.
  2. Ботган тойганга кулибди.
  3. Кўйлаги йўқ енги йиртиққа кулар.
  4. Йиртиқ оғиз тиртиқ оғизга кулар.
  5. Чиғил ғалвирга кулар.
  6. Чувринди гадойга кулар.
  7. Эчки қўйга кулибди.
  8. Чилласида чироқ кўрмаган

Мум шамни камситар.

Содиқ уни қаттиқ қайириб ташлаши мумкин эди. Лекин нима фойда, барибир унга кор қилмайди, қўндоқда теккан. Содиқ қанчалик ғижинмасин, қулоқ солишга мажбур бўлди. Бошқа жойда бўлганда-ю, ўзи биларди: гапирганига пушаймон қилдириб қўярди! Ундан кейин, Содиқнинг тили қисиқ жойи ҳам бор: бирга, бир камерада ўтирибди, ахир иштони йўқнинг тиззаси йиртиқдан кулишини қаранг, дейиши, жуда бўлмаганда, отдан тушсангиз ҳам, узангидан тушмас экансиз, иним, бу ер қизиллик қиладиган минбар эмас, деб у ҳам қайириб ташлаши мумкин. (Шуҳрат. «Олтин зангламас», 166-бет)

         Ҳар бир соҳада ҳам киши унинг қийин, оғир, мушкул, хавфли, ноқулай тарафларидан қўрқса, чўчиса, ўрганмоқчи бўлган касбини эгаллай олмайди, умуман, хавф-хатардан қўрққан мақсадга етолмайди, деган маънода ишлатилади:

  1. Чумчуқдан қўрққан тариқ экмас.
  2. Ўғридан қўрққан мол йиғмас.
  3. Учқундан қўрққан темирчи бўлмас.
  4. Илондан қўрққан олачилвирдан ҳатламас.
  5. Бўридан қўрққан тўқайга кирмас.
  6. Чигирткадан қўрққан экин экмас.
  7. Кучукдан қўрққан гадо бўлмас.
  8. Айиқдан қўрққан ўрмонга кирмас.
  9. Тулкидан қўрққан товуқ боқмас.
  10. Ўлимни ўйлаган иморат солмайди.

-Ҳа, босмачилардан қўрқяпсизлар, а? – деди синовчан боқиб.

— Йўғ-э.

-Ҳар қалай, нотинч жой деб эшитамиз.

— Ҳа, энди, эҳтиёт бўлган яхши-да.

Бу хавотирлар бежиз эмасди. Баҳромбек тўдаси Ургут тоғларида биқиниб ётар, гоҳ-гоҳ ён-атрофдаги шаҳар ва қишлоқларни талаб, хунрезликлар қилиб туришганини талабалар ҳам эшитишган эди.

— Чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди, — деди кескин оҳангда Абдуҳамид (М.Норматов. «Энг гуллаган ёшлик чоғимда», 47-бет).

— Шунақа, биродарлар, кўчат кишининг ўмрини чўзади. «Ўлимни ўйлаган иморат солмайди» дегандек, ноумид киши кўчат ўтқазмайди (Шуҳрат. «Олтин зангламас», 106-бет).

Ўн бир мақол қатнашадиган синонимик уялар

Ҳар жиҳатдан, яъни маънавияти, дунёқараши, билим доираси, яшаш тарзи, иқтисодий аҳволи ва ҳ.к. паст бўлган кишига ҳар томонлама етук, маънавияти бой, дунёқараши кенг, билим доираси чуқур, яшаш тарзи жуда яхши  ва ҳ.к. инсон йўлиқса ёки чор-ночор яшовчи, қандайдир камчилиги, қусури бор кишига каттароқ, яхшироқ бирор нарса лойиқ кўрилса, шунга киноя тарзида айтилади:

  1. Кир кўйлакка – кишан ёқа.
  2. Йиртиқ тўнга — зар ямоқ.
  3. Кал бошга – шамшод тароқ.
  4. Ўтмас пичоққа – зарҳал соп.
  5. Темир қармоққа – олтин балиқ.
  6. Бўз кўйлакка садаф тугма ярашмас.
  7. Эски тўнга — сувсар ёқа.
  8. Сўқир кўзга сурма.
  9. Оқсоқ отга – олтин тақа.
  10. Эски уйга – янги зардевор.
  11. Эшакка кумуш эгар ярашмас.

Сокинликнинг ҳам ўз товуши бор. Бунинг нималигини қалин деворли, темир эшикли, дераза ўрнида кичик туйнукли камерада ўтирган одамгина яхши билади…

Тун. Эртага баҳор байрами… Ҳаво яхши. Одамлар роса ясанишгандир. Мушарраф нима кийдийкан? Онам-чи? Марат, Маратжон-чи? Унга бирор байрам совғаси олиб беришдимикан? Ёки бўз кўйлакка садаф тугма ярашмас, деб, уйда диққат бўлиб ўтиришибдими? (Шуҳрат. “Олтин зангламас”, 168-бет).

Ҳар кимнинг  боласи, яъни у чиройлими, хунукми, ақллими, телбами, фаҳм-фаросатлими, бефаросатми ва ҳ.к. бўлишидан қатъий назар, ўз кўзига оловдек кўринади, натижада киши доимо ўз фарзандига ўзгача меҳр кўрсатади, уни суйиб ардоқлайди. Ушбу мақоллар шу ва шунга ўхшаш ҳолларда ишлатилади:

  1. Ҳар кимники ўзига, ой кўринар кўзига.
  2. Қўнғиз боласини оппоғим дер.
  3. 3. Типратикан боласини юмшоғим дер.
  4. Ўнг қўлим, сўл қўлим, бари ўз қўлим.
  5. Қуён боласини ботирим дер.
  6. Ит боласини қоплоним дер.
  7. Ҳеч ким ўз айронини аччиқ демас.
  8. Савдогарнинг ёмон моли йўқ.
  9. Лайлакнинг оёғи ўзига қисқа.
  10. Итнинг боласи – итга яхши,

Қушнинг боласи — қушга яхши.

  1. Ҳар қуш ўз овозидан хуш бўлар.

            Б а ш о р а т. Ойим кўрмасалар ҳам, овозимни эшитмасалар ҳам ҳидимдан биладилар.

           Ф а р м о н. Сенда ҳид қоптими?

Б а ш о р а т. …- яхшиманми, ёмонманми – ойимни фарзандиман. Ойим мендан тонмайдилар. «Қўнғиз боласини оппоғим деяр экан, типратикон юмшоғим деяр экан», «Ҳар кимники ўзига, ой кўринар кўзига» (С.Аҳмад. Ғилдирак», 267-бет). 

