ABDULLA QAXXOR

Абдулла Қаҳҳор

Ўзбекистон халқ ёзувчиси, ўзбек адабиёти ва санъати ривожига беқиёс ҳисса қўшган адиб Абдулла Қаҳҳор ўзбек халқининг ҳаёти, инсоннинг ички ва руҳий ҳолати тўғрисида ўлмас асарлар яратди. У ХХ аср ўзбек насрининг етакчи адиблари қаторидан муносиб ўрин олган машҳур намояндалардан бири.Абдулла Қаҳҳор адабиётга шоир сифатида кириб келган, кейин ҳикоянавис сифатида шуҳрат қозонган улкан адиб бўлибгина қолмай, публицист, қисса ва романнавис, сатирик комедия ва лирик драматург, журналист ва таржимон ҳамда сўз санъаткоридир.

Таржимаи ҳол

Абдулла Қаҳҳор ўзбек адабиётининг ривожига катта ҳисса қўшган забардаст ёзувчилардан. Унинг ҳикоя ва очерклари, қисса ва романлари, сатирик комедия ва лирик драмалари халқимизнинг маънавий хазинасидан муносиб ўрин олган дея таъриф беради О.Шарафиддинов.

ХХ аср ўзбек адабиётининг ривожига салмоқли ҳисса қўшган улуғ адиб, шоир, ёзувчи, драматург, таржимон Абдулла Қаҳҳор 1907 йил 17 сентябрда Қўқонда темирчи оиласида дунёга келди.

Абдулла Қаҳҳор туғилиб ўсган оила машаққатли ҳаёт даҳшатларини бошидан кечирди. Отаси Абдуқаҳҳор Жалилов темирчилик билан кун кўрган. Оила тирикчилик туфайли Қўқон атроф қишлоқларини кезиб, кўчиб юрган. Абдулланинг болалиги Яйпан, Нурсун, Нудош, Бувайдо, Толик, Олқор каби Қўқон атрофидаги қишлоқларда кечади.

Абдулла ўн ёшга кирганда Бувайдодаги эски мактабга ўқишга боради, яъни Оққўрғон қишлоғидаги Мамажон қорининг усули савтия мактабида таҳсил кўрди.
Оиласи Қўқонга кўчиб келгач “Истиқлол” номли мактабда ўқишни давом эттиради, ундан интернат, “Коммуна”, “Намуна” мактабларида, сўнг билим юртида таҳсил кўради.

Абдулла Қаҳҳор билим юртининг “Адиб” қўлёзма журналида дастлабки машқлари билан қатнашади. Тошкентдаги “Қизил Ўзбекистон” газетаси таҳририятининг “Ишчи-батрак мактублари” варақасига муҳаррирлик қилади. 1925 йилда у газетада ишлаш жараёнида Ўрта Осиё давлат университетининг ишчилар факультетини тамомлайди.

Абдулла Қаҳҳор яна Қўқонга бориб, дастлаб ўқитувчиларни қайта тайёрлаш курсида муаллимлик қилади. Укўп вақт ўтмай “Янги Фарғона” вилоят газетасига котиб ва “Чиғириқ” ҳажвий бўлимига мудир этиб тайинланади.

Абдулла Қаҳҳор адабий фаолиятини шоир сифатида бошлаган. Унинг “Ой куйганда” илк ҳажвий шеъри 1924 йилда “Муштум” журналида “Норин шилпиқ” тахаллуси остида босилди. Сўнг унинг бир қанча ҳажвий шеър ва ҳикоялари “Муштум”, “Янги йўл” журналлари ва “Қизил Ўзбекистон” газетасида Мавлон куфур, Гулёр, Ниш, Эркабой, Эвой кабитахаллуслар остида эълон қилинди.

Абдулла Қаҳҳор 30 йилларда яна Тошкентга қайтади ва Ўрта Осиё давлат университетининг педагогика факультетига ўқишга киради. Ёзувчи ўша пайтда “Совет адабиёти” журналида масъул котиб вазифасини бажаради. Кейинчалик у Ўздавнашр (1935-1953 йиллар)да муҳаррир ва таржимон, 1954-1956 йилларда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси бошқарувининг раиси бўлиб ишлаган.

Абдулла Қаҳҳорнинг ижоди шеърият билан бошланган бўлсада, унинг адабий мероси негизини насрий асарлари ташкил этади. “Бошсиз одам” ҳикояси 1929 йилда чоп этилган вақтдан бошлаб умрининг охиригача ҳикоя, очерк, публицистика, қисса ва роман жанрларида самарали ижод қилди.

Адибнинг биринчи “Қишлоқ ҳукм остида” қиссаси 1932 йили чоп этилган. Кейинчалик 1933 йилда “Олам ёшарадир”, “Қотилнинг туғилиши”, 1935 йилда “Қанотсиз читтак”, 1936 йилда “Мастон” каби ҳикоялари тўпламлари нашрдан чиқди.

