БУ ДУНЁДА НАСИБДАН БОШҚАСИ ЙЎҚ…

«Бу дунёда насибдан бошқаси йўқ…»
Ҳикматлар дунёси

Бир ёш йигит йўлда кета туриб фақат Оллоҳга шукур айтарди.
Ёнидаги кишилардан бири таажжубланиб сўради:
— Биродар, нега фақат битта жумлани қайтаряпсиз?
Йигит бироз жим қолгач, ўз ҳолатига изоҳ берди:

— Бундан 7-8 йил олдин йўлдан минг тилла танга солинган ҳамён топиб олдим. Ичимда васваса бошланди: «Олтинларни олиб чўнтагингга сол! Энди улар сеники, истаганингча харжласанг бўлади…» Мен бу гаплар шайтондан эканлигини ўз-ўзимга уқтирдим: «Йўқ, бу пуллар меники эмас, улардан фойдаланишим ҳаром!» шу онда:

— Ҳамёнимни йўқотдим! Топган борми? — деган овоз эшитилди. Ҳалиги одамдан ҳамённинг таърифини, ичида қанча пул бўлганини сўрадим. Гапларидан ҳамён унга тегишли экани маълум бўлди ва мен омонатни эгасига топширдим. У менга суюнчи деб ўттиз тилла танга берди. Мен бу пуллар билан катта тижорат бошладим ва тез кунда бойиб кетдим. Мен учун дориломон кунлар бошланди. Шундай кунларнинг бирида яқинларим:
— Обрўли бир оиланинг гўзал ва оқила қизи бор. Отаси яқинда вафот этди. Сени шу қизга уйлантирмоқчимиз, — деб қолишди. Мен рози бўлдим. Тўй бўлди. Никоҳ кечаси келиннинг сеплари орасида келган бир ҳамён диққатимни тортди. Рафиқамдан:

— Бу нима? — деб сўрадим. У жавоб берди:

— Бу раҳматли отамнинг ҳамёнлари, ичида 970 тилла танга бор. Отам ўтган йили бу ҳамённи кўчада йўқотиб, топиб берган кишига ўттиз тилла тангасини берган эканлар. Қолганини эса менга ҳадя қилиб, сепимга қўшганлар…

Қарангки, ўшанда мен топиб олган тиллалар аслида ҳам менинг ризқим экан. Агар эгасига бермаганимда бу ризқ менга ҳаром йўл билан келган бўларкан. Бу дунёда тақдирдан ўзгаси, насибдан бошқаси йўқ!
Муаллиф: Зокирхон САЛОҲИДДИНОВ

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

ADABIYOT ATOMDAN KUCHLI !