Фарзандларнинг феъл-атвори, хатти-ҳаракати, гап-сўзи хоҳ ижобий жиҳатдан бўлсин, хоҳ салбий жиҳатдан бўлсин, ота-онасидан кескин фарқ қилмайди, ўхшаш ё яқин бўлади. Яъни яхши кишиларнинг фарзандлари ўзлари сингари мўмин-қобил бўлса; ёмондан туғилган, ёмонлар даврасидан чиққан одам минг яхши бўлиб кетгани билан бирибир асли зотига тортади:

  1. Қуш уясида кўрганини қилади.
  2. Олма оғочидан олисга тушмас.
  3. 3. Бўридан бўлган бўривачча бўлади.
  4. Мушукнинг боласи онасига қараб миёвлайди.
  5. Илондан – илон, чаёндан – чаён.
  6. Ит еганини қусар.
  7. Уруғида бўлса урвоғига татийди.
  8. Қазисан, қартасан, асл зотингга тортасан.
  9. Мол эгасига ўхшайди.
  10. Тана бузоқнинг турқи туққанига тамға.
  11. Тулпор тубига тортар.

  Айтсам шуки, — деди бечора она, — Кумушингизнинг феъли атвори ўзимга маълум: эрка ўсган, лафзи тез, кундошликка чидайдирган сиёқи йўқ, ҳар кун Зайнабингиз билан ғиди-биди қила бериб сизни қийнаб қўярмикин дейман… Бир куни келганда онаси қурғур бир оғиз айтмаган эди, деб мендан ранжирмикинсиз дейман… Тана бузоқнинг турқи туққанига тамға деганларидек, албатта менга равшан… (А.Қодирий. «Ўтган кунлар», 256-бет).

  Дабдурустдан айтилган бу гапдан ўзини йўқотиб қўйган Маҳкам ака ғулдиради:

  • Дада дермикан?
  • И-е, нега демасин. Аввал сиз ўғлим деб кўринг, меҳри товланади қўяди… Мана, мени айтди дерсиз.
  • Кошкийди.
  • Ахир у шўрлик ҳам қаёққа борсин. Ҳали айтдим-ку, олма пишиб тагига тушади, нари кетмайди (Р.Файзий. “Ҳазрати инсон”, 65-бет).

Яхши деб ҳисобланган, ном олган, тан олинган ҳар қандай кимса ёки нарсанинг ҳам бирор жузъий камчилиги, нуқсони, айби бўлади:

  1. Гуруч курмаксиз бўлмайди.
  2. Ҳар тўкисда бир нуқсон.
  3. Гул тикансиз бўлмас.
  4. Сурув оқсоқсиз бўлмас.
  5. Шакар пашшасиз бўлмас.

Арпа – кесаксиз.

  1. Гўшт суяксиз бўлмас,

Шоли — курмаксиз.

  1. Лойсиз сув, қурбақасиз кўл бўлмас.
  2. Қаноти бутун шунқор йўқ,

Туёғи бутун тулпор йўқ.

  1. Ойда ҳам доғ бор.
  2. Игнанинг чизиғи бор, ипнинг узуғи бор.
  3. Олмурутнинг сопи бор, узумнинг чўпи бор.

Илҳом Ражабович яна уч-тўрт дақиқа мудирнинг яхши хусусиятлари ҳақида фикр юритди. Лекин кутилмаганда  унинг салбий томонларини ҳам тилга олса бўладими…

Албатта, гуруч курмаксиз бўлмайди, — дея гапини давом эттирди у. – Шу жиҳатдан олиб қараганда Нозил Ҳамдамовичнинг тузатса бўладиган иккита камчилиги бор (В. Бобомуродов. «Оқ бошли илон», 39-бет).

Камбағаллик, фақирлик, йўқсиллик, қашшоқлик кишининг имкониятларини чеклаб қўяди. Бунинг устига ҳар қандай фалокат ҳам келиб шундай одамларга ёпишади:

  1. Камбағални от устида ит қопар.
  2. Камбағалнинг ёлғиз қўзисига қашқир тегар.
  3. Камбағалнинг ови юрмас,

Ови юрса, дови юрмас.

  1. Камбағалнинг ош устида бурни қонар.
  2. Камбағалнинг оғзи ошга етганда,

Боши тошга тегар.

  1. Ориқ отга чўп илашар.
  2. Ориқ отга чанг юқар.
  3. Қашшоқ ош топган куни оғзи куяр.
  4. Бечоранинг ҳўкизи ўлса, пичоқ топилмас.
  5. Камбағал ер топса, уруғ топмайди.
  6. Камбағалга бола берса, отини жойича қўяди.

…Шунақа муттаҳамлар камбағал қизларни олтин қафасларга туширади, бойларнинг нафсига қурбон қилади…

  • Исми нима экан қизнинг, билолмадингизми? – сўради журъатсизгина,..
  • Отини билолмадим, … Эшитишимга қараганда, дукчи чол бор-ку, шунинг қизи эмиш.
  • Умарали гўё юрагида бир нарса узилгандай, .. жим қотди…
  • Шундай, дўстим, ёмонлар кўп, камбағални туянинг устида ит қопади (Ойбек. “Улуғ йўл”, 184-бет).

Аввало, ҳар қандай сир-синоатингни оғзингдан чиқарма. Биров эшитдими, энди уни яшираман деб овора бўлма, у одамлар орасида барибир тарқалади, турли гап-сўзларга сабаб бўлади:

  1. Эл оғзига элак тутиб бўлмас.
  2. Ғалвирда сув турмас.
  3. Эл қулоғи – эллик.
  4. Юзта кўз бўлса, мингта қулоқ.
  5. Бировнинг оғзига тугма қадаб бўлмайди.
  6. Ўттиз тишнинг орасидан чиққан гап ўттиз уруғ элга тарқалар.
  7. Одамларнинг оғзига тушсанг сақич бўлиб чайналасан.
  8. Юз қопнинг оғзини боғлаб бўлса ҳам юз одамнинг оғзини боғлаб бўлмас.
  9. Эл оғзини йиғиб, Челак оғзини бўғиб бўлмас.
  10. Эл оғзини ёпмоққа эллик қари бўз керак.
  11. Кўп оғзига қалқон тутиб бўлмас.

Ким ким-у, лекин мен сизга ишонаман, укам. Ишингиздан, сўзингиздан биламан. Бунинг устига, юзингизга айтмаю, мусичадек беозор одамсиз, ишқилиб, омадингизни берсин, ишингиз бароридан келсин. Кўкракни баланд кўтариб юраверинг, Азизжон, буёқда мана биз бор! Фисқу фужур гаплар эса… э, элнинг оғзига элак тутиб бўларканми?! Қулоқ солманг (Ў.Усмонов. “Гирдоб”, 68-бет).