Абдулла Қаҳҳорнинг 30-йиллар ижодида унинг биринчи романи – “Сароб” муҳим ўринни эгаллайди. Ёзувчининг ушбу романи бош қаҳрамон Саидийнинг фаолиятини кўрсатишга қаратилган, яна унда 20-йилларнинг 2-ярмидаги ўзбек халқи ҳаётининг маиший, этнографик, иқтисодий ва маънавий манзаралари яққол акс этиб туради.

“Сароб” кенг мавзули роман бўлгани учун ёзувчи ўзининг бадиий ниятини яланғоч ҳолда кўрсатмай, уни шу давр ҳаётининг бошқа манзаралари кўринишида реаллаштиришга уринган. Воқеалар тасвирида ёзувчи ҳаёт ҳақиқатини сақлаб қолган.

Ёзувчининг уруш йилларида бир қанча фельетон, очерк ва ҳикоялари эълон қилинди. “Асрор бобо”, “Дардақдан чиққан қаҳрамон”, “Кампирлар сим қоқди”, “Хотинлар” ҳикоялари ва “Олтин юлдуз” каби қиссаларида ўзбек жангчиларининг мардлиги, халқимизнинг меҳнатдаги жонбозлиги, юксак ватанпарварлиги ифодаланган.

Адабиётшунос олим Ҳафиз Абдусаматов айтганларидек, Абдулла Қаҳҳорнинг улкан хизмати шундаки, у чақалоқ ҳолда бўлган новеллани ўстирди, вояга етказди, унинг ривожига бўй берди. Унинг ҳикоялари билан орқада қолган бу жанрнинг танглиги кўтарилиб борди, бошқа жанрларга етиб олди, адабиётда мустаҳкам, тарихда абадий қоладиган ўринни эгаллаб олди. Абдулла Қаҳҳорнинг “Бошсиз одам” ҳикояси унинг новеллачилик фаолиятига, умуман ижодига катта ишонч бағишлади.

30-йилларга келиб, адибнинг бу соҳадаги таланти қийғос очилди. Энг яхши ҳикоялари шу даврда юзага келди. Бақувват, ҳаммага манзур бўлган ҳикоялари китобхонларга кетма-кет тақдим этила бошлади. “Кўр кўзнинг очилиши”, “Анор”, “Бемор”, “Ўғри”, “Майиз емаган хотин”, “Адабиёт муаллими”, “Санъаткор”, “Мунофиқ” каби ҳикоялари новелланинг баркамол намуналари бўлиб майдонга чиқди.

Аввало, уларда Абдулла Қаҳҳор ҳаётдаги турли тоифадаги кишиларнинг зарур, керакли томонларини олиб усталик билан типиклаштириб, пухта характерлар яратиб берди. Катта ҳамждаги асарлар инсон характерини яратиш учун кенг йўл очади.

Бундай асарларнинг муаллифлари қаҳрамонларини турли вазиятларга олиб кириш, ҳар хил кишилар билан тўқнаштириб, портретларини ҳар томонлама таърифлаб, талай бақувват характерлар чизганлар. Аммо митти асарларга характер ярата олиш, уларни курашга олиб кириш, тақдирларини ишонарли ҳал қилиб, пухта характерларини чизиш муаллифлардан катта санъатни талаб қилади. Абдулла Қаҳҳор эса юқорида тилга олинган ҳикояларида бу мушкул санъатни тўла эгаллаб олганини намойиш қилади.

Бунга у ҳаётни тўла билиши, инсонларнинг ички оламига чуқур кириб бориши орқали эришади. Бу эса ўз қаҳрамонларининг шодлигини, қайғу-аламларини, ҳаяжонларини, ғазабнафратларини, кучли кечинмаларини ёрқин ифода этишга имконият туғдирди.

Новеллаларда киши руҳининг мураккаб томонлари нозик тасвирларда кўринади. Ёзувчи ҳикояларининг муҳим хусусиятлари шундаки, уларда инсоннинг ички ҳолати тўғри тасаввур қилиниши билан бирга, руҳий ҳолати асар мазмуни билан боғланиб кетади.

Абдулла Қаҳҳор жажжи ҳикояларида сатирик ва юморист сифатида ўз талантининг янги қиррасини намойиш қилди. Унда кулгичиликка таомил зўр эди. Буни жуда кўп асарлари айтиб турибди. У ёмонга ўз идеалини, давр нафасини қарши қўяди, асарларининг мазмунига, характерларнинг моҳиятига кулгини, масхарани сингдириб юбориш билан унинг жамиятдаги улкан кучини, ижобий характерини яққол кўрсатади.

