ONA TILIM

ЭЗГУЛИК ВА БАХТ ТИЛИ

Мактабга кетаётсак, онамиз: «- Илоҳо, баҳоларинг беш бўлсин! «деб дуо қилиб қоладилар. Ўзбекона ширин оҳанг қалбимизни нурга тўлдиради.
Отамиз: «- Катта йигит бўлгин! «дея дуо қиладилар. Биз ҳам тезроқ катта йигит бўлиб, падари бузрукворимизни қувонтиргимиз келади.
Бобомиз билан момомиз: «- Илоҳим, юртимиз тинч бўлсин, неваралримнинг тўйларини кўрайлик! «дея яхши ният қиладилар.
Бу эзгу сўзларнинг ҳаммаси Сиз билан биз гаплашаётган она тилимизда жуда гўзал янграйди ва биз бу гаплардан миннатдорлик туйғуларини ҳис этамиз. Ана шундай эзгуликларга тўла тилимиз бор. Биз бундан ҳар қанча фахрлансак арзийди.
Бу тил ҳақиқатан эзгулик, тинчлик тимсоли. Бу тил инсониятга, одамларга яхшиликни ёр этиш учун яратилган. Хўжа Аҳрори валий бобонгиз уч тахт соҳибини урушдан тўхтатиб, қанчадан-қанча бегуноҳ инсонларнинг жонини омон сақлаб қолган эди.
Низомиддин Мир Алишер Навоий бобомиз айтганлар:

Инсонни сўз айлади жудо ҳайвондин.

Шу тилда янграган бу сўз. Сўзнинг қудратини, ифоданинг тиниқлигини қаранг. Бир сатр — шоҳ асарга тенг сўз. Инсон кўзингни оч, тилингни қадрла, сен фақат у билан жамики бошқа тирик мавжудотлардан фарқ қиласан, дея бизни тилимизга, бебаҳо неъматга эътиборимизни қаратади.
Бу сўзларни қалбингга жойлаётган укажон! Сен саккизда ёки ўн саккиздасан, ўқишни, ёзишни, фикрлашни биласан, оқу қорани танийсан. Билиб қўйки, инсон ўзлигини қадрлашига қараб, ҳурмат-эътибор топади. Бу тил — она тилинг. Уни қадрласанг, волидаи муҳтарамингни эъзозлаган, унинг оқ сути ҳақини оқлаган бўласан. Кўчаларда ё бирор жойда хато ёзилган шиорни кўрсанг, уни тўғрилаб қўйишга ошиққанинг ўзи шу оқловнинг яхши бир кўриниши бўлади. Яъни ўз тилингга беэътибор бўлма.
Яна Мир Алишер бобомиз айтибдилар:

Тилга эътиборсиз — элга эътиборсиз.

Қанча тил бор? дея қизиқишинг турган гап.
Дунёда беш мингта тил мавжуд. Лекин, яна шуни билиб қўйки, ана шу беш минг тил орасидан фақат 200 га яқини давлат тили мақомига эга. Бу тиллар орасида Ўзбек тили — сенинг она тилинг ҳам давлат мақомига эга эканлиги фахрли эмасми?!
Бу тил — оила гўзаллиги ва бойлигидир.
Остонамизга ғаним келса-да, «Хуш келибсиз, қани, ичкарига марҳамат! «деймиз. Қайси бировлар каби «Сенга нима керак? «деб бетига бақраймаймиз. Эрталаб онамиз: «- Юзингни ювмасдан бировга кўринма, болам! «дейдилар шу тилда. Ажойиб насиҳат. Юз ювмасдан кўринма, бировнинг насибасини қирқасан.
Эркаклар оилада аёлларига «хотин» дея қупол мурожаат қилмайдилар. Қайси бир жойда бош фарзанд номи билан, қайси бир оилада эса «Онаси «деб мурожаат қилинади.
«Ўлим» сўзини олинг. «Фалонча ўлибди» дейиш ўта нотўғри. Халқимиз ҳеч қачон бунақа қупол ибора ишлатмайди. «Омонатини топширибди», «дунёдан ўтибди», «қайтиш қилибди», баъзи жойларда «йўқолибди» деб ҳам айтишади. Кўрдингизми, ҳаётдаги ҳар нарсага эътибор билан ёндашилган.
Бир сўз инсонни бор қилса, бир сўз уни йўқ қилади. Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам тилдан келади. «Воҳ, тилим» деган экан биттаси. Лекин Сиз билан биз ҳеч қачон «воҳ» демайлик.
21 — октябр. Улуғ кун. Онамизни, тилимизни улуғлаймиз. Бу тилнинг заргарлари сиз билан бизмиз. Унинг олмосдек чарақлаши, янада кўркли бўлиши ҳам Сиз билан бизга боғлиқ. Ҳар байрамга шу тилга кўрк ва жозиба бағишлаган ҳолда келайлик.
Байрамингиз муборак, азизлар!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

ADABIYOT ATOMDAN KUCHLI !