Хиёнат, жиноят, ўғирлик, айб, гуноҳ, сотқинлик ва ҳ. к. қилиб қўйган одам буни яширишга ҳар қанча уринмасин, барибир бир кунмас-бир кун ошкор бўлади, қилган ишига яраша ўз жазосини топади:

  1. 1. Ойни этак билан ёпиб бўлмайди.
  2. Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади.
  3. Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқади.
  4. Эшакни яширсанг, ҳанграши ошкора қилади.
  5. Чўғни ўраб бекитиб бўлмас.
  6. Туя минган бўйин яширолмас.
  7. Туяқуш бошини қумга тиқиб, «Мени ҳеч ким кўрмас», дер.
  8. Яғирни зар тўқим яширолмас.
  9. Офтобни қўл билан яшириб бўлмас.
  10. 11. Бигизни қанорга яшириб бўлмас.

  …У танг аҳволда қолганидан озди, сарғайди, аммо қорни сезилар-сезилмас чиқди, буни у рўмол билан боғлаб юришга мажбур бўлди.

        Лекин ойни этак билан ёпиб бўладими? Волидаси – Саломат хола барибир пайқади. У ингичка юз, сарғиш соч, тўти бурун, озғин ҳам ювош аёл эди («Уйғоқ кунлар», 56-бет).

— Шунақаси ҳам бўларкан-да, Зафаржон. Лекин касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади деганларидек, яшириб бўлмади. Ҳаммасини борлигича, рўй-рост ёзиб бердик (М.Ҳазратқулов. «Интизор», 86-бет).

Ўн икки мақол қатнашадиган синонимик уялар

Кўпчилик бирлашиб, ҳамжиҳат бўлиб ишга киришса, ҳар қандай мушкул ишнинг ҳам уддасидан чиқа олади, деган маънода ишлатилади:

  1. Кўпдан қуён қочиб қутулмас.
  2. Кўп ёйилса, йўқ топилар.
  3. Кўпчилик тикилса, тоғ қулар.
  4. Чивин бирлашса, филни ҳолдан тойдирар.
  5. Чумоли бирлашса, чаённи йиқар.
  6. Кўпда Хизр бор.
  7. Халқ унаса хон туясин сўяр.
  8. Қўп тупурса, кўл бўлар.
  9. Эл билан кесилган бармоқдан қон чиқмас.
  10. Кўплашган ёвни қочирар.
  11. Бирлашганни бўри емас.
  12.      Бирлашган тоғни талқон қилар.

...Йўл-йўриқ мўъжиза бўлмаса, меҳнат мўъжиза бўлмаса – шу қирда колхоз тузилиб, шу бино қад кўтарармиди!…

        Ҳа, болам, кўпдан қуён қочиб қутулмайди. Баҳорда шу ерларни кўриб ваҳмим келган эди. Мана, кўрсанг орзу қилгудай қишлоққа айланди, ким билади, янаги йилга яна қандай тусга киради (Шуҳрат. «Бир кеча фожиаси», 202-бет).

Кўпдан қуён қутулмас дейилганидек, кўримсиз, ахлатхона бўлиб ётган; ҳовлига тўрт баробар келадиган майдон то анҳор лабигача бир неча соатда тозаланиб, текисланди, ер чопилиб, ариқ ҳам тортиб қўйилди (Р.Файзий. «Ҳазрати инсон», 309-бет).

Бу мақоллар бировларга нисбатан беписандлик маъносида, шунингдек, кўпинча ўз ҳол-қудрати йўқ бўлатуриб: «Мен ундайман, мен бундайман» деб мақтанувчиларга қарата истеҳзо тариқасида айтилади:

  1. Кўппак югургани билан този бўлмас.
  2. Ола кўзан олғир бўлса ҳам арслон бўлолмас.
  3. Ола тўғаноқ олғир бўлса ҳам қарчиғай бўлмас.
  4. Тўрғай семириб ботмон бўлмас.
  5. Эчки югуриб кийик бўлмас.
  6. Қарға қанот ёйгани билан қарчиғай бўлмас.
  7. Юлдуз йиқилгани билан ой бўлмас.
  8. Чумчуқ семириб ботмон бўлмас,

Теша ўсиб кетмон бўлмас.

  1. Чой тўкилгани билан сой бўлмас.
  2. Эшакни минг мақтаган билан от бўлмас.
  3. Юмронқозиқ югуриб бийик бўлмас (бийик – буюк улуғ).
  4. Юмруқ букилиб санг бўлмас,

Эчки югуриб ланг бўлмас (юмруқ – мушт, санг – тош, ланг – кийикка ўхшаб тез югурувчи чаққон, эпчил ҳайвон).

— Шарманда қиладиган бўлса, тарбиялаб, қилмайдиган қил…

— Қанақа қилиб? Зоопаркдан шер харид қилиб, юрагини қовуриб бераманми? Ўзи ҳаракат қилмагандан кейин нима қиласан?

— Демоқчисанки, кўппак югургани билан този бўлмайди, шундайми? Бекор айтибсан. …саккиз ой аввал ўзинг ким эдинг?! (Шуҳрат. “Шинелли йиллар”, 40-бет).

Ўн уч мақол қатнашадиган синонимик уя

Эр билан хотиннинг, қудаларнинг, дўстларнинг ва ҳ. к. қарашлари, характер-хусусиятлари ҳар жиҳатдан бир-бирига мос тушса, яъни уларнинг иккаласи ҳам хушфеъл, хушмуомала, сахий ё бахил, очкўз, уришқоқ, ичи тор, ғийбатчи, ғаразгўй ва ҳ. к. бўлса, шу мақоллар истеҳзо билан айтилади:

  1. Ўхшатмасдан учратмас.
  2. Пес песни қоронғида топар.
  3. Кўр кўр билан кечаси топишади.
  4. Икки яланғоч ҳаммомда топишар.
  5. Сўқир отга қўтир от уюр.
  6. Песнинг чекига мохов тушибди.
  7. Ўғри ўғрига холавачча.
  8. Икки қирчанғи бир тўқайда топишар.
  9. Ҳожи ҳожи билан Маккада топишар.
  10. Ўғри ўғри билан қоронғи кечада топишади.
  11. Тенг этмай дуч этмас.
  12. Шум шумни намозшомда топади.
  13. Ит ойдинда топишар.

— Тунов куни келган Али Наимхон ким? У қаёқдан Гитлер билан тил топиб олибди?

Пес пес билан қоронғида топишар, деган мақол бор-ку, худди шунинг ўзи. Бир маҳал Германияга ўқишга келиб, қолиб кетган савдогар боласи, ватанфуруш (Шуҳрат. «Олтин зангламас», 365-бет).

Кўр кўр билан кечаси топишади дегандай, қўшмачининг эри ҳам ўзига мос, пакана, жиккак, дам қурвақага, дам қуёнга ўхшаб кетадиган бир кимса эди («Уйғоқ кунлар», 101-бет).

          — Жадидларнинг душмани бўлган босмачилар дунё жадидларининг бошлиғи ҳисобланган Анварпошо билан қандай қилиб бирлашади?

         — Ўғри ўғрини қоронғуда топади, деганлар (С.Айний. “Дохунда”, 358-бет).