Абдулла Қаҳҳорни новеллачиликда улкан муваффақиятларга олиб келган омиллардан яна бири – унинг мумтозлардан, айниқса, рус адабиётидан ўқиш-ўрганиши бўлди. “Улуғ санъаткорнинг ижоди, — деб таъкидлаган эди шоир, — бадиий маҳоратимни оширишда катта мактаб бўлди”.

Москвада ўзбек адабиёти ва санъати декадаси (1959) вақтидаги муҳокамада рус ёзувчилари шундай деган эди: «Ўзбекистонда катта адабиёт бор. У, шу даражада юксалибдики, унинг баъзи вакилларидан, масалан, А. Қаҳҳордан биз ҳам ўрганишимиз керак».

Абдулла Қаҳҳор новелланинг йирик устаси. Шуни алоҳида қайд этиб ўтишимиз керакки, Абдулла Қаҳҳордан олдин ҳам, у ижод этган замонда ҳам, ундан кейин ҳам талай новеллистлар бу турда қалам тебратдилар ва тебратмоқдалар. Лекин уларнинг
ҳеч қайси бири унинг олдига тушолмади. Абдулла Қаҳҳор ўзбек адабиётида тенги йўқ новеллист.

Абдулла Қаҳҳорнинг повестлари китобхонлар орасида кўпроқ машҳур бўлиб кетди. У халқ оммаси ҳаёти ва курашининг турли босқичларини ифода этган повесть ва қиссаларни кетма-кет нашр эттирди. “Дардақдан чиққан қаҳрамон”, “Олтин юлдуз” қиссалари уруш йилларининг даҳшатли ва мардонавор манзаралари билан таништиради.

“Муҳаббат”да эса, ёшларнинг пўлатдай мустаҳкам дўстлиги, икки қалбнинг оташин ҳиссиётлари, бу йўлдаги турли-туман тўсиқларни матонат билан енгиб, қаршиликларга учраганда чок-чокидан сўкилиб кетадиган севги эмас, балки ҳаёт гирдоблари тўлқинларида янада мустаҳкамланадиган муҳаббат мадҳ этилади.

Шунингдек, қиссада ахлоқ-одоб, инсоний муҳаббат, маънавий поклик тарғиб қилинади, молпарастлик, худбинлик қораланади.

Повестлар ичида айниқса, “Ўтмишдан эртаклар” (1965) ҳамда “Синчалак” (1958) китобхонлар ўртасида шов-шувга, уларнинг катта ҳурматига сазовор бўлди.
Абдулла Қаҳҳорнинг “Ўтмишдан эртаклар”и мемуар характердаги асар бўлиб, адибнинг ўз ҳаёти, оиласи мисолида, хотиралари асосида ёзилган бу асарда ҳаёт воқеликлари тарихан аниқ ва реалистик чизилади. Адиб “Ўтмишдан эртаклар”ида бизни ўтган воқеаларга, ҳаётнинг аччиқ-чучук лавҳаларидан олиб ўтади.

Биз ёш Абдулла билан бирга кулфатларни, азобларни бошимиздан кечиргандай бўламиз, янги ҳаёт бўсағасига кириб нашъасини сура бошлагандай бўламиз. Турмушдаги воқеа ва ҳодисаларнинг ишонарли қилиб асослаб айтилиши, уларнинг қизиқарли, бадиийликда ҳикоя қилиниши повестнинг ютуғини таъминлаган асосий омилдир.

Абдулла Қаҳҳор прозанинг деярли барча турларида қаламини чархлаб олгандан кейин, адабиётимизнинг қийин жанрида ижод этиб, тўртта диққатга сазовор бўлган саҳна асарларини ёзди. Санъаткорнинг драматургия соҳасидаги хизмати унинг комедиялари билан характерланади.

Муаллиф шу даврнинг муҳим мавзуларидан бири – қўриқ ерларни ўзлаштириш мавзусидаги “Шоҳи сўзана” (“Янги ер”, 1949-1953) комедиясидир.
Атоқли рус драматурги Николай Погодин “Янги ер”ни “талантли комедия” деб аташи ҳам бежиз эмас.

“Шоҳи сўзана” комедиясида қўриқ ерларнинг – Мирзачўлнинг ўзлаштирилишидан кўра баъзи кишилар онгидаги шўрнинг бартараф этилиши мавзуи биринчи ўринга олиб чиқилган.

Урушдан кейинги ўзбек адабиётидаги асосий конфликт – янгилик билан эскилик ўртасидаги зиддият бу комедияда ўзининг теран бадиий тасвирини топган. Ушбу асарда муаллиф усталик билан кулгили ҳолатлар яратган ва ҳажвий бўёқлардан моҳирона фойдаланган ҳолда конфликтни ўзига хос равишда ҳал қилган. Ушбу комедия хорижий мамлакатлар саҳнасида ҳам ўйналиб, ўзбек театр саҳналарида муваффақиятли намойиш қилинди.