Ўн тўрт мақол қатнашадиган синонимик уя

Бўладиган балога аксарият ҳолларда кишининг ўзи сабабчи бўлади: ўзидан жисмоний, моддий ё мавқеи жиҳатидан кучли бўлган, юқори турадиган одам билан олишади, унинг жаҳлини чиқаради, «жиғи»га тегади ва ҳ.к., натижада ўз қилғилигининг қурбони бўлади:

  1. Ит қутурса эгасини қопар.

2.Бўри қутурса ўз қавмига чопар.

  1. Сичқоннинг ўлгиси келса мушук билан ўйнашар.
  2. Эчкининг орқаси қичиса чўпоннинг нонини ейди.
  3. Ўлгиси келган чивин болга қўнар.
  4. Парвонанинг ўлгиси келса шам билан ўйнашар.
  5. Ажали етган кийик адирга қочар.
  6. Илоннинг ўлгиси келса шиғирда ётар.
  7. Тўрғай қутурса бургутга чопар.
  8. Эшак семирса эгасини тепар.
  9. Ажали етган тулки овчининг олдидан чиқар.
  10. Мушукнинг ўлгиси келса арслон билан ўйнашар.
  11. Йиғлагиси келган бола отасининг соқолини ўйнар.
  12. Буқа семирса эгасини сузар.

Зорий бу сафар ҳам тилини тиймади:

Бўри қутурса, ўз қавмига чопармиш, — деди ҳаммага эшиттириб, — саройдаги дуогўйларда ҳам имон қолмади. Бир тишлам нонга мусҳабни сотиб ейди булар! Хон ҳазратлари бечора Шарифбойни ўлимга ҳукм этганда Нуржон боланинг баччасидай қийшанглаб турган бўлуви керак бетавфиқлар (С.Сиёев. «Аваз», 19-бет).

— Энди ишимизга тааллуқли бир савол: Асадбекка ўхшаганлар, жиноий гуруҳлар нима учун талтайиб кетишди? Улар олдин пастки қобиқда писиб юришарди. Ит қутурса эгасини қопади, дейишармиди? Уларни нима қутуртирди? (Т.Малик. «Шайтанат», учинчи китоб, 56-бет).

Ўн беш мақол қатнашадиган синонимик уя

Киши кишига яхшилик қилса, бир кун ундан ҳам худди шундай яхшилик қайтади, агарда ёмонлик қилса, албатта, бир куни ёмонлик кўради:

  1. Нима эксанг, шуни ўрасан.
  2. Не эксанг, шу кўкарар.
  3. Қовоқ экиб қовун кутма.
  4. Арпа экиб буғдой кутма.
  5. Тикандан тариқ унмас.
  6. Ҳар ким экканин ўрар.
  7. Тош қўйган тош олар,

Ғишт қўйган ғишт олар.

  1. Ўт берган ўтини олар,

Сув берган сувини.

  1. Нима солсанг ошингга,

Шу чиқар қошиғингга.

  1. Охурга нени солсанг,

Хурмачадан шуни оласан.

  1. Ола эккан оз олур,

Роса эккан соз олур.

  1. Тол экиб олма кутма.
  2. Бўз тўқисанг бўз оласан,

Гилам тўқисанг гилам оласан.

  1. Яхшилик эккан эсонлик ўрар.
  2. Арпа эккан арпа олар,

Буғдой эккан буғдой.

         Ф а р м о н. Болажонларим!

        Ўғ и л л а р. Лаббай?

        Ф а р м о н. …Манави хотиннинг ўғри, муттаҳам ўғлини қамоқдан чиқаришимиз керак экан. Бунинг эвазига бу хотин бизга 15 минг сўм берар экан. 15 минг сўм-а…

          А с қ а р  (телефон трубкасини олиб). Рухсат этинг, ойи…

          Ф а р м о н. Қўй, болам, қўй. Энди сизларга рухсат. Боринглар! (Ўғиллари чиқиб кетгач.) Энди, меҳмон, бизни кечирасиз. Сизни илтимосингизни бажара олмаймиз. Бошқа илтимос бўлганда майли эди. Мени Башорат келиним айтгандай: «Нима эксангиз, шуни ўрасиз». Энди боринг. Совғангизни ҳам олиб кетинг (С.Аҳмад. «Ғилдирак, 280-бет).

Ўн олти мақол қатнашадиган синонимик уялар

Индамай жим юрувчи кишилардан кутилмаганда бир нарса чиқиб қолади, демак, бундайлардан кўп нарсани кутса бўлади. Шунинг учун бу тоифа кишиларга нисбатан бефарқ бўлмаслик керак, деган ғоя ётади:

  1. Индамасдан иш чиқар.
  2. Ювош отнинг тепкиси қаттиқ бўлади.
  3. Ўтмас пичоқ қўл кесар.
  4. Ювош мушук қаттиқ тимдалар.
  5. Қопағон ит тишини кўрсатмайди.
  6. Жим оқар сув тўғон бузар.
  7. Индамаган ит қопар.
  8. Ювошнинг мугузи ичида.
  9. Тинч оқар сув ғарқ қилар.
  10. Секин ёққан ёмғирдан қўрқ.
  11. Ёришиб ёққан ҳаводан қўрқ.
  12. Заҳарли илоннинг териси юмшоқ.
  13. Сувнинг тиниқ оққанидан қўрқ.
  14. Ювош ит ҳурмай тишлар.
  15. Ювошдан йўғон чиқар.
  16. Ер боқардан ер қўрқар.

        Муҳиддин Жабборовичнинг пешонаси тиришиб кетди. Ичида Азизни сўкди. «Айрим ғанимлар». Бу нима дегани?! Ювош отнинг тепкиси қаттиқ бўлади, дейишарди (Ў.Усмонов. «Гирдоб», 106-бет).

        У ҳеч кутмаганда бригадир тутақиб, жаҳлданми, қип-қизариб кетди.

        — Индамасдан иш чиқар, деб шуни айтади-да!

        Сени депутатликдан олиб ташламоқчи бўлганида, қўйинг, раис бува, одамзод текис йўлда ҳам қоқилаверади, деган, ёнингни олган мен! – бригадир қўлидаги чивиқни чанг босган этигига шарт-шурт урганча шаҳд билан ўрнидан турди-ю нари кетди («Сен учун ёниб», 280-бет).

Оила аъзолари ёхуд қариндош-уруғлардан бирортасининг бошига фалокат тушса, қийналса, фақат унинг ўзигина эмас, ҳаммаси: оила аъзолари, қариндошлар баравар азоб чекади:

  1. Беш бармоқнинг бирини тишласанг, бари оғрир.
  2. Бағр оғриғи киндик тўлғар.
  3. Ҳўкизнинг шохига урсанг, туёғи зирқирайди.
  4. Палагини боссанг, қовуни лат ейди.
  5. Синган қўлнинг оғирлиги бўйинга тушар.
  6. Мугуз лат еса, туёқ зирқирар.
  7. Сигирнинг шохига урсанг,

Суғурнинг танаси титрар.