Абдулла Қаҳҳор кейинчалик “Оғриқ тишлар” (1954), “Тобутдан товуш” (1962) ҳамда “Аяжонларим” (1967) комедиялари билан ўзбек драмтургияси ривожига салмоқли ҳисса қўшди. Бу асарларда, хусусан “Тобутдан товуш”да ўша давр учун хос бўлган иллатлар ҳажв ўти остига олинди. Айниқса сўнги асарда Абдулла Қаҳҳор ўзига хос нозик туйғу билан жамиятдан порахўрликдек даҳшатли иллатни таг-томири билан
йўқотиш истагида унинг айрим кўринишларини саҳнага олиб чиқди, у “Сўнгги нусхалар” номи билан ҳам саҳна юзини кўрди.

Абдулла Қаҳҳор ҳаётининг сўнгги кунларида шўро жамиятида шахсга сиғинишнинг авж олиши орқасида юз берган фожиаларни тасвирловчи “Зилзила” қиссаси устида иш олиб борди. Бироқ уни тугата олмаган.

Айни пайтда Абдулла Қаҳҳор асарлари рус, арман, белорус, грузин, латиш, литва, молдован, мордов-эрзя, озарбайжон, татар, тожик, тувин, туркман, уйғур, украин, чечен, қорақалпоқ, қирғиз, қозоқ, эстон каби тилларга таржима қилинган. Унинг
айрим ҳикоялари эса араб, бенгал, болгар, вьетнам, инглиз, испан, монгол, немис, поляк, румин, француз, форс тилларида чоп этилган.

Улуғ санъаткор ёзувчимиз ижод булоғи қайнаб турган бир паллада оғир дарддан 1968 йил 25 майда 61 ёшида дунёдан ўтди.
Абдулла Қаҳҳор ижоди бўйича номзодлик ва докторлик диссертациялари ёзилган ва ёзилмоқда ҳамда бир қатор йирик монографиялар, танқидий ва биографик рисолалар нашр этилган.

Жумладан: Ҳ.Абдусаматовнинг “Абдулла Қаҳҳор” (Ҳаёти ва ижоди ҳақида) (1957), “Абдулла Қаҳҳор” (Ҳаёти ва ижоди ҳақида очерк) (1960), М.Султонованинг “Абдулла Қаҳҳор услубининг баъзи масалалари” (1967), “Ёзувчи услубига доир” (1973), М.Қўшжонов, У.Норматовнинг “Маҳорат сирлари” (1968), М.Қўшжоновнинг “Ҳаёт ва нафосат” (1970), “Абдулла Қаҳҳор ижодида сатира ва юмор” (1973), “Абдулла Қаҳҳор
маҳорати” (1988), Н. Раҳимжоновнинг “Абдулла Қаҳҳор ва Ҳамза театри” (1971) каби асарлари ҳам яратилди.

Н.Қўчқоровнинг “Бадиий сўз устаси” (1976), М.Абдураҳмонованинг “Руҳий дунё тасвири” (1977), С.Мирзаевнинг “Халқ севган адиб” (Ёзувчи Абдулла Қаҳҳорнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида) (1977), М.Турсунхўжаеванинг “Таржима санъати” (Абдулла Қаҳҳор асарлари мисолида) (1977), Н.Шодиевнинг “Руҳият рассоми” (1977), К.Қаҳҳорованинг “Чорак аср ҳамнафас” (Ўзбекистон халқ ёзувчиси Абдулла Қаҳҳор ҳақида хотиралар) (1987), О.Шарафиддиновнинг “Абдулла Қаҳҳор” (Ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида лавҳалар) (1988).

Шунингдек, “Адабиётимиз автобиографияси” (1973), “Абдулла Қаҳҳор” (Ҳаёти ва ижоди) (1987), “Абдулла Қаҳҳор замондошлари хотирасида” (1987), рус тилида И.Баролинанинг “Абдулла Каххар” (Очерк творчества) (1957), Л.Батнинг “Незабываемые встречи, литературные беседы” (Воспоминания) (1972), М.Агатовнинг “Об авторах ваших книг литературных композиций по материалам критической и мемуарной литературы” (1972), В.Оскоцкийнинг “Негасимое пламя костра” (1977), М.Бекжанованинг “Развитие сатирических традиций Гоголя в творчестве Абдуллы Каххара” (1978) каби рисолалар яратилди.

Адибнинг “Аяжонларим”, “Оғриқ тишлар”, “Шоҳи сўзана”, “Тобутдан товуш” каби асарларидан пьесалар яратилди ва театр саҳналарида қўйилди. “Синчалак” повести бўйича кинофильм яратилди.

Абдулла Қаҳҳор адабиёт соҳасидаги хизматлари учун “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” унвони билан (1967) тақдирланди. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти (1966) мукофотига сазовор бўлган. Мустақиллик йилларида эса “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.

Абдулла Қаҳҳор ранг-баранг ижоди ва улкан сўз санъаткори сифатидаги фаолияти билан ўзбек халқи маданиятининг янада юксалишига катта ҳисса қўшди. 1987 йилда адиб яшаган уйда Абдулла Қаҳҳор уй-музейи ташкил этилди.

Ҳозирги кунда унинг номи Тошкент ва Қўқондаги бир неча кўча, мактаб ва жамоа хўжаликларига, шунингдек маданият уйлари ва республика Сатира театрига берилган.
Унинг “Сароб” романи қайта-қайта нашр қилинган. Жумладан, 1995 йилда “ХХ аср ўзбек романи” туркумида чоп этилди.

Ёзувчи XXI асрда яшовчи авлодларга ХХ аср ўзбек жамиятининг қиёфасини намоён қилади, чунки унинг асарлари чинакам ўзбекона наср намунаси эди. “Адабиёт кўнгил иши, илҳом самараси” эканлигини англаган ўзбек китобхони Абдулла Қаҳҳор асарларини мутолаа қилар экан, ёзувчи истеъдодига албатта тан беради. Зероки, севимли адибимизнинг ўзи орзу қилган асарлари “адабий гўзаллик”нинг насрида ўз аксини кўрсатган. “Адабий гўзаллик” ила йўғрилган асарларини ҳали кўп ўқиймиз.

Абдулла Қаҳҳор таржимон

Абдулла Қаҳҳор адабиёт тарихида ўз саҳифасини очган, ўз овози ва услубига эга бўлган ёзувчи сифатида, санъаткор сифатида қимматлидир. Унинг бир қанча асарлари миллионлаб китобхонларнинг эътиборини қозонди. Ёзувчи асарлари бутун дунёга меҳнатсевар, донишманд ўзбек халқи ҳақида, унинг маънавий камолоти ҳақида ҳикоя қилади.

Абдулла Қаҳҳор ижодининг ғоявийлиги ва замонавийлиги унинг ҳаққонийлигидадир.
Абдулла Қаҳҳор фақат новеллачи, йирик жанрларда асарлар яратган ёзувчи сифатидагина эмас, балки яхши таржимон сифатида ҳам машҳурдир. У аввало рус адабиёти, кейин чет эл адабиётидан қатор асарларни ўзбек тилига таржима қилиб, кенг китобхонлар оммасига тақдим этган. Ўзбек китобхонлари Абдулла Қаҳҳор орқали ушбу таржималарни ўқишга муяссар бўлганлар.

Маълумотларга кўра, Абдулла Қаҳҳор дастлаб, рус адабиётидан 1931 йилда Ф.Гладковнинг “Оловли от” романини, кейинчалик А.Серафимовичнинг “Темир оқим” романини (1933), А.П.Чеховнинг “Каштанка” ҳикоясини (1936), А.С. Пушкиннинг “Капитан қизи” қиссасини (1939, 1949, 1972), Н.В.Гоголнинг “Уйланиш” пьесасини (1940), Н.Виртанинг “Шимолий фронт: Ҳикоялар, очерклар, портретлар”ини (1942), Б.Горбатовнинг “Алексей Куликов-жангчи” асарини (1943), А.Ильиченконинг “Қалб хотираси” асарини (1943), Л.Шапиронинг “Учинчи ўғил: Разведкачи Сирожиддин Валиев ҳақида кинематограф учун эпизоддан иборат повесть”ини (1943), Н.В.Гоголнинг “Ревизор”: 5 пардали комедиясини (1952, 1974, 1980), Л.Н.Толстойнинг “Уруш ва тинчлик” романини (1954), А.Гайдарнинг “Тимур ва унинг командаси” асарини (1974) ўзбек тилига таржима қилган.

Шунингдек, у Ю.Арбатнинг “Разведкачи”, М. Зощенконинг “Графин”, “Кулранг эски”, “Ов”, “Сартарошхонада” каби ҳикояларини, А.Кононовнинг “Кутиб олиш” ҳикоясини,
В.Ставскийнинг “Зирҳтешар Раҳмонов”, А.П. Чеховнинг “Гриша”, “Ёвуз ниятли киши”, “Лозим чоралар”, “Ниқоб”, “Ой тутилиши”, “Сарлавҳасиз”, “Семиз ва ориқ”, “Унтер Пришибеев”, “Хамелеон”, “Чиновникнинг ўлими”, “Чиқди” каби ҳикояларини моҳироналик билан ўзбек тилига таржима қилган.

Адабий жамоатчилик Абдулла Қаҳҳорни «ўзбек Чехови» деб аташади. Чунки у А. П. Чеховга шогирд тушган. Айниқса, А. Чехов таъсирига қаттиқ берилган.