  1. Отаси аччиқ олма еса,

Ўғлининг тиши қамашар.

  1. Бир тиш оғриса, ёнидаги ҳам оғрир.
  2. Инган инграса, бўта бўзлайди (инган – урғочи туя).
  3. Дарахтнинг шохидан тутсанг, танаси эгилади.

12 Жимжилоққа хасмол чиқса, бош оғримай қолмас.

  1. Бола югурса, кексанинг оёғи зирқирар.
  2. Қизи юк кўтарса, онанинг бели қайишади.
  3. Тойига минсанг, бияси: «Белим», дейди.
  4. Устун йиқилса, устун зил кетади.

— Ўша навбатчиликка бораман, деб кетган кечаларида бир сир бор, ойи, айтишга бетлари чидамаяпти, алам қилиб ётибди.

          — Нимага алам қилади, йўл тўсиб, одам ўлдирмагандир-ку? Ё бундан ҳам катта жиноят борми?

         — Ким билади. Айтгилари келмаяпти-ку!

         — Нодон ўғил, синган қўлнинг оғирлиги бўйинга тушишини билмайди. Ўлиб ҳам кетарман, изимга зор бўлиб юрарсан (Шуҳрат. «Бир кеча фожиаси», 120-бет).

      — Шошманг, шошманг, ини деган оғасининг гапидан ранжимайди. Кўнгилга оғир олманг. Бегона эмасман. Танаси бошқа дард билмас дейдилару, илло шохига урса, танаси зирқирашиям бор. Киндик қонимиз бир жойга тўкилган, илдизимиз ҳам битта (Р.Файзий. “Ҳазрати инсон”, 307-бет).

Ўн тўққиз мақол қатнашадиган синонимик уя

1-маъно: бировдан бирор манфаат кўрмоқ учун уни ҳам бирор нима билан манфаатдор қилиш, киримга эришмоқ учун чиқимдан қочмаслик керак бўлади. Акс ҳолда мақсадга эришиш амри маҳол, деган маънода айтилади.

        2-маъно: “Сиздан угина, биздан бугина” қабилида иш кўрувчи, арзимаган хизмати учун ҳам бировдан бир нима тама қилувчи порахўр, тамагир кишиларга нисбатан киноя тарзида ишлатилади.

        3-маъно: Тамагир одамнинг ўзи ҳам хизмати эвазига бир нима берилиши лозимлигини билдирмоқ ниятида мазкур мақолни айтиб, мақсадини очиқдан-очиқ тушунтирмоқчи бўлади:

  1. Текинга мушук офтобга чиқмайди.
  2. Насияга маймун ўйнамайди.
  3. Қуруқ қўлга қуш қўнмас.
  4. Қуруқ нафас найдан наво чиқармас.
  5. Қуруқ гап қулоққа ёқмас.
  6. Қуруқ қошиқ оғиз йиртар.
  7. Қуруқ суякни ит ҳам ғажимайди.
  8. Қуруқ сўз бош оғритар,

Ёриқ қошиқ оғиз йиртар.

  1. Кўк ёғоч эгилмас.
  2. Қуруқ товоққа фотиҳа юрмас.
  3. Қуруқ супрага дуо йўқ.
  4. Бермаснинг оши пишмас.
  5. Мойланмаган арава юрмайди.
  6. Мойсиз арава ўқ ер.

15.Тангрининг беҳиштига ҳам қуруқ кириб бўлмайди.

  1. Оши йўқ уйни ит ҳам суймайди.
  2. Қуруқ дарахтга маймун ҳам чиқмайди.
  3. Қуруқ ёғочга япроқ битмас.
  4. Қўл билан қуш тутилмас.

Мушук бекорга офтобга чиқмайди, деган гап бор. Кўпчилик бу дунёда ўз манфаатини ўйламай бир иш қилмайди. Мен ундай таклифларга қарасам, бу ерда ўтирмасдим (О.Мухтор. «Эгилган бош», 109-бет).

  • Ноибга ҳам бирон нарса…
  • Албатта, “мойланмаган арава юрмайди”, деганларидек, икки юз танга билан у кишининг томоғини ҳам мойладим (С.Айний. “Судхўрнинг ўлими”, 82-бет).

Йигирма бир мақол қатнашадиган синонимик уя

Ҳали бир ишни бошламай туриб ёхуд бир ишга эндигина қўл уриб мақтанувчи одамларга нисбатан: “Иш битгандан кейин гапиринг-да”, деган маънода ишлатилади:

  1. Подадан олдин чанг чиқарма.
  2. Туғилмаган болага олдиндан йўргак бичиш ярамайди.
  3. 3. Жўжани кузда санайдилар.
  4. 4. Чучварани пишириб сана, жўжани очириб.
  5. Сояга қараб тўн бичма.
  6. Туғилмаган боланинг тишини санама.
  7. Туғилмаган болага олтин бешик.
  8. Экилмаган экиннинг устидан пул олма.
  9. Олинмаган бузоққа қозиқ қоқма.
  10. Тўйдан илгари ноғора қоқма.
  11. Хамир қилмасдан бурун тандирга ўт ёқма.
  12. Чиқмаган офтобга исинма.
  13. Ғалвирни сувдан кўтарганда кўр.
  14. Сирот кечмай, қаҳ-қаҳ кулма.
  15. Сувдан илгари бўғот солма.
  16. Туғилмаган тойга – темир инғирчоқ.
  17. Сув кўрмай, этик ечма.
  18. Келинни келганда кўр, сепини ёйганда кўр.
  19. Лайлакнинг кетишига боқма, келишига боқ.
  20. Келинни келар йилда кўр.
  21. Туғилмаган бузоққа охур солма.

        Ғ а н и. Опкет, нимаики қолган бўлса, ҳаммасини ол. Ойингни қўли теккан деворни ҳам кўчириб кет. Фақат менга тегма. Тинч қўй.

      Б а ҳ р и. Ана кўрдингизми, ҳали хотин олмасдан бизни бегона қиляптилар. Келинни келганда кўр, сепини ёйганда кўр. Кўрармиз! (С.Аҳмад. «Ғилдирак», 210-бет).

     «Подадан олдин чанг кўтарма, ғунчадай хотинингни ташлаб уруш қилишни ким қўйибди сенга, — дебди. – Мана, жиянинг ҳам ҳовлиқиб бориб, бўшашиб қайтди, керак пайтида ўзлари топиб олармиш», дебди (Ў.Ҳошимов. «Икки эшик ораси», 92-бет).

       — Натижа чиқиши керак, Муҳиддин Жабборович, — деди. – Туғилмаган болага олдиндан йўргак бичиш ярамайди-ю, аммо натижа чиқиши керак… яна камида икки-уч чатиштирувдан кейин… (Ў.Усмонов. «Гирдоб», 38-бет).