Таржимон Абдулла Қаҳҳор арман адабиётидан М.Шагиняннинг “Гидроцентраль” романини (1933), украин адабиётидан В.Василевскаянинг “Камалак” повестини (1944), Иван Ленинг “Тоғ оралиқлари” романини (1932), француз адабиётидан Э.Золянинг “Тегирмон қамали” асарини, қорақалпоқ адабиётидан Т.Қайипбергеновнинг “Совуқ бир томчи” қиссасини (1965), А.Клосснинг “Бизнинг паровоз илгари бос” ҳикоялари (1933), тожик адабиётидан Р.Жамилнинг “Менинг докторим” ҳикоясини (1949), араб адабиётидан “Бир соатлик халифа”, “Минг бир кеча” китобидан янги ҳикоя ва афсоналар (2- нашрини) (1974) кабиларни ўзбек тилига таржима қилган.

Абдулла Қаҳҳорнинг таржимонлик маҳорати шундаки, у ўта аниқликдан қочиб, масалага ижодий ёндошади, унинг учун оригиналнинг таржимасига расмий мувофиқлиги эмас, балки оригиналга тенг қимматлилик, ёзувчининг бадиий услубини қайта яратиш муҳимдир. У таржимада фақат расмий талабларга риоя қилиш нуқтаи назаридан қаровчилар билан келиша олмайди.

Ўзбек китобхони Гоголнинг Абдулла Қаҳҳор таржима қилган “Ревизор” комедиясини ўқиркан, ундаги комик образларни жонли тасаввур қилади ва деярли таржима асар эканлигини сезмайди. Комедиянинг таржимаси аниқ, таъсирчан бўлиб, таржимон баъзи жойларда оригиналдан оқилона чекинади.

Абдулла Қаҳҳор бошқа халқлар намояндаларининг асарларини таржима қилиб, уларни ўзбек китобхонларига танитган таржимонлардан биридир.

Абдулла Қаҳҳор ҳикматларидан намуналар

Одам боласи циркнинг оти эмаски, қамчи қарсиллаганда чўккаласа.
* * *
Катакда семириб ётган товуқ учишнинг фойда-зиёнини қаёқдан билсин.
* * *
Душманинг отган тошдан, жигаринг отган увада қаттиқ тегади.
* * *
Умрдан бошқа ҳамма нарсанинг қисқа бўлгани яхши. Умр сал узун бўлса, зарари йўқ.
* * *
Одамзод ҳасад қилмаслиги керак. Ҳавас қилиши керак. Ҳавас қилган одам муродига етади.
* * *
Дўланани кўриб, тоғни эсдан чиқармаслик керак.
* * *
Тўкилгандан томчилаган ёмон, тўкилганни киши даров пайқайди. Томчилаганни узоқ пайқамаслик мумкин.
* * *
Юртни обод қиламан деган киши ўзи обод бўлади.
* * *
Юртдан чиқиш тириклай гўрга кириш деган сўз.
* * *
Инсон ҳамма ерда улуғ… Унинг улуғлиги қўлидан келган ишларда яратувчилигида кўриниб туради.

Шундай одамлар ҳам бўладики, туғилганда ҳеч ким севинмаган бўлса ҳам, ўлганда бутун юрт аза тутади.
* * *
Яхши тарбия кўрган одамнинг хислатларидан бири шуки, бундай одам ўз фаолиятида бошқалардан бир қадам олдинга ўтса дарров орқага қарайди, шерикларга ёрдам қўлини узатади, сафини кенгайтириб, янги ғалабани кўзлайди.
* * *
Бақиргандан кўра мароми билан секинроқ қилинган таъна қулоққа яхшироқ киради, зеҳнга яхшироқ ўрнашади.
* * *
Муҳаббат чақмоқдай кўнгилдаги ҳар қандай қора булутни ҳам тилка-пора қилади.
* * *
Муҳаббат чақмоққина эмас, одамга ўхшайди: туғилганда бир парча гўшт бўлади, кейин кўзини очади, кейин кулдиргич пайдо қилиб илжаяди, кейин тил чиқариб ҳар куни янги бир гап айтади.
* * *
Адабиёт атомдан кучли, лекин кучини ўтин ёришга сарфлаш керак эмас.
* * *
Адабиёт кўнгил иши, илҳом самараси. Туйғусиз, илҳомсиз ёзилган асар чангланмаган гулга ўхшайди – мева тугмайди. Кўнгил рози бўлган асаргина китобхоннинг кўнглига йўл топади, китобхоннинг кўнглида мева тугади.
* * *
Аёл бари бир аёл-да. Буларсиз бизнинг аҳволимизга маймунлар йиғлаши аниқ.
* * *
Болалар учун китоб ёзадиган киши ғоят уста санъаткор, катта тажрибали педагог, тилнинг заршуноси бўлмоғи керак.
* * *
Адабиётимизнинг софлиги учун кураш, асарларимизнинг таъсир кучини ошириш, миллион-миллион китобхонларимизнинг қалбидан чуқурроқ ўрин олиш учун кураш демакдир.