      — Хўп, истаганингни қилавер! Жўжани кузда санаймиз, бу ишлардан топган фойдаларингизни кўрамиз (С.Айний. “Дохунда”, 436-бет).

Йигирма икки мақол қатнашадиган синонимик уя

Ҳеч бир фойдаси тегмайдиган дабдабали нарса ёки ҳодисалардан камсуқумгина бўлса-да, бир нафи тегувчи, яъни нақднинг насиядан афзал эканлиги уқтирилади:

  1. Узоқдаги қуйруқдан яқиндаги ўпка афзал.
  2. Узоқнинг донидан яқиннинг сомони яхши.
  3. Насия сариёғдан нақд ўпка яхши.
  4. Насия тилладан нақд чақа яхши.
  5. Пишмаган ошдан хом ошқовоқ яхши.
  6. Эртаги думба мойдан бугунги шалҳақ яхши.
  7. Бефойда кундадан ўтин яхши.
  8. Насия қаймоқдан нақд қатиқ яхши.
  9. Олисдаги отдан яқиндаги эшак афзал.
  10. Узоқнинг паловидан яқиннинг шўрваси яхши.
  11. Тотилмаган бўзадан мириқиб ичган гўжа яхши.
  12. Узоқнинг узунидан яқиннинг калтаси яхши.
  13. Узоқнинг қозиси бўлгунча яқиннинг тозиси бўл.
  14. Қачонги товуқдан ҳозирги тухум яхши.
  15. Бугунги товуқ эртанги ғоздан яхши.
  16. Кўкдаги турнадан кўлдаги чумчуқ яхши.
  17.     Осмондаги шунқордан кўлдаги турумтой яхши.
  18. Қачонги қизил паловдан ҳозирги куюн кулча яхши.
  19. Қор остидаги дондан ер устидаги сомон яхши.
  20. Кечнинг хазинасидан эртанинг насибаси яхши.
  21. У дунёнинг ҳуридан ўзимизнинг хўримиз яхши.
  22. Уйдаги товуқ осмондаги ўрдакдан ортиқ.

        Биронтаси қизнинг миясини чалғитиб, уйланиб олса, тамом, ҳамма ниятлар барбод бўлади. Уруш-уруш-да, эсон-омон қайтиб келаман, деб ким кафолат бера олади? «Узоқдаги қуйруқдан яқиндаги ўпка афзал» қабилида иш тутса, вассалом (У.Назаров. «Чаён йили», 149-бет).

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Мундарижа

Кириш…………………………………………………………………………………………………..3

  1. Мақол, матал, мақол-матал типидаги паремалар………………………………4
  2. Мақолларда синонимлик………….……………………………………………….6
  3. Мақоллар синонимияси ва кўп маънолилик…..……………………………….10
  4. Синоним мақоллар асосида ётган образ………………………………………..12
  5. Синоним мақолларнинг маъно қиррасида фарқланиши……………………..13
  6. Синоним мақолларнинг грамматик қурилиши…………………………………14

Луғат……………………………………………………………………………………………………17

         Икки мақол қатнашадиган синонимик уялар……………………………17

  1. Туя бўйига ишониб йилдан қуруқ қолибди.
  2. Бир томчи сув чумолига дарё кўринар.
  3. 3. Урушқоқ хўроз семиз бўлмас.
  4.           4. Ҳар ернинг тулкисини ўз тозиси билан овла.
  5. Тойга тўқим урсанг, эгар синади.
  6.            Қозонда бори чўмичга чиқади.
  7. Оқ туя кўрдингми? «-Йўқ».
  8. Ошинг ҳалол бўлса, кўчада ич.
  9. Дунёни сув босса, ўрдакка нима ғам?
  10. 10. Уйнинг гапи кўчага тўғри келмас.
  11.   Ёғмасанг ҳам гуриллаб ўт.
  12. Азага борган хотин ўз дардини айтиб йиғлар.
  13. 13. Қонни қон билан ювиб бўлмас.
  14. Отга тақа қоққанда, қурбақа оёғини кўтарар.
  15. Мевали дарахтнинг боши хам.
  16. Хасни хор кўрма, кўзингга тушса кўр қилади.
  17. 17. Отнинг ўлими – итнинг байрами.
  18. 18. Барча юкни кўтарган туя чўмични ҳам кўтарар.
  19.          Қирқига чидаган қирқ бирига ҳам чидар.
  20. Ит итга буюради, ит қуйруғига.
  21. 2 Ҳазилнинг таги – зил.
  22. 22. Қирқида қўлига соз олган қиёматда қулоғини бурар.
  23. Қурбақа ҳам вақти билан вақиллар.
  24. 24. Қисқа ип қамровга келмас.
  25. Мушук чарвига етишолмай: «Бировнинг моли ярашмас» дейди.
  26. Эгасини сийлаган итига суяк ташлар.
  27.   Чиранма товуқ, кетингдан уради совуқ.
  28. 28. Бир қилган – мадад, икки қилган – одат.
  29. Мол аччиғи – жон аччиғи.
  30.          Қўрқоқ олдин мушт кўтарар.
  31. Тикилган қозон қайнамас.
  32. Бедананинг иши йўқ, қайга борса питбилдиқ.
  33. Тойлар от бўлгунча, жигарлар хун бўлар.
  34. Тойдан той қолса, қулоғини тишлар.
  35. Кўр тутганини қўймас, кар – эшитганини.
  36. 36. Балиқ бошидан сасийди.
  37. 37. Бетимнинг қалини – жонимнинг ҳузури.
  38.  38. Қизим, сенга айтаман, келиним, сен эшит.
  39. 39. Очиқ қозонга ит тегар.

40.Тулкининг душмани – чиройли бароқ думи.

  1. Теракнинг сояси тубига тушмас.
  2. Иштони йўқ тиззаси йиртиққа кулар.