Абдулла Қаҳҳор ҳақида

Йиллар ва йиллар ўтаверади. Абдулла Қаҳҳорнинг китоблари эса яшайверади!
Лидия Бать

Абдулла Қаҳҳорнинг ўзбек адабиётида тутган ўрни беқиёсдир. У ажойиб мерос қолдирди. Ундан мерос бўлиб қолганадабий анъаналарнинг умри боқийдир, улар ёзувчи яратган машҳур ҳикоя қаҳрамонидек нафақат минг бир жонли, балки бир неча минг марта такрор ва такрор ҳаёт кечираверадилар.
Ирина Боролина

Гарчи бу олижаноб инсон оламдан ўтган бўлса ҳам, асарлари абадий тирикдир. Унинг романлари, пьесалари, ҳикоя ва повестлари ҳамиша янги, оҳори тўкилмаган, ҳамиша китобхонларга маънавий озуқа беради. Абдулла Қаҳҳордай заргарона ижод қилган, унингдай ҳақиқий санъаткор, ўз ишининг моҳир устаси бўла олган, ҳамиша сарбаланд юриб, ўз халқи билан ифтихор этган мағрур ёзувчигина чинакам бахтли ижодкордир.
Жалол Икромий

Абдулла Қаҳҳорнинг шуҳрати ва шонли ижоди билан ўзбек халқи қатори мен ҳам қувонаман ва фахрланаман.
Берди Кербобоев

Абдулла Қаҳҳор… драматургнинг дадил қўли билан ихчам ҳикоялар ёзди. Унинг повестларида доим ўткир сюжет, кутилмаган ўзгаришлар бўлади. Айни вақтда улар ҳаётий, ишонарли,бадиий мустаҳкам бўлади.
Леонид Ленч

Мен адабиётимиздаги улкан ижодкорлар орасида Абдулла Қаҳҳордек камтар ва камсуқум ижодкорни билмайман.
Ғабит Мусрепов

Қаҳҳор ҳақиқий инсон эди, у адабиётда умрбоқий асарлар қолдирди.
К.Симонов

Устоз ҳар бир учрашувга янги, теша тегмаган гап билан келар эдилар, бир соатми, икки соатми бутун аудитория у кишининг оғзиларига қараб ўтирарди. Бу–ноёб талант намунаси эди, бу унча-мунча нотиқнинг қўлидан келадиган иш эмас эди.

* * *

Мен Абдулла Қаҳҳорни учга бўлар эдим: ҳақиқат изловчи, ҳақиқат посбони ва ҳақиқий, пок донишманд. У киши ижодининг илк даврларида ҳақиқат излади, уни гоҳ топди, гоҳ йўқотди. Ўрта ёшларида ҳақиқат посбонига айланди, бинобарин, ҳақиқатни топиб олди – бу халқпарварлик эди, инсоният манфаати эди, шунинг, шугинанинг посбони бўлиб олди.
Кексайган чоғида (Навоий ёшида) нуроний донишманд, мутафаккирлик даражасига кўтарилдики, у кишининг мутафаккирлигидан “мумтозлар” ларзага келди, “авом” шодмон бўлди.
Асрор Самад

Абдулла Қаҳҳор ўта нозиктаъб, маданиятли одам эдилар. Мен у кишининг бирор маротаба отимни айтиб, баланд товуш билан чақирганларини эслаёлмайман. Бозор-ўчарга бориб қолсак, нуқул: “Қанисиз, қанисиз?” деб орқамдан юрар эдилар.
К.Қаҳҳорова

Автор яратган ҳикояларнинг кўпчилиги реал ҳаётий асосга эга экан, ёзувчи турмушда ўзи кўрган, эшитган ҳодисалардан, таниш кишилар ҳаётидан ҳикоя ясар экан. Аммо турмушда кўрганларини шундоғига ҳикояга олиб киравермас экан: уларни минг мақомга солиб кўриш, қайта саралаш, тасодифлардан тозалаш, унга “ўз ёнидан” қўшиш, ўйлаб юрган гапларини сингдириш орқали бадиий ҳақиқатга айлантирар экан. Зотан, ёзувчи ҳикояларидаги ҳаётийликнинг, ишонтириш қудратининг сири ҳам ана шунда.
У.Норматов

Абдулла Қаҳҳор ишига муҳим халқ иши, виждон иши, чин ватанпарварлик бурчи деб қарар, шогирдларига шу фикрни муттасил сингдириб борарди.
Ҳаким Назир