        Уч мақол қатнашадиган синонимик уялар………………………………..25

  1. Сих ҳам куймайди, кабоб ҳам.
  2. Бўри билан қузғун овда ўртоқ.
  3.     Бузоқнинг югургани – сомонхонагача.
  4.     Аталадан суяк чиқибди.
  5. Қўлдан берганга қуш тўймас.
  6. Семизликни қўй кўтарар.
  7. Ҳар ким ўз қаричи билан ўлчар.
  8. Чумчуқ ҳам ўз тошича – ботмон.
  9. Эчкини ўз оёғидан осадилар, Қўйни ҳам.
  10. Ҳайт, деган туяга мадад.
  11. Қурбақани боссангиз «вақ» дейди.
  12. Пўлат пичоқ қинсиз қолмас.
  13. Мумсикнинг харжи – икки баравар.
  14. Мулла билганин ўқир.
  15. Кўрпангга қараб оёқ узат.
  16. Икки кеманинг бошини ушлаган ғарқ бўлади.
  17. 17. Таваккалнинг боши кал.
  18. Эшак — ўша эшак, Тўқими бошқа.
  19. Қўлинг ёғли бўлса, бошингга сурт.
  20. 20. «Бўрк» ол деса, бош олади.
  21. 2 Янги кўзанинг суви – совуқ.
  22. 22. Мевали дарахтга тош отилар.
  23. 23. Ит сарқитини йўлбарс емас.
  24. Ўзинг пиширган ош – Айланиб ич, ўргилиб ич.
  25. 25. Бевани туянинг устида ит қопар.
  26. 26. Сабабсиз оёққа тикан кирмас.
  27. 27. Ит ҳурар, карвон ўтар.
  28. 28. Қул ўлмас, ризқи камимас.
  29. Икки ўн беш – бир ўттиз.
  30. Олма пишса, тагига тушади.
  31. Ҳар кимнинг бармоғи ўзи томон эгилар.
  32. Аввал – баҳор, охир – хазон.
  33. Сўк ошига ҳам сурнайми?
  34. Эски – тос, эски – ҳаммом.
  35.   Така бўлсин, сути бўлсин.
  36.   Бир хум сингунча, неча хумча синади.
  37.   Тарбия тақани тўғрилайди.
  38. Душманни шакар билан ўлдир.
  39.     Омади кетган кишининг аталадан тиши синади.
  40.   Элакка кирган хотиннинг эллик оғиз гапи бор.

         Тўрт мақол қатнашадиган синонимик уялар……………………………..36

  1.     Рўзғор – ғор.
  2.    Ит: “Ёзга чиқсам, суякдан сарой соламан”, дер.
  3.       Йўғон чўзилгунча, ингичка узилади.
  4. Туяни чўмич билан суғориб бўлмас.
  5. 5. Лўлининг эшагини суғор, пулини ол.
  6. 6. Бўйнида иллати борнинг оёғи қалтирар.
  7. Ўладиган ҳўкиз болтадан тўймас.
  8. 8. Тўрга тушган балиқ қармоқдан чўчимайди.
  9. Қовун қовундан ранг олар.
  10. 10. Темирни қизиғида бос.
  11. 1 Оч қорним – тинч қулоғим.
  12. 12. Бўёқчининг бўёқчилиги қўлидан маълум.
  13. 13. Ихлос – халос.
  14. Қўл синса енг ичида, Бош ёрилса, дўппи тагида.
  15. Гадойчиликка ҳам уқув керак.
  16. Ҳавас бўлса анқонинг уруғи ҳам топилар.
  17. Узумнинг сарасини ит ер.
  18. 18. Туяга ноз қил деса, бир таноб ерни епти.
  19. 19. Икки туя олишар, ўртада пашша янчилар.
  20. От тепкиси отга ўтмас.
  21. Қозонга яқин юрсанг қораси юқар.
  22. 22. Нари борса ҳўкиз ўлар, бери келса арава синар.
  23. 23. Карнайчидан – бир пуф.
  24. Икки шунқор уришса, бир қарғага ем тушар.
  25. Ўзимдан чиққан балога, қайга борай давога.
  26. 26. Ишонмагин дўстингга, сомон тиқар пўстингга.
  27. 27. Бир гул билан баҳор келмас.
  28. 28. Қимирлаган қир ошар.
  29. Пичоқни аввал ўзингга ур, оғримаса бировга.
  30. Йиқилган курашга тўймас.
  31. Қуш тилини қуш билади.
  32. От бошига иш тушса, сувлиғи билан сув ичар.
  33. 33. Қудуқни ким қазир, Сувини кимлар ичар.
  34. Тома-тома кўл бўлар, Оқа-оқа сел бўлар.

          Беш мақол қатнашадиган синонимик уялар……………………………..46

  1. Умидли дунё, ноумид шайтон.
  2. 2. Шолининг орқасидан курмак сув ичар.
  3. 3. Бир палакдан бир неча хил қовун етишади.
  4. 4. Узумини е, боғини сўрама.
  5. Жўжали товуқдан дон ортмас.
  6. 6. Қарчиғай қариса чумчуққа майна бўлар.
  7. Кунда еган оч, йилда еган тўқ.
  8. Таёқсизга товушқон учрар.
  9. Эшагидан тушови — қиммат.
  10. Деворнинг қулоғи бор.
  11. Сирти – ялтироқ, ичи — қалтироқ.
  12. Ёмон арава йўл бузар.
  13. 13. Ишим битди, эшагим лойдан ўтди.
  14. 14. Капасига яраша қирмови, Эшагига яраша тушови.
  15. Атлас кўйлакка – бўз ямоқ.
  16. Асраган кўзга хас тушар.

          Олти мақол қатнашадиган синонимик уялар……………………………50

  1. Томчи тошни тешар.
  2. Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин.
  3. Иккита қўчқорнинг боши бир қозонда қайнамас.
  4. Итнинг иши — йиртмоқ.
  5. Бировга чоҳ қазисанг, ўзинг йиқиласан.
  6. От айланиб қозиғини топади.
  7. Қарға карғанинг кўзини чўқимайди.
  8. Тирақи бузоқ бутун подани бўлғайди.
  9. 9. Тариқни еган чумчуқ, балога қолган бедана.
  10. 10. Қирқ қарғага – бир кесак.
  11. Қўрқоққа қўй боши қўш кўринар, Қўшмоғи билан беш кўринар.
  12. Бузоқни бўш қўйсанг хурмачани ағдарар.
  13.    13. Қора сигирнинг ҳам сути оқ бўлар.
  14. Аччиқни аччиқ кесар.
  15. 15. «Ҳолва» деган билан оғиз чучимас.
  16. От босмаганни той босар.
  17. 17. Ўзига енг бўлмаган ўзгага бўй бўлмас.
  18. Тенг тенги билан, тезак қопи билан.
  19. 19. Бировнинг нони қорин оғритар.
  20. 20. Текин томоқ тотли бўлар.
  21. Бўлинганни бўри ер, айрилганни – айиқ.
  22. Йўқолган пичоқнинг сопи — олтин.
  23. Чангал ҳам ўз жойида гуриллар.
  24. Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди.
  25. Ўлма эшагим, арпа пишар.

       Етти мақол қатнашадиган синонимик уялар………………………………..61

  1. Эгри тўнкага – эгри тўқмоқ.
  2. Сутдан оғзи куйган қатиқни пуфлаб ичар.
  3. Ўзингники ўзагингни узади.
  4. Маслаҳатли ош куймайди.
  5. Эчкига жон қайғуси, қассобга ёғ қайғуси.
  6. Ўйчи ўйига етгунча, Таваккалчи уйига етар.
  7. Хизрни йўқлаган уни кўрар.
  8. Шериклик ошни ит ичмас.
  9. Ўрдак йўқ кўлда лойхўрак – хон.