Қушлар чуғуридан уйғониб кетдим. Тушимнинг таъбирини ўйладим. У чарақлаб турган ёз офтобидек равшан эди. Агар аёлларни илҳом париси деб тасаввур қилсак, Абдулла ака ўша пари қўлидан шараф тожини кийиб, Ўзбекистоннинг абадий гулгун боғи – адабиёт оламига кириб кетганлиги чин ҳақиқат эмасми?
С.Сиёев

У минглаб, ўн минглаб кишиларнинг қалбига ҳаёт чироғини ёқиб кетди. Бу чироқ унинг китоблари, ўқувчилари, шогирдлари, дўстлари… Устоз ёқиб кетган чироқ ҳеч қачон ўчмайди.
Саид Аҳмад

Абдулла Қаҳҳорнинг XX аср ўзбек адабиёти тарихидаги ўрни ниҳоятда улкандир.
Н.Каримов

Улкан талантларнинг бир-бирига меҳру муҳаббатини, тан беришни, ардоқлашни кўриб, қойил қолганман. Абдулла Қаҳҳор катта қалб эгаси, ўлмас асарлар яратган доно адиб, ёшларнинг мураббийси, келажакка интилган мутафаккир ёзувчи эди. У
абадий барҳаёт сиймолар сирасида яшайверади.
Ж.Жабборов

Абдулла Қаҳҳор бой тажрибали, бадиий сўз санъатини пухта эгаллаган ёзувчидир. Унинг барча асарларини китобхонлар катта эътибор билан севиб ўқийдилар. Унинг тили ва услуби катта мастерлар даражасида. Характерлари аниқ, бир-биридан кескин ажралиб туради.
Ойбек

Абдулла Қаҳҳор ким билан, ақалли бир неча дақиқа мулоқотда бўлмасин, ибратли, умрбод эсдан чиқмайдиган хотира – ўчмас бир лавҳа қолдирарди.
М.Хайруллаев

Абдулла Қаҳҳорни эслаганимда битта хулосага келаман:
ёзувчи фақат ўз асарлари билан эмас, замондошлари хотирасида юзи шувут бўлмайдиган, келажак авлод олдида ибрат бўладиган из қолдирсин экан.
Шукрулло

Бироқ, таскин шуки, устоз адабиётимизга юксак келажак башорат қилган эди, бугун амал олган ана шу башорат меваларидан кўнглимиз шод, кўксимиз тоғ. Келажак адабиётимиз намояндалари улуғ санъаткор Абдулла Қаҳҳор ижодий мактабининг муносиб меросхўрлари эканликлари билан фахрланишга ҳақлидирлар.
Э.Аъзамов

Абдулла Қаҳҳор мураккаб бир даврда яшашига қарамай, хориж ва қардош халқлар билан дўстона муносабати ўзбек адабиётини дунёга танитишда ўзига хос ўрин тутган.
Ҳ.Хамроқулова

Эй фалак, тағофун боқма мардумга,
Халқимнинг жони-ку келди халқумга,
Халқумлар чўкдилар зоҳир-заққумга,

Хамроҳ бўлмоқчидай буюк марҳумга!
Нафосат гулшани ғамгин нидолик
Навоий халқига тушди жудолик
Мардона кўз юмиб қайсар мардимиз.
М.Нурматов

Йўллар ортимизда қолар эдилар,
Саҳролар қоларди чексиз, бетакрор,
Нега улар чексиз, десак дедилар.
Бу ердан ўтганди Абдулла Қаҳҳор.
А.Орипов

Исбот қиламан деб ташланган излар,
Гоҳо эшикларга киролмай қайтди
Охир умр қайтди қоғоз оралаб,
Елкасига ортиб бир улкан қайғу

Нолиб ўтирмади ортига қараб
Демакки, олдиндан билган экан у.
Дарахтнинг шохига отилган тошлар,
Дарахтнинг пойига чўкар бари бир.
З.Мўминова

Аслида, инсон ўзида йўқ фазилатни бировдан топса, шундагина унга талпинадими, ёки одамлар бир-бирлари билан қалин дўст бўлиб кетишлари учун ўхшаш бўлишлари керакми?
О.Шарафиддинов

…шогирдлари орасида асосий ўринни биз, тўрт киши – Пиримқул, Озод, Одил ва мен эгаллагандик. “Гуруҳбозлик қилишяпти” деган гаплар ҳам тарқалган.
М.Қўшжонов

Адабиётимиз тарихида бетакрор сиймолардан бири Абдулла Қаҳҳордир. Бу зот адабиётга кириб келган дамлариданоқ сўз сеҳргари сифатида эътироф этилганди. Абдулла Қаҳҳор жаҳон адабиётида ҳам энг таниқли ёзувчилар сафида туради.
А.Орипов

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

ADABIYOT ATOMDAN KUCHLI !