Саккиз мақол қатнашадиган синонимик уялар…….……………65

  1. Ошиққан қиз эрга ёлчимас.
  2. Қўшнинг кўр бўлса кўзингни қис, Чўлоқ бўлса – ланг.
  3.    3. Кулол мўндида сув ичар.
  4. 4. Сабр таги – сари олтин.
  5. Яхши гапга илон инидан чиқади.
  6. 6. Сотмаснинг моли қиммат.
  7. 7. Оч қоринга — намакоб
  8. Тани бошқа дард билмас.

       Тўққиз мақол қатнашадиган синонимик уялар…………………………..69

  1. Ёлғиз отнинг чанги чиқса ҳам, донғи чиқмас.
  2. Рўзғори каттанинг ташвиши ҳам катта.
  3. Ёғочнинг бўшини қурт ейди.
  4. Ортиқча мол кўз чиқазмас.

     Ўн мақол қатнашадиган синонимик уялар……………………………………71

  1. Тарки одат амри маҳол.
  2. Ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ.
  3. Уйида чакса уни йўқ, Том бошида қўш тандир.
  4. Арава қанча қуруқ бўлса шунча тарақлайди.
  5. Рақс билмаган кишига жой тор кўринар.
  6. 6. Иштони йўқ тиззаси йиртиққа кулибди.
  7. Чумчуқдан қўрққан тариқ экмас.

     Ўн бир мақол қатнашадиган синонимик уялар……………………….75

  1. Кир кўйлакка – кишан ёқа.
  2. Ҳар кимники ўзига, ой кўринар кўзига.
  3. Қуш уясида кўрганини қилади.
  4. Гуруч курмаксиз бўлмайди.
  5. Камбағални от устида ит қопар.
  6. Эл оғзига элак тутиб бўлмас.
  7. Ойни этак билан ёпиб бўлмайди.

Ўн икки мақол қатнашадиган синонимик уялар………………………79

  1. Кўпдан қуён қочиб қутулмас.
  2. Кўппак югургани билан този бўлмас.

Ўн уч мақол қатнашадиган синонимик уя………………………………..81

  1. Ўхшатмасдан учратмас.

Ўн тўрт мақол қатнашадиган синонимик уя…………………………….81

  1. Ит қутурса эгасини қопар.

Ўн беш мақол қатнашадиган синонимик уя……………………………..82

  1. Нима эксанг, шуни ўрасан.

Ўн олти мақол қатнашадиган синонимик уялар………………………83

  1. Индамасдан иш чиқар.
  2. Беш бармоқнинг бирини тишласанг, бари оғрир.

         Ўн тўққиз мақол қатнашадиган синонимик уя………………………….85

  1. Текинга мушук офтобга чиқмайди.

Йигирма бир мақол қатнашадиган синонимик уя……………………86

  1. Подадан олдин чанг чиқарма.

Йигирма икки мақол қатнашадиган синонимик уя…………………87

  1. Узоқдаги қуйруқдан яқиндаги ўпка афзал.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

[1] Ращматуллаев Ш. Нут=имиз кырки. –Тошкент: Фан, 1970.

[2] Пинхасов Я. Ызбек тили фразеологияси ща=ида. –Тошкент: Фан, 1957.

[3] Саломов /. Тил ва таржима. –Тошкент: Фан, 1966.

[4] Самадов +. Ойбекнинг тил мащорати. –Тошкент: Фан, 1981.

[5] Шоращмедов Ш. Ма=олларнинг пайдо былишига доир // «Ызбек тили ва адабиёти». 1971, 4-сон. 31-34-бетлар.

[6] Абдурахмонов Х. Синтаксические особенности узбекских народных пословиц. АКД. –Ташкент: Изд-во АН УзССР, 1964.

[7] Садриддинова М. Лексика узбекских пословиц и поговорок. АКД. –Ташкент, 1985. -20 стр.

[8] Абдурахманов Х. Особенности синтаксиса узбекского устного народного творчества. АДД. – Ташкент, 1977. -48 стр.

[9] Абдуллаев В.,  Дониёров Х., Мирзаев С. Шиддаткор одамлар =иссаси // «Шар= Юлдузи». 1960, 2-сон, 115-122-бетлар.

[10] Ас=аров С. +одирий ижодида фольклорнинг баъзи масалалари // «Ўзбек тили ва адабиёти». 1973, 1-сон, 19-22-бетлар.

[11] Жырахонов А. Му=имийнинг хал= ма=олларидан фойдаланиш мащорати // «Ўзбек тили ва адабиёти». 1974, 4-сон, 52-55-бетлар.

[12] Тыйчиев М. «Шинелли йиллар» романида хал= ма=оллари ва ибораларининг ишлатилиши. Ызбек фразеологиясидан тад=и=отлар. СамДПИ асарлари. -Самар=анд. 1971, 84-87-бетлар.

[13] Щакимов М. Ёзувчи ва хал= тили. -Тошкент: Фан, 1971. -176 бет.

[14] Шомақсудов Ш., Шораҳмедов Ш. Ўзбек мақолларининг изоҳли луғати. Нега шундай деймиз. – Тошкент. 1988, 321-бет.

[15] Соатов Б. Мақолларнинг матал ва топишмоқларга муносабати // “Ўзбек тили ва адабиёти”. 1987, 5-сон, 38-бет.

[16] Исамуҳамедова С. Ҳозирги замон ўзбек адабий тилида синонимлар. АКД. – Тошкент, 1963. – 18б. Данияров А. Стилистические функции синонимов в современном узбекском языке. АКД. –Самарканд, 1967. –18стр. Юнусов Р. Полисемия и синонимия имён существительных места в современном узбекском литературном языке. АКД. – Ташкент, 1974. Ҳожиев А. Ўзбек тили синонимларининг изоҳли луғати. – Тошкент, 1974.

[17] Савенкова И.Е. Структура и семантика пословиц поговорок современного русского языка. АКД. –Москва. 1989. -16 стр.

[18] Савенкова И.Е. Структура и семантика пословиц поговорок современного русского языка. АКД. –Москва. 1989. -16 стр.; Йўлдошев Б. Ҳозирги ўзбек адабий тилида фразеологик бирликларнинг функционал-услубий хусусиятлари. АДД. –Тошкент, 1993. -50 б.

[19] Мамажонов А. Стилистические особенности сложных предложений современного узбекского литературного языка. АДД. –Ташкент, 1991. -60 стр.

[20] Раҳматуллаев Ш. Ўзбек фразеологиясининг баъзи масалалари. –Тошкент: Фан. 1966, 55-бет.

[21] Дарахт илдизи сувда экан, мевадан умид бор.

[22] Ҳам лаъл қўлга кирсин, ҳам ёр ранжимасин.

[23] Дарахт илдизи сувда экан, мевадан умид бор.

[24] Тожикларнинг «Болои мурда сад чўп” мақолининг таржимаси.

ADABIYOT ATOMDAN KUCHLI !